Туҳмат тоши ёхуд бир-биримизни асрамасак, бизларни ким асрайди?! – 3

Туҳмат тоши ёхуд бир-биримизни асрамасак, бизларни ким асрайди?! – 3
93 views
28 April 2015 - 5:40

maxresdefaultТўғри, “…ҳар гал бундай мақолалардан кейин дунё матбуотида Ислом Каримовнинг орзиқиб кутилган “ўлими” муносабати билан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли шов-шувлар ва ваҳималар, Ўзбекистон ҳаётига оид ҳар хил тахмин ва башоратлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетади”. Сабаби, нафақат ўзбекистонликлар, дунёдаги ўзбекларнинг ҳаётига бефарқ бўлмаган бошқа кимсалар ва мустақиллик зуғумидан жон сақлаш учун хориж ўлкаларга қочиб жон сақлаганлар ҳам ичкаридаги қатағонлардан, ишсизлик ва дарбадарликлардан чарчадилар. Президент ўзи қабул қилдирган қонунларни ўзи оёқости қилдириб юзини кети тагига босгач ундан нафақат Ўзбекистон фуқароларининг, бутун ер юзидаги эзгуталаб кимсаларнинг ҳавсаласи пир бўлди. Уни яхши-ёмон гап билан инсофга чақирмоқчи бўлганларнинг панд-насиҳатлари у учун эшакнинг қулоғига танбур чалганчалик ҳам таъсир этмаганлигини кўрган мухолифат, қай йўл билан бўлмасин, унинг жисмонан ҳалокатигина янгидан ислоҳатларга йўл очиши мумкинлигини англаб етди. Чунки президент Каримов такаббурлиги ва жоҳиллиги орқасидан мустақиллик инъом этган имкониятларни ҳам, бутун бир миллатнинг чорак асрлик умрини ҳам бой берганлиги бугунги кунда барчага маълум бўлиб қолди. У шунга қарамасдан, қўчқорнинг ташоғига тушган кана каби ўзбекка ёпишиб олди, унинг қони-жони билан озиқланиб, разолатни ва қабоҳатни ўзининг ва оиласининг умри мазмунига айлантирди. Ўзи бошлиқ ўзбек ҳукуматини фуқаронинг ғаму ҳасрати билан боқиб, миллатнинг кулфати эвазига мислсиз бойликларга эриштирди. У ўзбеклар учун йигирма биринчи асрнинг Зоҳаги тимсоли бўлди. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидаги Заҳок, унинг қаршисида ип эшолмай қолди. У риёкорлик дунёсида ҳукмбардорликни қўлдан бермаслик учун, ҳокимият тизгинини кутилмаганда измидан чиқариб юбормаслик учун янгича алдамчи усулларни ишлаб чиқди, ёлғон гапириш ва инсонларни қийноқларга тутиш бўйича тарихда янгича бир ўзига хос инқилоб ясади. Адолат билан разолатни битта қозонда қайнатмоқчи бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати тимсолида, ўзидан ўзга танимайдиган гибрит бир қиёфани яратди-ки, бу балойи азим охир оқибат, унинг ўзини эшак қилиб миниб, бурнини ерга ишқалашни бошлади. Фуқаронинг бошини берк кўчага тиққани етманидек, у ўзининг оиласини ҳам номсиз ва юҳо сиёсатнинг қурбони қилди. У икки қизи ва хотинининг олдида субутини йўқотди, невараларининг онгида лаёқатсиз ва шартаки чол тимсолида гавдаланди. Ҳокимият унинг эмас, у ҳокимиятнинг қулига айланиб қолди. Унинг бу ҳолати нафақат унинг оиласига, бутун ўзбек деган миллатга иснод олиб келди. Унинг тентаккона сиёсатидан хабардор ҳар бир кимса, дунёнинг ҳар жойида ўзбекка тентакка қарагандай қарайдиган, уни ота-боболари тарихда улкан тамаддунлар яратган бир миллат каби қадрламайдиган, ҳурмат-иззатини ўрнига қўймайдиган бўлди. Ўзбек кейиннги йигирма беш йилда, ҳам бировларнинг етимчилигини қилиб, ҳам миннатини кўтарадиган бир ҳаммолга айланди. У ўлиб-тирилиб қилган меҳнатлари эвазига туҳматларга учрайдиган омадсиз ва тақдири азалида шундай битилган иқболи паст, қандайдир бир тушунарсиз кимсага айланди. Ўзлигини намоён этиши учун Каримов режими томонидан имконият берилмаслиги, уни турган жойида чорак асрга депсинтириб қўйди, уни турғунликка, ҳақ-ноҳақ бошқаларнинг дашному ҳасратини эшитиб, биргина қорин ғамида яшаётган манқуртбашараликка маҳкум этди.

Яна, қамоқхоналардаги мазлумларнинг милёнлаган қариндош-уруғлари, бола-чақа, ота-оналарининг йигирма йиллардан буён яқинларини бориб кўриш учун қамоқхонама-қамоқхона юравериб, силлалари қуриди. Бу йўлда боридан айрилиб, икки бармоғини бурнига суқиб оч-наҳор ўтирганлар ким қанча, боласининг ёхуд эрининг доғида қон йиғлаб, кўзлари кўр бўлиб ўлиб кетганларнинг эса ҳисоби йўқ. Туҳматга учраб яқин бир авлоди қамалмаган ёхуд қайсидир қариндош-уруғининг қамоқхонадан ўлиги чиқмаган ўзбекни бугун на мамлакат ичкарисидан, на ташқарисидан топиб бўлади. Ўзбекнинг беш милёндан ортиқ энг сара йигит-қизлари мустақиллик йилларида руслар ва қозоқларнинг мардикорлигини этиб, ўзбекистонда қолган оиласини боқиш учун гулдек умрини ҳаволарга совурмоқда. Ватани ва мамлакати тараққиёти учун истеъдодини намойиш қилиш имкониятидан улар мосуво, миллатнинг келажаги барқарорлигини таъминлаш бахтидан улар узиб қўйилганлар. Миллат ва мамлакатнинг тақдири ўзбекларга ва юртга умуман алоқаси бўлмаган, шахсий манфаатидан бошқасини ўйламайдиган хўрдадонларнинг, разил ва худбинликдан бошқасига ярамайдиган Шавкат Мирзиёев ва Рустам Азимовга ўхшаганларнинг измида.

Мустақилликнинг илк йилларида мардикорлик қилиб умргузаронлик этиш учун тирикчилик илинжида ватандан хориж ўлкаларга чиқиб кетганларнинг кўпчиликлари неварали бўлди. Улар ғурбат ва машаққатли заҳматлар асорати билан ҳаловат кўрмасдан ёшлик йилларини елга бериб, қарилик жандасини кийдилар. Уларга ўғил-қизлари ўринбосар бўлиб етишди, беш-олти йил президент Каримов ўлмай чидаб берса, набиралари мардикорлик эстафетаси байроқчасини боболари қўлидан олиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Яқин икки авлод, бу дунёда мардикорчиликдан, хўрликлар ва зулмдан, азоб ва уқубатлардан бошқа нарсани кўрмай ўсди. Ўзбекистон бутун дунёга мардикор етиштириб берадиган фабрикага, Каримов шу фабриканинг мулкдорига айланиб қолди. Ўзбекнинг яъни (турк)нинг Фаробийни ва Аҳмад Ясавийни, Берунийни ва Аҳмад Фарғонийни, Темурбек ва Алишербеклардек арслонларини туққан аёллари, мустаққиллик пайдо қилган мардикорлар армияси сафларини тўлдириш учун йигирма беш йилдан буён жон бериб-жон олмоқдалар. Ўтган йиллар мобайнида бу қўшинда қарийиб йигирма милён ўзбекнинг йигит-қизлари мардикорликда аскарликни ўтаб, уйларига аксар ҳолларда майиб-мажруҳ, гоҳида турли-туман зўравонликлар ва баъзида кутилмаган фожеа қурбонлари сифатида, тобутларда қайтиб келмоқдалар. Бу жабҳа бошида ўзбекнинг зиёлилари, ўзбекнинг зиёлилари бошида қилич яланғочлаб мустабид Каримов турипди. Мана шу зиёлилар шахс бўлиб, бир мушт ўлароқ бир байроқ бўлиб, тоғлардан кўчган қоялардек ор-номусдан ғазабга келиб, қонхўр Каримов ва у бошлиқ жиноятчи ҳукуматни тилка-пора этиб ташлаш учун миллатни руҳлантирмасалар, ўзбекнинг оч-юпун болалари, Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов ва Муҳаммад Бекжон каби ўн минглаган ўғил-қизлари қамоқхоналарда қийноқларга тутилаётган бир замонда, фарзандлари доғида жигари тошга айланган ота-оналар президент Каримовнинг ўлимини кутмасдан, Яратгандан жаллодга бало-қазо тиламасдан, унга соғлик-саломатлик, узоқ умр тиларканми?! Бу ҳеч қанақанги мантиққа ҳам, инсоф-диёнатга ҳам тўғри келмайди-ку?! Ёхуд бу ҳолат қўзисини еган ёвуз бўрига қўйнинг раҳмат айтишидек бир нарса бўлиб қолмайдими, ахир?!

Товуқнинг катагига тумшуғини тиққан тулкининг думидан ушлаб осадилар, қўйлар сурувини оралаган бўрини топиб олиб ўлдирмагунча, чўпонлар ором нима, билмайди, айтиш жоиз бўлса, уларнинг кўзларига уйқу инмайди. Улкан бир мамлакат фуқароларини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан поракандаликка учратган, бутун бошли қадимий бир миллатнинг жасур ва ёвқур ўғилларини саралаб-саралаб, қамоқхоналарга тиқдириб, чорак асрдан буён сурункасига бўғизлаётган, қизларини қизларининг етовида фоҳишаликка мажбурлаётган, муштумдек гўдакларни етимга айлантириб зор қақшатаётган, дину диёнатига тинмасдан тажовуз қилиб келаётган бир насл-насаби бетайиндан бу миллат нима шарофат кўрипди-ки, унинг ўлимини кутиб яшамаса, унга жилла қурса шу йўл билан нафратини изҳор эта олмаса?! Ёки бу миллатнинг ўз нафси учун хиёнатни касб қилган баъзи бир зиёлилари наздида товуқ ёхуд қўйча ҳам қадр-қиммати йўқмидики, кушандасига илтифот кўрсатиш учун бу дунёга келган бўлса?!

Ёки ўзларини шу халқнинг зиёлиси, унинг жонкуяри санаётганлар, нима деётганларини чинданда билмаяптимикинлар?!

Шу кабиларни мулоҳаза қилиб, кимларга кунинг қолди, ўзбегим, дегилари, йиғлагилари келиб кетади, одамнинг. Тиш қисасан, муштларингни тугасан, осмон узоқ, ер қаттиқ…

Олдингдан тўлиб-тошиб дарёлар оқади, қўл узатиб бир коса сув олиб ича олмайсан, баҳорлар келиб, ёзлар кечади, қишдан бошинг чиқмайди… Сенга не бўлди, ўзбегим?! Сичқонлар сандиғингдан тилла ўғирлаб, гурумига тортади, сассиқ қўнғизлар сенинг “ҳотамитойлигинг” орқасидан тезак ўрнига бол думалатадилар. Сен эса, бир бурда нон илинжида ҳар кўчада сарсон-саргардонсан, чўтирларнинг ва қўтирларнинг тузоғига илиниб, ўзингнинг дастурхонингдаги Аллоҳ ризқ этган ноз-неъматлардан зиёлиларингнинг шижоатсизлиги ва ялтоқлиги туфайли мосувосан, хору зорсан, ўзбегим…

Ойлар, йиллар ўтаверади, ўзбекнинг муштипар аёллари туғаверади, туғаверади… Оналар тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат юраги остида кўтариб дунёга келтирган наслларни оталар ватаннинг озодлиги ва миллатнинг ҳурлиги учун боқиб улғайтириб, дину диёнатга тиргак бўлиш учун таълим-тарбия бермайдилар, уларга сизлар Туркистоннинг арслонларисиз, қозоқ қирғиз, туркман қорақалпоқ, тожигу уйғурлар каби шу муборак тупроқларнинг ҳақиқий эгаларисиз, шу қутлуқ заминнинг қўҳна тарихини асраб-авайлаш, келажагини муносиб ворисларга топшириш сизларнинг зиммангизда, сизлар дунёда ягона бўлган кўҳна Туркистонимизнинг тақдири учун бурчлисизлар, дея бир марта ҳам айтмайдилар. Болаларнинг қулоқлари оталарининг белидалигида Россиянинг ва русларнинг ўтмишдаги қаҳрамонликлари хусусидаги чўпчакларга тўлади, шуури ароқ билан чўчқанинг этига тўйиниб, эртанги кун машаққатлари ва мардикорчиликнинг оғир юкини кўтариш учун юкинади. Улар оналарининг қоринларига тушибоқ, Россия телеканаллари тўқиб чиқарган ёлғонларга, Ўзбекистон телеканалларининг президент Каримов Қундуз бобонинг алжирашларию, корейс сериалларининг пўртаналарига тутинадилар. Ёки эри ваҳоббийликда айбланиб қамалган ўзбек аёлларининг йиғи-сиғилари ва оҳ-фарёдларини ҳомилалигида эшитиб, қўрқув ичра мурғак жонларини ҳовучлаб ётадилар. Бу барча-барчаси президент Каримовнинг худбинлиги ва манфаатпарастлиги, жоҳиллигию, мустабидлиги орқасидан содир бўлади.

Шундай экан, ўғил-қизлари қамоқхоналарда қийноқларга тутилиб ўлдирилаётган ота-оналар, эрларидан ўн гулидан бир гули очилмай тул қолаётган келинчаклар, ҳали ота-она меҳрига қонмасдан етим бўлиб қолаётган ўзбек болалари, президент Каримов ўлса, нима учун севинмас экан, у ўлса, елкасидан тоғ ағдарилиб, зулм ва истибдоддан қутулганига шукуроналар ўқимас экан?!

Давоми бор
ЭРГАШ СУЛАЙМОН