Мусулмончилик президент Каримов ўйлаганидек эътиқодгина эмас, яшаш тарзи ҳамдир…

Мусулмончилик президент Каримов ўйлаганидек эътиқодгина эмас, яшаш тарзи ҳамдир…
41 views
29 April 2015 - 6:00

23«Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат» туркумидан

Мусулмонлар жамоа-жамоа бўлиб яшайдилар. Ҳар бир жамоа ўзига хос жажжи бир давлат. Ўз қонун-қоидаси, урф-удуми бор. Булар бари ислом руҳи, тартиботи билан боғланган. Каттага ҳурмат, кичикка шафқат – ақида. Ҳаммаси учун асос – Қуръон. Бунда табақа йўқ. Тангрининг олдида барча тенг.

Ҳар бир жамоанинг ўз мактаби, масжиди бор. Бир неча жамоада муштарак жомеъ масжиди. Сўнг мусулмоннинг ҳам олий мактаби, академияси ҳисобланган – мадраса. Мусулмон жамоаси учун 10 – 20 оила кифоя. Уни тақдир қайга элтиб ташламасин, мазкур тартиблар асосида бирлаша олади. Чунки мусулмончилик бу президент Каримов ўйлаганидек эътиқодгина эмас, турмуш ҳамдир. Шу сабаб уни “ютиб юбориш” ҳаддан ташқари қийин.

Мусулмонларни тенглик, озодлик, фан ва маориф заминида маънавий такомиллаштиришга ва у орқали бошқа халқлар билан тенг ҳуқуқли бўлишга эришиш лозим.

Шу аснода ўзбекларнинг ҳам шу ядро ичида битта байроқ остида бирлашишлари, бир муштга айланишлари лозим. Уларнинг ёрқин ғоялари ва аниқ мақсадлари миракизмчиларга маълум бўлиши керак. Буни ҳис қилган миракизмчилар, ҳали халқ ғазабга келмасдан, дунёнинг тўрт буржига тирқираб, қочиб кетадилар. Уларга сичқоннинг ини минг танга бўлади. Улар қанчалар ёвуз ва тубан бўлмасинлар, уларнинг қўрқоқ ва олчоқликлари ўтган йиллар мобайнида бутун дунёга ошкор бўлиб бўлди.

Бу ЎХҲ келган биринчи хулоса. Ўзбекнинг бошқа аҳли вафолари ҳам мана шу хулосага келишлари керак. Бу маънавий такомил ўзбек мусулмонларининг ўз тиллари, ўқув воситалари орқали амалга оширилиши лозим. Ғайрируслар учун мўлжалланган мактаблардан бирор натижа чиқариш мушкул. Гаспринский ҳам бир вақтлар шундай мактабларнинг тарғиботчиларидан эди. 6 – 7 йиллик тажрибадан сўнг ташлаб кетди. Шуларга кетаётган вақт ва харажат ушбу керакли билимларни мусулмон болаларининг ўз тилида ўрганишига сарфланганида самараси тамоман бошқача бўлишини, у ҳаммадан олдин тушуниб етди.

Ахир, кўзи боғлиқ одам атрофдагиларнинг кимлигини билмаса, улар билан қандай яқинлашиб кета олади? Ҳатто рус бошланғич таълими асли ўзаги биргина Малорусияда натижа бермаган бир пайтда, уни қандай қилиб татарларга (ўзбекларга) қўллаш мумкин? Сиз рус мактабларига тарбия ва маориф учун немис тилини жорий қилиб кўринг-чи, нима бўларкин. Энг сара ўқитувчиларни, энг замонавий воситаларни сафарбар қилганингизда ҳам кутилган натижага эриша олмайсиз. Рус тилининг ўрни эса “ғайрижинс” мусулмон мактабларида бундан ҳам аҳамиятсизроқдир. Русияда қудратга келган коммунистлар Русияда ночор бир аҳволда қолган бир пайтда, уларнинг ворислари бўлмиш миракизмчилар қандай қилиб Туркистоннинг юраги бўлмиш Ўзбекистонда замонлар синовига бардош бера олмаган усул билан бугунги кунда мувафаққиятларга эриша оладилар?

Масаланинг яна бир нозик томони бор.

Ҳар бир мусулмон эътиқод ва турмуш тақозосига кўра тўғри, ҳалол бўлишга интилади. У маърифатли бўлгани сайин бу хусусиятлари кучайиб боради. Лекин тақдир тақозаси билан у ёки бу чет тилини у ёки бу даражада ўзлаштирган айрим мусулмонлар етарли илмий заминга эга бўлмай, оврупочиликнинг зоҳирий томонларини илиб оладилар-да, умрларини зоеъ кетказадилар. Булар ўз қавмларининг яхши сифатларини йўқотиб, ўзгаларнинг иллатларини ўзлаштирган кишилардир. Улар, кўпинча, ёшликларида “ишқибоз”лик билан машғул бўлиб, кексайганда ўз гуноҳларини ювиш учун ҳаётдаги ҳар бир янгиликка, маърифат ва тараққиётга қарши оёқ тираб туриб олувчи олчоқ, юзсиз кишилардир. Исмоилбек мусулмонларнинг бундай хилини Русия мусулмонлари орасида ҳам, араблар, турклар орасида ҳам жуда кўп кўрди… Миракизмчилар бутун туриш-турмушлари ва шуурлари билан бунга бугунги кунда муккасидан кетганини, айтмаса ҳам бўлаверади…

Маърифатни тил эмас, билим беради. Мусулмонларнинг ҳаётини рус, инглиз тили эмас, энг осон, энг таъсирчан воситалар билан ўзлаштирилган илм-фангина ўзгартириши мумкин. Ва бунда асосий восита, Исмоилбек фикрича, анъанавий мактаб, мадраса бўлмоғи керак. Бошланғич мактаб ҳар бир мусулмон жамоасида бор. Мадраса ҳам етарлик. Эътибори ҳали ҳам баланд. Замонлар бўлганки, мусулмонлар ўз мадрасаларида ҳандаса каби ўнлаб зарурий фанларни ўрганганлар. Уларда жаҳоний олимлар мударрислик қилганлар. Уларнинг тор, икки қаватлик ҳужралари илм-фан оламининг қанчадан-қача кашфиётларига гувоҳ бўлган.

Қани ўша мадрасалар?

Мадрасалар бор, коллежлар, литсейлар бор. Илгариги фан, ғайрат, энг муҳими – рағбат йўқ. Бунинг сабаблари кўп, албатта. Шулардан бири анъанавий мактаб-мадрасаларнинг иқтисодий заминдан узилганлиги, яроқли дастурларнинг ишлаб чиқилмаганлиги, ҳукумат ва ота-оналар томонидан болаларнинг қулларча оғир меҳнатга жалб этилиши.

Мактабларни янгилашдан аввал ўқитувчиларни янгилаш керак, ота-оналарнинг ислом ва дунё ҳақидаги тушунчаларини бойитиш керак.

Шундай қилингудек бўлса, инглиз, рус тиллари ва фанига путур етадими? Ватан маърифати, умуминсоний маданият ютмайдими? Қанчадан-қанча англашилмовчиликларнинг, бахтсизликларнинг олди олинмайдими?

1882 йилнинг 30 августида Н. Остроумов бошлиқлик қилган Тошкентдаги Ўқитувчилар семинариясида йиғилиш чақирилади. Мавзу – ғайрижинс (инородец) мусулмонларнинг маорифи асосларини қандай принсиплар ташкил этмоғи керак? Маърузачи – М. А. Миропиев.

“Агар биз таклиф қилинган лойиҳани қабул этсак, – дейди маърузачи, – шу чоққача мудраб ётган мусулмон мутаассиблигини уйғотиб юборамиз ва бу билан кўксимизда илонни асраган бўлиб чиқамиз. Шу сабабли, – хулоса чиқаради нотиқ, – мусулмонларимиз маорифининг асосида уларни руслаштириш… исломни бузиш… умуман диний жиҳатларини бузиш… ётмоғи лозим ” (“Туркестанский сборник”, том 361, ст. 144).

Бу, миракизмчиларнинг шиори эмасми?

Маърузачи Тошкент Ўқитувчилар сминарияси 15 йилдан буён ерли аҳолини жалб қилолмаётганидан зорланди. “Бизнинг бурчимиз ерлиларни мактабимизни севишга, ҳурмат қилишга ва ишонишга мажбур этмоқдир”.

Давоми бор
Эргаш Сулаймон