Гулноранинг Франциядаги кўчмас мулклари хатланди

Гулноранинг Франциядаги кўчмас мулклари хатланди
23 views
12 February 2015 - 17:11
11

Шато Груссе номи билан аталадиган ҳайбатли қаср

Франция судининг қарори билан Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ва унинг фуқаровий эри эканлиги айтиладиган Рустам Мадумаровларга тегишли кўчмас мулклар хатларган. Бу ҳақда EurasiaNet хабар берди.

Суд қарори билан Париж шаҳри яқинидаги Шато Груссе номи билан аталадиган ҳайбатли қаср хатланган. Ушбу қаср ўз ичига шахсий опера театри, от миниш майдони ва истироҳат боғларини қамраб олиб 28 миллион еврога сотиб олинган. Бундан ташқари Франция суди Гулноранинг Париж шаҳрининг Сен-Тропе даҳасидаги қиймати 20 миллион еврога тенг бўлган квартирасига ҳам “муҳр босиш” тўғрисида қарор чиқарган.

Нашрнинг қайд этишича, суднинг ушбу чоралари “уюшган жиноий гуруҳ томонидан пул ювиш” ва “ҳорижий расмий шахсларнинг коррупция фаолияти” каби жиноятларни ўз ичига олган коррупция амалиёти ҳақидаги ишни тафтиш қилиш доирасида қўлланилган.

Мазкур кўчмас мулк Studio Invest, Invest Service Group ва Ruby International компаниялари томонидан тасарруф қилинган. Бироқ, тафтиш давомида уларнинг орқасида Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаровлар турганликлари аниқланган.

Тафтишчилар ушбу мулклар бир қатор телекоммуникация компанияларининг Ўзбекистон бозорларига кириш мақсадида берган поралари ҳисобига сотиб олинган деб ҳисоблашмоқда. Мазкур коррупция битимлари натижасида Гулнора Каримова 2007 йилнинг декабрь ойидан 2010 йилнинг ноябрь ойигача 324 миллион АҚШ доллари миқдорида пул олган, деб ёзади “Либерасьон”.

Франциядаги тафтишлар давом этмоқда. Ушбу жиноий иш билан боғлиқ тафтишлар Швейцария, Швеция, Нидерландия, Норвегия ва АҚШ да ҳам олиб борилмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими