Ислом Каримовни даволатиш учун Исроилга жўнатишни таклиф қилишди

Ислом Каримовни даволатиш учун Исроилга жўнатишни таклиф қилишди
133 views
17 February 2015 - 10:47

Жорий йилнинг 28 январидан 15 февралигача ишга чиқмаётган Ислом Каримовнинг теварагидаги кишилар хорижий, хусусан, исроиллик врачларнинг хизматидан фойдаланиш ниятида, – дея хабар қилади Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг (ЎХҲнинг) республика ҳукуматидаги манбалари.

Улар етказган маълумотларга кўра, исроиллик мутахассислар хизматидан фойдаланиш қарори 2015 йил 14 февраль куни бўлиб ўтган кенгашда қабул қилинган. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон МХХ раиси Р. Иноятов, президент девони бошлиғи З. Ҳайдаров, президент хавфсизлиги хизмати (ПХХ) бошлиғи М. Тохирий, мамлакат Бош вазири Ш. Мирзиёев, президентнинг рафиқаси Т. Каримова ва Кўксарой (Дўрмон) қароргоҳи тиббий пункти раҳбарияти иштирок этишган.

Кенгаш бошида врачлар Ислом Каримовни даволатиш учун Германияга жўнатишни таклиф қилишган. Лекин уларнинг таклифига МХХ раиси Р. Иноятов эътироз билдирган ва давлат раҳбарини Европага жўнатиш ахборот хавфсизлиги томонидан хатарли эканини айтган. “Олмониялик ва европалик журналистлар дарров бу ҳақида хабар топишади ва Ўзбекистон президенти уларда даволанаётгани ҳақида бутун дунёга жар солишади. Бу таклифни умуман қабул қилиб бўлмайди”, – деган Р. Иноятов.

Шунда Шавкат Мирзиёев Исроил вариантини таклиф қилган ва ушбу мамлакатда бир пайтлар ўзи ҳамда қизлари даволанишганини айтган. “Бундан ташқари, президентни Исроилда даволатганимизни журналистлар ҳам билмайди”, – деган Ш. Мирзиёев.

Бу таклифни Рустам Иноятовдан ташқари кенгашнинг барча иштирокчилари маъқуллашган. МХХ раисига касал Каримовни Исроилга юбориш таклифи тўғри келмаган. Ўзбек махсус хизматларининг раҳбари: “Президентни Исроилга жўнатгандан кўра, исроиллик врачларни ўзимизга чақиртирганимиз яхшироқ”, – деган таклифни ўртага ташлаган. Шу сабабдан исроиллик врачларнинг хизматига мурожаат қилиш ҳақидаги қарорга келган йиғилиш иштирокчилари: “Даволаниш жойини танлаш ҳуқуқини Ислом Каримовнинг ўзига ҳавола қилиш керак”, деган тўхтамга келишган.

15 февраль куни эрталаб Р. Иноятов, М. Тохирий ва З. Ҳайдаров хасталанган Ислом Каримовнинг олдига кириб, Тошкентда ёки Тель-Авивда исроиллик мутахассилар қўлида даволанишни таклиф қилишган. Бу таклифга президент қандай жавоб бергани ҳозирча номаълум. Лекин шу куни, яъни 15 февраль куни кечқурун ПХХ раҳбари М. Тохирий “давлат раҳбарининг эҳтимолий сафари учун “Boeing” русумли уч авиалайнерни тайёр ҳолатга келтириш” ҳақида буйруқ берган.

 

Шуни қайд этиш керак-ки, Ислом Каримовнинг ҳар сафарги хорижий сафарлари олдидан ПХХ раҳбарияти режадаги сафарнинг махфийлигини таъминлаш учун учиш учун бир эмас, уч лайнерни тайёрлаб қўяди. “Сафарга қайси учоқда йўл олишни президентнинг ўзи Тошкент аэропортида ҳал қилади”, – дейди ЎХҲнинг республика ҳукуматидаги манбалари.

Уларнинг айтишича, президент Каримов шу йилнинг 15 февралигача ҳам ишга чиқмаган. “Давлат раҳбарининг касаллиги ҳақидаги миш-мишларнинг олдини олиш ниятидаги ПХХ эса ҳар куни Кўксаройдан Оқсаройга ва аксинча Оқсаройдан Кўксаройга бўш автокортежни юритишга мажбур бўлмоқда”, – дея хабар қилишмоқда ЎХҲ манбалари.

 

ЎХҲ ахборот бўлими