“Халқнинг озод, адолатли, фаровон жамият сари одим отиши кўпроқ кимга боғлиқ?”

“Халқнинг озод, адолатли, фаровон жамият сари одим отиши кўпроқ кимга боғлиқ?”
49 views
04 April 2015 - 16:40

11Халқнинг озод, адолатли, фаровон жамият сари одим отиши кўпроқ кимга боғлиқ?:

Халқ ҳоҳиш иродасигами ва ё ҳукумат бошқарувигами?

Шу савол борасида бош қотиравериб ҳам чарчаблар кетдим…. Ўйлаб-ўйлаб, ҳечам ўйимга ета олмаяпман.

Ҳаёт тарзининг ижобий томонга ўзгариши кўпроқ ҳукумат бошқарувига, КАТТАнинг битта имзосига боғлиқ десам ҳам адашаман, элнинг фаровонлигини халқнинг ўзигина кафолатлайди десам ҳам хато қилаётгандекман…

Мана, масалан, сизу биз “Халқимиз онгида инқилобий ўзгаришлар содир бўлмаяпти. Халқ кўксида қўрқув бор. Эл адашиб ерга пуч уруғ экмоқда ва натижада ўз экканини ўзи ўрмоқда” дея нолиш-наъмо қилиб қоламиз гоҳида…

Очиғи, мен Корея мамлакатининг узоқ тарихини ҳам, яқин тарихини ҳам у қадар билмайман…

Билганларим шуки, яқин-яқинларда ҳам, янглишмасам, барча корейс халқи биргина шоҳ амрига итоат қилишарди.

Бу подшоҳликнинг миттигина салтанатига бир томондан океан орти мамлакатининг назари тушган бўлса, иккинчи жиҳатдан собиқ қизиллар империяси ҳам кўз тикиб турарди….

Сиёсат қимори кафтдеккина юртни, бутун бир бошли миллатни, халқни қоқ иккига бўлиб юборди.

Митти мамлакат ўрнида Жанубий Корея ва Шимолий Корея деган атамалар вужудга келди… Бу икки атаманинг бир-бирига рақиб, ашаддий душман эканлиги энди бу – алоҳида бир мавзу….

Ажабланарлиси шундаки, АҚШнинг “кўз қири остида қолган” Жанубий Корея жадал суратларда ҳар томонлама ўсди, ривожланиб кетди. Айтишларича, мабодо, рост бўлса, бунинг учун нари борса 30 йил кифоя қилган. Майли, ярим аср ҳам дейлик, кўнайлик….

Бир сўз билан айтганда, Жанубий Корея айни дамда нафақат Ўзбекистон аҳолисини, балки Россия, Хитой каби бир нечта мамлакат фуқароларини ҳам боқиб ётибди… Аксарият халқларнинг тирикчилик манбаи Жанубий Корея ортидан эканлиги сир эмас…

Қадирдонларимдан бири Жанубий Кореяда яшайди. У ниҳоятда ҳайратда. “Ўртоқ, бу ерда бош вазири тугул Президенти ҳам велоспедда юраверишаркан. Оддий халқ прокурор ва ё қозини йўлда тутиб олиб, ҳисоб сўраркан. Халқ ҳукуматдан эмас, ҳукумат арбоблари халқдан росаям ҳайиқишаркан. Ҳукумат арбобларида катта кетиш йўқ… шунчалар оддий ва одмики… Моддий тўкинлик бобида ҳам  имкон қадар халқнинг назарига тушмасликка, оддий ва одми истиқомат қилишга интилишаркан” дейди, лол қолади…

Қадрдонимнинг ҳайратларида нечоғлик ҳақиқат бор, билмадиму, Германиянинг собиқ президенти, адашмасам, Кристиан Вульф эди, унинг нима сабабдан постдан олинганлиги ҳақидаги шов-шувларни эшитганим бор: Кимсан Германия Президенти хизмат Самолётидан ўз оила аъзолари манфаати йўлида фойдаланганлиги, рафиқаси ва фарзандини хизмат самолётида бор йўғи бир бор олиб юрганлиги сабабли унинг ковушини тўғрилаб қўйишганмиди? Ёхуд эр-хотин Вульфлар қандайдир пиво байрамида ўзларининг “ўликларини” ўзгага ортмоқлашганлиги – “пивохўрлик” харажатларини кимдир қоплагани учунгина Кристиан Вульф Президентлик амалидан айрилиб қолганмиди? Ҳозир аниғи эсимда йўқ.

Менинг билганим, эсимда бори шуки, ҳали Президентни, бош вазирни қўя туринг, бизда, Ўзбекистонимизда бирор бир туман ҳокими, қозиси ва ё прокурори, солиқчисининг мушугини пишт деб кўрингчи, елкангизда бошингиз қолармикин? Йўўўўқ, бизнинг арбоблар осмондан тушишган. Емайдиган, ичмайдиган, томоғидан ҳаром ўтмайдиган нақд фариштанинг ўзгинаси. Бурунларидан эшакқурт ёғишига ҳайронсан киши! Димоғлари осмонда. Қўлингизда осмонўпар хода бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистондаги мансабдорман деганининг тумшуғига сиз тутган хода етмайди… Кеккайиб кетишган… Шунгами, ҳар тугул ҳукуматдагилар ўз халқини ҳамиша оёқ учида кўрсатишади…

Ўз ҳасратларим билан бўлиб, Шимолий Кореядаги ҳангомалар қолиб кетдими?….

Хуллас, АҚШ “кўз остидаги” Жанубий Корея жадал суратларда илдамлаб кетди! Советларга ҳайриҳоҳликни ҳоҳлаган Шимолий Корея – Корея Халқ Демократик Республикаси эса Ўзимиз каби кети билан ўтириб қолди… Оғир оёқ аёлдек ҳарчанд уринмасин ҳечам ўз ўмганини ўнглаб ололмай ҳалак….

Раҳматлик Ким Чен Ир Корея Халқ Демократик Республикасига “неча юз йил” йўлбошчилик қилганидан, рости, хабарим йўқ.

Бироқ, билганим шуки, Ким Чен Ир рихлат қилгач, Шимолий Корея деб аталмиш бутун бир бошли Демократик Республика ОИЛАСИнинг ҳукумронлиги марҳум лидернинг ўғли Ким Чен Инга МЕРОС бўлиб қолди…

Қаранг, ота ўз фарзандига бутун бир мамлакатни, халқ, миллат тақдирини ҳам мерос қилиб қолдираверса бўларкан!

Ҳокимият тепасидаги бир раҳбар умрининг беъмани бардавомлиги, “ХОНЛИК”нинг авлоддан-авлодга ўтиши, мерос қолиши қусурларини эса, бугунги кунда ўз кўзингиз билан кўриб турибсиз…

Аҳён-аҳёнда матбуотга кўзим тушиб қолади: нима эмиш, Шимолий Кореяда Жанубий Корея сериалларига мухлис бўлганлиги учунгина бир начта одам қатл қилинганмиш! Нима эмиш, Шимолий Корея раҳбарининг собиқ жазмани ўлимга ҳукм этилганмиш!… Ё Раб! Ёқа тутасан киши! Қайси асрда яшаяпмиз ўзи?!

Мени ажаблантирган нарса шундаки, бугун шимолий Корея, Жанубий Корея деб аталаётган ушбу миттигина икки давлат фуқаролари куни кечагина бир тан, бир жон, биргина миллат, биргина халқ эмасмиди? Куни кечагина шу халқ эмасмиди бир шоҳ амрига ёппасига илҳақ турганлар?

Шимолий ва Жанубий Корея халқи куни кечагина бир ҳавода, бир муҳитда, бир иқлим, бир хилдаги сиёсий жараёнларда тобланган, етилган, қарашлари қайралган фуқаролар эмасмиди?

У ҳолда нега бундай бўлди? Нега битта миллат тақдири қисқа фурсат ичида тариқдек сочилиб, иккига бўлиниб, бурда-бурда бўлиб кетди? Бирида, ўхшатиш жоиз бўлса, кўклам таровати, бирида эса қаҳратон қишнинг қаҳратони… Нега шундай? Наҳотки, Шимолий Корея фуқаролари ўзларига ана шундай аянчли қисматни раво кўришган бўлса? Халқнинг бунингдек қаро қисматга йўлиқишида ким кўпроқ рол ўйнаган? Халқнинг, фуқароларнинг ўзими, ёхуд Ҳукумат тизимининг беъмани бошқарувими?

Ҳайронман?….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист