Ўзбекистон инқилоб бўсағасида

Ўзбекистон инқилоб бўсағасида
101 views
03 December 2015 - 20:51

Karimov_IЁки ўлим билан олишаётган иблис малайи портрети

Араб тилидаги «қолаба» – «айланиш, ўзгариш, тўнтариш» маъноларини ўзида мужассам этган. Мазкур ўзак асосида ясалган «Инқилоб» сўзи бевосита «Сиёсий тўнтариш» маъносини ифода қилиши луғат китобларда келтирилган. Буни араб тили мутахассислар яхши билишади.

Албатта, биз айни пайтда тил қоидалари ҳақида баҳс этмоқчи эмасмиз – буни сезиб турибсиз. Гап Ўзбекистон инқилоб остонасига етиб келгани билан боғлиқ.

Каримов бошқараётган тузум ич-ичидан чириб, емирилиб бўлди. Бу исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатга айланди. Ҳукумат тузилмаларининг носоз фаолияти, раҳбарларнинг қўғирчоқ каби алмаштирилиши, ёлғончилик асосига қурилган «сиёсат» мамлакатни тамоман ҳолдан тойдирди.

Сиз ўлим билан олишаётган одамни кўрганмисиз?

Масалан, у тузалмас касалга дучор бўлса, ўлим нафасини ҳар лаҳза сезиб турса, ўзини қандай тутади?

Агар иймони бутун киши бўлса, Аллоҳ билан қовушиш лаҳзаларини интиқ кутиб ётади.

Агар у шайтон измидан юриб келган бўлса, унинг талвасаси энг қўрқинчли ва аянчли талваса бўлади. У яшаб қолиш учун жамики чораларни амалга оширишга ҳозирдир. Барча уколларни, таблеткаларни қабул қилади, керак бўлса, жарроҳлик столига қайта-қайта ётади, гоҳ золимона, гоҳ ялинч билан ўзини ҳаётда сақлаб қолишларини ёлворади. Унинг сўник кўзлари, касаллик сабабли захил тортган ранги, қорайган қовоқлари, доғли юзлари одамни даҳшатга солади. У ўлимнинг ўзи томон юриб келаётганлигини сезади, унинг назарида ўлим пошнали туфли кийиб келмоқда, ҳатто, қадам товушлари эшитилади: «тақ-туқ, тақ-туқ, тақ-туқ…»

Ва бу товушлар нақ унинг пешонасига урилади. Тепасида ўлимнинг совуқ нафасини ҳис қилади. Ўша пайтда у тушадиган даҳшат чоҳининг чуқурлигини ёлғиз Аллоҳ билади. Лекин ўша лаҳза сиз унинг кўзлари ва юзларидаги ифодани кўрсангиз, товонингизга қадар музлайсиз…

Ва у одам минг азоб ичида жон беради. Ва у барча дунёнинг осон азобларидан қутулиб мангу жаҳаннама азобларини тотгани йўл олиши муқаррар. Зотан, иблис измида кун кечирган кимсанинг ҳоли шу бўлажак.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати – Каримов ва унинг тузуми ана шу ҳолни бошдан кечирмоқда. Бу тузумнинг жони қабз этилажак онлар жуда ҳам яқин қолди. У инқилоб шаклди етиб келяпти. Инқилобнинг оёқ товушлари Каримовнинг юрагини улкан даҳшатга соляпти. Ўлимдан қутулиб қолишга уринган киши сингари ҳамма дори-дармонни қўллашга кўрсатма бермоқда.

Каримовнинг соғлиғи кейинги йилларда кескин ёмонлашгани айни ҳақиқат. Бу халқ кўз ўнгидан пана тутилса ҳам, тасдиқловчи бир қанча ошкора далиллар мавжуд.

Масалан, Каримов сайловдан кейин қасамёд тадбирида жуда бетартиб гапирди, жумлалари чалкашиб кетди, юзларида эса оғир касаллик асоратлари сезилди. У кучли уколлар сабабли оёқда 2 – 3 соат давомида туриб ваъз ўқиди.

Каримов Уфага борганда уни кутиб олиш жараёни Россия телеканаллари орқали намойиш қилинганда қуйидаги ҳолатлар кўзга ташланди: у самолёт зиналаридан жуда ҳам эҳтиёторона тушиб келди, кўзлари хиралашгани сабабли кўришга қийналар эди, йиқилиб тушмаслик учун ўта диққат билан қадам босди; мустақиллик байрами тантанасида рақс тушаман дея мункиб кетди; гоҳида эса атрофда нима бўлаётганини тушунмаётган гангиб қолмоқда; Наманганга қилган сафари чоғида эса айтадиган гаплари тугаб қолгани учун жумлаларини бир-бирига улаш учун қаттиқ қийналди. Чунки у бир неча марта бошидан ўтказган инсульт Каримовнинг фикрлаши ва ҳаракатланишига кескин таъсир кўрсатган.

Каримовнинг 2015 йил 7 ёки 8 декабр кунлари байрам нутқини ўқиши кутилмоқда. Балки бу сана 6 га сурилиши ҳам мумкин, нима бўлганда кузатадиганлар ундаги беморлик белгиларини яққол топа оладилар.

Каримов ўз ихтиёрида ишловчилари қўлида қўғирчоққа айланганига анча бўлган. Каримов қўл остидагилари уни ўз ҳокимиятларини сақлаш учунгина жон-жаҳдлари билан ушлаб туришибди. Шунингдек, улар Каримов ўлгач, ҳокимият бошқарувини ўз қўлларига олиш учун кескин кураш бошлаганлар. Каримовнинг ўрнини эгаллаш иштиёқидагилар кўп, бироқ уларнинг кучлари ўзаро тенг – ғолибнинг аниқланиши қийин кечмоқда. Қолаверса, Каримов қариб кучдан кетиб бораётган бўлса ҳам, узоқ йиллик тажрибаси сабабли ўз мулозимлари ўртасида турли фитналар, ўйинлар уюштириб турибди. Бу ҳам унинг ўрнига даъво қилаётганларнинг ҳамма ҳаракатларини чиппакка чиқармоқда.

Куни кеча Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга суиқасд қилинганида ўзбек ҳукуматининг қўли борлиги ҳали тўлиқ тасдиқланмаган бўлса-да – ҳолбуки, буни тахмин қилишга барча асослар етарли – шуни айтиш мумкинки, бу иш энди Каримовга эмас, унинг атрофидаги даъвогарлар учун кўпроқ керак. Чунки Каримов ўлгандан кейин ёки у ағдарилгач, Муҳаммад Солиҳнинг аввалдан мавжуд бўлган улкан мавқеи ва қолаверса, бугун ўзбек ёшлари ўртасида унинг обрўси ва таъсири ошиб бораётгани унга ҳукумат тепасига келиши имкониятини беради. Ўзбекистон халқининг катта қисми Муҳаммад Солиҳ қўл остида бирлашиш ва унинг йўлбошчилигида ҳаракат қилишга тайёр бўлиб турибди. Фақат Каримов режими ўрнатган қўрқув буни ошкор қилишга йўл бермаяпти. Халқ Каримов режими чок-чокидан сўкилиб бораётганин салгина билса, бас, ўзини эзиб келган ҳукуматни тезда ағдариб ташлайди.

Буни яхши билган бугунги Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳга суиқасд қилишга уриниши табиий бир ҳолдир. Шунингдек, унинг ўғли Темур Солиҳ ўз отаси каби миллий озодлик ҳаракатларини давом эттиришидан чўчиган тузум уни ҳам бирдан орадан кўтаришга ҳаракат қилаётгани бежиз эмас.

Бугунги кунга келиб курашлар кескинлашди. Ҳал қилувчи вазият яқинлашиб келяпти. Теран кузатувчилар ғалаба ҳар қандай ҳолатда ҳам Каримов ва унинг тузуми мухолифлари қўлида бўлиши эҳтимоли улкан эканлигини бемалол хулоса қила оладилар. Чунки Каримов ва унинг тузумида қарши курашадиган куч захираси тугаган. У ҳозир укол ва дорилар билан ўз умрини узайтиришга чиранмоқда.

Каримов ва унинг тузуми амалдан кетгач, бутун Республика ишини қайта шакллантиришга тўғри келади. Бу – оғир меҳнат, лекин ундан кўз юмиб бўлмайди. Бошқа чора йўқ. Қўрқмасдан, ғайрат ва шижоат ила, ҳалоллик ва самимий ихлос билан хизмат қилиш чин ватанпарварлик намунаси бўлажак, Худо хоҳласа!

Ана шу шароитда Ўзбекистон фарзанд бўлган ҳар бир инсондан тўғри қарорга келиш талаб қилинади. Ҳар бир ҳолатни теран ўйлаб, зулм ёки ҳақсизлик эмас, адолат ва Ҳақ тарафда туришга тайёр бўлинг!

Худо хоҳласа, яхши кунлар яқин қолди.

Хасан Али