Даҳлсиз Жиноят

Даҳлсиз Жиноят
110 views
29 December 2015 - 5:00

chamangul new - KopyaЎзбекистонда Бош Прокуратура назоратидан ташқарида тутиладиган жиноий фаолият мавжуд дейилса, эҳтимол, кўпчиликка қизиқ туйилар. Ахир, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги тамойили Ўзбекистонда ҳам амал қилади-ку.

Лекин, бу тамойилнинг муқобили ҳам бор, яъни, жиноятнинг даҳлсизлиги тамойили ҳам амал қилади. Шундай жиноятлар борки, айнан Прокуратура уларнинг даҳлсизлигини таъминлайди. Акахонлик жинояти ана шундай жиноятлар сирасига киради.

Президент маслаҳатчиси лавозимида бўлган Т.Иминов, ўзининг дўсти А.Фаттоховнинг жиноий кирдикорларига акахонлик қилиб, тўрт йил давомида халқнинг пулларини талон-тарож қилгани тўғрисида 2008-йилда маълумот берганман. Шундан бери Бош Прокуратура ҳаётимни остин-устин қилиб, қийин-қистовларда, таъқибу тазиқларда, ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга солиб келмоқда.

Нафақат менинг ҳаётим, балки ҳаётнинг бундай беаёв ва аччиқ тамонларини, ҳийла-ю, найрангларини ҳали билмайдиган, хаётга беғубор ва содда кўз билан қараб, катта хаётга қадам қўйиш арафасида турган ёлғиз беайб ўғлимни ҳам Бош прокуратура жиноят балчиғига белаш учун кенг кўламда иш бошлаган. Улар бундай ишларни ошкора ўз қўли билан қилмайди, балки бундай жирканч ва қора ишларини пинҳона бажарадиган ҳуфия тўдасидаги одамларининг қўллари билан қилишади.

Шу тўданинг битта вакили 58 уйда яшовчи ён қўшним буни ўз оғзи билан тан олиб айтган А.Ақилханова 2011 йилдан бери гоҳ ўзи, гоҳида бошқа қўшниларимга ҳам таъсир ўтказиб уларнинг қўли билан ҳар-ҳили туҳматларга асосланган жанжаллар уюштириб келади. “Бемаза бузоқ бутун подани булғабди” деганларидай маҳалламизга шу Анжелла кўчиб келдию, ҳамма ёқни остин-устин қилиб юборди.

Бош прокуратуранинг одамларга туҳмат қилиб жанжаллар уюштириш бўйича “етук мутаҳасис”и Анжелла 10-12 йилдан бери тинч яшаб келаётган қўшниларимни туҳмат асосида менга қарши кўрсатма беришига ундади ва бунга эришди ҳам.

Чап тамонимдаги 54 уйда яшовчи ён қўшним Ягишев Насим ошкора менинг кўз ўнгимда Анжелладан кўрсатмалар олиб “энди сизлар хаётда йўқ одамсизлар” деб бесабаб мен билан катта жанжал бошлади. Мен шу қўшним Насим мисолида кўрдим одамзоднинг бир юмалаб бошқа одам бўлиб қолишини.

Унинг ўша пайтдаги важоҳати-ю, оғзидан чиқаётган бепарда ҳақоратларини эшитиб наҳотки бу ўша мен билган қўшним Насим бўлса деб ҳайратга тушганман, уни бундай ҳолатда кўриб таниёлмай қолганман, у бутунлай бошқа одамга айланган эди.

Насимнинг ҳақоратларини диктафонга ёздириб олганман ва ДИАЛОГ тарзида Бектемир тумани ЖИБ судига, туман ИИБга ўз вақтида шикоят ариза билан бирга топширганман.

Улар зўравон ва безори Насимга қонуний чора қўллаш ўрнига аксинча менга ва ўғлимга уйдирма айибловлар тўқиб, бизга нисбатан “маъмурий иш” очиб бизни росса икки ой давомида судма-суд судраб сарсон-саргардон қилишди.

Шуни айтишса керакда “зўрнинг кети тегирмон юргизибди деб”. Буниси ҳали холва экан, чунки улар маъмурий ишда натижага эриша олмагач энди Бектемир тумани ИИБ ТБдан терговчи В.Тянь соҳта далиллар асосида “жиноий иш” очди.

Бунга яна ўша қўшним Насим бесабаб ўғлимни калтаклаб бошини ёриб, қизил қонига белаб, жиддий тан жароҳати етказгани бўлди. Буни исботловчи Республика нейрохирургия Илмий Марказининг маълумотномаси бор.

Бу ҳақда ҳам ўз вақтида 102 га қўнғироқ қилиб ёрдам сўраганман ва Бектемир ИИБга ёзма мурожаат қилганман. Натижада эса айибдор Насим чеккада қолиб, калтакланиб жиддий тан жароҳати олган ўғлимга уюштирилган соҳта далилларга таяниб “жиноий иш” очишди.

Эндиликда Бош прокуратуранинг ҳимоясидаги “обрўли” Т.Иминов тўғрисида интернет газеталарида бирорта хабарим чиқди дегунча, Бош прокуратура бизга нисбатан кенг кўламда ОВ бошлаб эртасигаёқ ўғлимга очилган соҳта жиноий ишни ҳаракатга тушириб бизни яна терговма-тергов судрашади. Нафақат ҳуфия қароқчиси А.Ақилханова, балки Бош прокуратуранинг олдида ҳисоб берадиган бутун ИИВ тизимларини оёққа турғазиб, биз она-болага қарши ташлашади.

Милиция хохласа эшигимни тепиб, тошбўрон қилиб, хохласа деворимдан ошиб тушиб ўғлимни мажбурлаб терговга олиб кетишга ҳаракат қилиб, хохласа уйимга келган одамга эшигимни очганимда пойлаб туриб, рухсатимсиз уйимга бостириб кирадиган бўлишди.

Нима эмиш зўравон Насимдан бесабаб калтакланиб жиддий тан жароҳати олган ўғлим АЙИБДОР эмиш. Катта жиноят қилибди ЖИНОЯТЧИ эмиш. Мен бу сўзларим билан ўзимиз тўғримизда айибсизлигимизни исботловчи баъзи далилларни келтирдим халос.

Энди эса Бош прокуратуранинг “обрўли” акахони бўлмиш Т.Иминов ва унинг дўсти А.Фаттаховларнинг “Акбар-Азизий” ва “Тошкент-12” ХК орқали Ўзпахтасаноатнинг пулларини “восита”чилик НИҚОБИ остида тўрт йил давомида ечиб олганини исботловчи далилий хужжатларни илова қиляпман. Айнан шунга ўҳшаш хужжатларни илгари ҳам Бош прокуратурага тақдим қилган эдим. 1997-2000 йиллар давомида Ўзпахтасаноатнинг пулларини бемалол талон-тарож қилиб бу иши билан “обрўли” одам бўлиб юрган Т.Иминовга ва унинг ҳамтовоғи бўлмиш А.Фаттоховларга нега шу бугунгача жиноий иш очилиб жавобгарликга тортилмаган?

Нега ўғирланган бюджет пуллари давлат ғазнасига топширилмаган?

Нима Т.Иминовнинг шохи борми??? Ёки Ўзбекистон пуллари Тохиржон Иминовнинг ОНАсининг маҳрига тушганми???

1. Бош прокуратура давлатнинг пуллари Т.Иминов ва Фаттаховлар тамонидан талон-тарож қилинганлигини исботловчи далиллар асосида исботлаб берилганига қарамасдан, саккиз йил давомидаги мурожаатларимни инобатга олмасдан, ЎҒРИЛАРНИ ЎЗ ҲИМОЯСИГА ОЛИБ, ошкора бу жиноятга қонуний чора қўлламасликларини айтиб, ҲАРАКАТСИЗ ТУРИШИ:

2. Бош прокуратуранинг КОНСТИТУЦИЯ КИТОБИНИ ОТИБ ЮБОРИБ, бу китоб асосида иш юрита олмаслигини маълум қилиши:

3. Бош прокуратуранинг Т.Иминовга қарши ЖИНОИЙ ИШ оча олмаслигини тан олиб айтиши:

4. Бош прокуратура таркибида ҲУФИЯ ҚАРОҚЧИЛАРнинг хизматидан фойдаланишнинг мавжудлиги:

5. Бош прокуратуранинг мамлакатда илдиз отиб авж олган КОРРУПЦИЯга алоқадорлиги:

6. Бош прокуратура тамонидан ҳақиқатни ёзган ёки гапирган фуқораларнинг ТАЪҚИБ ва ТАЗИҚга олиниши:

Юқорида санаб ўтганларим мамлакатни ИНҚИРОЗга бошловчи омиллардир.

Буларнинг ҳаммаси учун Бош прокуратура мамлакат ПРЕЗИДЕНТи олдида жавоб бериши муқаррар эканлигини билдиради! Президентга шахсан етказишнинг эса бир неча турлари мавжуддир…

Чамангул Негманова