Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Шахсан мен Каримовга овоз берган эмасман….”

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Шахсан мен Каримовга овоз берган эмасман….”
196 views
08 April 2015 - 0:01

malohat(Тўлдирилган варианти)

Президентлик сайлови куни – 29 мартда гарчи сайлов учаткасида кузатувчилик қила олмаган бўлсам-да, халқ тақдирида муҳим аҳамиятга  эга бўлган савобли ишга қўл урдим деб ўйлайман.

Қандай ишга дейсизми?

29 март куни, адашмасам, соат 12.00 ларда сайлов участкасига чиқдим. Шундоққина “дом”имиз “тагидаги” “Дилором” тўйхонасига. Сайлов участкаси биносига яқинлашишим билан эшик тагида Учтепа туман ИИБ бўлимининг терроризимга қарши кураш бўлимидаги ўша -ўзимга таниш бўлиб қолган икки йигитга рўпарў бўлдим. (Афтидан, уйимда эшитиш мосламаси бор. Улар менинг уйдан “Сайловга” деб чиқишимни эшитиб ўтиришган ва айнан мен яқинлашишим билан бино эшигига, ҳовлига – ташқарига чиқишганди. Мен ҳам яқинлашдим, улар ҳам эшикдан лабларида кибрли табассум билан чиқиб келишди…. Очиғи, улар ИИБнинг терроризимга қарши кураш бўлимининг ходимларими ва ё МХХнинг “йигитлари”ми, аниғини ҳам билмайман, ҳатто. Негаки, улар бир бор ҳам ҳужжатларини кўрсатиб, менга ўзларини таништиришмаган). Улар мени бир-икки бор норозилик намойиши пайтида тутиб кетишган ва ярим тунга қадар ИИБ биносида тутқинликда олиб ўтиришган.

Улардан бири, қизим қатори бўлган ёқимтойгина йигитча – ўша 8-декабрда намойишга чиққанлигим учун жазо сифатида қош қорайганида мени қандайдир нотаниш қабристонга ташлаб кетилишимнинг ташаббускорлардан бири бўлганди.

Терроризимга қарши кураш бўлимининг “йигитлари” мени эски қадирдонлардек қарши олишди. Қуюк салом-аликдан сўнг: “Опа, сизнинг бу ерда пропискангиз йўқ-ку, нега бу ердаги сайлов участкасига келдингиз?” деб сўради ажабланиб улардан бири. “Билмадим, пропискам йўқ дейишимга қармасдан, Сайловга таклифнома ташлаб кетишди. Шунинг учун келавердим. Йўқ десанглар, ортга қайтишим мумкин” дедим…

Шу маҳалнинг ўзида атрофимни 3 нафар терроризим бўлимининг ходимлари ўраб олишди. Зум ўтмай, “Малоҳатхон, тузукмисиз?” дея узун бўйли, озғиндан келган одам – маҳалла фуқаролар йиғини раиси пайдо бўлди ва айёрона ишшайиб, мулозамат қилди.

Йиғилганлар –  “ҳукумат” ва “қонун идоралари” “одамлар”и мени илтифот ила ичкарига таклиф этишди.

“Сайлов таклифномаси”ни кўрсатгандим, сайлов қоғози улашиб ўтирган мутасадди аёллардан бири  “16-дом, 39-квартирада Сизнинг фамилиянгиз қайд этилмаган. Боринг, қаерда доимий пропискангиз бўлса, ўша ерга бориб, овоз беришингиз мумкин” деди қатъий оҳангда. Итоаткорлик билан ортимга ўгрилгандим, шунда терроризимга қарши кураш бўлими ходими аёлга қараб “Бу кишига сайлов қоғози беринг, сайловни амалга оширсинлар” дея амр қилди. “Сайлов қоғозлари”га “баковуллик” қилаётган опалардан бири “Йўқ, бера олмайман, бу ерда бошқа бир гап бор” дея бош чайқаб, амрга итоат этишни инкор қилди. Шунда ОПАга орт томонимдан рад этиб бўлмайдиган имо-ишора бўлди чамаси, аёл “Ҳа, майли, унда сизни “Қўшимча сайловчилар рўйхати”га қўшиб қўяман, бу ерга имзо чекинг” деди-да, “Сайлов қоғози”ни қўлимга тутди….

Фуқаролик бурчимни бир зумда адо этдим – Президентликка номзодлар рўйхатидан энг аввало Каримов Ислом Абдуғаниевичнинг номзодини ўчирдим, исм-шарифлари устига қалам тортдим! Сўнг қолган номзодларни чиздим. Сайлов қоғозини махсус қутига ташлаб, кўп ҳаялламай сайлов участкаси биносидан чиқдим. Терроризимга қарши кураш бўлимининг икки нафар йигити яна ёнимда ҳозир бўлишди.

– Опа, сочларингизни турмаклаб, оппоқ либослар кийиб юрардингиз. Нега ўзингизга қарамай қўйдингиз, нима бўлди, бир аҳволсиз?, –  кинояли ҳол сўради улардан бири.

– Мен сизлардан сўрашим керак, ростини айтинглар, менга нима қилдинглар? Нима бердинглар менга? Мен 50 ёшимга қадар касалхона нималигини билмаган, битта укол олмаган, бирор жойим оғримаган аёл эдим. Ҳатто туғриқхонага ҳам уйда кўзим ёриб бўлганимдан кейингина олиб боришарди…. Нега шундай соғлом организим бирдан сўлиб қолдим, нега ўз танамни ўзим кўтара олмайдиган аҳволга тушиб қолдим? Бир амаллаб қонимни кўпайтириб оламан, гемоглобиним бор йўғи 58 га чиқади, фақат уч ойга холос. Икки-уч ойдан кейин бирдан “пақ” этиб яна 47-48 га тушиб қолмоқда. Мажолсизланиб, оёқда тура олмай қолмоқдаман. Сизлар айтинглар, менга нима қилгансизлар?, – дедим ҳазил аралаш.

– Қўйинг-э, опа, биз сизга нима ҳам қилардик. Опамиз жудаям қизиқчи эканлар-да, – деди улардан бири шеригига маъноли кулиб қараркан, – Қизиқчилик қилишни яхши кўрарканлар. Даволанишингиз, кучга киришингиз керак опа, ўзингизга қаранг, соғликка эътибор беринг, одамга сиҳат керак, – деди куч ишлатар тизими ходими меҳрибонлик билан….

– Опа, сир бўлмаса, кимга овоз бердингиз?, – сўради терроризим бўлими ходимларидан бири.
“Бу сир” дедим.

Унинг шериги мендан ўз услубига хос тарзда гап олишга уринди: “Барибир Каримовга овоз бермадингиз-а, Малоҳат опа?” деди гапни атай айлантириб….

– Нега энди Каримовга овоз беришим керак? Агарда Каримов ҳукуматни адолатли бошқарганида эди, бугун мен ҳозиргидек афтодаҳол, касалманд ҳолатга тушиб ўтирмаган бўлардим. Унга ишонганим, суянганим, адолатни қарор топтираман деганим учун бугунги кунда жувонмарг бўлиб ўтирибман. Бор йўғи ЎзМТРКда ҳақиқатни қарор топтирмоқчи эдим холос… Ахмоқ бўлмасам, Каримовга ишониб, қўлимни оғритиб нақд 56 мартаям хат ёзаманми, мурожаат қиламанми, оёғига тиз чўкаманми? Жавобига нима олдим, хўрликми? Нимага яна Каримовга овоз беришим керак? Ҳолим бундан-да хароб бўлиши учунми? – дея жавоб қилдим суҳбатдошларимга.
– Эҳ, опа-эй, ҳалиям ўша-ўшасиз. Ўша эски гапларингизни ҳечам қўймаскансиз-қўймаскансиз-да-а?, –  деди терроризимга қарши кураш бўлими ходими афсус-ла бош чайқаб…

Бу маҳал мен гап-гап билан терроризимга қарши кураш бўлимининг икки нафар ходими кузатувида “дом”имиз подъездига етиб қолгандим.

Йигитлар, уйимгача келтириб қўймаган тақдирингизда ҳам, у ерда совуқда узоқ ўтира олмасдим, тезда уйга қайтардим…. Кузатувчилик қилишга мадорим етмасди, бекорга овора бўлдинглар, –  дея кулиб қўйдим…

Улар ортига қайтишди… Ҳансираб, бешинчи қаватга кўтарилдим…

2015 йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган Президентлик сайловида шахсан мен Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига хилоф равишда ноқонуний тарзда номзоди қўйилган Каримов Ислом Абдуғаниевичга овоз берган эмасман.
Буни Худонинг ҳам олдида айтаман, бандасининг олдида ҳам бўйнимга оламан.

Нега?

Негаки, мен жаноб Каримовга ортиқ ҳаётимни, болаларимнинг келажагини ишониб топшира олмайман!

Негаки…

Негаки, Ислом Абдуғаниевичга беш йил эмас, нақд 25 йил ишониб, чорак асрлик умрини елга совурган, бой бериб қўйган, ҳаёти куйиб кетган фуқароман мен, бир умр тўғри юриб, тўғри турганим, ҳалолликни касб этганим, виждонимни жиғилдонимга урмаганим, ҳаётим давомида фақатгина тер тўкканим, сидқидилдан меҳнат қилганим, 21 йиллик фаолиятим давомида аксарият ТВ хотинлари каби ЎзМТРК раҳбарларининг ҳаром тўшагида тўлғонмаганлигим учун ҳам ҳалол хизматларининг қайтимига туҳмат олган мингларча аёллардан бириман мен – адолатсиз  режимнинг қурбониман!

Бу тизимнинг ноҳақлигидан, бунингдек долатсиз режим дастидан дод деганлар, мен каби жувонмарг бўлиб кетганлар сони кам дейсизми?

Эҳ-ҳе!:

Прокурорнинг ноҳақ айбловидан қамалиб кетган, қозининг қаҳрига учраган, амалдорнинг дидига ўтирмагани учун тадбиркорлигига путур етган, бор йўқ мулкидан мосуво бўлган, ноҳақлик туфайлигина ҳаётига нуқта қўйилган, пора бера олмагани учун жонидан айрилган…. Айтаверсангиз, жабрдийдалар рўйхатининг кети кўринмайди!….

Бироқ, шуни ҳам тан олишим керакки, Каримовнинг адолатсизлик тузумида энг кам жароҳат олган – ҳақиқат дегани учун ишдан ҳайдалган, бор йўғи 15 миллион сўмлик ноқонуний жарима билан осонгина қутилиб қолган жабрдийдалардан бири ўзимман!

Энг кам кўрилган зарар бу! Бу зарарнинг руҳий, маънавий, жисмоний, молиявий, оилавий зиёнларини қўя туринг!

Ўзгаларнинг кўргилиги олдида ҳолва менинг бу кечмишларим!

Ўзга юртдошларимизнинг шундай катта йўқотишлари борки, бунинг ўрнини на зар билан ва на зумрад билан тўлдириб, адолатсизликлардан ўприлиб кетган ярасини ямаб бўлмайди…. Ҳечам…

Шу сабаблар боис ҳам Ислом Каримовдан қўлини ювиб, қўлтиғига суртганлардан бириман мен!….

Бироқ…

Ажабо! Шунча ситамларга қарамай, бугун сайлов натижаларига қарасам, Каримов яна 90 фоиздан ортиқ овоз олиб, Ўзбекистон Президентлигини такрор қўлга киритибди.

Ўзбекда “Кўр ҳассини бир марта йўқотади” деган мақоллар бўларди. Бу халқим шўрликга қўлидаги асони тўртинчи бор бой бериши шунчалар шартмиди, керакмиди, ҳайронман!…

“Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” дейишарди-ку! Наҳот бу халқнинг оғзи куймаган бўлса! Ёхуд қайта-қайта куйишларга кўникиб қолганмизми?

Яқин-яқингача “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман” деган ҳикматлар айтиларди… Афсуски, одамларимиз на қорнига, на-да қадрига йиғлаш нималигини унутиб қўйгандек гуё… Ё кўз-ёш қилмоққа ҳам кўзларда нам  қолмадими?…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист