Конституцияда белгиланган бепул тиббий хизматдан фойдаланишимиз ёлғон экан-да?

Конституцияда белгиланган бепул тиббий хизматдан фойдаланишимиз ёлғон экан-да?
72 views
24 December 2015 - 5:00

MedicalҚизим Суннатова Камола шу йил коллежни тамомлаб уч томонлама шартномага мувофиқ ишга жойлаштирилишдан умидвор бўлиб июль ойида тиббий кўрикдан тўлик ўтган эди. Аммо уч томонлама шартнома сохта тузилганлиги боис ишга жойлаша олмай шу кунгача бекор қолди.

Йил охирида узоқ шикоятбозликдан сўнг яъни 20 декабрда унга мусиқа мактабидан иш беришмоқчи бўлганида тиббий дафтарчасидаги хато яъни кўрикдан ўтказган Кармана туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникадан терапевт хулосаси ёзилмаганлиги айтилибди. Мен бу камчиликни бартараф этилишини сўраб бош шифокор Фарход Ходжаевга илтимос билан чиқдим. У эса тиббий кўрик пуллик бўлгани ва кассага 49 минг 600 сум тўлашим кераклигини айтди. Мен эса 2 гуруҳ ногирони ва ёлғиз она сифатида 2 нафар фарзандимнинг ягона боқувчиси сифатида 226 минг сўм нафақа эвазига яшаб келаётганимизни, қизим хам коллежни тугатиб энди ишга жойлашаётганини айтиб имтиёзли ёрдам кўрсатилишини сўрадим.

Аммо унинг айтишича қонунда ҳеч кандай имтиёз йўқ экан. Сўнгра вилоят хокимлиги ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ишонч телефонлари орқали ҳам кўмак сўрадим. Улар ҳам худди шу жавобни беришди. Айни пайтларда мени мутлақо пул тўлаш имконим йўқ бўса, демак Конституцияда белгиланган бепул тиббий хизматдан фойдаланишимиз ёлғон экан-да?

Дилдора БОЙМУРОДОВА
мустақил журналист, Ўзбекистон, Навоий вилояти