Каримов ақлдан озмасдан олдин қилмишлари учун жавоб бериши керак…

Каримов ақлдан озмасдан олдин қилмишлари учун жавоб бериши керак…
95 views
16 February 2015 - 2:14

5Каримовнинг ўлими муаммога ечим эмас (2)

Битта мактабга ўн йил қатнаганман. Қишлоғимиздаги ягона магазин (савдо дўкони) ҳам ўша томонда эди. Эсимни танибманки, гоҳ гугурдга гоҳ туз гоҳ ёғга ўхшаш рўзғорга зарур бўладиган нарсаларга уйдагилар кўпроқ мени югуртирар эдилар. Кафтимга пулни қистиришлари билан йўл бўйидаги Абдиғани теричининг қопоғон итини эслаб юрагим қинидан чиқиб кетгудек бўлиб, ҳаприқиб, қўрқув зўридан ичимдан қиринди ўтиб кетса ҳам, индамай бошимни эгиб йўлга тушардим. Бўйин товлаш зуғумга қучоқ очишдек бир гап бўлгани учун ҳар доим ҳам қайсарлик қилишга юрагим бетламас эди. Ўзингиз билганингиз каби ур-сўкдан ҳам кўра, ўзбекнинг майда гап фисқи-фасодлиги, қилган-қилмаган яхшилигини рўкач қилиб миннат этмаса туролмаслиги одамга қаттиқ ботади. Ўзбекнинг кичигининг кунидан ўриснинг кучугининг куни яхши ёхуд ўзбекнинг кичиги бўлгандан, ўриснинг кучиги бўлган тузукроқ, деган гап бекорга ўйлаб топилмаган. “Ўзбек болажон халқ”, “Ўзбек емай, едиради, ичмай ичиради” деган гаплар шаклан мавжуд эсада, мазмунан ҳаёт саҳнасини тарк этганига асрлар кечди. Бу каби гапларнинг барчаси, бугун риё ва мақтанчоқлик учун айтилади. Раҳбарлар бу каби гапларни: лўлининг эшагини суғор, пулини ол, деган нақлга амал қилиб сиёсат учун – амал ва мавқеларини сақлаб туриш учун айтадилар, ўрта ҳоллар юқоридагиларнинг таъсирида нима деётганларини, ўзлари ҳам билмайдилар.

Ўзбек боласининг тузум томонидан ота-оналар қўли билан қанчалар хор қилингани, дунё бехабар ўсиб-улғаяётгани, бутунлай бошқа бир мавзу…

Ҳамин қадар паст савиямиз, бундан тузукроқ фиклар зоҳир этишга ярамаслиги боис, қозонда бори, чўмичга чиқади, деганлари сингари Совет замонларида ҳам бизларнинг ичимиздаги қоронғи дунёмиз, бугунги кунлардаги каби сўзларимиздан кимлигимизни фош этиб турарди. Бизларни ялтоқланиш ва хушомадгўйлик қусурлари бало-қазодай босиб, тасарруфлармизга эгалик қиларди. Атрофимиздагилар бир-икки жумла сўзимизни эшитибоқ, нуфузимизни, нималарга қодир эканлигимизни дарров фаҳмлаб олар эдилар. Ҳозир ҳам, шунақа, у пайтлардагидан бешбаттарроқ ҳам. Бу масалада ҳам бутун халқни ёхуд бир-биримизни айблаймизу, аслида ҳар биттамизнинг феълимиздаги ноқисликлар қусурларга йўл очаётганини тан олгимиз келмайди. Миллатни – бутун бир мамлакатни тузатмоқчи бўламизу, феълимизни тузатиш нари турсин, ўзимизга лоақал танқидий ёндашиш учун узатган оёғимизни ҳам йиғмаймиз…

Ота-боболаримиз хусусида ҳам “шунақа эди”, дейиш, адолатсизлик бўларди. Куни-кеча маънавиятимиз ва ўзлигимизни безаб, осмонимизда барқ уриб порлаган Авлоний, Беҳбудий, Фитрат, Мунаввар қори, Чўлпон ва Абдулла Қодирий каби даҳоларимиз, ота-боболаримиз бизга ўхшаганда, дунёга келмаган бўлардилар. Келсалар ҳам, Абдулла Орипов, Муҳаммадали, Сирожиддин Сайид каби шоир ва ёзувчиларимиз сингари ўзликларини тополмасдан икки жаҳон овараси бўлиб, кимларнингдир патагига пайтава бўлиб юрардилар…

Хуллас, ўша томонларга Худонинг берган куни, икки марта, гоҳо уч-тўрт марта ўтиб қайтмаган куним бўлмаган. Айтганимдек, йўл бўйидаги ҳовлида айиқдек келадиган қопағон ит бўларди. Ҳовлига яқинлашганим сайин хавотирим ошиб, бутун танамни ваҳима боса бошларди. Ёнимда шерикларим бор пайтларда, унча ҳам ваҳимага тушмасамда, ёлғизлигимда тиззаларимнинг жони қочиб, кўзларимнинг олди қорайиб кетарди. Ҳовли баробаридан кесиб ўтиб, хатар ортда қолганини билганим замон, кўзларим олдида, бир зум илгари қора кийган дунё қайта ёришар, вужудимга илиқ қон югуриб, бениҳоят севиниб кетганимдан ўзимни қайтадан туғилган кимса каби ҳис эта бошлардим.

Абдиғани теричининг ити, онда-сонда, ўқувчилар сингари катта ёшдаги йўловчиларни ҳам қопиб турар, шундай пайтлари уни эгаси бир муддат занжирласада, гап-сўзлар тиниб, излар босилгач, тағин занжиридан бўшатиб юборар эди. Бир замон ўтиб, ит яна бировга ташланиб, яна кимнидир қўрқитар, нокас эгаси яна уни бир муддат қозиғига бойлаб, яна чанглар босилгач ярим кечада кўчага қўйиб юборар эди. Шу йўлдан кечиб ўтадиган бутун мактаб ўқувчилари сингари қишлоқ аҳли ҳам чошгоҳда бундан хабар топар, йўлдан жонини ҳовучлаб, зўрға ўтадиган йўловчиларнинг “яна, нима учун итингни ечдинг, ноинсоф?” деб Абдиғани теричидан сўраш хаёлига ҳам келмасди. Чунки, йўловчиларнинг ўзлари “ноинсоф” билан “инсофсиз”ни бир-биридан унча ҳам айрит қиладиган даражада зукко эмас эдилар.

Ўзининг маънавий чўққиларидан айрилган, ўзгалар соясига кўр-кўрона чўқинадиган кимсаларнинг бундан ортиқ бўлмаслиги ҳам, табиий бир жараён бўлиб, у замонлар ҳам Шўролар инқилоби билан бошланган миллат руҳиятидаги емирилишларнинг – мустақиллик йилларидаги каби поғонама-поғона  коммунистик идеалларга жой бўшатаётган даврлари эди…

Ҳар замонда, жабр тортган биров теричининг уйига дод-вой солиб бормаса, қолганлар бепарво эдилар. Ҳаққини талаб қилган кимсани ҳам, бизнинг кунларимиздаги сингари “шаллақи” ва “терпила”га йўювчилар бисёр бўлгани учун қадр-қиммати ва инсонийлик шаъни учун талашадиганлар қишлоқ аҳли орасида жуда кам топиларди. Кўпчилик тиббий пунктга қараб чопар, уч-тўрт кун ҳоли-жони билан овора бўлиб, Абдиғани теричи билан ҳисоб-китоб қилиш хаёлидан кўтарилар ёки жаҳлидан тушгач, “ўтган ишга саловат” зайлида, қўл силтаб кетаверар эди. Бошқалар буни, Аллоҳнинг “кечиримли бўлинглар” деган буйриға йўяр, кимдир ўзини кўрсатмасдан, “фалончи кўп яхши одамда, унинг ўрнида мен бўлганимда, теричини фалон қилардим” дея, девор орқасидан кўкрагига муштлаб, оғиз кўпиртирарди. Аллоҳнинг ҳукмидан шароитга қараб хулоса чиқариб, одамлар куфрга ботаётганларидан, жабрдийда каби ўзларининг ҳам қўрқоқ ва олчоқ эканликларидан бехабар эдилар. Улар бир вақтнинг ўзида, мустақил Ўзбекистоннинг шайхлари ва имомлари сингари ҳам Раҳмонга, ҳам шайтонга хизмат қилишга интилардилар. Бирининг кўнглини овлаганлари тақдирларида, иккинчисининг кўнглини ҳеч қачон овлай олмасликларини билсаларда, улар бу йўлдан қайтмас эдилар. Мустақиллик йилларида президент Каримов режими, руҳонийларнинг ҳар икки елкасида болта кўтариб турганидек, у замонларда ҳам коммунистик ғоялар – қирғин-баротлар билан манқуртга айлантирилган одамларни буткул эшак этиб миниб олганди. Улар боши берк кўчага кириб қолганларидан бехабар эдилар. Кўричак каби заҳар тўлдирилган бир қарич кўча – улар учун поёнсиз бир дунёга айланганди. Тасаввурлар ва хаёлот дунёси шу қадар торайган эди-ки, бутун бир миллатни Абдулла Қаҳҳор билан Абдулла Ориповнинг оч қоринга ароқ ичавериб айниган миясига жойласа бўларди. Одамлар миллат ва ватан – озодлик ва адолат учун жонини қурбон қилган Фитрат билан Чўлпонга ўхшаган юзлаган Туркистоннинг асл ўғлонларининг номларини эшитмаган ҳам эдилар. Ҳозир ҳам халқ уларнинг номлари ва қиёфаларини билсада, ғояси ва мақсадларидан бехабар эканлиги, айни ҳақиқатдир. Каримов бошимизга солган балолар ҳам билимсизлигимиз ва шижоатсизлигимиз туфайли бўлиб, улуғларимизнинг шуури ва фикрати фикримизни уйғотганда эди, бизларни юз минглаган Каримов каби қонхўрлар ҳам жаҳолатнинг кишанлари билан жиловлай олмаган бўлардилар.

Советлар у замонларда ленинизм – рус давлатчилигига хизмат қиладиган мафкурани пухта ўзлаштирган ёзувчи ва шоирларни, яъни миллат хоинларини раҳнамо этиб кўтарган, коммунистларнинг элагидан ўтган кимсалар халқнинг бошида байроқ, ноннинг гулини еб, дастурхоннинг тўрида ўтирадиган даврлар эди. Худди, мана шу кимсалар президент Каримов билан оғиз-бурун ўпишиб, бошида Мустақилликка ҳам қарши чиқдилар. Горбачев Ошкоралиги, мажбурлаб, Мустақилликни тиқиштиргач эса, жиноятчи ҳукумат тарафида туриб, Халқ озодлик ҳаракати раҳбарларига қарши курашдилар, халқни Каримов билан биргаликда талаб, мамлакатни ҳамжиҳат талон-тарож этдилар. Уларнинг қўли билан Мустақилликни занжирбанд этган мустабид, пироваридида, уларнинг ўзларини ҳам итдан хор, битдан беқадр этди. Кўрасизлар, президент Каримов ўлгач, улар яна жабрдийдаларга айланиб, ўзларининг “чексиз зулм остида” амалга оширган хайрли ишлари хусусида, дунёга айҳаннос соладилар, Каримовни ерга қориб, ўзларини мислсиз қаҳрамонга айлантирадилар.

Барча-барчаси, ўшанда ҳам мустақиллик йилларидагидек эди. Аммо, қонун ва қоида бор эди, коммунистик қарашларни қўллаб-қувватлаганлар учун билим олиш, қонунларда ёзилган ҳақ-ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти бор эди. Миллатнинг дардини достон этмаганларга барча эшиклар очиқ эди. Аммо, Миркарим Осимлар назардан чеккада, “Ўлмас қоялар”да бир луқма тўғри сўзни айтмоқчи бўлган Мамадали Маҳмудовлар, тузумнинг сурункали назорати остида эди. Халқнинг ичига тарқалган “энг буюк фикр”: “Мен коммунистик партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман”, “Тилла балиқча” деган алжирашлардан иборат эди. Бу сўзларнинг коммунистлар қўйган бир тузоқ эканини, бу миллат мустақилликка эришиб ҳам англамагани каби, дунёни ҳикмат ва юксак фикрларга ғарқ этган ота-боболарининг кимлигидан, ўшанда ҳам бехабар эди.

Қопоғон ит ва унинг қутурган эгасига, на мактаб маъмурияти, на қишлоқ аҳли чора кўрай, демас, дину диёнат нима, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати нималардан иборат, ҳеч ким билмас эди. Ҳамма, “Ленин, ундоқ дебдур, Дарвин, бундоқ дептур, Сталин зўр эди, Хрушчев уни бадном қилмоқчи бўлди. Суслов, олижаноб…” деб, тагини билмаган нарсаларини оғиз кўпиртириб, мақтаб, ҳар ким ўзининг “билими зўрлигини” намойиш этишга тиришарди. Коммунистлар томонидан руҳий раҳномалари, илм ва ҳунар аҳллари қириб битирилган халқ – қўрасини бузиб чиқиб, боғбонсиз қолган боғ-роғларни пайҳон қилиб, тўрт томонга сочилиб кетган қўйлар сурувига ўхшарди. Худбинлик ва битта ўзим бўларчилик ҳаддидан ошган, риё ва сохта турмуш тарзи – миллатнинг раҳнамоси, ёлғон ва ҳийла – яшаш учун дастуруламал эди. Биров дину диёнат, қуллигию асрлиги тўғрисида ўйламаса ҳам, ҳеч ким тўй ва азадан қолмасди, баднафсликлари уларни хоҳлаган кўйига соларди. Марҳумни сўнгги манзилга кузатиб келиб ҳам, пардалари туширилган уйга бирин-сирин оёқ учида кириб, чойнакка қуйилган “оқ чойдан” бир-икки пиёла отиб, қаттиқ нон билан газак қилиб чиқиб ҳам, оғзи-бурнини кафтининг орқаси билан супириб, муллони тинглайверардилар. Мулло бор овози билан тинмасдан тиловат қилаётган бўлса ҳам, томоғи қилқиллаб, икки кўзини пардаси туширилган хонанинг деразасидан узолмасди. Абдуғани теричининг ити боласини бир марта қопган экан, юз марта қопганда ҳам, нафсининг қулига айланган одамларнинг пинги-парвойига келмас эди. Аммо, улушини шериги ичиб қўйса, муштлашишдан ҳам қайтмайдиган одамни ҳар бир хонадондан топса бўларди. Бундай кишилар “халқ қаҳрамони”, даврнинг “илғор кишилари” ҳисобланар эдилар. Бундай кишиларга Ғофур Ғулом ва Абдулла Орипов каби замоннинг эркатойлари ўрнак кўрсатар, гўё ароқ илҳом ва ижод манбаи эди. Ҳар қандай миллатнинг қусурларини фазилатга, фазилатларини қусурга айлантирадиган русларнинг маккорона бу тактикасини, мустақиллик йилларида, президент Каримов ҳавсала билан давом эттириб келмоқда…

Аммо, кимлардир итга заҳар қотиб ёхуд бошқа йўл билан зарар етказиб аламидан ҳам чиқарди. Ити ўлса, Абдиғани теричи бошқа ит олиб боқар эди. У сақлаган ҳар қандай ит – бошида, қўйдай юввош бўлса ҳам, бир-икки ҳафта ўтар-ўтмас одамхўрга айланарди. Олдинги итларнинг қилмишлари, уникининг ёнида ҳолва бўлиб, буниси инсон зотининг хаёлига келмаган ваҳшийлар содир этарди.

Бошқача итнинг Абдуғани теричига кераги йўқ, у ўртага келтирган шароит итдан ваҳшийликлар содир этишни тақазо қиларди. Худди, президент Каримов вужудга келтирган тузум ҳар бир давлат мулозимидан жиноятлар содир этишни, бўлмаса, эътибордан қолиб, бир тишлам нонга зор бўлиши мумкин бўлгани каби, итлар ҳам жигал бир вазиятнинг қурбони бўлардилар.

Абдуғани теричи қопоғон итни жун ва териларни қўриқлаш учун сақлар, итнинг бало-қазодай одамларга ташланишидан, у ва унинг фойдасига шерик кимсалар, бирдай манфаатдор эдилар. Қишлоқ аҳли ва ўқитувчиларнинг тарқоқлиги ва унга қарши бора олмаслиги, унинг жиноятини таъминлагани сингари миршаблар ва бошқа халқнинг тинчлигига масъул кимсаларнинг бурчларини ҳалол адо этишларига монелик кўрсатарди. Шу учун Абдуғани теричи ўзини ҳар доим эркин тутар, у ўзини қанчалар эркин ҳис этса, масъул кимсаларнинг чўнтаги шунча кўп порага тўларди. Буни юрак-юрагидан уқадиган масъуллар шунинг учун ҳам, унинг ўзига ишончи ортиши учун ихтиёрларида бор барча имкониятларни ишга солардилар. Ўзини Қорундан паст тутмайдиган Абдиғани теричи эса, одамлардан ярим нархига сотиб олган терилари ва жунларини, ўша ўзини бойитаётган одамларнинг умридан юқори қўяр, унинг кўзларига мол-дунёдан бошқа нарса кўринмас эди…
Бугун бизнинг Ўзбекистонимизда ҳам, мана шу ҳолат қайтарилиб турипди. Бутун бошли халқ “президент ўлса, барча сарсон-саргардонликлардан қутуламиз” дея, дамини ичига ютиб, ўша “байрам куни”ни кутиб ўтирипди. Кимнингдир, унинг ўлимига атаб қозиққа бойлаган буққаси беш ёшида, бўлса, кимнингдир буқаси президентнинг ўлимини кутиб, ўн ёшни уриб қўйди. Неча-нечалар унинг ўлимини кутиб кўзлари орқасида ўлиб, кимлардир муҳожирликда ном-нишонсиз йўқолиб кетдилар. Бироқ, унинг ўлими бизга рўшнолик олиб келмаслигини, ҳеч ким ўйламайди, унинг тиригидан ўлиги қимматга тушиши хусусида, бирор ким бош қотиришни истамайди.

Президент Каримовнинг – Абдуғани теричининг ити эканлигини, Абдиғани теричининг – мустабид ҳукумат, фойдага шерик бўлаётганларнинг – яъни, кучли давлатлар итнинг ўлмаслигини таъминловчи жон томирлар эканини, ўлса, унинг ўрнига баттарини олиб келишини, бугун биз тушунишга мажбурмиз. Тушунмасак, яхши томонга ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Акси, йиғилиб қолган муаммолар кутмаганда портлаб, бошимизга осмон қўпади.

Вазият, биздан ҳеч кимнинг хаёлига келмаган йўлни тутишимизни тақазо қилади. Бунинг учун президент Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ўлмаслигини, одил суд олдида, қилмишлари учун жавоб бермасдан бурун ақлдан озмаслигини, Аллоҳдан, ёлвориб сўрашимиз керак. У қанчалар осонлик билан йигирма беш йилдан буён сурункали содир этаётган жинояларидан қутулса, биз шунчалар тезлик ва осонлик билан у қўйиб кетган тузоқларга илина бошлаймиз. Президентликка номзодларини қўйган кимсалар, унинг жиноий шериклари эканликларини, улар Каримовнинг “Ўзбекистонда демократия мавжуд” деган иддаони рўкач қилиш учун номзодларини Ўзбекистон президентлигига қўйганларини, бизлар бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз керак.
Улар президент Каримовнинг соялари, улар президентнинг жиноятларини хаспўшлаб, унинг янги жиноятлар содир этиши учун имконият яратиб беришдан бошқасига ярамайдилар. Шунинг учун вақти-соати етиб, улар ҳам президент Каримов билан бирга одил суд олдида қилмишлари учун жавоб беришлари керак бўлади. Ўша кунга, халқ президент Каримовнинг ўлими билан эришаман, деса, хато қилади.

Ўша, қутлуғ кунни биз бирдамлик, ақл ва куч билан қозонмасак, ҳеч қачон илғор, ҳар жиҳатдан шаклланган бир миллат сифатида, ўзимизни бу омонсиз ва бешафқат дунёда намоён қила олмаймиз. Отнинг ўлими бўрилар учун байрам бўлиши мумкин, бўрининг ўлими, от учун байрам эмас.

Биз ўлаксахўр қузғун ёки шоғол ҳам эмасмиз, ота боболаримиз сингари бургут, сарлочин бўлишимиз керак. Ўзбек сарқитни, ҳаромхўр бир махлуқнинг гўштини еб, кун кўра олмайди, умри гузаронлик қила олмайди. У ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол еб-ичган Фарғонийлар, Бухорийлар ва Хоразмийлар – Қодирийларнинг, Чўлпонларнинг, Фитратларнинг авлоди. У Ўғизхон, Жалолиддин ва Темурбекдек наслларни дунёга келтирган аждодларнинг зурриёди. Дунёда унинг ўзининг айтар сўзи, илм-фанда забт этган чўққилари, Ислом оламида яратган жаннатмакон боғлари бор. Дунё тарихини безаб турган Шайбонийдек хокисор подшолари, Мир Алишербекдек арслонлари бор…

У икки қўлини қовуштириб, бировнинг ўлимини пойламайди, бировнинг мозори устига кошона қурмайди. Бировнинг кулфати эвазига эришилган ғалабанинг охири хайрсиз эканини, у яхши билади.
У Каримовни тириклигида миллатга қарши қилган зулмлари ва жиноятларига иқрор қила олмас экан, ундан кейин келадигани Афлотун бўлса ҳам, ҳеч кимга меҳр-шафқат кўрсатмайди, миллатни менсимайди, адолатга юзини бурмайди…

Давоми бор

Эргаш Сулаймон