Непалдаги зилзила қурбонлари сони ортиб бораяпти

Непалдаги зилзила қурбонлари сони ортиб бораяпти
50 views
26 April 2015 - 13:57

nepal-1Непалдаги сўнгги 80 йил мобайнидаги энг кучли ер силкиниши оқибатида 1800 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 4000 дан зиёд одам жароҳатланган.

Вайроналар остидан тирик қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда, расмийлар қурбонлар сони янада кўпайиши мумкинлигини айтганлар.

Зилзила эпицентри Непал пойтахти Катманду билан Покхара ўртасида бўлган, силкиниш кучи Рихтер шкаласи бўйича 7,9 баллни ташкил этган.

Ер қимирлаши Ҳиндистон, Бангладеш ва Тибетда ҳам сезилган.

Жуда кўп бинолар ер билан яксон бўлган, йўллар буткул бузилган.

Айрим ҳудудларда мобил алоқа ҳам издан чиққан, Интернет фаолияти бузилган.

Бу нарсалар қутқарувчиларнинг ишларини мушкуллаштирмоқда.

Дунёнинг кўп мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар Непалга табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўмаклашишга ваъда берганлар.

nepal-2

АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон дори-дармон ва энг зарур эҳтиёж буюмларини юборишга ваъда берганлар.

Непалга ўз ходимларини юборишлари ҳақида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Оксфам, “Чегара билмас шифокорлар” ва Британиядаги “Насроний ёрдами” ташкилотлари хабар берганлар.

Бундай кучли зилзила Непалда 1934 йили кузатилган, ўшанда 8500 киши ҳаётдан кўз юмган.

Куни кеча рўй берган ер қимирлаши Непалдаги қатор тарихий бинолар, жумладан Дхарахара минораси, Дурбар майдонидаги қадимий ибодатхоналарни буткул вайрон қилган.

Зилзиладан кейинги биринчи тунни пойтахт Катманду яшовчилари кўчаларда ухлаб ўтказганлар.

Ер силкиниши Ҳимолай тоғларида қор кўчкиларига сабаб бўлган.

Бу пайт Ҳимолайдаги альпинистлар мавсуми ҳисобланади.

nepal-3

Эверест чўққисига чиқмоқчи бўлган альпинистларнинг базаси ҳисобланган жамлоқ икки қор кўчкиси ортида қолгани хабар қилинган.

Энг сўнгги маълумотларга кўра, 17 инсон ҳалок бўлган, 60 дан ортиқ киши яраланган.

Ҳалок бўлган 17 инсоннинг қайси мамлакат фуқаролари экани аниқлаштирилаётгани айтилмоқда.

Непал Альпинизм бирлашмасидан хабар қилишларича, кўчки пайти альпинистлар базасидан юқорироқда бўлган 100 киши тирик қолган, бироқ қор кўчкиси уларнинг ортга қайтиш йўлини қийинлаштирган.

17 альпинистинг ҳаётдан кўз юмгани Эверест тарихидаги энг ҳалокатли ҳодиса бўлган.

Ўтган йил апрелида қор кўчкиси оқибатида 16 нафар йўл бошловчи шерпа ҳалок бўлган эди.

Непал расмийларига кўра, альпинистлар база жамлоғида 1000 тача одам бўлган бўлиши мумкин ва у ерда ҳам қурбонлар сони ортиши эҳтимолидан хавотир билдирилмоқда.

Жароҳатланган альпинистлар шу яқин атрофдаги қишлоқларга етказилган, бироқ ёмон об-ҳаво қутқарувчилар ишини қийинлаштирган.

Манба: bbc.co.uk/uzbek