Ғамхўрликми ёки сиёсий найранг?

Ғамхўрликми ёки сиёсий найранг?
114 views
14 April 2015 - 19:49

20Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан 16 март 2015 йил № 0122557 буйруғи асосида 60 ёшдан ошган аҳолини “гепатит В”га қарши эмлаш тиббиёт ходимларига юклатилди. Бу эмлашда аҳоли 3 марта эмланади. Шу сабабли бу эмлаш 3 мосқичда олиб борилади. Бу эмлаш ишлари 3 босқичдан иборат: 1-тур босқич 23-30 мартгача, 2-тур босқич 23.04 дан 01.05.2015 йилгача, 3-босқич 23.06 дан 01.07.2015 йилгача олиб борилади.

60 ёшдан ошган аҳолини “гепатит В”га қарши эмлаш нима сабабдан амалга оширилади? Бу ёшда аҳоли ўртасида “гепатит В”нинг юқиши кўпайдими? Ёки бу ёшдаги аҳоли юқиши эхтимоллиги юқори бўлган гуруҳга кирадими?

Биз биламизки, иммун ҳолатни ушлаб туришда айрисимон без (тимус) муҳим рол ўйнайди, лекин бу айрисимон без 60 ёшга бориб деярли тўлиқ атрофияга учрайди (10% га ўзининг вазифасини бажара олиши мумкин). Будан кўринадики 60 ёшдан ошгандан сўнг организмда махсус (специфик) антитана (антитело) ҳосил бўлиши деярли бўлмайди. Демек “гепатит В”га нисбатан иммунитет деярли ҳосил бўлмайди.

60 ёшдан ошган аҳоли ўртасида профилактик мақсадда “гепатит В”га қарши эмлаш ишлари олиб борилганми? Агар олиб борилган бўлса қайси халқаро ёки маҳаллий протокол асосида қайт этилган?

Биз биламизки “гепатит В” қон ва жинсий йўл орқали юқиши исботланган. 60 ёшдан ошган аҳолига “гепатит В” қандай юқиши мумкин? Бу ёшда аҳоли нафақада бўлгани учун қон орқали юқиш деярли 0 га тенг. 60 ёшдан кейинги аҳоли жинсий фаоллиги, айниқса, ўзга шахслар билан алоқада бўлиши деярли учрамайди.

Нима сабабдан 60 ёшдан ошган аҳолига профилактик нуқтаи назардан “гепатит В”га қарши эмлаш ишлари олиб борилиши тўғрисида буйруқ чиқазилди? Биз шифокорларнинг фикрича, бунинг асосий сабаби қарияларни эъзозлаш йили ва Президент сайловидаги сиёсий жараёндир.

Айниқса 1-тур эмлаш ишлари 23 мартдан 30 мартгача олиб борилиши 60 ёшдан ошган аҳоли ўртасида ҳукуматга бўлган эътиборни кучайтиради. Чунки бу ёшдаги аҳолини ҳукумат муассасасида ишлайдиган тиббиёт ходимлари чақиради ва текинга эмлайди.

Лекин тиббий нуқтаи назардан бу эмлаш қарияларга ёрдам берадими?

Бу ёшда аҳолини иммун ҳолати ёшга алоқадор паст бўлганлиги учун бундай эмлаш иммун тизимини янада заифлаштирмайдими?

Бунинг натижасида атипик хужайралар кўпайиши ва ўз навбатида хавфли ўсма касалликларини ва бошқа иммун заифлиги натижасида келиб чиқадиган касалликлар (оппортунистик инфекциялар) келтириб чиқазмайдими?

Ўзбекистон ҳукуматини, ҳаттоки қариялардан бундай усулда фойдаланиши, сохта ғамхўрлиги кимга ва нима учун керак?!

Бундай ғамхўрликдан шу ёшдаги аҳоли қирилиб кетмайдими?

Агар ҳукуматни бундай ёшдаги аҳолига тиббий нуқтаи назардан ғамхўрлиги чексиз бўлса дори-дармонларни, режали даволаш нархини пасайтириш ва ҳоказоларни амалга оширса бўлмайдими?!
Қон билан ишлайдиган тиббиёт ходимлари ёки юқиш эҳтимоллиги юқори бўлган шахслар учун “гепатит В”га қарши эмлаш олиб борилса айни муддао бўлмасмиди?!

Ушбу мақола жонкуяр, ҳукуматни ғаразли сиёсатидан кўра халқни ўйлайдиган бироқ ҳақ гапни айтгани учун касбидан айрилиб қолиш хавфи устун бўлган бир гуруҳ фидоий шифокорлар номидан ёзилиб, ошкор этилмоқда.

ЎХҲ таҳририяти почтасидан