Тошкент Термиздаги база учун ижара нархини икки баробар ошириш ниятида

Тошкент Термиздаги база учун ижара нархини икки баробар ошириш ниятида
49 views
04 April 2015 - 15:59

2Яқин кунлар ичида Олмония Федератив Республикаси ҳукумати делегацияси Бундесвернинг Афғонистондаги миссияси эҳтиёжлари учун Термиздаги аэродромдан фойдаланиш масалаларини ҳал қилиш мақсадида Тошкентга йўл олади.

Олмония ҳукумати олдида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан бўлиб ўтадиган мураккаб музокаралар турибди. 3 апрель, жума куни Der Spiegel журналининг хабар беришича, яқин кунларда Олмониянинг ҳукумат делегацияси Тошкентга сафар қилади. Ташрифдан мақсад Термиздаги ҳарбий аэродромдан фойдаланиш шартларини келишиб олиш бўйича музокаралар ўтказишдан иборат. Нашр берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати эродром учун ижара ҳақини 2016 йилда икки баробардан зиёдроқ миқдорда оширган ҳолда 35 миллиондан 72,5 миллион еврога чиқариш ниятида.

Der Spiegel журналининг ёзишича, аэродромдан фойдаланганлдик учун ўзбек ҳукуматига тўланаётган тўловлар Олмонияда жиддий мунозараларни келтириб чиқарган. Бу тортишувлар собиқ совет давлатидаги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқлиги айтилмоқда. Нашрнинг ҳарбий доиралардаги манбаларининг фикрича немис пуллари диктатор Каримовнинг шахсий бойлигини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

2014 йилгача Бундесвер Термиздаги аэродромдан Афғонистондаги жангари гуруҳларга қарши курашда транзит йўлак сифатида фойдаланган. Бугунги кунда Ҳиндиқушдаги чекланган миссия таъминоти учун қўлланиладиган учоқлар бевосита Мозори Шарифдан ҳам уча олади. Бу эса Термиз аэродромидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжни деярли йўққа чиқарди. Шунга қарамасдан Бундесвер раҳбарияти Афғонистондан ҳарбийларни олиб чиқиш эҳтимоли туфайли Термиздаги базани заҳирадаги вариант сифатида сақлаб қолишни истамоқда, деб ёзади Der Spiegel.

ЎХҲ ахборот бўлими