Ойдин Солиҳ ҳақида хотиралар

Ойдин Солиҳ ҳақида хотиралар
222 views
22 December 2015 - 10:42

Aydin Salih 2009 Nisan KuzulukИнсон эртанги кунининг қандай кечишини билмас экан. Қозоғистонга ишга борарканман, у ерда бутун умримга татийдиган улкан бойлик билан қайтишимни билмаган эканман.

Чекка фермада бетон қуйиш билан бандмиз. Чойимиздан тортиб ичадиган сувимизгача бригадиримиз ташиб келтиради. Кунлардан бирида шамоллаб қолдим. Кечқурун бригадиримизга дардимни айтиб, таблетка келтиришини илтимос қилдим.

–       Мен сенга бошқача дори бераман, – деди у. – Таблетка бир ерингни тузатса, бир ерингни ушатади.

Кечқурун унинг тайёрлаган, бир оз тахир чойини ичдим. Тонгда бошқа бир нарсани дамлаб берди. Совуқ сув ичиб қўймасликни тайинлаб, ўзи қишлоққа, егулик олиб келишга кетди.  Қайтгач, яна бир қанча кўкатларни узиб келди. Ҳар сафар ичаётганимда “бисмиллоҳ”ни айтишимни тайинлаб турди. Хулласи иккинчи куни кечгача тузалиб кетдим.

Аммо унинг табиблигига қизиқиб қолдим. Қишлоқдаги синглимнинг касалини айтиб, маслаҳат сўрадим.

–       Биласанми, – деди у, – балки китобни ўқиб чиқарсан?

Шу тариқа мен Ойдин янгамизнинг китоби билан танишдим. Тушлик вақти, кечқурунлари  “Ҳақиқий тиббиёт” китобини варақлардим. Бригадиримиз ундаги кўп нарсаларни тушунишимга ёрдамлашди.

Икки ой бир зумда ўтиб кетди. Уйни ҳам соғинганмиз, Қозоғистон қонунига кўра икки ойдан ортиқ қолишимиз ҳам мумкин эмас. Хуллас, уйга қайтадиган бўлдик.

–       Мана шу китобни сотсангиз, ўзим билан олиб кетсам, – илтимос қилдим бригадиримиздан кетиш олдидан.

–       Чегарадан ўтказармикан… Ўзбекистонга китоб олиб кириш қийин дейишади.

–       Амаллаб олиб кириб кетаман.

У кишида китобдан яна бир нусхаси бор экан. Совға қилди. Раҳмат айтиб, олиб кетдим. Шу бўйи  Қозоғистонга қайта йўлим тушмади.

Ўз юртимизда эса шу кунгача китобни такрор ўқиймиз, фойдаланиб, даволанамиз. Ҳатто ҳамқишлоқлар номимни “Қурбон доктор” деб қўйишган. Ҳар қалайига, ундаги тақво ва даволаниш сирларини ўрганиб кам
бўлмадим.

Яқинда собиқ бригадиримиздан Ойдин янгамизнинг вафот этганини эшитдим. Жуда хафа бўлдим, аммо яна “бандалик”, деб ўзимни овутдим. Ўйлайманки, опанинг мана шу китобидаги ҳикмат, ундан фойдалана олганлар орқали келадиган савоб то қиёматгача бориб туради. Жойларини кенг ва нурафшон қилган бўлсин, илоҳим…

Таҳририятга келган мактуб