Гулнор (романнинг давоми)

Гулнор (романнинг давоми)
36 views
16 February 2015 - 1:25

10Романдаги воқеалар 1986-йилдан 2000 йилгача бўлган вақт орасида юз беради. Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит – роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Тургут Дениз – ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир. Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” – қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” – Рауф Парфидир. “Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир. Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ ҳам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Ўғуз хўжаларининг ўзаро муносабатлари ҳақида ўйлади, уларнинг бир-бирига яқинлик даражаларини ўлчаб кўришга ҳаракат қилди. Комил хўжа, ўрхон Нодий ва Cомий Ошкин истанбулдан бўлиб, бир бўлимда ишлардилар. Ойша Қилич, Тариқ Тўра ва Mаҳмат Эрйигит анқаралик эдилар. Cўнар хўжа эса Элазик ёки қайсаридан эди. Аммо хўжаларнинг бир-бирига яқинлиги улар яшаган ерга боғлиқ эмасди. ўрхон нодий билан Сўнар Ойдамир бир-бирига анча яқин эдилар. Кўп гаплашмаса-да, Эрйигит хўжа ҳам уларга яқинлиги сезилиб турарди. Уларнинг ёшлари ҳам яқин эди зотан. Ойша хоним уларнинг ҳаммасига бир хил узоқ ва бир хилда яқин эди. Ҳамма хонимхўжани қаттик ҳурмат қилар, аммо бу уларнинг бу олима хотин билан самимиятига халақит бермасди.
Тариқ Тўра ҳеч ким билан гаплашмасди. Худди бу гуруҳда эканига пушаймон эди ёки бу гуруҳдагиларни менсимаслик бор эди унда.

Ўғуз бу ҳақда ўйларкан, одамлар учоқнинг чиқиш эшигига қараб йўналди. Зинапояга илк қадам ташлаган Сўнар хўжа эди. У чуқур нафас олиб “оҳ!”, деб юборди. Эрйигит хўжа Ойша хонимга зинапоядан тушаркан ёрдамлашган бўлди. Сал нарида ҳайъатни кутаётган бир гуруҳ киши турарди. Баъзиларининг кўлида гул бор эди. Миллий кийим кийган иккита қиз юмалоқ нонни кутариб туришарди. Бир ёш йигит кўтариб турган картон қоғозда “Халқаро Туркология Конференцияси”, деб ёзилганди. ўрхон Нодий олдинга чиқиб:

–Бу ёқдамиз, дўстлар!, – деди кўтаётганларга хитобан ва кутаётганлардан ўрта ёшдаги биттасининг қўлини сиқиб, ўзини таништирди. Кейин бошқа биттасига ўгирилди:

–ў-ў, Абдураҳмонов, бу ерда ҳам кўришмоқ бор экан тақдиримизда, – дея Абдураҳмоновни қучоқлади. Кейин ўз вазифасини эслаб, турк ҳайъатидаги олимларни ўзбек мезбонларга битта-битта таништирди. ўша юмалоқ нондан бир парча синдириб, тузга ботирди ва оғзига отди:

–Шукри Элчин хўжанинг “туз-экмак ҳаққи” номли мақоласи эсингизда борми?, – деди у ва ҳар кимнинг қўлидан ушлаб, нондан синдиришга ундади. Айни пайтда ўзбекларга Элчин хўжанинг ўша мақоласини тушунтира бошлади.

ўзбеклар гулларни профессор Oйша Қиличдан бошлаб, ҳаммага улашиб чиқди.

Ўғуз Думан профессор Эрйигит хўжани зимдан кузатиб турарди. Хўжанинг кўзлари намлангандай туюлди унга. Mаҳмат Эрйигит хўжа атрофига бир ҳасрат билан боқарди.
Сўнар хўжа ердан бир чечак топди ва сумкасига қўйди.

Ҳамма автобусга минди. 25 ёшлардаги 5-6 та йигит-қиз автобуснинг олдинги ўриндиқларига ўтириб, меҳмонларга “йўл кўрсатувчи” бўлажакларини айтишди, аспирант эканлар. Улардан бири инглиз тилида йулдаги бино ва бошқа нарсалар ҳақида билги бера бошлаганди, Сўнар Ойдамир:

–ўзбекча гапир, биз англаймиз, – деб уни огоҳлантирди.
Йўл кўрсатувчи оғир-оғир ўзбекча гапириб, тушунтира бошлади.
Ўғуз Думаннинг кўзи Тариқ Тўрага тушди. Бу одам Ойдамирнинг даккисидан мамнун бўлмаганди.
Бирдан Комил хўжанинг овози эшитилди:

–Бизнинг ўрхон қаерда, кўрган борми оғайнилар?
–Сен ташвишланма, у ишнинг кўзини билади. Аллақачон президентнинг аравасига мингган бўлса ажаб эмас, – деди профессор Ошқин.
“ўзбекистон” меҳмонхонаси кенг майдонга қараган, худди бу майдонни қучоқлаётгандай, ярим доира шаклида бино этилганди. меҳмонхонага олдинроқ келган ўрхон Нодий турк ҳайъатини қаршилаб:
–Қабул учун бу картларни тўлдиринглар. Ҳаммангизнинг жойингиз маълум. Ўғуз, сен Комил хўжа билан бир хонада яшайдиган бўлдинг.
Сўнар Ойдамир:

–ўғлим, яна ҳукм қилабошладинг. Бу ерда Ойшахоним хўжа борлар, ҳайъатимизнинг бошлиғи у эмасми?
–Зарари йўқ, Сўнар. ўрхон менга ёрдам бераяпти, – деди Ойшахоним.
–Менга қара, ўғлим, – дея Сўнарга хитоб қилди ўрхон Нодий, – бизни кутганларга ўзимни қандай таништирдим биласанми? Мен секретарман, дедим. Бу ерларда “секретар” десанг, бас, сени ҳайъат бошлиғи деб ўйлашади.

Ўғуз хўжаларнинг ҳазилми чинми гаплашаётганини бирдан англай олмай турарди. У меҳмонхона картини тўлдирар экан, бир ўзбек қизи унга яқинлашди:
–Мен сизга ёрдамчи бўламан, – деди у, – отим Гулнор Кунбоева.
–Mамнун бўлдим, менинг отим Ўғуз Думон.

Гулнор Ўғузнинг картини олиб, тўлдира бошлади. Ора-сира Ўғузга саволлар бериб, тез ишини битирди. Унинг кўл ёзуви тез эди, аммо гапириши сокин ва оҳиста эди.
Ўғуз ўзбек акцентини илк бор эшитаётганди. Узун ва юмалоқ “о”лар дарров диққатини тортди. Яхшиям-ки, ўзбекчада юмалоқ “О”лар бор экан, бўлмаса Гулнорнинг дудоқлари бу қадар оҳангли шакл ололмасди. “Гулнор” ва “Кунбой” деркан, унинг дудоқлари юмалоқ бир шаклга кирганди. Ўғуз айни пайтда қизнинг кўзлари яшил эканини фарқ қилди. Ва оқ юзни гулчамбар каби ўраган қора сочлар. Бўйи ҳам кичик эмасди. Эгнидаги атлас кўйлак Гулнорга дуркун бир кўриниш бағишлаганди. Тўғриси, Ўғуз учун бу илк ўзбек чеҳраси ҳийла гўзал эди. Уларга ажратилган хонага Комил Хўжа билан бирга киришди.

–Эx, Ўғуз бу фурсат ҳар туркка ҳам насиб бўлавермайди. Навоийнинг мамлакатидамиз, биз меҳмонхонадамиз. Балконга чиқайлик-да, шу яшилликни бир томоша қилайлик.
Ўғуз Комил Арслоннинг Навоий асарлари устида ишлаганини хотирлади.
–Тўғри, хўжам, гўзал ва яшил ўлка, деди Ўғуз.

Балконга чиқаркан, эшик устидаги лавҳа-ёзув диққатини жалб қилди.

–Бу ёзув учоқда кўрганимиз ёзув эмасми, хўжам? – деди Ўғуз.

Ҳа, лавҳада “не курить”деб ёзилганди. Комил хўжа бу таъқиқловчи сўзларни яхши ўрганиб олганди.
–Не курит, не курит, етар-ей! – дея бақирди.

Комил хўжа чўнтагидан сигарет чиқариб, чақмоғини чақди. Лекин хонада қолмай, балконга чиқди.
Ўғуз ҳам балконга чиқди, икковлон нигоҳларини яшил дарахтлар қўйнига отдилар.

Биноларнинг ораларида бўшлиқ кўп эди бу шаҳарда. Катта майдонлар ва кенг йўллар биноларни бир-биридан узоқлаштирганди. Меҳмонхонанинг олд қисми катта майдон эди. орқасида эса кенг яшиллик майдони мавжуд эди. Ўнг ва сўлдан ўтган йўллар анча кенгиш эди. Яшиллик Ўғузга бир оз аввал кўрсатган қизнинг кўзларини эслатди. Яна Гулнорнинг атлас кўйлаги-ю қоп-қора сочларини ҳам хотирлади. “О”ларни нақадар юмалоқ ва оҳангли сўйларди у қиз!

–Қани, Ўғуз, пастга тушайлик-чи, – деди Комил хўжа, – программани билайлик-чи.
Бирга пастга тушдилар.
Меҳмонхонанинг фойесида ўрхон Нодий билан Сўнар Хўжа кулишиб суҳбатлашаётгандилар. Профессор Эрйигит билан Сомий Ошқин хўжа уларни тинглаб, жим туришарди.
–Тариқ Тўрага эътибор бердингми? – деди Сўнар хўжа, – бу ола-тасирдан завқланганга ўхшайди.
–Қанақа ола-тасир? – деди Арслон хўжа.
–Боя Mаҳмат хонасини ўзгартирмоқчийди, маъмурлар ҳар хил баҳоналар билан қарши чиқдилар. Mаҳмат “порасини тўладик!”, бақирди. ўзбек маъмурлар кулишди. Чунки пора (туркчада – пул) ўзбекчада рушват маъносини билдирарди.
ўрхон Нодий бир ўзбек маъмури билан келди, қўлида эртанги кун тартиби бор эди.
–Конференция эртага соат 9 да бошланади. Соат тўққиз яримда ленин ҳайкалига гулчамбар қўйилади. 10 да салонларда семинарлар бошланади. Бугун, биз оз сўнгра меҳмонхона ресторанида тушлик емаги еймиз. Емакдан кейин ҳаммамиз йўл кўрсатувчилар билан Ленин музейига борамиз. Кечқурун коктейл бор.
ўрхон Нодий “ленин” сўзига махсус урғу бериб сўйлар, гўё “йиллардир ленинни сўкдингиз, энди унинг пойига бир бош эгиб туринг-чи, кўрайлик”, деяётгандай эди.
Сўнар ойдамар ва Mаҳмат Эрйигит бу маънодор сўзларни тингларкан, мийиғида кулиб қўйишди.
Oйша хўжа хоним:

–Ажабо, емаккача ташқарида айланиб келсак бўлмасмикин?, – деди.
Ҳамма бирданига:
–Тўғри, бир айланиб келайлик!, – дейишди.
Автобусда бирга келган ёшлар уларнинг ёнига келиб:
–Биз сизларга ёрдамчи бўлайликми? – дейишди.
Ҳаммаси бирга ташқарига чиқдилар. Метро бекати меҳмонхонанинг ўнг тарафида, булварнинг бошланишида эди…
Гулнор Ўғузнинг ёнида, унга шаҳар ҳақида билги бериб, одим отарди.
У емак пайтида ҳам Ўғузнинг ёнида ўтирди.
Емакдан сўнг соат 3 да учрашишга келишиб, тарқалдилар.

Осмонда мингларча қалдирғоч учарди. Санчқидай қуйруқлар бир-бирининг ёнидан катта тезликда учса ҳам бир-бирига ҳеч тегмасди. бирдан бу қушлар қоп-қора булутлар каби Гулнорнинг кўзига ёға бошлади. Гулнор қўрқувдан санчиб турди. У туш кўраётган эди.
Соатига қаради, тонгги олти эди. Такрор ётоғига узанди. Рашид қорлиғашов кўз олдидан кетмасди. Қора, чакиртиканак кўзлари унга тикилиб тураверарди.
–ўртоқ Кунбоева, яна бир хато қилдингиз, ташкилотимиз сизни кечирмайди, дерди у кўпинча.
Гулнор кеча кунлик рапортини соат олти яримда Қорлиғашовга топширганди. Қорлиғашов рапортни ўқиб чиқиб:
–Cиз бунга нега тўсқинлик қилмадингиз, ўртоқ Kунбоева? Бу Ўғуз Думон деган одамнинг йўлдан ўтган одамлар билан гаплашишига нега йўл қўйдингиз? Айниқса, бу одамлар месхет турклари бўлса!, – деди.

Гулнор Kунбоева Ўғузнинг кўчада учратган месхатларга “Сиз турклармисиз”, деган гапини ҳам ўз рапортига ёзганди. У ўз ўлкасига холис хизмат қилишини ва вазифасини икир-чикирларгача тўғри бажаришини истарди. У месхетларни Ўғуздан узоқлаштирган бўлса-да, уларнинг бир-бири билан гаплашгани ҳам Гулнорнинг айби ҳисобланаётганди.
Гарчи Гулнор барлос уруғидан эди. Унинг аждодларини ҳам “турк” деб аташганини биларди. Лекин улар энди ўзбеклар эди. ўзбек ватани учун ўзбек бўлишлари керак эди. Гулнорнинг кўзлари яна қорайди, яна қалдирғочлар тўлди кўзларига. Агар янглишиб, рапортда “ўзбек ватани” деб ёзса-ми, қўяверинг, оқибати нима бўлади!
ўзбек ватани эмас Совет ватани бор эди, у шундай дейиши керак эди…

Ҳақиқатан ҳам, Туркиядан келган ҳаъатнинг ҳаммаси пантуркистлар эди. Улар ўзбекларни ҳам “ўзбек турклари” деб аташарди. ўзбекчани ҳам “ўзбек туркчаси” деб аташарди. Гулнор ўз рапортида буларни ёзганди, фақат профессор Тўранинг пантуркист эмаслигини ҳам ёзганди. Бу ҳақда Қарлиғашов шундай деганди:

–ўртоқ Афандиевни огоҳлантириш керак. Профессор Тўра бизга ҳақиқатан яқинми. Ёки ўз қиёфасини яширган пантуркистми?
Гулнор туркияликларнинг коктейлда ранг-баранг чиройли кўйлаклар кийиб келишганини кўриб бироз ҳайрон бўлди. Туркия ҳукумати уларга мутлақо бир махфий хизмат топширган бўлиши керак эди. Бу чиройли кийимлари ҳам балки бу хизматнинг бир бўлаги эди. Америка империализми сиқиб сувини олган бу Туркияда одамлар бунақа ҳашаматли кийиниши мумкин эмасди. Бу намойишкорона ҳаракатнинг тагида албатта ташвиқот бор эди. Бир неча кун аввал Рашид Қорлиғашов аспирантларни тўплаб, уларга вазифаларини тушунтирар экан, шундай деганди:
–Империализм агентлари одатда қимматбаҳо кийимлар кийишади. Бу тамоман халқимизнинг кўзини бўяшга мўлжалланган. Улар 100-120 квадрат метрлик уйларда яшашларини айтишлари мумкин, бунга ишонманглар. ўртоқ Қуролбоев Туркияга бир неча марта борган, у туркларнинг нақадар қолоқлик ва қашшоклик ичида яшаётганини ўз кўзи билан кўрган.
Қорлиғашов ўшанда профессор Қуролбоевнинг рапортидан бир парча ўқиганди.

Ҳақиқатан ҳам, Ўғуз Думон 100 квадрат метрлик уйда яшаётганини Гулнорга айтганди. Гулнор Ўғузни гапиртириб унинг жосус эканини исботлаши лозим эди. Чунки ўша “суҳбатда” Қорлиғашов Гулнорга қараб шундай деганди:

–Айниқса, ўртоқ Кунбоева, сиз эҳтиёт бўлишингиз керак, ҳайъат ичида 25 ёшли бир йигитни киритишлари тасодиф эмас. Унинг махсус топшириқ билан бу гуруҳга киритилганига аминман. Шунинг учун бунга алоҳида эътибор беринг.

Лекин Ўғуз Думон унча гапдон эмасди.
Гулнор соат саккиз яримда “ўзбекистон” меҳмонхонасида бўлиши керак эди. ўрнидан туриб кийинди, бир пиёла сув ичди ва йўлга тушди.
Турк ҳайъати меҳмонхона ресторанида нонушта қилаётганди. Ўғузнинг столида Ойша Қилич ва иккита озорий олим ўтирарди. Гулнор озорийларга кўз қири билан боқди-да стулга ўтирди:
–Сизларга ёрдамчи бўлолмадим, кечирасизлар, – деди Гулнор.

Профессор Қилич ва Ўғуз унга ташаккур этди ва озорийларнинг ёрдамчи бўлганларини айтди.
Гулнор озорийларга:

–Энди бу вазифани мен оламан, раҳмат сизларга, – деди.

Озорийлар бу маънодор сўзлардан кейин ўрнидан туришди. Улардан кейин профессор Ойша Қилич ҳам юқори қаватдаги хонасига чиқишини айтиб, ўрнидан турди. Гулнор “мана энди Ўғузни гапиртириш пайти келди”, деб ўйлади.

–Ўғузбей, Туркияда “Ўғуз” исми кўпми?, – дея сўз бошлади у, – эшитишимча, Туркиядагилар ўзларини Ўғуз уруғидан деб билишармиш, Ўғуз ҳоқон достонини ҳам ўз достонлари деб ҳисоблармиш. Совет иттифоқида Ўғуз ҳоқон тўғрисида академик Шчербaкнинг бир яхши китоби бор…

–Ҳа, Гулнорхоним, биз Ўғуз туркларимиз, аммо Ўғузлар фақат Tуркияда эмас, бошқа ерларда ҳам бор. Болқонларда, Ироқда, Озорбойжон ва Tуркманистонда ҳам бор. ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам Ўғузлар ва қорлуқлар қипчоқ билан аралашиб кетган, деб ўйлайман. Мана, мен ҳам ўзбекча гапиришга ҳаракат қилаяпман. Кеча меҳмонхонада бир ўзбек билан суҳбатлашганимда у менга “шевангиз Хоразм шевасига ўхшаркан”, деганди. Балки Хоразм бўлғасида қорлуқларга қоришган Ўғузлар нисбати бошқа минтақаларга қараганда кўпроқдир. Ўғуз ҳоқон достонига келсак…
–Эпосга ўтмасдан олдин бир нарсани айтишим керак сизга. ўзбек номи ҳам аслида қипчоқлар билан боғлиқдир. Ўзбек диалектларидан баъзилари қипчоқга яқин. Аммо аслида ўзбеклар қорлуқ уруғидан. 14-асрдан бошлаб алоҳида этнос бўлиб шаклланган. Бизда Ўғузлар борлигини ҳеч эшитмаганман.

–Балки ҳақлисиз, Гулнорхоним. Факат “ўзбек” номи қипчоқ туркларига оид ва сиз яшаётган бу тупроқларда Tемур хонадони заминида ва ундан олдин чиғатой улуси яшаган, унинг асоси қорлуқлардир. “ўзбек” номи сизларга қипчоқларнинг шаҳобчаси бўлган шайбонийлардан ўтган бўлишлари керак. Шайбонийларнинг бу тупроқларга келган йили номаълум, сизлар қорлуқ ва қипчоқ уруғларининг бирлашган бир кўринишисизлар, – деди Ўғуз.

–Бу тупроқда яшаган қадим саклар, хоразмлилар, сартларни ҳам унутманг, улар ҳам ўзбекларнинг таркиб топишида муҳим рол ўйнаган, – деди Гулнор.
–Эҳтимол. Энди достонга келсак. Агар Шчербакнинг китоби эсингизда бўлса, китобда Ўғуз ҳоқон “мен уйғурларнинг ҳоқониман”, дейди. Кейин қипчоқ, қорлуқ ва халачларнинг ҳам Ўғуз ҳоқон лашкарига мансуб бўлганлари ва уларнинг исмларини Ўғуз ҳоқон бергани достонда ёзилгандир. Демак, бу достонни фақат Ўғузларнинг достони деб аташ нотўғридир.
Гулнор ўша Шчербакнинг китобини кўрганди, аммо ўқимаганди. “Уйга бориб, бир вароқлайман”, деб ўйлади.

–Сизнинг докладингиз ҳам шу достон ҳақида шекилли, суҳбатингиз жуда чиройли бўлди. Докладингизни мутлоқо эшитаман. Ҳозир эса, Ленин майдонига боришимиз керак…
Бошқа меҳмонлар ҳам ташқарига йўналдилар. Улар ичида Олмония, Можористон, Норвегиядан ҳам турколог олимлар бор эди. Озорий, қозоқ, қирғиз олимлар бир оз кечикиб келишганди.
ленин ҳайкали қошидаги маросимда Ўғузни ғалати хаёллар босди. Эҳтимол, унинг хўжалари (домлалари) ҳам шундай туйғуларни ҳис этгандир. Ленин деган исм улар учун нафрат тимсоли эди. Худди “Москва” номи каби. Энди эса бу ҳайкалнинг қаршисида ҳурмат билан қотиб туришарди. Лекин бу расмий маросим эди. Совет кишилари ҳам Tуркияга келса, Отатурк ҳайкали олдида ҳурмат билан туришарди. Туркиядан келган олимлар ўзбек қардошларини кўриш учун бу расмиятчиликни бажаришга мажбур эдилар.

Ўғуз, ёш олим Гулнорнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни гапирганди. Ўғузларнинг ўзбекларга қариндош эканини, ҳатто улар бир миллатнинг икки уруғи эканини тушунтирганди. Бу фикрларни тушунтирмоқ учун наин-ки, Ленин, Сталин ҳайкали қаршисида ҳам “ҳурмат билан” туришга арзирди.

Ўғузнинг юрагида шубҳага ўхшаган бир ҳис пайдо бўлди. Бу унинг Гулнорга тушунтирган фикрларими ёки Гулнорнинг яшил кўзларига оид эдими, англайолмади. Кейин бу ҳис йўқ бўлди.
Академиядаги очилиш маросими тантанали бўлди. ўзбекистон фанлар академияси ва тил институти президентлари билан хорижий ўлкалардан биттадан вакил ҳайъат девонига таклиф қилинди. Туркияни профессор Ойша Қилич хўжахоним тамсил этди. Аммо унинг ёнида ўрхон Нодий хўжа ҳам ўтирарди. Туркиядан бир эмас, икки олимнинг девонда ўтириши айниқса Ўғузни ғурурлантирди. ўрхон нодийнинг Туркия номига нутқи ҳақиқатан ҳам яхши бўлди. Турк-совет дўстлигини ҳам, ўзбеклар-ла қардошликни ҳам бузмайдиган шаклда гапирганди. ўрхон Нодийнинг Москвадан келган иккита меҳмонни тез-тез “суҳбат”га тортиши орқасида ўша муносабатларни мустаҳкамлаш истаги ётарди.
Профессор Чанишев татар туркларидан эди. Узоқ йиллардан бери Москвада яшар ва ўзбек, озорий, қозоқ туркологлари ичида катта обрўси бор эди. Профессор Маликов эса асли озорий эди, у ҳам москвада яшар эди.

Турк ҳайъатида баъзилар ўрхон Нодийнинг москваликларга яқинлашувини шахсий эътибор қозониш учун қилинган ҳаракат деб баҳоларди. Аммо Ўғуз бундай деб ўйламасди. ўрхон хўжанинг “ҳаракатлари” турк ҳайъати фойдасига эди, бу етарли эди.

Эрйигит хўжа:

–Ҳар ким қўлидан нима иш келади-ю, нима келмаслигини билиши лозим. Масалан, мен ўрхон хўжа қурган алоқаларни фойдали деб биламан. Бундай муносабатлар ўрнатишда менда қобилият йўқлигини ҳам биламан. Демак, мен қобилиятли дўстларимга ҳасад қилмай, уларни қуллаб-қувватлашим лозим, – деди.
Эрйигит хўжа, “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида гапирганди бу гaпни. Аммо “келин” ўрхон Нодийга ҳасад қилганларми ёки Ўғузми? Ўғуз буни ўйлади. Балки Эрйигит хўжа Ўғузга “қара, бу одамлар бўлари бўлган, уларнинг характерини ўзгартириш қийин, сен эса ёшсан, уларга ўхшаб ўз касбдошларингга ҳасад қилма” демоқчи бўлгандир.
Оқшом емагини яна меҳмонхонада ейишди. Гулнор яна Ўғузнинг ёнига ўтирганди. Сўнар Ойдамир ва ўрхон Нодий ҳам улар билан бирга ўтирди.
Гулнор ўрхон Нодийга қараб:

–ўрхон бей сиз гуруҳнинг секретарисиз, шундайми?, – деди.
ўрхон Нодий:

–Гулнор хоним, бизнинг делегация (ҳайъат)нинг раҳбари профессор Ойша Қилич хоним. Фақат, биласиз, у ёши анча ерга бориб қолган. Мендан ёрдам истади. Мен ҳам сизларнинг раҳбарингизга “секретар” эканимни сўйлагандим. “Секретар” сизларда жуда муҳим экан, мени олд планга чиқара бошлашди…
Гулнор унинг сўзларидан қаноат ҳосил қилди шекилли, мавзуни ўзгартирди:
–Сўнар бейнинг маърузасини диққат билан тингладим. Ўғуз уруғларининг Онадулига (Анатолия) бу қадар кўплигини мен билмасдим. Йигирма тўртта Ўғуз аймоғининг отлари ер исмларида мавжуд экан…

Сўнар Ойдамир ўз маърузасининг диққат чекканидан қувониб кетди. Маърузани узундан-узоқ тушунтира бошлади. ўрхон Нодий бир неча марта суҳбат мавзусини ўзгартиришга уруниб кўрди, бўлмади, емагини еб, туриб кетди. Ўғуз Гулнор билан эрталабки суҳбатни давом эттиришни истаганди, аммо иложини қилолмади. Профессор Ойдамир Ўғуз уруғларининг тамғалари, сажжодалари, гиламлари ҳар ерда мавжуд эканини айтарди.

Гулнор буларни ўз рапортида қандай қилиб тасвирлашни ўйларди. Бир жумла топди: “Профессор Сўнар Ойдамир қуюк пантуркист, ҳар ерда турклик ва Ўғузликнинг изларини топади”.
Аслида, Ўғуз билан ёлғиз қолмагани учун Гулнорнинг юраги сиқилганди. Уни гапиртириши керак эди, вазифаси шу эди. Аммо Ўғуз бу оқшом ҳеч гапирмади…
Гулнор эрталаб меҳмонхонага вақтидан эртароқ келиб, фойеда Ўғузни кутди. Уни мутлоқо гапиртириши лозим эди. Ниҳоят Ўғуз келди, “кун ойдин!”, деб саломлашди. Ёнида профессор Соми Ошқин бор эди. Ўғуз унинг ёнида тортинмай суҳбатлаша оларди. Учовлон бир стол атрофига ўтиришди.
Профессор Ошқин:

–Бугун кечқурун бир ерга борамиз, шекилли?, – деди.
–Ҳа, хўжам, программага кўра бугун коктейл бор, – деб жавоб берди Ўғуз.
–Мен ҳам коктейлни назарда тутдим зотан, – деди профессор Ошқин.
Лекин Гулнор профессорнинг коктейлдан бошқа нарсани “назарда тутганини“ англади. Қорлиғашевнинг инструкциясига кўра меҳмонлар программада кўрсатилмаган ерга кетмасликлари шарт эди. лекин бу таъқиқлар меҳмонларга сездирмай ижро этилиши керак эди. Қизиқ, меҳмонлар яна қаерга боришга шайланмоқда? Ким булар билан кўришди ва қаерга таклиф қилди? Афтидан бу “таклиф”ни Ўғуз билмайди. профессор Ошқинга “таклиф” билдирилган, аммо у ҳам кўп нарсани билмайди.
Гулнор Ўғузни гапга солди:

–Ўғуз бей, кеча Сўранбейнинг гапирган гаплари мени жуда қизиқтирди. Сиз ҳам Ўғузларнинг Онадули (Анатолия)да бу қадар кенг тарқаганига ишонасизми?
–Ҳа, Гулнор, профессор Сўмарнинг тадқиқотларига кўра 16-аср Усмонли таҳрир дафтарларида Ўғуз уруғининг исмлари қишлоқ номларида қолган. Ҳар бир қишлоқдан солиқ олинган ва уларнинг исмлари ўша васиқаларда мавжуд, булар муҳим ҳужжатлардир. Профессор Баркен бу ҳужжатлар асосида Усмонли давлатининг экономикасини тадқиқ этганди. Профессор Сўмар эса бу таҳрир дафтарларини илк бор топономик манба сифатида қўлланди ва Ўғуз уруғларига мансуб ерларни рўйхат ҳолида эълон қилди.

Гулнор профессор Ойдамирнинг ҳам шунга ўхшаган фикрларни айтганини эслади, лекин Ўғузнинг тушунтириш услуби унинг зеҳнини кенгроқ очди. Ўғуз гапирар экан, мушоҳадасига ташвиқот туси бермасликка ҳаракат қиларди, Гулнор буни ҳис қиларди.

–Менимча, Ўғузларнинг Онадулидаги мавжудияти илмий жиҳатдан исботга муҳтож бўлмаган ҳақиқатдир, – дея сўзида давом этди Ўғуз, – мени қизиқтирган нарса, Онадўлида Ўғуз туркларидан бошқа ҳам турк уруғлари борлигидир. Сиз Ойша Қилич хоним-ла танишдингиз, у ўз тадқиқотларида қора денгиз соҳилларидаги Вартин туманида яшовчиларда қипчоқ турклари хусусиятларини кашф қилди. Менимча, Арзрум, карс, Ортвин, Риза каби вилоятларимизда ҳам қипчоқ таъсирлари бор. профессор Tғғон Oзорбойжон этнографиясига оид бир мақоласида Шимолий ва Жанубий Озорбойжондаги қипчоқ унсурларини кашф қилган.

Профессор Сомий Ошқин сўзга аралашди ва Ўғузнинг сўзларини тасдиқлайдиган сўзлар айтди.

“Тўғон” исми Гулнорнинг диққатини жалб килди. Бу исмни қаердадир эшитган ёки ўқиганди. Ҳа, “ўзбекистон Коммунисти” газетасининг бир ой аввалги бир сонида бу исмни учратганди. Туркиянинг таниқли пантуркистларидан бири эди. Улуғ октябр инқилобининг илк йилларида қизил aрмияга қарши курашган контреволюционер эди. Tуркияга қочиб, хоинлигини кўрсатганди. Улуғ Ватан урушида эса олмон фашистларига маслаҳат берган душман агент эди. Гулнорнинг газетадан ўқиганларидан хотирасида қолгани шу эди.
–Профессор Тўғон ким, озорбойжонлими?, – дея Ўғузга юзланди Гулнор.

–Йўқ, Гулнорхоним, у бошқирд. ўлкасини тарк этишга мажбур бўлган бир олим. Улуғ Октябр инқилоби даврида сиёсат билан ҳам шуғулланди, аммо у олим эди. Билганини гапиришдан қўрқмайдиган олим. Ленин билан фикри келишмагани каби, 1931 йилда Отатурк билан ҳам келишолмай қолганди…

Ўғуз сал чегарани ошганини ҳис қилди ва сўзини шундай тугатди:

–Мен уни турк тарихининг буюк олимларидан бири ҳисоблайман.

Гулнор “Отатурк билан келишолмади” иборасига хаёлда белги қўйиб қўйди. Бу ибора Гулнорга қўл келиши мумкин эди. бу ибора билан Ўғузни Туркияда мушкул вазиятга солиш имкони бор эди. Рапортда буни ёзишга қарор қилди…

Семинарлар бошланишига яна ўн дақиқа бор эди. Эрйигит хўжа Можор профессор билан ниманидир гаплишганди. Ўғуз ҳам уларнинг ёнида эди.
Гулнор уларга яқинлашди:

–Ўғуз бей, сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим, – деди Гулнор ва Ўғузни Эрйигит хўжа билан можор профессордан узоқлаштирди.
Гулнор Ўғузни узоқлаштирган бўлса-да, қулоғи иккита профессорнинг суҳбатида эди.

–Сизнинг суҳбатингиздан кейин мен ҳам Ўғуз достони ҳақида бир нарсаларни қораладим, – деди Гулнор, Ўғузга қўлидаги бир парча вароқни узатиб. Гулнор кеча Шчербакнинг китобини варақлаб, достон ҳақидаги баъзи фикрларини шу варақларга туширганди. Гулнор бу билан Ўғузда ўзига ишонч уйғотмоқ истарди ва уни очиқроқ суҳбатлашишга даъват этарди. Айни пайтда, Ўғуз бу қоғозларга боқар экан, Гулнор сал нарироқда турган иккита олимнинг суҳбатини бемалолроқ тинглаши мумкин эди.

–Азизим, Эрйигит, – деди можор профессор, – бу одамлардан эҳтиёт бўлишингиз керак йўқ. Улар ўзбекистоннинг энг миллатчи шоир ва ёзувчилари. сизни уйга таклиф қилгани яхши бўлибди. Aслида мен ҳам сизларни таништирмоқчи эдим. Агар вақт топсам бу оқшом мен ҳам Aнвар Mуроднинг уйига бораман.

Семинарлар бошланишига оз қолганди.

Гулнор ҳозиргина эшитган гапларининг муҳим эканини ўйлади. демак, меҳмонлар бугун Aнвар Mуроднинг уйига боришмоқчи.
Ўғуз:

–Жуда яхши ёзибсиз, Гулнорхоним. Тушлик емакда бу мавзуни сиз билан тортишамиз деб умид қиламан. Мен ҳозир А-салондаги маърузаларни тинглайман, сиз-чи?
–Мен Б-салонга бораман, Ўғузбей! – деди Гулнор.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига Пирмуҳаммад Xoлмуxаммад ўгирган.

(Давоми бор)