Бош прокурор “акахон”лигидаги қароқчи-тадбиркорлар қилмишларидан бир шингил

Бош прокурор “акахон”лигидаги қароқчи-тадбиркорлар қилмишларидан бир шингил
24 views
22 April 2015 - 10:47

72011 йилда прокурор Мурат Азимовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида “Озодлик” радиосига берган интервьюмдан сўнгра, турли хил жиноятчилар томонидан менга нисбатан таъқиб ва таъзйиқлар содир этила бошланди. Ҳозирги кунгача ҳам таъқиб ва таъйзиқлар давом этиб келмоқда. Бош прокуратуранинг “жиноий акахонлик” фаолиятидан дарак берувчи далиллар сифатида, ана шу таъқиб-таъзйиқларнинг баъзиларини изоҳлаб бериш ниятидаман. “Жиноий акахонлик” жонажон юртимизнинг бутун вужудини чирмовуқ каби ўраб олиб, мустаҳкам ўрнашиб олган ҳозирги шароитда, ўзимнинг уни фош қилишга бўлган ниятимни, “эзгулик” деб биламан. Эрининг фамилиясини олган рус миллатига мансуб, икки фарзанднинг онаси Акилханова Анжелла Олеговна 1978 йилда туғилган. У 2008 йилда Ўртачирчиқ кўчаси, 58-уйга кўчиб келгач, бизлар тақдир тақозоси билан девормиён қўшни
бўлиб қолдик.

Ўғли бугунги кунда олий ўқув юртида талаба, “прокурорлик”ка ўқимоқда.
Анжела билан 1911 йилгача, уч йил мобайнида қўни-қўшничилик муносабатларимиз
яхши бўлди. Дастлаб у ўзини “Бош прокуратура”да прокурор бўлиб ишлайман”,
деб таништирди. Қатор суҳбатларимиз асносида, барчаси йиллар ўтган сайин
ойдинлаша бораверди. Нима жин уриб бир кун у ўзининг прокурор эмаслигини,
ҳатто прокуратура соҳасида касбий тушунчага ҳам эга эмаслигини, “Бош
прокуратура”нинг хуфияси эканини сўрамасам ҳам, ўз-ўзидан менга гуллаб
қўйди. Бу соҳага ким орқали кириб келганини ва у одамдан жуда миннатдор
эканини, ҳамда шу иш туфайли ҳаёти тубдан яхши томонга ўзгарганини ҳам
ҳаяжон билан гапириб беришни унутмади. У Бош прокурорнинг “махфий хуфияси”
эканидан беҳад фахрланар эди.

Бир кун у мени уйига чақириб, ўртамиздаги чегара деворнинг иморатимни тўсиб
турган қисмини бузиб, эни 1,5 метр, узунлиги 9 метр келадиган менга тегишли
ер майдонини ўзиникига қўшиб олишини, машиналари турадиган гараж қурмоқчи
эканини айтди. Мен ўзимнинг қаршилигимни, еримдан бир қарич ҳам
бермаслигимни айтсам, у ўзини менинг фикрим қизиқтирмаслиги, қарори қатъий
эканини айтиб, бирдан жангга ҳозирланган итдай орқага сал тисарилиб,
важоҳати бутунлай ўзгариб жазавага тушиб, овози борича мени ҳақоратлай
кетди. У эрим ҳаётлигида қурилиши бошланиб тугалланмасдан чала қолиб
кетган иморатим тўғрисида гапирар, иморатинг плансиз қурилганини рўкач
қилиб, буздириб ташлашини айтиб, дағ-дағага зўр берарди. “Иморат планли
қурилган”, десам, у: “Келтир планни, кўрсат” деди. Шу каби йўллар билан
содда одамларнинг мол-мулки хужжатларини олиб қўйиб, қайтариб бермай, уларни
ўзлаштирганлар тўғрисида кўп эшитган эдим. Шунинг учун ҳарчанд чиранмасин,
унга уй хужжатларини кўрсатмадим. Унинг асл муддаоси, мени хонавайрон этиш
эканлигига шубҳам йўқ эди. Илгари бундай одамларга дуч келмаганманим боис,
аввалига бироз довдираб қолдим, кейин ўзимни қўлга олиб, унинг уйидан чиқиб
кетдим.

Бу масала юзасидан участка нозири, майор А.Абуевга, маҳалла раисига ва
ҳокимиятга ёзма мурожаат қилдим.

Милициядан чиққан туман хайрия жамғармаси раиси, участка нозири ва маҳалла
раиси иштирокида масалага аниқлик киритиш учун кўп ўтмай мени йўқлаб,
ҳукумат вакиллари келдилар. Улар Акилханованинг аввалгисидан минг чандон
ўтиб тушадиган томошасини ўз кўзлари билан кўриб, анграйиб қолдилар. У
дунёдаги жамики ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлаб, мени жиннига чиқарди.
Жиннихонага тиқдиришини айтиб, қўрқитишга тушди. У шунчалар ишонч билан
гапирар, билмаган одам осмоннинг устуни ҳақиқатан ҳам унинг қўлида бўлса
керак, деб ўйларди. “Фаттахов тўғрисида ёзишни қачон тўхтатасан”, дея у
менга бақирар экан, бўйи бир ярим қулоч, жуссаси жимитдай аёлдан чиқаётган
овоздан ҳамманинг қулоғи қоматга келарди. Аллоҳ инсофу диёнатдан сиққан
бўлса ҳам, унга овозни беминнат ато қилган эди.

Анжеланинг жазавасига дош бера олмаган ҳукумат вакиллари “Кўчада
гаплашайлик” деб, унинг ҳовлисидан ҳавсалалари пир бўлиб ташқарига чиқдилар.
Кўчага чиққач эса, менга тасалли бериб, хулосаларини ёзма равишда
беришларини айтиб, тарқаб кетдилар.

Уларнинг хулосаларини кўрганимда эса, кўзларимга ишонмадим. Улар мени
айбдор, деб топиб, Акилхановани жабрланувчи, мен томонимдан инсоний
ҳуқуқлари паймол этилган муштипар аёл қилиб кўрсатишган эдилар. Маҳалла
раиси ҳам мени қора бўёқларда ифодалаб, Акилхановани ҳамма билан тинч-тотув
яшайдиган намунали оила бекаси сифатида тавсифлаган эди.

Туман хайрия жамғармаси раиси уч варақ туҳматдан иборат хулосасини олиб
келиб, менга қўл қўйдириш учун анча ҳаракат қилди. “Қўл қўйиб берсангиз,
олти ой давомида сизга моддий ёрдам ажратамиз, ўғлингиз олий ўқув юртига
ўқишга кирса, контракт пулини тўлаймиз” деб ялиниб-ёлворди. Қўл қўймагунингизча, кетмайман” деб эшигим олдида ўтириб олди. Охири, хулосанинг учинчи варағига “Барчаси уйдирма, мен барчасини рад қиламан” деб ёзиб, қўл қўйиб бердим. Бундай жавобни кутмаган туман хайрия жамғармаси раиси ёрдамчиси Собир менга пўписа қилиб: “Ҳали сиз кўрасиз, ҳали олдимизга борасиз-у..,” деб чиқиб кетди. Шундай қилиб бу масалада: Ҳокимият ва участка нозирининг қўлидан ҳеч бир иш келмади.

Уйда ёлғиз эдим, бир кун бирдан темир дарвозанинг қулоқни том битирадиган
даражадаги гумбирлаган овозидан ҳушим бошимдан учиб, ўтирган жойимдан
анчагача туролмай қолдим. Ўзимга келиб, бориб дарвозани очиб қарасам,
қопағон итимдан қўрқиб, қўлига муштдай тош олволган, Акилханова ғазабдан
дорвоза олдида титраб турипди. Атрофига эркак-аёл 9 кишидан иборат
қўшниларни тўплаб олган. Унинг кўзлари менга тушиши билан: “Чиқ, бу ёққа”
деди. Мен дарров дарвозани бекитиб, қайтиб уйга кирдимда, 102 га қўнғироқ
қилдим. Мен шу ўринда, бир нарсани таъкидлаб кетмоқчиман: прокуратурадагилар
хизмат бурчлари ва қонунларга тамоман зид иш тутганлари билан, милиция
ходимларининг 50-60 фоизи ўғри бўлсалар ҳам, уларнинг хизмат бурчларини
қисман бўлсада, бажаришларидан кўз юмиб бўлмайди. Ўшанда мени милиция
ходимлари Акилханова ҳамласидан сақлаб қолди.

Сўнгра Акилханова чап тамонимдаги бирдевор 54-уйда яшовчи қўшним орқали 2015
йили 16 март куни менга қарши ишга киришди. Насим ака хотини иккалови
яшашади, уларнинг фарзандлари йўқ. У учта мардикор ёллаб, ўртамиздаги
чегарадан оқова учун чуқур ковлатишга киришди. У мени эшитишни истамагач,
мен унинг нотўғри хатти-ҳаракати хусусида участка нозирига қўнғироқ қилиб,
аҳволни тушунтирдим. Майор А.Абуев тезда келишини айтди ва ўзи билан бирга
маҳалла раиси И.Ориповни ёрдамчилари билан бирга олиб келди. Улар Насим
аканинг ҳовлисига кириб кўриб: “Ҳақиқатан ҳам у сизнинг чегарангизга ўтиб,
деворингиз тагини ковлаяпди, иложи бўлса бугуноқ кадастир хизматига мурожаат
қилинг, бу ишда сизга фақат улар ёрдам беришади” деб, бу ишни ўзларидан
соқит қилиб кетишди. Участка нозири Насим акага масалага ойдинлик
киритилмагунча чуқир ковлашни тўхтатиб туришни тайинлашни ҳам унутмади.
Лекин қўшним участка нозири кетгандан кейин ҳам чуқир ковлашда давом этди. У
ҳар доимгидай, ўша кун ҳам ароқ ичиб олиб, тентираб юрарди. У мени оғизга
олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қиларкан, Акилханованинг уйига кириб-
чиқиб турди. Бу нарсаларнинг барчаси ўз-ўзидан Акилханованинг оёғининг
тагидан чиқиб турганди.

2015 йилнинг 19 мартида ўғлим билан рўзғорга ҳаражат қилиб қайтаётганимизда
йўлда Насим акани учратиб қолдик. У маст эди, боз устига қўлида бир шиша
очилмаган ароқ ҳам бор эди. Уни кўрган ўғлим: “Аяжон, мен ундан бир оғиз
сўраб олай, у нега сизни бекордан-бекорга ҳақорат қилади? Уйда йўғимда сизни
калтакласа, нима бўлади?!” деди. Ўғлимни эшитишни ҳам хоҳламаган Насим ака,
шунда: “Керак бўлса, сенга ҳам кўрсатиб қўяман” дея ҳақоратлаб, ўғлимнинг
бошига ҳам қўлидаги ароғи билан кутилмаганда урди. Шиша ўғлимнинг бошида
чил-чил синиб, ароғи устига тўкилди. Шунда, ўзини йўқотган ўғлимни, у йўл
чеккасидаги бетон ариқчага ағадариб, дўппослай кетди. Мен карахт ҳолатга
тушиб қолган эдим, ҳушимга келгач, кўчадан ўтаётганлардан ёрдам сўрай
бошладим. Афсуски, ҳама юзини тескари буриб ўтарди. Бир пайт бизларни
қарама-қарши тамонимизда турадиган қўшнимиз, кўриб қолиб, Насим аканинг
қўлидан ўғлимни ажратиб, ўзини судраклаб олиб кетди.Ўғлимнинг боши ёрилиб,
қулоқлари орқасидан тинимсиз қон оқар эди.

Мен Бектамир ИИБсига қўнғироқ қилиб бўлган воқеани айтиб, ёрдам сўрадим.
Етиб келган милитция ходими ҳеч қандай чора кўрмади. Эртага Бектемир ИИБсига
ўтишимизни айтиб, қайтиб кетди. Воқеадан бир соатлар чамаси ўтгач ўғлим
ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтди. Етиб келган “Тез тиббий ёрдам” навбатчиси
ўғлимни кўргач, уни Республика неврохирургия марказига олиб бориш шарт
эканлигини айтди. У ерда ўғлимни кўрикдан ўтказгач, унинг қаттиқ тан жароҳат
олганлиги маълум бўлди.

2015 йилнинг 25 мартида қўшним Насим ака яна эрта тонгдан мардикорларга
чуқур ковлатишни бошлади. Мен, яна 102га қўнғироқ қилдим. Майор А.Абуев
ёрдамчиси билан етиб келиб, Насим акани ишчилари билан бирга машинасига
ўтқизиб олиб кетди. У шу ишни биринчи марта арз қилганимда амалга оширганда,
ўғлим бошидан тан жароҳати олмаган, ўз вақтида қанчадан-қанча
кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлар эди.

Акиловага ўхшаганларнинг бошида Республика Бош прокурори Р.Қодиров бошлиқ
тизим турар экан, улар ҳали менга ўхшаганларнинг анча-мунчасини қон-
қақшатиб, бошига етади. Шунинг учун: “ЙЎҚОЛСИН БОШ ПРОКУРОР ВА УНИНГ
ҚАРОҚЧИЛАРИ!” Бу шиорга сизлар ҳам қўшилинг азиз Ватандошларим! Негаки,
ҳақиқатни гапириб бугун мен ўғлим билан “Бош прокурорлар”дан зулм ва жабр
кўрган бўлсам, эртага шундай ҳолат сизларнинг ҳаётингизда ҳам
такрорланмаслигига кафолат йўқ…

Зўравонлик ва қўрқитишларнинг илдизи бориб бир жойда: Республика бош
прокуратурасида туташади. Ўғриларни ҳимоя қилиш учун тинч аҳоли ўртасида ўз
қароқчиларини ишга солиб, қўшниларни бир-бирига гиж-гижлаб, уларни
уриштириб, ҳар-хил уйдирма гаплари билан ваҳимага солиб, одамларни қўрқувда
ушлаб туриш – Ўзбекистондаги прокуратура тизимининг одатий иши бўлиб қолди.
Ўзбекистоннинг қайси жойида қонунбузарликлар, ўғирликлар ва қароқчилар
ҳужуми бўлса, билинг-ки, уларнинг ҳаммасига Бош прокурор Р.Қодиров бош-
қошдир. Бунга мисоллар жуда кўп. Шулардан биттаси менинг етти йилдан бери
Бош прокуратурага мурожаат қилиб келаётганим, президент маслаҳатчиси бўлган
Т.Иминов ўзининг дўсти, қалбаки тадбиркор А.Фаттаховнинг воситачилик ниқоби
остида фаолият юритиб, мамлакатнинг ГИГАНТ корхоналаридан бўлган
Узпахтасаноатнинг пулларини тўрт йил давомида муттасил талон-тарож қилишга
эришган иккита сохта ХКларига “жиноий акахонлик” қилишдай жиноятига гўё
ўзларини ҳеч нарсани эшитмагандай, билмагандай, чора кўрмасдан ҳаракатсиз
қолдириб келаётганларидир. Қонуний чора кўриш ўрнига менинг ўзимга қарши
МАНҚУРТларини ишга солиб, ҳаётимни дўзахга айлатираётганларидир. Энди ёлғиз
фарзандим, жондан азиз ўғлимнинг ҳаётига ҳам хавф туғилди.

Бош прокурор Р.Қодиров Ўзбекистон қонунчилиги бетидаги катта доғдир, доғ
ювиб ташланмас экан, мамлакатнинг юзи ёруғ бўлмайди. Мамлакатда Р. Қодиров
Бош прокурор экан ва прокуратура соҳасида тубдан ислоҳотлар ўтказилмас экан,
“акахонлик” ва коррупцияга, Т.Иминов ва А.Фаттаховдай жиноятчиларга қонуний
чоралар кўрилмайди, аксинча қўллаб-қувватланади. Негаки мамлакат Бош
прокурори Р. Қодировнинг ўзи шундай жиноятчилардан бўлибгина қолмасдан, шу
жиноий тўдага бошчилик қилиб турибди. Мен бу жиноятчига (унинг қилган жиноий
ишларини санасангиз адоғи йўқ, шунинг учун умумлаштириб жиноятчи деб
қўяқолдим.) яъни мамлакат Бош прокурори бўлмиш Р. Қодировга қарши жиноий иш
очилишини талаб қиламан!!!

Қачонгача мен ва менга ўхшаганлар айбсиз-айбдор бўлиб юрамиз? Қачонгача Бош
прокурорнинг таъқиб ва таъзйиқлари остида яшаймиз? Қачонгача Бош прокурор Р.
Қодиров туфайли ўз юртимда, ўз уйимда бегонадай яшайман! Яна жиноятларига
янги жиноятини қўшиб Р. Қодиров бошқаларнинг қўли билан ўғлимни қонига
белагани учун қонун олдида жавоб беришини талаб қиламан!

Бош прокурор Р. Қодиров ўзи қонун пасбони бўла туриб, қилган жиноятлари
билан жиноят ботқоғига минг марта ботиб бўлди…

Мен етти йилдан буён Т.Иминов ва А.Фаттаховларнинг жиноий ишлари тўғрисида
мамлакат Президентига мурожаатлар қилиб келмоқдаман, лекин шу етти йил
давомида Президент мени эшитмади. Демак: Мамлакат Бош прокурори
жиноятчиларга қонуний чора кўриш ўрнига, аксинча уларни ўз ҳимоясига олиб
турган энг катта жиноятчи бўлса, мамлакат Президенти фуқораларининг дардини
етти йиллаб эшитмаса, бундай ҳолат Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари деган
тушунчанинг ўзи йўқлигидан далолат беради. Мен буни, ўз ҳётим мисолида кўриб
турибман. Мен бундай ҳолатга ўз норозилигимни билдираман ва дунё бўйлаб,
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат
қиламан!!!

БОШ ПРОКУРОР ҚОДИРОВ, ЎҒЛИМДАН ПАНЖАНГНИ ТОРТ!!!

Негманова Чамангул