Муҳаммад Солиҳ: Каримов хастамаслигини исботлаш учун ўртага чиқиб гапирсин

Муҳаммад Солиҳ: Каримов хастамаслигини исботлаш учун ўртага чиқиб гапирсин
48 views
19 February 2015 - 10:56

Ислом Каримов Ўзбекистон телевидениясида кўриниш берганидан сўнг, унинг хасталиги борасидаги хабарлар шубҳа остига олинган. Бунгача Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайти Ислом Каримовни комада деб хабар тарқатди. Хабар чиққанидан сўнг Каримов 21 кун халққа кўриниш бермаган. “Ўзбекистон” канали 18 феврал куни 6 февралда Каримов иштирок этган қурултойни кўрсатди. Биз ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан боғланиб изоҳ сўрадик.

Муҳаммад Солиҳ: Биринчидан агар Каримов комага тушмаганида эди, баъзилар даъво қилётгандек, унинг сиҳати ҳақидаги хабар дезинформация бўлганида эди, Ўзбекистон телевиденияси 6 феврал эмас, 16 февралдаги чиқишини кўрсатган бўлар эди. Аммо бундай кўрсатув йўқ. Бўлмайди ҳам. Чунки Каримов ўша биз эълон қилган кундан бошлаб касал ётибди, касаллиги ҳали ҳам давом этяпти. Комада бўлмаса ҳам аҳволи ёмон. Биз буни ҳар куни у ёқдан келаётган хабарларга таяниб айтаяпмиз, уйдираётганимиз йўқ. Аслида бир давлат раҳбарининг касаллиги бу шахсий оилавий иш эмас, балки бутун давлатнинг иши. Шунинг учун ҳам унинг хасталиги ёки тузалганлиги ҳақидаги гаплар хабар қийматига эга.

Би-би-си: Бошқа партияларнинг ҳам қурултойи ўша куни эмас кейинчалик эфирга узатилди. Бу Марказий Сайлов комиссияси барча номзодларни рўйхатга олганидан сўнг қурултойлар ташвиқот кампанияси сифатида кўрсатилаётгани билан изоҳланмоқда. Бу ерда қандай нотабиийлик бор?

Муҳаммад Солиҳ: Бунда нотабиийлик бор. Бошқа партияларнинг қурултойи ўтган асрда, яъни технология у қадар ривожланмаган вақтда ҳам ўша оннинг ўзида эълон қилинган ва телевизорда кўрсатилган. Мен бугунги шароитларда 10 кун кейин кўрсатиш деган нарсани тушунмайман. Бу ерда шахсий эмас, давлат ишлари ҳақида гап кетаяпти. Агар Каримов соғлиғини исбот қилмоқчи бўлса чиқиб гапирсин. Биз ҳақимизда мухолифат ёлғон гапиряпти, биз тирикмиз деб ўртага чиқиб гапирсин. Биз эълон қилган кундан бошлаб Каримов омма олдига чиқиб гапиргани йўқ.

Би-би-си: Бироқ сизлар чиқарган хабарда Каримовнинг 6 февралдаги ЎзЛиДеП қурултойига кела олмагани ёзилди?

Муҳаммад Солиҳ: Кела олмаган. Ҳозир ҳам мен ўша қурултойда қатнашганига шубҳа қиламан. Буни таъкидлаётганим йўқ. 6 февралда чиққан бўлса ҳам бугун ҳам касал бўлмаган деб кўрсатиши керак. Бунинг исботи йўқ. Сиз нимада кўряпсиз? 6 февралда олинган деб тақдим қилинган видео парчада кўряпсизми? Бу исбот эмас. Каримов ҳақиқатдан соғлом бўлса ва ишга чиқиб юра олаётган бўлса ҳар куни кўрсатиши мумкин, аслида кўрсатиши ҳам керак. Ўшандан бери бирорта ҳам учрашув кўрдингизми? Мажлис ёки қабул ўтказгани ҳақида хабар бўлгани йўқ.

Би-би-си: Бироқ Ислом Каримовнинг мана шундай “йўқолиб қолиши” олдин ҳам бўлган. Хасталанганлиги ҳақида хабарлар чиққан?

Муҳаммад Солиҳ: Ўлмаса биз ёлғон гапирган бўламизми? Албатта комага кириш ва чиқиш мумкин. Ё ўлиши мумкин. Тузалиб кетиши бизнинг ёлғон гапирганимизни англатмайди.

Би-би-си: Лекин сизлар тарқатган хабарда Каримовнинг 6 февралдаги қурултойга келолмагани ёзилди. Аммо кўрсатувда унинг ишторк этгани ва дадил гапирганини кўриш мумкин?

Муҳаммад Солиҳ: Дадил дадил гапираётган бўлса, бу гапни бугун ҳам чиқиб гапириши керак. Бироқ 6 февралдан кейин бирор ерда чиқиш қилмаган.

Би-би-си: Ислом Каримов саломатлиги борасидаги миш мишларни нима учиб чиқиб инкор инкор қилиши шарт деб ҳисоблайсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Мадомики, 6 февралдагини 10 кунда эълон қилаётган бўлса, буни яхшилаб исбот қилсин. Бунақа ярим ёрти қилиб эмас. Шундай гаплар чиққани учун эски видеони чиқариб қўйишга мажбур бўляпти. Демак, ёлғон бу.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2015/02/150219_cy_interview_salih