Ушбу ҳодисага 14 йил тўлди: “Ўзбек шоири ва диссиденти Прага турмасидан сасланмоқда”

Ушбу ҳодисага 14 йил тўлди: “Ўзбек шоири ва диссиденти Прага турмасидан сасланмоқда”
69 views
07 December 2015 - 21:25
Муҳаммад Солиҳ, Прагадаги Панкрац турмаси, 2011 йилнинг 7 декабри

Муҳаммад Солиҳ, Прагадаги Панкрац турмаси, 2011 йилнинг 7 декабр

Панкрац турмасининг оқланган ҳужрасида ўз миллатининг буюк шоирларидан бири сифатида танилмиш бу киши оч бинафшаранг либос ва оёғига шиппак кийган ҳолда шалоқ бир стол ортида ўтирарди.

Юқорида тор дераза дарчасидан рутубатли осмоннинг бир парчаси кўзга ташланарди.

Унинг айби собиқ коммунист давлати бўлган Ўзбекистондаги яккаҳокимлик иқтидорига қарши чиққанидир. Унинг қисмати – бир пайтлар ёзувчи Ватслав Хавел коммунист полицияси томонидан ушланиб қамоққа ташланган айни қамоқхонада ўтириш, эндиликда жаноб Хавел томонидан бошқарилаётган мамлакатда сиёсий махбус бўлиш эди.

Марказий Осиё республикаларидан бирида демократик мухолифат лидери бўлган Муҳаммад Солиҳ ўтган ҳафта “Озод Европа” Радиоси таклифи билан унинг қароргоҳида журналистлар қаршисида сўзга чиқиш учун Прагага келганди.

Аммо у Ўзбекистоннинг авторитар президенти Ислом Каримов милицияси чиқарган ва “Интерпол” томонидан тарқатилган халқаро талабнома асосида Прага аэропортида қўлга олинди.

Ўзбекистон жаноб Солиҳни мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганидан олти йил ўтиб, 1999 йили пойтахт Тошкентда амалга оширилган портлашларга алоқадорлик гумони билан 15 ярим йиллик жазо муддатини ўташи учун эктрадиция қилинишини талаб қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъкидлашича айбловлар сохта бўлиб, жаноб Солиҳ қайтадиган бўлса, қамоққа ташланганидан сўнг қийноққа солинади ва ўлдириб юборилиши ҳам мумкин.

У қочқинликда бўлишига қарамасдан, “Эрк” ўзбек мухолифат партияси раисидир.

У Туркия ва Олмониядан хуфиёна чиқариб юборилганди, чунки унинг фаолияти у ердаги ҳукуматларга Каримов режими тарафидан босимларга сабаб бўлганди.

Ҳозирда у Ўзбекистоннинг ҳибсга олиш ҳақидаги талабномасини уч маротаба рад қилган Норвегияда истиқомат қилмоқда.

Жаноб Солиҳ Чехия Республикаси хавфсиз бўлишини ўйлаганди, лекин у чех бюрократиясини ҳисобга олмаган кўринади.

Полиция Ўзбекистон талабини Интерполдан шундоқ қабул қилиб олди ва ўз маълумотлар базасида қайд қилиб қўйди.

Жаноб Солиҳ паспорт назоратидан ўтаркан, унинг исми полиция компьютерида қизил чироқни ёқди ва у қўлларига кишан солинган ҳолда олиб кетилди.

“Бугун мен бу ерда Вацлав Хавелнинг ўрнида ўтирибман”, – деди жаноб Солиҳ енгил табассум билан.

Йўлакдаги қўриқчи: “Бу бемаъниликдир. Жаноб Хавел ва бошқа инсон ҳуқуқлари 77 Хартиясини имзоловчиларга ишора қилиб бу 77 Хартияси имзоланган кунларга қайтишдир”, – дея шивирлайди.

Жаноб Солиҳ қамоқхона ҳужрасида ўтираркан, Чехия суди уни Тошкентга экстрадиция қилиш ёки қилмаслик ҳақидаги қарор қилиш олдидан Ўзбекистондан юборилган ҳужжатларни кўриб чиқмоқда.

Чех лидерлари, собиқ сиёсий махбуслар ва ҳатто инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам жаноб Солиҳнинг қувғин қилиниши ҳақидаги фикрни кескин рад қилишмоқда.

Интерполнинг Прагадаги вакили Леиф Холберг давлатларнинг бошқа давлатлар томонидан жўнатилган талабномаларни инобатга олмаслик борасида мутлақо эркин эканликларини таъкидлайди.

Коммунист қамоқхоналарида беш йилини ўтказган президент Хавел жаноб Солиҳнинг депортация қилинмаслиги ва озодликка чиқарилишига ишончи комил.

Бироқ Конституцияга кўра, Президент Хавел фақатгина ҳукуматга жаноб Солиҳни озод қилиш ҳақида илтимоснома кирита олади. “Менда у ўтирган ҳужранинг калити йўқ, бу ҳолатда мен авф чиқара олмайман”, дейди у.

Жаноб Солиҳ ўзини сокин тутмоқда.

Ўзбекистонга юбориладиган тақдирда “мени ўлдириб юборишлари аниқ”, – деди у.

Жаноб Каримовнинг ҳокимиятига қарши қонуний мухолифат деярли мавжуд эмас. Бироқ унинг ҳокимиятига Афғонистонда жойлашган қуролли Ўзбекистон исломий ҳаракати таҳдид қилмоқда ва президент Каримов буни жаноб Солиҳ билан боғлашга ҳаракат қилмоқда.

Жаноб Солиҳ ўзининг исёнчилар ва портлашларга алоқасини кескин инкор қилган.

Президент Каримов Солиҳнинг борлигидан қўрқади.

Жаноб Солиҳ 1991 йилги президентлик сайловларида совет давридаги коммунистик партия раҳбари сифатида ҳокимиятни эгаллаб келаётган ва ўз муддатини беш йилдан етти йилга узайтириш учун февраль ойида референдум ўтказишни режалаштираётган жаноб Каримовга қарши курашди.

“Ҳатто мен Ўзбекистонга қайтиб уй қамоғида сақланган тақдирда ҳам бу унинг учун  таҳдид эканини Каримов яхши билади”, – дейди жаноб Солиҳ.

Марказий Осиёдаги миллиятчилик билан боғлиқ ўзининг кескин нутқларида Пруст, Жойс ва Кафкага мурожаат қилган жаноб Солиҳ ҳатто совет ҳокимияти даврида ҳам ўзбекларни мустақилликка чорлайди.

Ҳозирда у мўътадил исломга эътиқод қилувчи Ўзбекистоннинг Ғарб демократик ғоялари орқали ҳурриятга эришиши ҳақидаги фикрларини ифодаловчи мақоласи устида ишламоқда.

У ислом динининг Қуръонга асосланган ҳуқуқий кодексига ишорат қилиб: “Шариат Ғарбга кўчган, чунки Шарқдаги диктаторлар шариатни ерга уришди, шу боис биз ўзимиз истаган адолатни Ғарбдан ахтараяпмиз”, дейди Солиҳ.

Ўз навбатида, Прага қамоқхонасидаги ҳужрасида жаноб Солиҳ янги демократия ва коммунизм сарқити сифатида илдиз отган қоғозбозлик, Кафка тилга олган бемаънилик ва яна бир Чех классик адабиёти намуналаридан бўлган “Азамат солдат Швейкнинг бошдан кечирганлари”да тилга олинган ахмоқлик, масъулиятсизлик, бесўнақайлик ва “ёқимтойлик” ўртасида тутқунликда қолган.

7 декабр 2001 

09.12.2001, Питер С. Грин, Нью Йорк Таймс, 7 Декабрь