Қорасувлик таниқли имом Рашодхон Камолов ҳибсга олинди

Қорасувлик таниқли имом Рашодхон Камолов ҳибсга олинди
28 views
10 February 2015 - 16:50

6Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 9 февраль куни Ўш ва Боткен вилоятларида “Антитеррор” тадбири ўтказилганини маълум қилди. Бундан мақсад диний экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг етакчилари ҳамда аъзоларини аниқлаш бўлган. Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликларини ёритувчи бир қатор нашрлар хабар тарқатди.

Йигирма иккита манзилда ўтказилган тинтув чоғида экстремистик мазмундаги кўп сонли материллар топилгани айтилмоқда.

Тадбир доирасида 9 февраль Қорасув шаҳридаги “Сарахсий” масжиди имоми Рашодхон Камоловнинг уйида тинтув ўтказилган ва у экстремизмда гумон қилиниб, 48 соатлик муддатга ҳибс қилинган.

Озодликнинг хабар беришича, Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳри ҳибсхонасида сақланаётган Рашодхон Камолов устидан 10 февраль куни кутилган маҳкама бўлмаган.

Душанба куни тахминан кундузги 12.30 лар чамаси куч тизимларининг бир неча ходими билан Рашодхон ўз уйидан чиққан ва йиғилганларга пешин намозида кўришишини, ҳозир милиция бошқармасига боришини айтиб, куч тизими ходимлари билан кетган.
5Бироқ “Сарахсий” масжидида пешин намозини ўқиш учун йиғилган намозхонлар намозни Рашодхон Камоловсиз ўқишган.

Мазкур воқеа юзасидан 9 февраль кечки соат 19.30 ларда Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг Озодликка билдиришича, ички ишлар вазирлиги Бош бошқармасининг 10-бўлими Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Қорасув туманидаги 14 ерда тинтув ўтказган.

Бунинг натижасида тақиқланган террорчи – экстремист ташкилотларнинг турли материаллари, рамзлари, чақириқлари топилган. Улар флешка, телефонлар ва дискларда бўлган, шунингдек, турли адабиётлар ҳам мусодара қилинган. Бу далиллар экспертизага юборилган.

Жениш Аширбаевга кўра, қўлга олинганланнинг айримлари экспертиза хулосаси чиққунига қадар қўйиб юборилган. Рашод қори Камолов эса 10 февраль куни ўтадиган эҳтиёт чорасини белгиловчи суд жараёнига қадар ҳибс қилинган. Милиция расмийсининг айтишича, Рашодхон қори одамларни Суриядаги жангларда иштирок этишга тарғиб қилганликда айбланмоқда.

– 26 январда очиқ равишда диний адоватни қўзғовчи чақириқ билан чиққанлиги учун Камоловга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Ўша жиноий иш доирасида бугун уйида тинтув ўтказилди. Ҳозир Жиноят кодексининг  тегишли моддаси билан уйидан олинган адабиётлар экспертизаси чиққунига қадар қамоққа олинди. Эртага судга олиб борилади ва эҳтиёт чораси белгиланади. У бир ой ҳибсда қоладими ёки уйга чиқариладими – буни суд ҳал қилади. Унинг халифалик қуриш ва Суриядаги фуқаролар урушига фуқароларни тарғиб қилиш бўйича чақириқлари айрим Интернет сайтлари ва айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалиб кетди,- дейди Жениш Ашурбаев.

Айни пайтда Рашод Камоловнинг уйи тинтилганида гувоҳ сифатида иштирок этган Қорасув шаҳар кенгаши депутати Зиёиддин Юсуповнинг айтишича, тинтувда Камолов уйидан ҳеч қандай тақиқланган адабиёт топилмаган:

– Текширишига биринчи сабаб унинг “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадорлигини текшириш. “Ҳизбут-Таҳрир”нинг китоби ёки бошқа алоқадор нарсалар борми, деб текширишди. Кўрдик, ҳеч қандай тақиқланган нарса чиқмади. Бир қатор текшириб қўйишди. Ҳаммаси жойида, – дейди Зиёиддин Юсупов.

Айни пайтда қорасувликлар бундан бир ҳафта аввал Рашодхон Камоловни “Сарахсий” масжиди имомлигидан тушириш ва унинг ўрнига новқатлик бир йигитни имом қилиб тайинлаш ҳаракати бўлганини, бироқ масжид жамоати кайфиятидан хавфсираган, янги имомни олиб келган амалдорлар индамай қайтиб кетганлигини айтишади.

9 февраль куни уйи тинтув қилинган диндорлардан бири Абдукарим Абдужабборов ҳам бўлган воқеаларни асосан Камоловга қарши қилинаётган ҳаракат, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, суд томонидан берилган санкцияда Рашодхонга биров диск бергани айтилади ва бунга алоқаси йўқлигини таъкидлайди. Шунингдек диндорнинг фикрича, буларнинг барчаси Рашодхон Камоловнинг иши учун беш-ўнта одамларни қўшиш мақсадида амалга оширилган.

ЎХҲ ахборот бўлими