Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон): “Қўрқоқнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” (5)

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон): “Қўрқоқнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” (5)
33 views
12 February 2015 - 16:13

5Темир панжаралар ортида  16 йилу 7 ой тутқинликда ўтирган истеъдодли ёзувчи, миллатпарвар Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбатнинг давоми.

Тангрининг қарғиши ҳақ!
Тангрининг лаънати ҳақ!

Барча муқаддас китобларда бу – эътироф этилган.

Сотқин ундан қочиб қутила олмайди…

Учоқда қайтарканмиз, Бегабоев 40 ёшлар чамасидаги бир ўриснинг ёнига бориб ўтирди. У билан то Тошкентгача шивир-кучир қилди. Мендаги шубҳа кучайди.

“Балки, Киевда шу ўрис билан учрашгандир? Балки, иккови Тошкент топшириғига биноан Украина ИИБ билан “тиллашгандир?…”

Ҳаволанда Алишердан туйқис сўрадим:
– У ўрисни қаердан танийсиз?
– МВДда бирга ишлаганмиз.
– У шу гапни айтишга айтди-ю, сўнг бирдан сергак тортди. Аммо хато устига хато қилди. Юзи муз тусига кирди. Кўзини олиб қочди. Буни ўзи, балки, сезмагандир. Пайтни бой бермай, мен уни “пушка”га олдим.
– Ўрис биз билан бирга Киевга келувди.
– Сезмабман.
– Хаёлингиз бошқа ерда… бўлган-да, – мен уни илмоқда ушлашга уриндим.
– Ҳа, – ноилож гапимни тасдиқлади ва пичадан сўнг қўшимча қилди, – Киевда унинг қариндоши бор.
– Яхши таниркансиз?
– Қамоқда ҳам бирга бўлганмиз.
– Мавлон Бобожонович ҳам биларкан-да.
Бегабоевнинг юзида қон қолмади. Манглайида тер тошди. Сумкасини ерга қўйиб, оҳорсиз қўл-рўмоли билан пешонаси ва бўйнини артди. Анчадан сўнг менинг саволимга совуқ ва қуруқ жавоб қайтарди:
– Нима, мен Мавлоннинг ичига кириб чиқибманми? Зона катта бўлса…
Шу лаҳза негадир туйқус Уильям Шекспирнинг ушбу сатрлари миямдан кечди:
“Ўтган барча кунлар бизга сездирмай,
Йўл ёритиб, бошлаб кебди гўрнинг лабига”…

Бундан дахшатга тушдим.

Муҳаммад Солиҳ сўзида турди. Кўпмас, ҳолига яраша оз миқдорда пул юборди. Бегабоев яшнаб кетди. Бироқ фирма тузиш ўрнига, ўзига оқ “нексия” олди.

Мен ундан узоқлашдим.

1999 йил 16 февралда Тошкнетда портлаш юз берди. Ўн тўққизинчи куни кечга томон Муқаддас (хотиним) билан  “Тико”да Ватан қизимникига бораётган эдик. Йўл-йўлакай маҳалла(Салар)миздаги магазинга сигарет олишга кирдим. Дўкондан чиқишим билан қора ниқоб кийган дев-дев палач(иккита “жигули”да)лар бошимга тўппонча қўндоғи билан уриб, ўғирлаб кетишди. Кутилмаганда. Яшин тезлигида. Муқаддаснинг қаттиқ чинқириғи қулоғимга чалиниб қолди. Хушимдан айрилдим. Йўлда ўзимга келдим. Юз-бошимга қора ниқоб кийдирилган, оёқ-қўлим кишанланган эди. Полислар оёғи остида ётардим.

Мени номаълум қамоқхона зиндони(чамамда, у Тошкентдан 2-3 соатлик йўл эди)га олиб бориб ташлашди. Ҳар куни калтак, қийноқ. Аъзои баданим кўкариб, оёқ-қўлларим кувидек шишиб кетди. Борлиғимни яра босди. Ваҳшатли уколлар қилишди. Уч марта ўлим қопи кийдиришди. Туну-кун бир савол беришади:

– Нега Тошкентни портлатдинг?
Мисилсиз қийноқдан хушимдан кетаман. Хушимга келтиришади. Такрор ва такрор. Бу ҳақда батафсил ёзсам, китоб бўлади. Тангри умр берса, бир замонларда ….
Бир ярим ой қоронғи зиндонда танҳо ётдим.
Оёқ-қўлим кишанланган ҳолда ётдим.
Дўзахий азобда қон ютиб ётдим.
Юрагимга заҳарли ўқдек қадалган шу бир савол миямда тинсиз айланди:
“Тошкентни нега портлатдинг?”
14 йил 3 ой қамоқда айланди:
“Тошкентни нега портлатдинг?”
Уйда ҳам айланаяпти:
“Тошкнетни нега портлатдинг?”.

Ўйладим. Қайта-қайта ўйладим. Ҳозир ҳам ўйлаяпман.

“Бу туҳматни, туҳмат бўлганда ҳам ўлимдек дахшатли туҳматни ким ўйлаб топди? Ким тўқиб чиқарди? Нима мақсадда?

Муҳаммад Солиҳни элга ёмон кўрсатиш учунми?

Бу йўлда мени, мен каби мингларни қурбон қилиш учунми?

Бу – кимга, кимларга керак?

Жиловлаб бўлмас кучга кирган МВДгами?
Унинг тизгинини тутган генерал Алматовгами?
Нимага?
Юқорига яхши кўриниш учунми?
Тенгсиз обру қозониш учунми?
Ёки тоғдек юксалиш учунми?
Кейин…
Вақти етганда…
Бу – тусмол.
Бироқ, шуниси аниқ:
Бегабоев қурол бўлган…
Нафси учун…
Катта ваъдалари учун…
Шу сабабли МВД уни қамамади.
Номаълум зиндонда, тинсиз терговда Бегабоев тўғрисида бир оғиз сўрамади, лоақал номига бўлса ҳам. Ваҳоланки, у мени Киевга боришга тинмай ундаган, эланган, тепани ёмонлаган, Муҳаммад Солиҳдан кўк пул олган эди. Бир оғиз сўрамади. Лоақал номига бўлса ҳам. Мен ИИВ вазири ўринбосари Сайфулло Асадовдан терговнинг сўнгги дақиқасида аламимга чидолмай, “Алишер Бегабоев қаерда?” деб сўрадим.
– Уйида, – деди у киприк қоқмай.
– Ахир…
Полковник Асадов менинг тугалланмаган шу бир сўзимдан мақсадимни англади ва шундай жавоб қайтарди:
– Киевга бориб-келганингиз ҳақида бизни қурсга қўйганингизда бу ҳолга тушиб ўтирмадсингиз.
Шундан сўнг ўзимча бир ечимга келдим:
“Бегабоев Тошкент портлашини Муҳаммад Солиҳ уюштирди” деган гапни келтириб чиқариш учун Киевга борган.
Махсус топшириқ билан…
14 йил 3 ой қамоқда ўтирдим.
Ит азобида…
Бутунлай соғлиғимдан айрилдим.
Юрак хуружи (уч марта инфаркт олганман) тинкамни қуритаяпти.
Тез-тез бобом –  Аҳмад оқсоқолнинг ушбу сўзини эслайман:
“Бировнинг кўз ёши эвазига эришилган “бахт”нинг сўнгги – фожиа билан тугайди”…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: – Диний-сиёсий маҳкумлар ўз вақтида оила аъзолари билан учрашишадими? Ўз вақтида телефонда гаплашиш ҳуқуқидан фойдалана олишадими? Узатмаларни ўз вақтида ола олишадими?

Эврил ТУРОН: – Ички қонун-қоидаларга биноан қаттиқ тартибли режим билан ўтирган маҳкум бир йилда икки марта узун, тўрт марта қисқа учрашув, тўрт марта 8 кг. миқдорида узатма олиш ва ҳар уч ойда телефонда гаплашиш ҳуқуқига эга. Лекин колониялар бунга амал этишадими? Ҳамма гап шунда. Уларнинг диний, сиёсий маҳкумларга қиладиган мудҳиш ўйинлари кўп. Агар диний-сиёсий маҳкум ўз эътиқодидан қайтмаса, узун-узун йиллар ҳам бу неъматлардан маҳрум бўлади. Буни деярли ҳамма диний, сиёсий маҳкум ўз бошидан кечирган. Жумладан, мен ҳам. Охир-оқибат, ҳолдан тойган тутқин мажбурий ҳолатда ўзи танлаган йўлдан “кечдим”, деб ёзиб беради. Лекин юрагидан эмас. Шундай тақдирда ҳам муассаса унга вақти-вақти билан шилимшиқ найрангини қилиб туради. Бу билан у ўз кучини кўз-кўз этади. Ўз баҳосини оширади. Пули, тили бор ота-она муассаса ёки юқорироққа кўз ёши қилишга, эланишга мажбур бўлади.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: – Ўзбекистон қамоқхоналарида сиз айбсиз деб билган диний, сиёсий маҳбуслар кўпми? Қисматдошларингиздан кимларнинг сиймолари эсингизда қолган? Уларга қўлланилган қийноқларни ўз кўзингиз билан кўрганмисиз?

Эврил ТУРОН: – Номаълум қамоқхонада мени тергов қилган Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири ўринбосари Сайфулло Асадовнинг:
“Ўрмонга ўт кетса қуруғи ҳам ёнади, ҳўли ҳам ёнади” деган гапи боягидек ёдимда. Ваҳоланки, орадан 17 йил ўтаяпти. Унинг бу сўзи сизнинг саволингизга жавоб бўлади, деб ўйлайман. Қуруғи ҳам ёнган, ҳўли ҳам ёнган. Балки, ҳозир ҳам ёнаётгандир?

Қуруғи ҳам, ҳўли ҳам…

Бир замонлар келиб, айбли, айбсизлар “элак”дан ўтказилса, туб ҳақиқат келиб чиқади.
Мен 16 йил 7 ой айбсиз ўтирдим.
Муҳаммад Бекжон-чи?
Юсуф Рўзимуродов-чи?
Олимжон(64/6  муассасада. Андижон фожиасида экранга тушиб қолгани учун, адашмасам, 18 йилга кесилган)чи?

Ромитонлик баклажка чол (64/6 муассаса. Оти хотирамдан кўтарилган. Тутқунлар уни шундай аташарди. Уй-жойи, ўғли, гўдак набираси портлаган. Ўзи билан келини қамоқда. Узун йиллардан бери)чи?

Нурулло(64/6 муассаса. Сурхондарёдаги тоғли Киштут қишлоғи ялпи кўчирилган. Ўрнига ҳарбий баъза қурилган. Бунга қарши ўз сўзини айтган 76 кас узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган)чи?

Улар ва уларга ўхшаш кўплаб қисматдошларимнинг сиймолари ҳотирамда мангуга сақланиб қолган.

Кўз олдимда Олимжон ҳам, бакалажка чол ҳам, Нурулло ҳам, Ботир ҳам, Ёқуб ҳам, Шаҳобиддин ҳам (сон-саноқсиз) калтакланган, ШИЗОга тиқилган.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: – Ҳар бир қамоқхонанинг ўз “қироли” бормиш. Сиз уларни эслоласизми?
Эврил ТУРОН: – Навоий (64/46) зонасида иккита “қирол” бор эди: Гера, Швед. Гера, зэклар тили билан айтганда, гадлар бошлиғи эди. Швед карантинга қарарди. Бу ашаддий гадларнинг мавқелари кўпгина полислардан ҳам юқори турарди. Кимдир уларни Бош прокуратура “қулоғи” деса, кимдир МВД “каза”си дерди. Сталин дажжолларидан ҳам ёмон одам қиёфасидаги бу иблислар кўп мужикларнинг, асосан, диний, сиёсий маҳкумларнинг ҳаётларини синдириб юборди. Сил касалликлари (64/36) зонасида тартибот ходими ўлдирилганда, у ерда қанча-қанча ёзуқсиз тутқунлар 46-муассасага олиб келиб синдирилди. Бу қонли “операция” Гера ва Швед қўли билан амалга оширилди.

Швед худди фашистлардек диний, сиёсий маҳкумларни қорга ялангоёқ ҳайдашни ёқтирарди. Гера Ўзбекистсондаги “Ҳизбут-Таҳрир” оқими бошлиғи Ҳафизуллони одам ахлати оқаётган канализацига томоғигача ботириб қўйди. Мен ўшанда 46-зонада эдим. Гера 159 ларга “Вовчиклар” дея, куну-тун тинчлик бермасди. Тинмай югуртирар, ишлатар, зона сатҳи-ю ҳожатхоналарни тозалаттирарди.

Геранинг “Штаби”(тутқунлару гадларнинг ўзлари шундай аташарди)да” кабинети, овқатланадиган ва дам оладиган хоналари бор эди. Юзтача ТБООШ хизматида эди. Қонунга мутлақо хилоф бу йиртқич ва булғанч “Тузилма” муассасага “иш”ларди. Чой, чекиш, ширинлик, совун, хуллас, турли “совға”лар берган зэкларга ҳам …

ТБООШ тартиб бузарликнинг олдини олиш шаҳобчаси дегани. Аслида учига чиққан тартиб бузарлар шулар эди. Иккала штаб ҳам эрк бериб қўйгани учун улар қутириб кетган, ҳар хил баҳоналар билан тутқунларни талар, бермаганларни турли туҳматлар билан “ҳожа”ларига элтар ва қон қустирарди. Мен ўриснинг туркистонга нисбатан қўллаган “ўзини-ўзига едириш” сиёсатини зоналарда кўрдим. Амалда.
Шведнинг ҳам Гера каби ўз “қароргоҳи”, “оромгоҳи” бўлиб, дастурхонидан сут, қаймоқ, сариёғ, асал, тухум, ош, қовурма, эт узилмасди. Яна ҳар хил ширинликлар, ичимликлар…
Қисқаси, иккови ҳам чин қиролдек яшарди. Қўлларидаги қон ичар гадлар ҳам. Бу тубанлар олдида полислар ҳолва эди ва уларга ҳайкал қўйса бўларди.
Зэкча айтганда, бу – “Қизил зона”  “қирол”лари.

“Қизил зона”ларнинг “башара”лари эса бир хил:
Шакли ҳам,
Моҳияти ҳам.

Ҳеч бир демократик давлат қамоқхоналирда ТБООШ каби ғайриқонуний, ғайриинсоний фашистик тузилма йўқ.

Қамалавериб “сийқаси” чиқиб кетган, шайтонга ҳам фириб берадиган зэкларга ишониш хато.

Қора қуртга ишониб бўладими?

Илонгачи?
Тулкигачи?
Қамоқхоналар – давлат назоратида, давлат ҳимоясида ва қонунан маош олиб ишлайдиган полислар қўлида бўлиши керак. Ўзбекистон Республика қонуни шуни тақозо этади. Йўқса, уни “Қонунга қарши тузилма” сифатида қоралаш, “ҳожа”ларини жавобгарликка тортиш лозим. Мен билган барча қисматдошларимнинг, ҳатто оқил полисларнинг ҳам фикрлари шундай эди. Чирчиқдаги 6- муассасининг тезкор бўлими бошлиқлари Мирвоҳид, Шерзодлар бирин-кетин ишдан кетишди. Нимага? Иккови ҳам қасамхўр зэклардан таркиб топган тузилмани қонунга хилофлигини айтишгани учун эмасми?

Мирвоҳид билан Шерзоддан олдинги тезкор бўлими бошлиғи Абдумалик Юсупов менга:
“Ақл билан иш кўрадиган офицер “қулоқ”ларнинг ҳеч бирига ишонмайди”, деди, – ўз кабинетида гапдан-гап чиқиб, – Улар фақат маҳкумларни эмас, зобитларни ҳам сотишаяпти. Казалар учун Ватан, миллат деган тушунча, умуман, муқаддас деган нарсанинг ўзи йўқ. Худо кўрсатмасин, юрт бошига бир кулфат тушса, биринчи сотқинлар шулар бўлади. Аслида бу ирқитлар давлат учун Хизбутлардан ҳам хавфли. Қўлимдан келганда уларни қонун йўли билан тушовлаб ташлардим…

Мен “Қизил зона” “қирол”лари ҳақида фақат бир мисол келтирдим. Энди “Қора зона” “қирол”ларига қисқа тўхталаман. Халқ тилида “Борса-келмас”, деб аталувчи турма типидаги “Жаслик” зонасида даҳшатли қийноқ азобидан икки ой етти кун ичида қуруқ суягим (24 кг. озганман) қолди. Ҳожатхонага ҳам бориб-келишга қувватим етиб, етмасди. Ирода кучи билан ўзимни зўрға тутиб турардим. “Ўлмаслигим керак, бу кўргуликларни ёзишим керак”, деб ўйлаб, эртадан кечгача Яратганга ёлворардим:

“Умр бер, Тангрим!!”
“Умр бер, Тангрим!!!”
“Умр бер, Тангрим!!!”

Афтидан, муассаса бошлиғи Омон Бобожонов ортиқча ташвишни ўзидан соқит этмоқчи бўлган. “Ўлса, касалхонада ўлсин, гап-сўзга қолмайман”, деган ўйга Бошқарма (ЖИИБ – ГУИН) билан қўнишган. Бу – менинг тахминим. Бунга менда асос бор. Ўзи доим адои тамом бўлган маҳкумларни муассасада ўлиб қолмасликлари учун поездда сангородга узатишарди.

Мени 46-колоннияга, у ердан “оёғимни ерга теккизмай” Сангородга юборишди. Бунда Генерал Ражаб Қодировнинг кўмаги бор, деб ўйлайман. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Менимча, Киев – генерал Ражаб Қодировнинг миллий туйғусини қайраган.

Биринчи қамалганимда (1993-1996 й) Сангородда Ҳасан Пахан (хасталар уни шундай аташарди ва ҳурмат қилишарди. Асли у Нурота тизими тоғларидаги Оқчапсой қишлоғида туғилиб ўсган. Ёши 60-70 лар орасида эди) “қирол” эди. 2001 йилда эса Сангородга Пойариқлик Ойбек қарарди. Аммо унинг таъсири сезилмасди. Нозим (Бухоро кентидан) “қирол” эди. Тангри унга қўрқмас юрак ҳам, ақл ҳам, тўлиб-тошган куч ҳам берганди. Баланд бўйли, кенг елкали, чайир бу йигит этник туркманлардан эди. Унинг улуғ отаси амир Олимхон қўшинлари бошлиғи бўлган. Биз Нозим билан 4-бино (корпус)нинг 2-қатида, қарама-қарши палаталарда ётардик. Биз деганимнинг сабаби шундаки, мен хонада икки силанг (зобит) билан бирга турардим. Баҳром исимли подполковник (божхонада ишлаган) жиззахлик, Ҳожи деган майор, адашмасам, тошкентлик эди. Суҳбат қизиган чоғларда Баҳром: “Пора олмасам, ухлолмасдим, – деб хохолаб куларди, – Бир машина гиёҳ (наша, қора дори, героин)ни Қозоғистонга ўтказиб юборсак, 50 минг кўкида…”

– Ҳаммасини чўнтакка урармидингиз?
– Итлар суякни талашганини кўрганмисиз? Шундай-да…
– Тошкентдан чўчимасмидингиз?
– Ҳаётни билмайсиз… Яна, ёзувчиман, деб мақтанасиз. Бусиз бўладими?…
– Ишонгим келмайди.
– Буям бир ҳазил-да, Мамадали ака, гап қизисин дейман-да.

Бундай онларда “ичимдан топ” Ҳожи пиқиллаб куларди. Силанглар тузук кишилар эди. Улар билан зерикмасдим. У кезларда Сангород саҳнида эркин юриш, бу палатадан у палатага кириш, яқин олган одаминг билан дардлашиш, оғочлар остида шахмат-шашка ўйнаш, китоб ўқиш мумкин эди. Хасталар Сангородни “Рай” дейишарди. Нозимнинг ҳурматини жойига қўйиб, мақташарди:
“Братанимизнинг шарофати билан Сангородда одамга ўхшаб нафас олаяпмиз”.
Нозим жиноятчиларга ҳам, диний, сиёсий маҳкумларга ҳам нормал муомалада эди. Уйидан ҳеч ким (қўли калталиги учун) келмайдиган касалларга чой, чакишу, дори-дармонлардан ёрдам қиларди. У ҳар куни ўнлаб хасталар (жиноятчими, диний, сиёсий маҳкумми, ажратмасди) билан қўнишар, уларга руҳий далда берарди. Нозим полислар билан ҳам, врачлар билан ҳам яхши эди ва уларга сўзини ўтказа оларди. Унда мен қўрқув деган нарса  борлигини сезмаганман. Бу фазилат Нозимга, балки, бобосидан ўтгандир?

Нозим бизнинг палатага тез-тез кириб турарди ва биз у билан  ҳар соҳада суҳбат қурардик.

Мен Олмалиқ зонасига қараган (1995-1996 й) “қирол” (таги Зоминлик) – Эркинда ҳам шундай ғайриоддий куч борлигини туйганман. Кўккўз Бахти(жиноят оламида ҳамма уни шундай атарди, балки, кўзи осмон рангдалиги учундир?)да ҳам. Кўккўз Бахти (Бахтиёр) бир пайтлари Бегавот колониясида “қирол” бўлган. Мен у билан 46-зонада (бир туркумда) бирга эдим. Агарчи у коляскага (умиртқа ва оёқлари синдирилган) парчинланган бўлса ҳам, руҳий тушкунликка тушмаган, қўрқув нималигини билмас, кўп довюрак йигит эди. Негадир, мен уни ўзимча: “Ўлимдан ҳам қўрқмайдиган инсон”, деб ўйлардим. Мен шунга гувоҳ бўлганманки, кўккўз Бахти душманини кўзи билан, сўзи билан, кучи билан оларди. Унинг чақноқ кўзидан ҳар қандай йиртқич гад ҳам қўрқарди. Шунда мен инсон кўзида ўлимни ҳам енгувчи, иблисни ҳам даҳшатга солувчи куч борлигини туйганман.

Кўзи кўк Бахтига гадлар яқин йўламасдилар. Полислар ҳам ортиқча гап қилмасдилар. Эшитишимча, мен зонага келишимдан сал олдин у (коляскада бўлишига қарамай) бир тожик лахмачнинг оғзи-бурни-ю, қулоқларини йиртиб ташлаган экан. Сабабини айтишмади. Мен ҳам суриштирмадим. Кўк кўз Бахти бировнинг кўнглини бекорга ўкситмаслигини мен кейинча билдим. Унинг онаси Форишлик (отаси тошкентлик) бўлгани учунми, у мен билан очилиб гаплашарди. Сўнгги пайтларда кўккўз Бахти китобдан бош кўтармасди. Ўзбек ё Осиё адибларининг эмас, Оврупа ёзарларининг русчага ўгирилган китобларини ўқирди. Кўз олдимда Вольтер Скотт (1771-1832 й)нинг саккиз томлик асарларини ўқиб чиқди. (Кўккўз Бахтининг китоб ўқишига штаб қаршилик қилмаган).

Мен “Борса-келмас”дан қайтишимдан 10 кун олдин кўккўз Бахти ҳаммом буғхонасида ўлибди. Тоғдек йигитнинг ўз ажали билан ўлганига ишонмадим. Бу ҳақда зонада ҳам даҳшатли миш-мишлар юрарди. Ботир ўғлоннинг аянчли тақдирига ич-ичимдан ачиндим. Буғовланган одамнинг қўлидан бошқа нима ҳам келарди?

Ўзбекистон маҳкумларининг Бош Касалхонаси (Сангород)дан мени тутқунлар тилида “Чикаго” деб аталувчи Чирчиқ шаҳри(64/6)га ташлашди. Ўшанда зонада таги Туркистон(Иқон қишлоғи)лик бўлган “Вор закон” – Бахти (Бахтиёр) “қирол” эди. Унинг барак ичида (4-сектор, ҳозирги 16-туркум) ўз ётоқхонаси, туалет, души, промкада “дача”, боғ, сауна, устахоналари, шифохона(медсанчаст) ва отел(ота-она, қариндош-уруғлар билан учрашув қўниғи)да алоҳида хона(ўйма нақшлар билан таъмирланган)лари бор эди ва улар ноёб парда, мебеллар билан безатилганди. Устахоналарида (промка ва “монетка”, деб аталувчи алоҳида бинода) турли пичоқ, ҳанжар, қилич, шахмат, нарда, кема, шкатулка… Хуллас, амалий санъатга оид ҳар хил нарсалар ясаларди. Одамни ўзига сеҳрловчи гўзал, нафис, антиквар бу нарсалар ташқарида кўкида сотилган. Асосан ғарб ва Улуғ Денгиз ортига… тафтишга келган каслару чиновникларга ҳам “совға” қилганлар. Буни ўғриларнинг ўзлари очиқ-ойдин айтиб юришарди.

Азиз ўқувчи, бу – Сизнинг кўзингизга арзимаган нарсадек туюлиши мумкин. Бироқ, ундан миллионлар оқиб келади. Бир мисол. Хитой иқтисодининг юксалишига айни шу нарса сабаб бўлган. Буни мен ўрис матбуотида, хусусан, “Огонёк” журналида ўқиганман.

Балки, биларсиз, Чин қамоқхоналарига миллионлар буғовланган. Уларнинг орасида юз минглаб усталари бор. Айни шу маҳкумлар томонидан ишлаб чиқилган антикварлар очун бозорларида қўл-қўлга тегмай кетган. Буни Оврупа ва Америка 15 йилдан кейин сезган. Мамлакатимизда, шу тармоққа қонунан йўл очилса, усталар давлат томонидан зарур бино, асбоб-ускуна, маошлар билан таъминланса ва ҳам маънан қўллаб-қувватланса, бу – Ўзбекистон иқтисодини ўсишига олиб келади. Шу билан бирга қамоқхоналарда бекор ётган, ҳорижда сарсон бўлиб юрган 10 минглаб усталар ишлик бўлиб қолади. Бунга шубҳам йўқ. “Очун кўзгуси”да Нурсултон Назарбоевнинг сўзини эшитдим. Қазоқ қондошларимиз 2015 йилда оғир саноатини Оврўпа даражасига кўтариш мақсадида иккита йирик завод қурармиш.

Агар Ўзбекистон ҳукумати мен баён этганим – шу ишни марказлаштирган ҳолда йўлга қўйса, яқин келажакда у ўзининг самарасини кўрсатади. Бошқа тармоқлар ўз йўлига. Шу биргина амалий санъат маҳсулотларидан келган фойданинг ўзи оғир саноатимизнинг ривожланишига, яъни йирик-йирик заводлар қуришимизга замин бўлади. Бундай ҳолда қамоқхоналарда ишлаб чиқилаётган нарсалар кимларнингдир нафси ўпқонларини қондиришга эмас, давлат хазинасини бойитишга хизмат қилади.

Бу ишни амалга оширишга ўз чўнтагини эмас, ўз юрти келажагини ўйлайдиган ғайратли инсон лозим бўлади.

Ташкилотчи инсон,
Илимли инсон,
Иқтидорли инсон,
Изланувчан инсон,
Тоза инсон…

Ҳамма тармоқ, ҳамма ишлаб чиқаришларда шундай кадрлар бўлмас экан, Ўзбекистоннинг бири икки бўлмайди.

Ислоҳ лозим.

Буюк ислоҳ!

Давоми бор