Бугун Муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни

Бугун Муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни
79 views
20 December 2015 - 10:51

Ўн йилнинг нари берисидаги икки табрик…

Жаллодларга қасдма қасд яшаётган мард ва жасоратли инсон…

Ватани ва халқига фидойи мухолифат лидери – 65 ёшда!

 КЕЧИККАН ДИЛ ИЗҲОРИ – 1

(18 декабрь 2004 йил)

..Ўзбекистонда бир шоир йигит бор эди. Ўзини яхши танирдим-у, ёзганларини яхши тушунмасдим. Юртнинг илғор фикрли кишилари унинг Ғарб услубида ёзилган бу шеърлари мавжуд тоталитар тузумга қарши исён эканини урғулашарди. Мамлакатда Қайта Қуриш ва ошкоралик бошланган кезлар Ўзбекистонда демократик кайфиятдаги, ҳур фикрли ёшлар аллақачон унинг атрофида тўпланиб улгуришган эди. Порахўрлик, пахта яккаҳокимлиги, Орол фожиаси ва иккитиллиликка қарши кураш каби сиёсий шиорлар атрофида бирлашган илк норасмий гуруҳларнинг ташкил топиши ҳам бевосита унинг иштироки билан боғлиқ.

Кейинчалик у Ўзбекистон мустақиллигини орзу қилган илк сиёсий партияларга асос солади. Шоирлигини ташлаб, сиёсат билан шуғулланишга мажбур бўлади. Мустақиллик унинг яккаю ягона орзуси эди. Бу йўлда у ҳатто ўлимга ҳам боришга тайёр эди. Давр ва замон унинг елкасига ана шундай улуғ вазифани юклаган эди. Лекин бу саъйи ҳаракатлари учун у коммунистик тузум ёрдамида ҳокимиятга келган янги раҳбариятнинг кучли босими остида қолади.

Афсуски, ўз Ватани озодлиги ва мустақиллиги учун курашган, унинг давлат сифатида шаклланишига муносиб ҳисса қўшган бу йигитнинг буюк хизматларини шу Ватан ва Давлат тепасида турганлар юзсизларча ўзлаштириб олишди. Таъқиб ва тазйиқлар боис муҳожирликка юз тутган ватанпарвар йигит учун Ватан дарвозаларини ёпиб қўйишди.

Яхшиямки, кўнгил йўлларига тўсиқ йўқ!

Мана ўн йилдирки, у мустақил бўла туриб озодлик нималигини билмаган, Давлат бўла туриб ўз ҳақ-ҳуқуқини танимаган шўрлик халқининг дийдорига талпиниб яшайди. Гарчи, бу гумроҳ халқ аслида ўз табиати ва ҳатти-ҳаракати билан ўзига хос ва мос ҳокимларга эга эса-да, барибир унга ўкиниб, талпиниб яшайди йигит.

Мустақилликни орзу қилган ва охир-оқибат мустақил Ўзбекистон давлатига асос солган бу фидойи йигитнинг хорижда – сиёсий муҳожирликда эрта-индин нишонланажак таваллуд куни боис менинг гуноҳкор кунглимдан кечгани шулар бўлди.

Фикру ғояси – юрт мустақиллиги, яшашдан мазмун мақсади – шу йўлдаги курашдан иборат бўлган бу йигитнинг номи – Муҳаммад Солиҳ!

55 ёш муборак, ака.

Эзгу-ниятларимни қабул этгайсиз.

Омон бўлинг.

Ҳурмат ва эҳтиром билан

Исмат Хушев.

18.12.2004

Исмат Хушев Солиҳ билан Прагада

Суратда:  “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” раиси Муҳаммад Солиҳ билан Прагада, июнь 2012 йил…

КЕЧИККАН ДИЛ ИЗҲОРИ – 2

(20 декабрь 2015 йил)

 1.

Бугун муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни!

Биз кечагина уни навқирон 55 ёши муносабати билан муборакбод этиб, ўзимизнинг эзгу ниятларимизни билдирган эдик.

Умр оқар дарё деганлари рост – шунга ҳам аллақачон ўн йил бўлибди.

Бугун Муҳаммад Солиҳ муборак 65 ёшга тўлди. Ўн йилдирки, мен оддий бир журналист ўлароқ, уни ҳар гал таваллуд куни билан қутлаб, муҳожирликдаги ярим ва шикаста кўнглини имкон қадар кўтариб, қўллаб қувватлаб келдим.

Лекин фаол журналист билан таниқли мухолифат лидерининг бу тоза ва самимий муносабатини кўролмайдиган кучлар ҳам бор экан. Ўн йилдирки, улар бизнинг орамизга нифоқ солишга уринишади.

Бир биримизга ёв ва ғаним қилиб қўйишга ҳаракат қилишади…

 2.

“Беайб – Парвардигор!” деганларидек, иғвогарларнинг бу уринишлари бирида бўлмаса, бошқасида баъзан натижа бериб қолган пайтлар ҳам бўлди.

 Чунки, Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” нашри ва Муҳаммад Солиҳнинг “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”  бугун истайсизми, йўқми – хорижда, мухолифат орасида энг олдинги ва илғор сафларда экани дўстга ҳам, душманга ҳам аён.

Қора кучларнинг ана шундай иғвогарона ҳатти ҳаракатлари самараси ўлароқ “Дунё ўзбеклари”да баъзан Муҳаммад Солиҳ шахси ва унинг сиёсий фаолияти керагидан ортиқча танқид қилинди, айтиш мумкинки, ғаразгўйлик ва аламзадалик билан ёзилган қатор мақолалар чоп этилди.

Бу ҳам етмагандек, Исмат Хушев керагидан ортиқча одобсизлик ва шакоклик қилиб, Муҳаммад Солиҳга ёзган шахсий мактуб ва матнларда унинг иззат нафсига тегиш ва баъзи ҳолларда асоссиз ҳақорат қилишгача борди.

Бу ўринсиз ғазаб ва маломатга эса ўша қора кучларнинг орамизни бузиш учун матбуотга ўта айёрлик ва маккорлик билан атай сиздирилган иғво, бўҳтон ва фисқу фасодлари асос бўлди.

Ана шу хато ва камчиликларни ҳисобга олиб, мен бугун Муҳаммад Солиҳдан ортиқча ҳаяжон ва ҳақоратларим учун очиқ ойдин узр сўрамоқчиман…

 3.

Илгарилари ўзбек мухолифати орасига нифоқ солиб, уларни бир бири билан қирпичоқ қилиш машқини яхши ўрганган бу қора кучларнинг ким ва қаердан эканини яхши билмасдим.

Хориждаги ўн йиллик аччиқ ва аламли муҳожирлик ҳаёти мен анча улғайтириб қўйди.

“Дунё ўзбеклари” сайти ташкил этилганидан сўнг эса, мен журналист ва муҳаррир ўлароқ энди бу қора кучларни яхшироқ ва яқинроқ билиш имконига эга бўлдим.

Мен бугун уларнинг кимлигини ва қайси нуфузли ташкилот номидан туриб иш юритишларини яхши биламан. Улар ниҳоятда айёр ва маккор, икки юзли ва икки сўзли, аслида эса – бир тийинга қиммат, саводсиз ва тайини йўқ сиёсий ўйинчи ва лўттивозлардир.

Улар, масалан, бир қўллари билан Исмат Хушев ҳақида аслида насл-насаби ва кимлигининг тайини ҳам йўқ қандайдир “Сергей” номидан шантаж ва тўҳматдан иборат матнлар эълон қилсалар, иккинчи қўллари билан уни ўша лаънати “Сергей” ёзган иғво ва бўҳтондан гўё ҳимоя қилиб, ажабтовур оқлов мақолалар иншо этишади.

Бу билан:  “Мана, биз сенга дўстмиз! Энди сен ҳам мана бу нарсани чиқаришинг керак!” деб юзсизларча ўз худбин ниятлари акс этган – иғво, шантаж ва интригадан иборат мақолаю,  “илтимоснома”лар йўллашади.

Агар улар бундан кейин ҳам ўз қора ишлари ва қилмишларини, фисқу фасод ва иғволарини давом эттирсалар “Дунё ўзбеклари” уларнинг асл башарасини очиб, ўзларини ва идораларини номма ном элга ошкор қилишга бел бойлади…

 4.

Нуфузли идора номидан иш кўрадиган бундай ярамас ва тутуриқсиз, тасодифий кимсалар – “Дунё ўзбеклари” уларга – асл ниятларини билиш учун, маълум муддат минбар берганидан фойдаланиб, ўзларини – хон, кўланкаларини эса – майдон деб билдилар.

Алал оқибат улар “Дунё ўзбеклари” муҳарририга: “Нимага асосланиб сўнгги мақолаларимизни чоп этмаётганингиз хақида бизга ҳисоб беришингиз шарт!” деб ҳукмдорлик қилишгача бориб етишди.

Яна ўша “Сергей” номидан ёзилган сўнгги мақолаларида эса: “Дунё ўзбеклари” олдин ҳукумат ва мухолифат ҳақидаги мақолаларни 50-50 қилиб нашр қиларди. Сўнгги пайтда фақат мухолифат фаолларига навбат бера бошлади. Нима бало, Хушев ўз салафлари билан уришиб қолдими? – деб лўттибозлик қилишади.

Ўзбекистонда уларга: “Сенлар ўзи кимсану, Тошкентдан туриб, Торонтодаги нашрга хўжайинлик қиласан, унинг йўналишини белгилайсан?” – дейдиган азаматнинг ўзи йўқ. Чунки улар ўзларини ҳамманинг устидан ҳукмдор деб ўйлашади.

Улар ўзларининг даврлари аллақачон ўтиб кетганини, бугун одамларни қўрқитиш ва шантаж қилиш, қолаверса, сиёсий интрига билан ҳеч ким ҳеч нарсага эриша олмаслигини эса, тамомила эсдан чиқардилар.

Бир сўз билан айтганда – андишанинг отини қўрқоқ қўйдилар! Нуфузли идорага бўлган ҳурматни – ожизликка йўйдилар!!!

 5.

Бугун Муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни!

Унинг 65 га тўлишини истамаган кучлар ҳам бор бу дунёда. Мен уларнинг ҳам кимлигини яхши биламан.

Агар улар ўзларининг бу жирканч ва манфур ниятларидан қайтмасалар, уларга қарши маҳкамада гувоҳлик берувчилар сафида энди журналист Исмат Хушев ҳам сўзсиз бўлади.

Унинг айтадиган гаплари эса етарли!

 6.

Бугун дунё катта жанг арафасида турибди.

Мен шу жангга руҳан тайёрман.

Сиз-чи?

 7.

Муҳаммад Солиҳни эса таваллуд куни билан чин юракдан табриклайман!

Чунки ҳаёт барибир давом этаверади…

8.

Қутловни эса Йўлдош Эшбекнинг қуйидаги шеъри билан якунлашни ихтиёр этдим:

Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп,

Бизни зафар қучажак.

Тепамиздан чарх айланиб,

Қалдирғочлар учажак!!!

Исмат Хушев,
Торонто шаҳри, Канада.
20 декабрь. 2015 йил.

Муҳаммад Солиҳ офисида

Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев  ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги офисининг учинчи қаватида (Дам олиш ва ижод қилиш зонаси), сентябрь, 2013 йил, Туркия.

Исмат Хушев оиласи билан Истанбулда

Суратда: Исмат Хушев оиласи билан Муҳаммад Солиҳ хонадонида, Туркия, Истанбул, сентябрь, 2013 йил…

саволлар

Суратда:  “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ хонадонида, сентябрь, 2013 йил, Истанбул.

Исмат Хушев Солиҳ билан Эдирнада

Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ билан Идерна шаҳрида…

Манба: dunyouzbeklari.com