Хазина каби қўриқлайдилар, чўчқа каби боқадилар, ит каби таҳқирлайдилар…

Хазина каби қўриқлайдилар, чўчқа каби боқадилар, ит каби таҳқирлайдилар…
85 views
04 April 2015 - 15:18

1ТАНАЗЗУЛ
(Уч юз ўн тўртинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

Биринчи китоб   

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат    

Оппоқ гулларини ечиб, яшил япроқларга бурканган олам – хушманзара ва хушҳаво. Руҳиятда янгиланиш бошланган. Қорли-қировли кунлардан етганлар бахтиёрликларини ичларига сиғдира олмайдилар. Уйғонган ифорлар димоқни маст қилади. Ёмғирлардан ювинган кўчалар кўзларни қувонтиради, диллар яйрайди. Ишсизликдан, пулсизликдан қийналган дамлар ёддан кўтарилиб, сархуш қалблар ҳаёт қўшиғини куйлайди. Гуллаган дарахтлар ёздан мева кутгани каби бокира орзулар  соҳир булоқлардек товланадилар… Ёз, ёз ортидан куз келади. Борлиқ сарғиш рангларга эврилади. Япроқларни елвизаклар ўйнайди… Жамият қишга рўбарў бўлади. Ҳеч нарса ўзгармаган… Яна аламли изтироблар ўсади. Аламзадаликдан жаҳолат бош кўтаради. Тузум яна алдайди. Армонлар баргларидан мосуво дарахтлардай увишади. Орзулар хазонрезги япроқлардай тўкиладилар. Кўзлар уфққа карахт боқадилар. Шуурни тушдаги каби ғафлат уйқуси элитади. Умиднинг юрагига тушкунлик ханжар уради. Ҳукуматнинг ваъдалари пуч бўлгач, хиёнатларга йўл очилади…

Табиат эса ҳеч кимга ваъда бермайди, бир оғиз ҳам сўзламайди. У Қудрат эгаси аввалида яратганидек бурчига содиқ, ваъдасида собит туради, хиёнатни билмайди…
Туркистонда тўрт асрдан буён аҳвол танг… Тузумлар – кўҳна чархпалакка ўхшайдилар, қишин-ёзин бир хил айланадилар, тафаккурга суянмайдилар, ҳеч бир ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Ўзларини таъмирлашни хоҳламайдилар, ёлғонни суядилар, тўғри сўзни ёмон кўрадилар. Улар оқар сув таъмини унутган қурбақаларга ўхшайдилар. Шунинг учун бир хилда валақлайдилар, бир хилда қўшиқ куйлайдилар. Оқавага ўрганиб қолганларнинг чиркин вужудлари тоза сувда яшай олмайди…

Табиат қонунлари оламдаги барча нарсаларни идрок этишга, шуурни тоблашга ундайди. Жамиятдаги қонунлар кишиларни чалғитиш учун, гўзалликларни топташ учун ёзилади. Кимлардир қонунлар ёзгани учун қўшимча имтиёзларга эга бўладилар. Аслида қонунлар номигагина ёзилишини улар яхшироқ биладилар. Нима биландир машғул бўлиш улар учун бахт бўлиб туюлади, маъно ва моҳиятнинг сариқ чақачалик қадри йўқ. Уларнинг қоринлари тўйиб, эгнилари битса бўлгани. Эътиқодсиз одам учун оч қолишдан кўра даҳшатлироқ нарса бўлмайди…

Эзгу мақсадлар байроғи остида нафас олаётган мунофиқ тузум ўзини ўзи алдаш билан овора. Унинг танлаган йўлига зулукдек ёпишишдан ўзга чораси йўқ, у бир кунга бўлса ҳам умрини чўзишга тиришади, ихтиёри билан жон беришни истамайди, яшашни ҳам эплай олмайди, қўлидан бўлак иш ҳам келмайди. Унга ҳам осон эмас, таъсир кўрсатадиган, тўғри йўлга мажбурлайдиган кучлар йўқлигини у ўзининг бахти деб ҳисобласа-да, бу бахтсизлигининг боши эканлигини англашга тиришмайди. Жамиятни янгилайдиган кучлар йўқ. Куртаклар ҳар куни синдирилади, ҳақиқатни топташ, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларига болта уриш тузум яшовчанлигини таъминлайди. Нафсиламбирини айтганда, яхши ҳам, ёмон ҳам ўз гўрига ўзи ғишт ташийди…

Биринчи боб

314-камера. Йигирмадан қирқ тўрт дақиқа ўтиб бормоқда. Камерага киритилган олтинчи тутқун темир скамейка четига омонат ўтирди. Унинг чўкиб қолган елкалари бошидан кечирган кўргуликларни сўзсиз сўзлаётгандек… Тароқ тегмаган сочлари, шамолдан йиқилган буғдойзорга ўхшаб, бетартиб, битта-яримта оқ оралаган соқолига бир неча кундан буён устара тегмаган. У даҳлизда уч дақиқа олдин икки қўлини энсасига чамбарак қилиб, чўнқайиб ўтирар экан, юқоридагилар хусусида бош қотирарди. Соқчи зил-замбил темир эшикни шарақлатиб очиб, уни ичкарига киритгач, у ҳамма нарсани унутди. Боя нималар тўғрисида фикр юритаётганини сўрасалар,  энди айтиб беролмас, оғзингни кўрсат десалар, бурнини кўрсатадиган аҳволда эди. Уч кунлик азоб-уқубатлар уни гангитиб қўйган, камситишлар, кесатиқлар, ўринсиз силталашлар суяк-суягидан ўтганди…

Тутқун кирган камерага “п” шаклидаги икки қаватли учта шконка  ўрнатилган. Бу камеранинг олти маҳбусга мўлжалланганини кўрсатарди. Беш маҳбус томонидан у ҳадик билан қаршиланди. Нима бўлганда ҳам янги маҳбус ичкарига тоза ҳаво ҳайдаб киради. Ичкаридагиларнинг бирор гап эшитгилари келади – бу тарафларнинг бир-биларига бепарво эмасликлари нишонаси. Улар тўрт девор орасига тушиб қолгач, назарларича, ташқи олам ўзгариб қолгандай туюлади. Оёқлари кўчадан  узилиб, йўллари тўрт девор билан кесилгач, иложсизлик уларни фикрлашга мажбурлайди. Улар хира идроклари билан, сезмаган ҳолларида, озодликни соғина бошлайдилар, ҳиссиз ва жонсиз деворлар ухлаб ётган шуурларини силкитишга тушади. Бу аслида вақтинчалик ҳолат, улар кўчага қанча тез чиқсалар, ўзларини шунчалар тез унутадилар. Тутқинликда қолсалар, ички тартиб-қоидаларга кўникиб, маҳдудликка чуқур кириб бораверадилар, чунки ҳаётларига қўйилган асос ўла-ўлгунларича уларни аросатда ушлашга мўлжалланган. Уларнинг кўпчиликлари ҳеч бир замонда шахс бўлолмайдилар. Юз йиллардан буён берилаётган нотўғри таълим-тарбия, анъаналар ва хурофотга ботган урф-одатлар шуни тақазо этади.

Темир эшик кўксидаги наззорага кўз тикиб, аквариумдаги балиқлардай ўтирган маҳбуслар, олтинчидан тайинли гап эшитмаганларида ҳам, муҳокомага мавзу топилади. У миқ этмаганда ҳам, камерадаги муҳит ўзгаради. Унинг оғзига талқон солиши ўзи турли шубҳаларни уйғотади. Ундан “чақимчи – қулоқ” деб хавфсираш муносабатларни чигаллаштиради, бадгумонлик камерадаги ҳавони булғатади. Маҳбуслар имо-ишоралар воситасида мулоқотга киришадилар…

“Чақимчи” гумон қилинган кимса деб, маҳбуслар нуқтаи назарича, тезкор гуруҳлар томонидан ораларига ташланган хуфияга, яъни хоинга, қулоққа айтилади. Маҳбуслар ёки маҳкумлар ичидан танланган “чақимчи” хизматлари эвазига баъзи бир енгилликларга эга бўлади. Тезкор вакил маълумот олиш учун ҳузурига чақирганда, уни бир-икки қути сигарет, қуруқ чой, нос билан сийлайди, билиб-билмай содир этган қоидабузарликларидан кўз юмади, очилмай қолган аввалги жиноятларини яширади. “Яширади” дейиш унчалик ҳам тўғри бўлмас. Чунки бу махсус кўрсатма асосида амалга ошади. Қуйи поғонадаги ишлар хусусида юқоридагилар тинимсиз ахборот олиб турганлари боис, чақимчи тезкор вакил қўлидаги жиловга айланади. Шундай бўлгач, у мулло минган эшакдай ювошиб, буйруқларни амалга оширишга шай туради. Истаса, ўзи ҳам арзимас бир маълумот билан ўзгалар тақдирини ўзгартириш даражасигача ўрмалайди. Хавфсизлик идоралари ёлғон маълумотларни таҳлил этишни ўйламайди. Эҳтиёж йўқлиги улардаги майлни ўлдиради. Майлсизлик эса ҳис-туйғуларни емиради. Ҳукуматнинг фуқаро ёхуд қонунлар манфаатидан келиб чиқиб иш кўрган ходимни душман деб ҳисоблаши ҳеч кимни виждони олдида ҳисоб беришга мажбурламайди. Баъзилар қўрқоқлиги, иродасизлиги, ожизлиги ёки оч юҳолиги орқасида чақимчига дўнадилар. Улар табиатан шундай яралган бўлиб, улардан ортиғини кутмоқлик нодонликдир. Шундайлар ҳам бўладики, улар ўта худбин ва разил бўлиб туғилганлари ёки бузуқ муҳитда тарбия топганлари боис, айтиб ўтганимиз жирканч ва тубан ишларга ихтиёрий ёлланадилар. Бу тоифадагилар озгина кайфу сафо ва роҳатлари учун ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдилар.

Олтинчи тутқун бир қарашда кўзга тундроқ ташланадиган ва индамас кимсага ўхшарди. Чарчоқдан киртайган кўзларига, бирор ифода англатмайдиган сўниқ юзига қараб у ҳақда хулоса чиқариш қийин эди. Боз устига, англаш мушкуллиги унинг фойдасига ўйнаётганди. Агар у юраксизроқ туюлганда, ёндашув бошқача кечарди. Беш маҳбус ҳар хил усуллар қўллаб, уни ваҳимага солардилар, алвиратиб, устидан кулардилар.

Ташхис қўёлмаган беш маҳбус ахири уни чойга таклиф этди. Бу вазиятни йўлга солишнинг қулай ва алдамчи усули эди. У сирланган кружкадаги қайноқ чойга қурқшаган лабларини теккизар экан, кўзларида ёш қалқиди. Икки қултум чой бутун вужудини илитиб, минг йиллардан буён қуёшнинг бешафқат алангасидан қақраб ётган ерга ёмғир ёққандек, борлиғини яйратди. У кўз ёшларини кўрсатмаслик учун бошини қоронғи бурчакка бурди. Бу жимжитлик чўзилиб, сукунат давом этганида, у ҳўнграб юбориши ҳам ҳеч гап эмас эди.

– Исмингиз? – дея сўради кимдир шунда.
– Баҳром! – деди у кўзёшларини ичига ютиб.
– Ёшингиз нечада?
– Қирқ саккизда.
– Меники қирқ тўққизда, исмим Иршод, деярли тенгдош эканмиз…

Беш маҳбус ичидаги энг ёши улуғ бу кимса баланд бўйли, оқ-сариқ юзли, ашаддий кашанда эди. У шконканинг биринчи қаватида оёқларини чалиштириб, кетини-кетига улаб сигарет тутатар, бурни тескари қурилган мўри сингари бўралаб тутун қайтарарди. Тутунга тоқати йўқ Баҳром, бўғилаётган бўлса ҳам, вужудига бироз тафт югургач, нафаси сиқилаётганини унутди.
Айтганимиздек, камерага икки қаватли учта шконка ўрнатилганди. Хонанинг эни икки қулоч ва узунлиги беш қулочдан сал ошарди. Барча жиҳозлар эшикка қарата жойлаштирилганди. Эшик кўксидаги ўймоқдек тешикдан, яъни наззорадан мўралаган соқчи ичкаридаги барча нуқталарни кафтидагидек кўра оларди. Ўнг томонда, шконка билан ҳожатхона ўртасида  овқатланишга мўлжалланган темир шотахта,  ёнида темир скамейка бор эди. Шотахта билан эшик томондаги девор орасида бир киши зўрға чўнқайиб ўтира оладиган ҳожатхона бўлиб, унинг деворига сувузатгич жўмраги қотирилганди. Хуллас, инсон ўзини ораста тутиши ва зурурий эҳтиёжларини қондириши учун нимаики лозим бўлса, барчаси бир қулочлик ерда жамланганди. Иршод ўтирган шконка юқорисидаги бир қулочга ярим қулоч келадиган дарича ташқи олам билан камера ўртасидаги қизил чизиқ эди. Панжараланган даричадан боқиш учун иккинчи қаватга чиқиб, кейин мўралашга тўғри келарди. У ёруғ оламдаги тўқсон фоиз нарсани камерадан тўсиб турар, термулган кўзга тўрт юз қадам наридаги кўп қаватли уйларнинг юқориги қаватлари кўринарди, холос. Тағин бир парча осмон ва ҳибсхона ҳовлисидаги баъзи бир нарсаларни илғаш мумкин эди. Кундузлари қуёш, кечалари ой ва юлдузлар даричадан сузиб ўтарди…

Камера яна шахсий буюмлар – овқатланиш анжомлари, тўшаклар ва олти маҳбусдан таркиб топганди. Кўричакка ўхшатиб қурилган зорманда олти бахтиқоранинг бори дунёси эди. Таҳқирлаш, азоб-уқубатда, қўрқув ва аросатда ушлаш учун неки зарур бўлса, барчаси унда муҳайё эди. Тутқунликка мослашмаган кимса ўзини қудуқ тубидаги бақа каби ночор ҳис этарди.
– Бу йигитнинг исми Костя! – деди Иршод иккинчи қаватда китоб ўқиётган маҳбусни. Унинг пастида ўтирган, паканароқ бўлса ҳам мушакдорроқ йигитни Воқиф, чап ёнида ўтирган икки маҳбуснинг бирини Аслан, иккинчисини Ташан деб таништирди.

Аста-секин гап-гапга қовуша бошлади.

Баҳромнинг касби ўқитувчи бўлиб, у узоқ йиллардан буён соҳасида ишламасди.
– Остонада эдим! – деди у.

Сўзларига қараганда, бешта фарзанди бор эди. Унинг фирибгарлик айби билан қўлга олинганини эшитганда, ҳамма кулиб юборди.

– Кимга девор ушлатдингиз? “Ҳозир келаман”лардан экансиз-да, ака! – деди Воқиф ялонғоч танасининг мушакларини ўйнатиб, қувликни уддалай олмайдиган содда нигоҳини унга қадаб.
Жиноят кодексидаги 168-модда “Фирибгарлик” деб аталиб, мазкур жиноят билан айбланган тутқунлар орган ходимлари томонидан ҳам, маҳбуслар томонидан ҳам цирк масхарабози сингари кулгу ва бироз истеҳзо билан қаршиланарди. Аммо ходимлар мийиғидаги истеҳзо билан маҳбусларнинг англаб бўлмас кулгуси орасидаги фарқ ер билан осмон қадар эди. Ходимлар заҳархандаси ичида бахилнинг ҳасади яширинганди. Уларнинг захил юзларида, “Шунча пулни биз билан бўлашмасдан, битта ўзинг едингми, ҳаммадан ақллимисан”, деган оғир ва ғаразли саволлар ётарди. Улар ҳар қандай жиноятчи шахсига раҳбарлари истакларидан, ўзларининг  ички ҳис-туйғулари, уй-рўзғорлари ва яшаш турмуш тарзларидан келиб чиқиб ёндашардилар. Ўз манфаатлари олдида мамлакат ва қонунлар ҳаққи иккинчи ўринда, миллатнинг дунё халқлари олдидаги шаъни ва касбий бурчлари учинчи-тўртинчи ўринда келарди. Хавфсизлик ташкилотлари мулозимларини манқуртга айлантириб, ҳайвоний ҳирсга майл қўзғотиш – амалдаги ҳукуматнинг ўзига хос сиёсий-ижтимоий стратегияси эди. Ҳукумат пистирмадан фуқароларга таҳдид солишни умрини чўзиш учун қўлларди. Яхлит аъзони икки қисмга ажратиб, бир-бирига қарши қўйишнинг манфур усулини кичик манзараларда, аммо катта кадрларда кўриш фикрлайдиган одамни ўқчитмасдан қўймасди. Жиноятчини тафтиш этиш учун ходимлар уларнинг шуурий кенгликларига мана шу йўлаклардан бостириб кирардилар. Уларга аввал бошдан шунақа йўналиш берилганлиги туфайли, бошқачароқ йўл тутишни ўйламасдилар. Бутун фаолиятлари давомида,  ҳар кун ўн саккиз-йигирма соатлаб зўриқиб ишлаганлари боис, инсонга хос тафаккур инъомидан мосуво эдилар. Хизмат доираларида ўзларидан кўра тузукроқ фикрлайдиган тутқунга дуч келсалар, айбини суриштирмасдан, мангустга қўққисдан дуч келган илон сингари, заҳар сочишни бошлардилар. Уларда савия ва тўғри ҳаёт асоси шакллантирилмаганлиги боис, рисоладаги сингари изланишдан бебаҳра қолгандилар. Бола-чақага тўғри тарбия беришга на ақллари, на вақтлари етадиган бу кимсалар дунё харитасига боқиб, Амриқо билан Африқони бир-биридан фарқлай олмаганлари каби ҳақ билан ноҳақни ажратишда ҳам ўзига хос йўл тутардилар. Хотинлари билан ойда-йилда кўнгил ёзиб дам олишни, болаларига бувиларидан бир замонлар эшитган эртакларни сўзлаб беришни хаёлларига келтирмасдилар. Кеча-кундуз итдек изғиб, маошлари битта ўзларининг ҳафталик еган-ичган харажатларини қопламаса-да, турли маркадаги машиналарни мингилари, баланд-баланд уйлар қуриб, дабдабали тўйлар бергилари келарди. Хўш, бунинг учун нима қилишлари керак? Жавоб аён! Уларда жиноят  қармоғига илинганларнинг илигини қоқишдан бошқа чора қолмаслигини ким билмайди? Шу учун пашшадан фил ясашга мажбур бўлардилар. Улар ўрнидаги ҳар қандай кимса ҳам тузумга қулоқ тутса, шундай йўл тутишга мажбур бўларди. Замон талаби фикрлайдиганлар бошини янчиб, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишдан иборат бўлганидан сўнг, улар нима қилишлари керак? Уларга қонунларда кўрсатилмаган имтиёзларни беришнинг ўзи ваҳшийликлар содир этишга етиб ортади. Бундай шароитда ўз итинг ўзингнинг қўйларингга солади. Ишонмаган кимса зотдор итни ёхуд қўй оғзидан чўп олмаган бирор одамни уч-тўрт кун оч қолдириб, отарига чўпон қилса, натижасини ўз кўзлари билан кўради…

Маҳбуслар ўзларини овутиш ва вақтни кўнгилли ўтказиш учун кулардилар. Қолаверса, бу кабилар улар учун оддий ҳолга айланганди. Уларнинг кулгуси беғараз, айни пайтда ғаразли бўлиши ҳам мумкин эди. Барчаси уларнинг кимликларига боғлиқ. Аёни, улар хавфсизлик ходимлари сингари бир хилда фикрламайдилар. Биров содир этган жиноят улар учун аҳамиятсиз. Пасткашлик аломатлари бўлмаса, бўлгани.

Воқифнинг гапидан Баҳром ўзини ўнғайсиз ҳис эта бошлади. Уч кундан буён такрорланаётган қочириқлар, чалажон илондай, унинг бор дунёсини чақиб, руҳиятини илма-тешик этганди. Бу гапларни эшитса, кўнгли айниб, қайт қилгиси келадиган даражада безиллаб қолгани боис, у бирор кимса нима учун қамоққа олинганлигимни сўрамасин, дея қалтираб турарди.
Унинг юзидаги хижолатни пайқаган Воқиф вазиятни юмшатмоқчи бўлди.

– Ака, шунга ҳам хафа бўладими одам? – деди у  кулимсираб. – Фирибгарлар бошлиғи Кўримсиз Кўргуликов жаноб олийларининг ўзлари. Бузоқнинг ҳаққи бор, деб сигирнинг сутини ичишдан ҳазар қиладиган бу ҳазрати инсон йигирма йилдан буён одамларни лақиллатиш билан овора. Кечаги айтгани бугунги айтганларига тўғри келмайди.
Индамай тинглаб ўтирган Ташан унинг  сўзини бўлди:

– Ҳар хил гапни гап деб гапирма. Деворда ҳам қулоғи бор, балоларга қоласан-а, бола!
– Бор гапни айтаяпман, ошна. Бир-биримизни чақиб бермасак, ичкаридаги гапларни девордан наридагилар қаердан биладилар?
Тутатиб ўтирган Иршод баҳсга аралашди.
– Мафия бошлиғи ўғрибоши ҳам, бош фирибгар муттаҳам ҳам, давлат хоини, сотқин оғуфуруш ҳам, қўшмачи фоҳиша ҳувайри даюс ҳам жанобнинг ўзлари бўладилар! – деди у Воқифнинг фикрини қувватлаб.

Уч кундан буён бот-бот такрорланаётган “Кўргуликов” деган ном нишондори кимлигини Баҳром яхши англарди. Англашга англарди-ю, бироқ эшитиши билан оёқ-қўллари қалтираб, вужудини ваҳима босарди. У ҳақида, “Одамлар катта кўчада тўғриликча бирор сўз айтолмайдилар, тўрт девор ичида ўтириб булар қандай гапиряптилар”, деган мудҳиш ўй унинг миясини пармаларди. Бинобарин, булар “чақимчи” эмасмикан ёки “лахмач” деган балойи азим шулар бўлса, бу кеча тунни қандай оттираман, деган бири-биридан қўрқинчли саволлар уни безовта эта бошлади. Кўнглидаги илиқлик ўрнини муздай совуқ шубҳа-гумонлар қоплади. У жонини асрашни ўйлаб, қора терга ботди.

– Кўпам ўйланаверманг, дўстим! – деди сезган Иршод. Бу беш маҳбус томонидан ёввойисираб боқишнинг ариётганидан дарак берар, далдада Баҳромни даврага тортаётганларига шама бор эди. Иршод унинг чақимчи эмаслигига ишона бошлаганди:

– Сиз яхши одамлар ичига тушдингиз, орамизда қулоқлар ва лахмачлар йўқ, омадингиз бор экан.

Баҳром ўтган кунлар давомида одамларга бўлган ишончини буткул йўқотганди. Кўнгли озроқ ёзилгани билан, бу каби гап-сўзлар тузоққа илинтириш учун шунчаки ширинхўракка айтилиши мумкинлигини ҳам хаёлидан соқит этмасди. Уч кун туман ва шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик тергов ҳибсхоналарида ётиб, 64\1 ҳибсхонаси хусусида ҳар хил ваҳимали гапларни эшитганди. Бир ёқдан, эшитганлари ростга ўхшаб кетаётгани боис нима қилишини билолмай, саросимадан боши қотса, иккинчи ёқдан, итдек чарчагани етмагандек, еган калтаклари зўридан қовурғалари зирқираб, кўнгли озарди. Устига-устак, ўн икки бармоқли ичагидаги яраси безовта этаётгани боис, ўлганнинг устига тепгандай, тиззаларидан мадор қочиб, ҳолсиз эди. Сўнгсиз хаёллар гирдобига ғарқ бўлган бечора, кейинги қийноқларга дош бера олармиканман, деб ўйларкан, ҳаётда арзирли бир иш этолмасдан беҳудага ўлиб кетишдан қўрқарди. Шунинг учун ҳаммасига чидаш лозимлигини чуқур идрок этар, ота-онаси қарилигини, болалари ҳали ёш ва ҳимоясизлигини ўйлаб, ўлишга ҳаққи йўқлигини ўз-ўзига уқтиришдан чарчамасди.

– Эй Художон, сабр бер! – деб юборганини ҳам билмай қолди.

Шунда соқчиларнинг йўқламага чақирган овозлари янгради. Унинг кўнгил қатларидан отилиб чиққан бўғиқ фарёди маҳбусларга етиб бормасдан, даҳлиздан кўтарилган ғала-ғовур ва тақир-туқурларга сингиб кетди.

Кечки соат йигирма бирдан йигирма беш дақиқалар кечганда, даҳлиз бўйлаб эшикларнинг шарақлаб очилиб-ёпилиши янграй бошлади. Миқ этмасдан иккинчи қаватда ётиб мутолаа қилаётган Костя китобни ёпиб пастга тушди.

Шунда даҳлизга чиқиш учун сафланаётганларни Аслан нари суриб:

– Мен ҳисобот бераман! – дея олдинга ўтиб олди.

Бу иззатталаб Ташанга ёқмади. Унинг ғижинаётганини кўрган Воқиф Иршодга сирли қараб қўйди. Иршод, у “тентак” дегандай, кўрсаткич бармоғини чаккасига бигиз қилди. Буни Ташандан бошқа ҳамма кўрди. Бу пайтда 314-камерадаги олти маҳбус ўрдак жўжаларидек тизилиб, эшик очилишини кутиб турарди.

Аввалига эшик лўкидонига калитнинг шақирлаб солингани эшитилди, сўнгра илгаклар шарақлади. Эшик қия очилганда, даҳлиздан танни яйратадиган салқин ва тоза ҳаво ичкарига гуп этиб урилди. Жазирама яланг саҳрода бир томчи сувга зор одам, кутилмаганда муздай булоққа тўқнаш келса, қандай манзара ҳосил бўлади! Ҳозир ҳам худди шунақанги ҳолат юз берганди. Баҳром умрида биринчи марта соф ҳаво таъмини ҳис этди. Чанқоқ вужуд булоқ сувидан қандай роҳатланса, унинг ўпкаси тоза ҳаводан шунчалар роҳатланди. Мусаффо ҳаво таъсирида беихтиёр кўзларини юмганда, юз-кўзлари ва сочларини муздай шабада силади. Камерадаги рутубатли ҳаво тоза ҳаво босқинига дош беролмасдан, даричадан ташқарига қочиб, юракдаги димиқликлар чўмилган чумчуқлар сингари бўшана бошлади. Девордаги картинага ўхшаб қолган даричага жон ингандек, шабадалаган камерада руҳий тозариш пайдо бўлди. Кўпроқ тоза ҳаво киритиш илинжида аламзада Ташан Асланга тиқилиб, эшикни суришга уринди. Жуда кичик кўринадиган бу нозик ишда катта эҳтиёткорлик зарур эди. Тирқишни бир-икки танга қалинлигида бўлса ҳам кенгайтириш қаҳрамонлик эди. Эшикка деярли суяниб турган соқчи буни сезса, оқибати яхшиликка олиб бормасди. Шундай ҳолат рўй бергудек бўлса, маҳбусларни фақат бир нарса қутқариб қолиши мумкин эди. Ташаннинг жазманини кўрган фоҳишадай қилпанглаши ва “командир”, “командир”лаб, елкаларини қоқиб, орқаларини ўйнатиши миршабларни ийдирарди. Унда бунақанги қобилият, қалтис вазиятдан чиқиб кетиш учун етарлича тилёғламачилик ва маҳорат бор эди. Таваккалчилик билан қилинган бу иш умри ярим дақиқага бормади. Эшик ланг очилиб, ҳамма даҳлизга чиқа бошлади. Хаёллари домига чулғанган Баҳром турткидан сергак тортди. У Иршоднинг йўлини тўсган бир пайтда қолганлар даҳлизда бир қатор бўлиб тизилган эдилар. У турган жойида ток ургандай бир қалқди ва ўзини ўнглаб, бориб сафга туриб олди. Ҳушига келганда, ёнбошида қўлларини орқасига қилиб турган Иршодни кўрди.

Саф бошида турган Аслан:

– 14-камера. Камерада олтита маҳбус бор. Ариза ва шикоятлар йўқ! – деди.

Саф олдида маҳбусларга рўпарама-рўпара учта соқчи турарди. Соқчилар бошлиғи чеккада қоққан қозиқдек серрайган бўлса, иккинчи соқчи маҳбуслар нишоналари  солинган тўртбурчак, узун қутини кўтариб олганди. Учинчи соқчи дафтарга боқиб, олти маҳбуснинг исми-шарифини ҳижжалаб зўрға ўқирди.

Номи тилга олинган маҳбус “мен” деб жавоб қайтарарди. Соқчилар бошлиғи йўқлама тугаши билан ўрнидан қўзғалиб, олдинга ўтди.

– Соат йигирма иккидан кейин камерада пашша пар урмасин. Бирор ҳаракатни сезиб қолгудай бўлсам, ёмон бўлади. Юмшоқ қилиб айтганда, биттангизнинг айбингиз учун барчангизни итараман! – деди у.

Рухсат теккач, ҳамма камерага кирди. Учинчи соқчи эшикни ёпиб, илгак солди-да, лўкидонга калит тиқиб қулфлади. Кейин ҳам икки томондаги эшикларнинг очилиб-ёпилган товушлари анчагача қулоққа чалиниб турди. Ўн бешта кам йигирма иккига бориб даҳлиз сув қуйгандай тинчиб қолди. Шунгача Воқиф олтинчи маҳбусга тонгда қилинажак “бозор харажатлари”ни ёзиб беришга улгурганди.

Сўнгра, бир парча оқ қоғозга пианино расмини чизиб:

– Асбобни чалиб беринг! – деди.

Неча йиллар олдин бу каби гап-сўзларни ўзгалар оғзидан эшитган Баҳром ўзини овсарликка солди. Маҳбуслар олтинчининг жиддий муаммога тўқнаш келганини кўриб, завқланишга тушдилар. Ҳаммадан ҳам Ташаннинг шафтоли мағизига ўхшаш бўрсилдоқ лаблари, азбаройи калакага эрмак топилгандан, эчки бойлиғидек шишиб, дўппайиб қолди. Воқиф бир “кишт” билан рақибни боши берк кўчага киритган шахматчидай мағрур боқарди. Энди ўн саккизга қадам босган Аслан бу гал ҳам ҳеч нарсага аралашмади.

Олтинчининг чайналаётганини кўрган Иршод:

– Етар, қийнаманглар, чарчаган, дамини олсин! – деди.

Ўрнига чиқиб китоб ўқиётган Костя китобни ёпиб, бошини сараклатиб, мийиғида кулгач, ёстиққа бош қўйди. Унинг сирли кулгусида тубандаги аччиқ киноялар бўлиб, Баҳромнинг хаёлида у: “Эҳ, содда ўзбеклар, аломат халқсизлар”, деяётгандек эди. Одам боласи хаёлига келмайдиган ишларга қўл урасизлар. Воқиф, сен узоқ бир вилоятдан Тошкентга иш излаб келиб, нонвойлик қилаётган бўлсанг, Ташан, сен ўқишга киритаман дея эплолмасдан, бир юз эллик минг долларни еб қўйган бўлсанг, Иршод, сен ўн ёшингдан буён гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиб, ота-онанг, хотининг ва болаларинг қонини пашшадай сўришдан бошқасига ярамасанг, сенларга бировни имтиҳон этишга бало борми? Бу кимсанинг касби-кори ўқитувчи бўлса, унда ахборот олиш имконияти кўпроқ бўлса, Қозоғистон, Русия каби мамлакатларни кезиб, рўзғор тебратаётган бўлса, шу жўн жумбоққа ақли етмайдими? Муғамбирлиги сабаби, билганидан кўра билмагани сизларни кўпроқ қувонтиради. У буни жуда яхши билгани учун, атайлаб сизларни лақиллатяпти. Сиз ўзбек халқи вакили бўлсангиз, у ҳам шу халқ вакили. У сизларнинг руҳиятингиздан келиб чиқиб иш кўрмоқда – эркини йўқотган ҳар қандай киши сингари мавжуд вазият билан ҳисоблашмоқда. Сиз парвона бўлсангиз, у шам бўлмоқчи, шамликни истасангиз, у шамчироқ бўлишга уриняпти. Сизлар мантиқий хулосалар чиқаришни ёмон кўрадиган, афсоналар тўқишни ва чўпчакларга жони-дили билан ишонишни хуш кўрадиган бир аломат халқ бўлганларингиз туфайли, кўзларингизга барча нарсалар содда бўлиб кўринаверади. Озроқ мантиқий фикрлашга ҳаракат қилинглар, умрларингиз зиёда бўлади. “Дунё топма, ҳисоб топ, ҳисоб давлат эмасми, саноқ йўқотса кимса, кони иллат эмасми?” деган ибора сизларга тегишли бўла туриб, айтганларингизга ҳеч қачонда амал этмайсизлар-а…”

Костянинг мийиғидаги кулгудан Баҳром шу каби маъно чиқарди. Воқиф эса оламшумул муваффақиятга эришган саркарда сингари ўзини мағрур ҳис эта бошлади.

– Иккинчи масалага ўтамиз. “Мужик” учун жон берасизми, ока? – деди у тошкентча  талаффузда.

Баҳром “ҳа” деса, кўзларини бойлаб, билагидан қон олардилар. Албатта, булар барчаси бекорчиликда ўйлаб топилган чалғитувчи усуллар эди. Шунда олтинчи устидан ошкора кулишга имкон туғиларди. У харажатлар ёзилган қоғозни ахлат челагига улоқтирди.

– Мени бола деб ўйлаяпсанми? – деди у. – Кўнглингга қарасам, ўзингдан кетяпсан. Бу бўлмағур ўйиннинг жавобини сен туғилмасингдан илгари билардим. Пулини чўз, Олой бозорига бориб харажат қилиб келаман, пианинонинг қопқоғини очиб бер, мусиқа ижро этаман!

Унинг била туриб муғомбирлик этаётганини англаган Воқиф киприк қоқмасдан бир муддат анграйиб турди-да, сўнгра кулиб юборди. У қўпол кўринса-да, оқкўнгил ва содда йигит эди. Ташаннинг бўрсилдоқ лаблари бужмайиб, заҳил юзини норозилик аломатлари қоплади. Аслан ҳали ҳам аввалгидек ҳиссиз ва бетараф эди.

– Бўлди, ётдик. Ҳозир шолтўқмоқлар бақириб беради! – дея ўрнига чўзилди алданганини англаган Иршод.

“Шолтўқмоқ”лар дейилганда миршаблар назарда тутиларди. Дубинкани маҳбуслар ўзбекчалаб шолтўқмоқ дейишарди. Сабаби, одамнинг шолтўқмоқ теккан аъзоси бир муддат ишламай қоларди.

(Давоми бор)

САФО УРГАНЖИ