Миллат унга мансуб ҳар бир кишининиг бахт-саодати, бинобарин, ҳумо қуши…

Миллат унга мансуб ҳар бир кишининиг бахт-саодати, бинобарин, ҳумо қуши…
87 views
04 April 2015 - 16:17

3“Фитратга мактуб ёҳуд руҳ билан суҳбат” туркумидан

…Юқоридаги кескин ва оғриқли фикрларни баъзи бир ғаразли кимсалар йўриғига юриб, соддаларнинг чалкаш англамасликлари учун Исмоилбек Гаспринскийнинг “Ҳаёт ва момот масаласи” танланган асарларига профессор Бегали Қосимов ёзган сўзбошини қисқартишлар ва ўзлаштиришлар билан айтилганларга илова қилсак, бир ўқ билан икки ўрдакни уриб, сўнгги асрлардаги буюкларимизнинг буюги, суюкларимизнинг суюги, карвонбошимиз бўлмиш Исмоилбек Гаспринскийнинг руҳини шод этиш билан бир замонда, миллат ва дин олдидаги бемисл бурчимизга мисқолдек садоқатимизни билдирган бўламиз.

Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозим, бу китобни устоз аслида “Жадидчилик” деб атаган эди. Бу ном билан китоб чоп этилиши мумкин эмаслиги аниқ бўлиб қолгач, китоб номи нашриётдагиларнинг таклифи билан ўзгартирилди, устознинг охиригача сўзида туриб оёқ тиркаб тургани ҳеч қандай натижа бермади…

Устознинг Улуғимизга берган таърифи бир вақтнинг ўзида унинг ўзига, Фитрат, Беҳбудий, Ибрат, Чўлпон, Авлоний, Абдулла Қодирий, Муҳаммад Солиҳларга ўхшаш юзлаган маърифатпарварлар фаолиятига берилган энг холис баҳо бўлиб, авлодларимизнинг порлоқ келажак сари хайрли қадамлари  мазкур “Учинчи муаллим” номи билан битилган сўзбошини ўқиш ва уқишдан бошланадиган бўлса, йўлимиздаги ғовларнинг залвори тоғлар қадар маҳобатли бўлганда ҳам, уларнинг кўзларимизга урвоқча ҳам кўринмаслигига амин бўламиз!

…Кўҳна Шарқ Арастуни “Биринчи муаллим” деб таниган эди! – дея бошланади, сўзбоши. – Ўрта Осиё уйғонишини бошлаб берган Фаробий “Муаллими соний” сифатида тарихга кирди. Замонлар айланиб тўрт-беш аср турғунлик ва тутқунликдан сўнг турк оламнинг ўзлигини англашдек жараён бошланди. Буни мутахассислар “миллий уйғониш” деб атамоқдалар. Унинг иккинчи номи ҳам бор – “жадидчилик”. Ўн тўққизинчи асрнинг охири – йигирманчи аср бошларидаги Русия мустамлакачилиги зулмини бошдан кечираётган турк халқлари уйғонишининг бошида турган тараққийпарвар зиёлилар синфини тарбиялаб етиштирган Исмоилбек Гаспринский (Гаспрали) эди. Шунга кўра уни “Учинчи муаллим” десак, муболаға бўлмас.

У вафот этган бир минг тўққиз юз ўн тўрттинчи йилнинг ўн биринчи сентябрида машҳур Наримон Наримонов ёзади: “Миллат Исмоилбей каби қаҳрамонларини унутса, ўз ҳаётини барбод этажакдир” .

Бу баландпарвоз гап эмас. Далил – тарих. У тириклигидаёқ миллатнинг отаси, раҳнамоси деган ном олди. Унинг энг катта хизмати Русия сарҳадида яшаб турган, лекин замоннинг зайли билан бир-биридан узоқ тушган (тўғрироғи, узоқлаштирилган) ва бегоналашиш даражасига етган турк халқларни бир-бирига танитди. Беҳбудий сўзлари билан айтганда, “Русиядаги бутун турк-татар халқларини жуда оз тарихий муддатда хайр-хўшлик йўли билан яхлит бир миллий оилага бирлаштирмоққа ноил бўлди”. Шарқ халқлари маънавий ҳаётида, хусусан, мактаб-маорифида чинакам инқилоб ясаган, “усули жадид” номи билан тарихга кирган “усули савтия”ни бошлаб берди. Йигирманчи аср Шарқининг энг машҳур, энг тараққийпарвар ҳаракатчилигига – жадидчиликка асос солди. У барча турк халқларни илм-маърифатда, ҳақ-ҳуқуқда дунёнинг тараққий қилган миллатлари билан тенг, бақамти кўрмоқни орзу қилди. Бутун ақли-вужудини мана шу муқаддас ишга – халқнинг равнақи ва муҳофазаси йўлига сарф этди. Бу шунчаки мутаассибона бир орзу эмас, замонасининг баланд-пастидан хабардор, тарих ва тақдирни теран англаган, Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам баб-баравар билган ва баб-баравар кўрган кишининг аниқ ва режали хатти-ҳаракати эди. Афсуски, унинг бу ишларида айрим “дўстлари” шаккоклик, кофирпарастлик кўрдилар. Душманлари эса унга сиёсий айб қўйдилар. Турк қавмларни Русия давлатига қарши бирлаштиришда айбладилар. Ва бу даъволар машъум ўттизинчи йилларда жуда “иш” берди. Унинг номи, унинг хотираси авлодлар қалбидан юлиб олинди. Наслларга ўз халқининг қаттол душмани қилиб кўрсатилди. Ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Ҳақиқат, қанчалар чуқур кўмилмасин, бир кунмас-бир кун юзага чиқар экан. Даврон айланиб, Исмоилбек Гаспринский саксонинчи йилларнинг охиридан яна авлодларга қайта бошлади.

Ёш Исмоилбек мутолаага берилади. Қунт ва сабот билан турк тилини, тарих ва адабиётни ўрганади. Айни пайтда у шарқона анъанавий таҳсилнинг замондан орақада қолганини, шу туфайли мусулмонлар жаҳон тараққиётидан четга сурилиб чиқаётганини кўради.

Ўзбекистонда бугун ҳам шундай, айниқса, президент Каримовнинг чорак асрдан буён қора терга ботиб миллатни феодаллаштиришга тиришаётгани, бутун мамлакатнинг тинкасини қуритди. Биз таҳсил ва таълим-тарбияда, тараққиёт ва илму ҳунарда бутун дунёда орқа ўринларда қолиб кетдик. Салоҳиятимизни ва анъаналаримизни ўзимизни ва юртимизни бузиш учун, табиатни ва феълимизни топташ учун ишлатдик.

Тошкентлик шоир Тавалло бир шеърида “Ҳаволансин, ғизолансин, билинг, бу бир ҳумо миллат!…” деб ёзади. Ундаги мантиқ шундай: миллатнинг равнақи учун, биринчи навбатда, ақл ва ғайрат керак. Ғайрат эса иштиёқдан, меҳр-муҳаббатдан туғилади. Ақл ва ғайрат ишончни, ишонч ҳаракатни юзага келтиради. Миллат унга мансуб ҳар бир кишининиг жони-жаҳони, бахт-соадати, бинобарин, ҳумо қуши. У кўкларга парвоз этмоғи лозим. Бунинг учун унга руҳ керак, мадад керак.

“Тамаддундан асар йўқ, зиллату ваҳшат фаровондур”, – дейди кескин равишда Муҳаммад Ҳоди. “Тамаддун” – маданиятнинг этагини тутмагунча, ўзгариш бўлмайди. Аниғи – шу. Лекин мана шу ўй-мулоҳазаларнинг ўртага тушишининг ўзи ҳам силжиш. Шунинг учун ҳам ўттиз йил кетди. Тавалло ва Муҳаммад Ҳодининг шеърлари йигирманчи асрнинг ўнинчи йилларида ёзилган. Гаспринский бу ҳақда ўн тўққизинчи асрнинг етмишинчи йилларининг охирида қатъий хулосага келган.

Ўрта Осиё ва Русия муносабатларига оид деярли ҳамма тадқиқотларда бир кўчирма китобдан китобга кўчиб юради: “Русия Шарққа нисбатан прогрессив рол ўйнайди… Русиянинг ҳукмронлиги Қора денгиз ва Каспий денгизлари ҳамда Марказий Осиё учун маданийлаштирувчилик ролини ўйнайди”. Унинг асли сал бошқачароқ. Майли, гап ҳозир унинг қай даражада аниқ берилганлигида эмас. Чамаси, ўша пайтда Ўрта Осиё муносабатлари кенг муҳокама қилинган ва юқоридаги нуқтаи назар кенг ёйилган.

“Сўнгги йилларда Русиянинг Шарқдаги буюк маданийлаштирувчилик хизмати ҳақида тез-тез ўқишга ва эшитишга тўғри келмоқда. Хўш, бу хизмат нимада намоён бўлиши керак? Наҳотки, унинг маъноси қозини уезд бошлиғига, ноибни приставга, бекликни областу губернияга, ушрни тан солиғию яна бошқа “бер-бер”ларга, ипакни тўну бешметни дворянлик ёқасига алмаштириб қўйишдан иборат бўлиб, бошқа қилинадиган иш қолмаган бўлса?”

Ёки миракизмчиларнинг Ўзбекистондаги буюк маданийлаштирувчилик хизмати ҳақида тез-тез ўқишга ва эштишга тўғри келмоқда. Хўш, бу хизмат нимада намоён бўлиши керак? Наҳотки, коммунизмни мустақилликка, коммунистни миракизмга, областни вилоятга, ўроқ ва болғани ўн икки юлдуз ва ярим ойга, мактабларни ва институтларни коллеж, литсей, унверситетларга, обком ва райкомларни ҳоким номи билан қулдорларга, колхозчиларни фермер номи билан қулларга, яна бошқа “бер-бер”ларга алмаштириб қўйишдан иборат бўлиб, бошқа қилинадиган иш қолмаган бўлса? Шакл бироз ўзгартирилиб, мазмун кучайтирилса, аслият қолдирилса…

Гаспринский “Русиянинг Шарқдаги маданийлаштирувчилик роли”га мана шундай танқидий қарайди ва саволга салбий жавоб беради. Чоризм сиёсатини, аксинча, атайин халқни илм-маърифатдан узоқда сақлаб келаётганликда, мусулмонларнинг тилини, динини, турмуш тарзини бузишда айблайди. Буларнинг ҳаммасини аниқ далиллар, мисоллар билан кўрсатиб беради. Аслини олганда, буни рус маъмурларининг ўзлари ҳам кўп-да яширмайдилар.

Юз йиллар илгариги чор Руссияси олиб борган сиёсат Ўзбекистоннинг мустақиллик сиёсати билан бир-бирига икки томчи сув каби ўхшаш. Улар шаклан қиёфадош бўлмасаларда, мазмунан муштарак – эгизаклар эканлигини пайқаш мушкул эмас.

Бир томондан миллатни мавҳ этиб келаётган жаҳолат, иккинчи тарафда чор ҳукуматининг изчил, режали руслаштириш сиёсати. Русиядаги мусулмонларнинг тақдири қандай бўларкин?

Мустақил Ўзбекистондаги ўзбекларники-чи?!

Полшада руслаштириш сўнгги йигирма йилда қизғин паллага кирди. “Познандай шаҳар шундай қисқа муддатда немислаштирилди-ку, бизнинг қўлимиздан бундай иш келмайдими” демоқдалар. Умуман олганда эса, катта миллатларнинг кичкиналарини ном-нишон қолдирмай ютиб юборгани тарихда кўп бўлган. Британиядаги англо-сакслар чатишмасини олинг. Араблар-чи? Шимолий Африканинг тубжой халқини босиб олиб, “ҳазм қилиб” юбормадиларми?

Русияда “ғайрижинс” саналган, лекин нуфусига кўра иккинчи ўринда турувчи, асосан турк қавмларни ташкил этувчи мусулмонларнинг аҳволи яхши эмас. Чор ҳукмронлиги мусулмонларни тараққиётга, маданиятга олиб бораётгани йўқ. Аксинча, саводлилик 50 – 60 фоизгача борувчи татарлардаги мактаб-маориф сўнишга юз тутди… Ёки миракизм ўзбекларни тараққиёга, маданиятга олиб бораётгани йўқ. Аксинча, шўролар даврида саводлилик 80 – 90 фоизгача кўтарилган бўлса, мустақиллик йилларидаги мактаб-маориф сўнишга юз тутди…

Шунча шаҳарлар бунёд этган, фан ва маданиятнинг ўнлаб доҳийларини, ҳарбу зарбнинг оламжаҳон валломатларини дунёга берган мусулмон қавми наҳотки сувга тушган тошдек зим-зиё кетса?!

Наҳотки қанчадан-қанча ёвуз босқинчилардан, мустабидлардан қутулишнинг чорасини топган ўзбек, жоҳил ва саводсиз миракизмчилардан жуда катта талофатлар бериб қутулса?!
Бу дардли ўйлар Исмоилбекка тинчлик бермагани каби ўзбекнинг аҳли вафоларига ҳам тинчлик бермайди.

Хўш, тобеъ миллатнинг, хусусан, мусулмонларнинг маънавий камолотини қандай таъмин этиш мумкин? Сув юзидаги кўпикча ҳам қуч-қудратга эга бўлмаган миракизмчилар олдида, катта бир халқ, тамуддунлар яратган бир миллат нима учун бунчалар каловланади? Миракизмчилар бу миллат қаршисида, йўлбарснинг чангалидаги сичқонча эмаслар-ку?

Давоми бор
Эргаш Сулаймон