Билмадим, не иш битирдим

Билмадим, не иш битирдим
85 views
24 April 2015 - 17:58

1Тошлар билан 
Кўнгил айтар, халқдан йироқ,
Кезсам, тоғлар-тошлар билан.
Ёзиғимни ёдга солиб,
Юзим ювсам ёшлар билан.

Кимни кўрсам, бир пешада,
Менинг кўнглим андишада,
Буюк тоғларнинг бошида,
Ўтирсам оғочлар билан.

Қари дунё, ол ичида,
Одамзот хаёл ичида,
Жаҳон галма-гал ичида,
Ҳар ким юз талошлар билан.

Аллоҳ ишқида сармастлар,
Дуч келмайди забардастлар,
Кўнгил парвоз этар, дўстлар,
Турмас, юз иложлар билан.

Кўп кўчаларда юридим,
Билмадим, не иш битирдим,
Гумроҳ бўлиб, йўл йитирдим,
Ўткардим бебошлар билан.

Бекор қўймай умр тахтин,
Уйғонтирсак, оймиш бахти,
Дуо қилиб саҳар вақти,
Нола қилсам қушлар билан.

МАХТУМҚУЛИ

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди