“Каримов ворис танловини охирги паллагача чўзади ёки бунга улгурмай қолади”

“Каримов ворис танловини охирги паллагача чўзади ёки бунга улгурмай қолади”
32 views
16 February 2015 - 16:51
3

Ислом Каримов

Ўзбекистон раҳбарининг январь ойи охирларидан бери оммавий ахборот воситаларида кўринмай қолгани кўпгина интернет нашрларнинг эътиборини тортди. Чорак асрдир мамлакат президентлигини ҳеч кимга бермасдан келаётган диктаторнинг бетоблиги ҳақидаги гап-сўзлар ортидан президент вориси билан боғлиқ масала кўпгина кўзга кўринган таҳлилчиларнинг муҳокамаларида бош мавзуга айланди. Бу борадаги бахс мунозараларнинг қизиб бораётганига яна бир сабаб сайловлар олдидан давлат бошлиғи лавозимига даъвогарнинг шу пайтгача ўз сайловолди дастурини шахсан ўқиб эшиттирмаганидир. Чунки ҳукуматпараст баъзи нашрларида Ўзбекистон Либерал Демократик Партиясининг ими-жимида ўтказган йиғилишида гўёки Каримовнинг қатнашгани ва сайлов дастури сифатида шахсан нутқ сўзлагани ҳақида берилган хабарлар эса зийрак ўқувчиларни ишонтира олмади.

Президент вориси билан боғлиқ мавзу бу сафар МДҲ мамлакатлари Институтининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими раҳбари Андрей Грозиннинг Lenta.ru нашрида эълон қилинган “Каримов бўлмаса ким?” номли сарлавҳадаги мақоласида тилга олинди.

Грозиннинг ёзишича, Ўзбекистонда ғайриоддий нимадир юз берганини юқори аниқликда баҳолашга имкон берадиган бир белги бор – пойтахтда ва йирик шаҳарларда куч тизимларининг фаоллашгани. Бироқ ҳозир на Тошкент кўчаларида, на Самарқанд ёки Фарғонада бу нарса кўринмаяпти. Армия – казармаларда, ИИБ ва МХХ кучайтирилган ишлаш тартибига ўтгани йўқ.

“Албатта, Каримов абадий эмас. Хўш, энди нима бўлади, сайлов ўтказиладими?”, – дея риторик савол билан мурожаат қилади муаллиф. Берилган саволга жавоб тариқасида Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган сайлов ва ворислик масаласида муаллиф қуйидаги фикрларни илгари суради:

“Биринчидан, Ўзбекистонда президентлик сайлови 29 мартга белгиланган, бундай шароитда озарбойжонча ёки венесуэлача йўл тутиш (яъни муҳим шахснинг ўлганини узоқ вақт сақлаш) ярамайди. Ўзбекистон – шарқона, анъанадор, бозорлари ва у ерларда тинмайдиган миш-мишлари билан яшайдиган ёпиқ мамлакат. Янада муҳимроғи, ҳатто ушбу фаразий вазиятда ҳам ички зиддиятлар ва рақобатнинг бошланиши туфайли президентнинг яқинидагилар унинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотни яшира олмайдилар.

4

Шавкат Мирзиёев

Иккинчидан, бугунги кунда Ўзбекистон президентининг яқин доираси билан боғлиқ вазият оптимистик кўринмаяпти. Мустақилликнинг илк кунларидан, кадрлар сиёсати борасида тўлиқ эркинликни қўлга киритганидан бери Ислом Каримов сиёсатчиларнинг бир нечта гуруҳи ёки авлодини алмаштиришга улгурди. Нуфузли Исмоил Жўрабеков (собиқ Бош вазир ўринбосари, 1991-2003 йилларда иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалик блокини бошқарган, лақаби – Ўзбек танки, Самарқанд кланининг норасмий етакчиси), Тимур Алимов (1997-2003 йилларда президентнинг кадрлар масаласи бўйича маслаҳатчиси, Тошкент клани етакчиси), Зокиржон Алматов (1991-2006 йилларда Ички ишлар вазири), Мираброр Усмонов, Козим Тўлаганов ва бошқаларнинг даври ўтиб кетди.

Ҳозир Каримовнинг атрофида таъсири ва назоратидаги ресурслари бўйича уни қандайдир маънода тўхтатиб, босиб тура оладиган “баҳодирлар” йўқ. 2000-йилларга келиб, МХХ раиси Рустам Иноятов ва президент аппарати ишлари бошқармаси бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровни ҳисобга олмаганда, Ислом Абдуғаниевичнинг жамоаси қарийб буткул янгиланган эди. Ҳозир Каримовнинг атрофидагилар нисбатан ёш ва катта обрўга эга бўлмаганлардан иборат.

Айнан Рустам Иноятов ҳозир Ўзбекистонда иккинчи рақамли шахс ҳисобланади. Президентнинг яқин доирасидагилар – Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев, Мудофаа вазири Қобул Бердиев, Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Бош вазир ўринбосари/Молия вазири Рустам Азимов, Бош прокурор Рашид Қодиров ва Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмонов таъсир кучи бўйича (жумладан, президентга) ҳам, назоратидаги ресурслар бўйича ҳам Иноятовдан заифроқ ҳисобланади. Технократлар Мирзиёев ва Азимов анчагина маъмурий ресурсларга эга, лекин улар МХХ гуруҳи кучи билан беллаша олмайди. Куч тизимлари вакиллари – Мудофаа вазири, ИИВ раҳбари ва Бош прокурорда яхшигина куч ресурси бор, аммо маъмурий жиҳатдан ва шахсий таъсир салоҳияти бўйича улар ҳам “чекистлар гуруҳи”дан орқада қолади.

5

Рустам Иноятов

Иноятовнинг президентликка даъво қилиши даргумон – унинг сиёсий иштаҳаси мутлақо сезилмаяпти (акс ҳолда у махсус хизматга бунча йил бошчилик қилмаган бўлар эди). У “қирол ясовчи” бўлади, лекин албатта ҳар қандай эҳтимолий ғазабга қарши юксак даражада ҳимоя чорасини кўради. Янги вориснинг ғалабаси охир-оқибат унинг қўлловига боғлиқ, имконияти кўпроқлар сифатида эса ҳозирда ё Бош вазир, ёки унинг биринчи ўринбосари кўрилмоқда. Бош вазир Самарқанд клани, унинг биринчи ўринбосари эса пойтахт клани вакили ҳисобланади. Аслида Ўзбекистонда бирор минтақага тегишлиликка асосланган клан тизими – “самарқандликлар”, “тошкентликлар”, “фарғоналиклар”, “хоразмликлар”, “сурхондарёликлар” ва ҳоказо – ўн йил олдингидек ўзини яққол кўрсатмаяпти. Кланлар чегаралари аста-секин аввалги аҳамиятини йўқотмоқда, вазият билан боғлиқ ҳолда иттифоқлар, оилалар ва бизнес алоқалар пайдо бўлмоқда.

Экспертлар айнан Иноятов, Мирзиёев ва Азимовни ўн йилдан бери Ислом Каримовнинг эҳтимолий ворислари сифатида тилга олиб келади. Шунчаки улар президентга яқин бўлганлардир, кейинги давлат раҳбари эса яқин доирага кирадиган нуфузли шахслар орасидан танланади. Президентликни Каримов кетаётган пайт унга энг яқин бўлган (ҳокимиятнинг бошқача тарзда топширилиши – россияча ёки озарбойжонча вариант – эҳтимоли кам), энг яқин ва кучли рақобатчиларни ҳамкорликка мажбурлаган ёки кўндирган шахс мерос қилиб олади”.

Шунингдек Андрей Грозин президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ҳам тўхталиб унинг сиёсий роль ўйнаш имкониятидан батамом мосуво ҳолга тушганини ва ҳеч қандай сиёсий келажаги йўқлигини таъкидлайди.

6

Гулнора Каримова

“Икки йил аввал ворис сифатида президентнинг тўнғич қизи Гулнора айтилаётган бўлса (бу фикр айниқса ғарблик экспертларга ёқар эди), унинг қаҳрга учраши билан боғлиқ машҳур воқеалар, уй қамоғига маҳкум этилиши, яқинларининг қамоққа ташланиши ва “малика”га тегишли бизнес империянинг бошқа ўзбек элиталари ўртасида бўлиб олиниши ортидан аён бўлдики, президентнинг қизи қандайдир сиёсий роль ўйнаш имкониятидан батамом мосуво ҳолга тушди. Яқинда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг унга қарши фирибгарлик ва уюшган жиноий гуруҳда қатнашиш айблови билан жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги хабари ўзбек “малика”сининг обрўси ва истиқболига берилган яна бир зарба бўлди. Унинг ҳеч қандай сиёсий келажаги йўқ”.

Грозиннинг сўзларига кўра, агар олий ҳокимиятни топшириш жараёни равон кечса (президент аста-секин ишлардан чекинади ва ўзи учун энг маъқул номзодга топшириб боради), ўзбек элитаси барча кланлар ва гуруҳларни қониқтирадиган кимнидир танлаш эҳтимоли катта.

“Муаммо шундаки, Каримов фақатгина ўзи ушлаб турадиган тизимни барпо этди. Агар ана шу асос бирданига олиб қўйилса, барчаси кучли шовқин ва Ўзбекистон учун ҳам, бутун Марказий Осиё учун ҳам жиддий оқибатларни келтириб чиқарадиган бўлиб қулаши мумкин. Бироқ амалдаги президент даврида қандайдир дублёр бўлишининг иложи йўқ. Жиддий хавф шундаки, Ислом Каримов ворис танловини охирги паллагача чўзади ёки бунга улгурмай қолади”, – дея таъкидлайди муаллиф.

ЎХҲ ахборот бўлими