Ўзбеклар армони

Ўзбеклар армони
71 views
01 January 2016 - 14:25

Karimov_kol(1-қисм)

Яҳудийлар ёки яҳудийларга ўхшаш бошқа баъзи бир қавмларнинг зоҳирларида феълларининг ижобий томонга ўзгарганини талқин  этиб, ботинан ҳеч бир замон этакларидаги зиддият тошларини тўкмасликлари, аксар мусулмонларга ғалати туюлади. Ҳатто, уларнинг ғашини келтириб, гоҳ бирларини ваҳшийлаштиради ҳам.

Мақсадлари йўлида уларнинг ҳар қанақа паст-баланд, яхши-ёмон нарсаларни писанд этмасликларини, аслан мақтовга сазовар демоқчи бўлсам, кўпчиликнинг менга бир хоинга қараган сингари ола қараши ҳам бор гап.

Буни мен тоқатсизликдан, исломнинг асосий устунларидан бири бўлмиш сабрнинг мусулмонларнинг тор ва биқиқ қалбларига сиғмай қолаётганидан, деб биламан.

Барчаси замирида исломни яхши англамаслик – яъни илмсизлик ва жаҳолат ётади.

Ҳақиқий билимлар униб-ўсиб, маънавий унсурлар мева бермаган шуур боғларида эса, ҳамиша оёқ ости қилинган ва чаласаводларча топталган чаманларнинг кўланкалари қалқиб, тирик жамоаларнинг ўлик руҳлари кезиб юради.

Аслида, ҳақиқатан ҳам Яҳудийлар ёхуд исломга тоқатсиз турли-туман жамиятлар – Аллоҳнинг мусулмонларга берган буюк бир неъматидир.

Чунки одамзод бу бекатга ўликдек узаниб ётиш, кайфу сафо қилиш, чексиз бойликларга эга бўлиш, ўзгаларга зулм ўтказиш ёки очофатлик этиш учун келмайди. Синов учун; ўзгаларга яхшиликлар соғиниш, ўзини ва асносида, бутун борлиқни яраган Зотни англаш баробарида, У туширган илоҳий пайғомларни бекаму кўст бажаришга тириша бориб, Жаннатига нойил бўлмоқ учун келади.

Абдурауф Фитрат айтмоқчи: Аллоҳ бандасини икки Олам саодати учун яратган. Мусулмон икки Олам саодатини қалбига жо-бажо қилолмадими, у исломни англамапди, мусулмонликни эплай олмапди. У энди икки дунё овораси бўлади. Ундан омад юз ўгиради, нимага қўл урса, барчаси замири пуч бўлиб чиқади. Пировардида, у бошига тушган яхши-ёмон ишларнинг ҳаммасини, ўзининг “доно”лигига йўяди. Шу йўл билан табора ўзининг аҳмоққа айланиб бораётганини кўра-била туриб, қусурларини ўзгалар тугул, ўзидан ҳам яширишга тиришади. Аммо, унинг ҳаётида ҳеч қачон ижобий томонга ўзгариш кузатилмайди. Жони ҳиқиллоғига келгач эса, чиқмаган жондан умид зайлида, ўзини аврай бошлайди. Эски арава сингари яроқсиз бўлиб қолган умрига ўзгача жозиба бағишлаш илинжида, ҳар хил баҳоналар қидириб топиш учун енг шимаради. Умр бўйи кўникмалар пайдо қилган чўкиндилардан бўлак, у қалбининг қоронғи бурчларидан ҳеч нима тополмайди. Арзирли бир нима қўлига илмагач эса, барчаси Аллоҳнинг тақдиридан, дея ўзини юпатади. “Бу дунё мусулмонга дўзах, кофирга жаннат” деган ақидадан ақли етгунча ўзи учун ҳикмат излайди. Кофирнинг жаннатидан мусулмоннинг бу дунёдаги дўзахи ҳам бир неча баравар кўркам бўлиши ҳақида эса, у ўйлаб ҳам кўрмайди. Оқибатда, шахсий ҳаётдан бошланган маънавий нурашлар, жамиятни ҳар ёндан олмага тушган қурт янглиғ кемира бошлайди. Фуқароларнинг Каъбатуллоси бўлган мамлакат турган жойида, Ўзбекистон сингари депсиниб, иллат юқумли бир касаллик каби қайтиб, ичга уради. Тоғларни ушлаб турган ер ости қозиқлари сингари жамият фаровонлиги учун ўта муҳим бўлган мустаҳкам оилаларнинг, бундан илдизларига қаттиқ зиён етади. Ўтмиш ва келажакни боғлаб турган фитрат ва фикрат ришталари узилиб, тарихий хотираларидан маҳрум бўлган одамлар, президент Каримовга ўхшаган миллат хоинларининг – яъни, “Қундуз бобо”ларнинг ёлғонларига маҳлиё бўлиб, Аллоҳ берган энг буюк неъмат – умрларини чорак асрлаб ҳам қуруқ елга совуриб юраверадилар…

Аслида ҳам ҳаммаси Аллоҳдан. Аммо, Аллоҳ амаллар рўёбини ниятга қараб беради. Ҳеч ким хурмо кўчатини ўтқазиб, хурмодан олманинг ҳосилини ололмайди. Буғдой эккан, буғдой, арпа эккан, арпа ўради.

Аллоҳ ваъдасида доимо собит. Президент Каримовга ўхшаб, У айтиб қайтаверадиганлар сирасига кирмайди.

У яккаю ягона, қудрати тенгсиз, раҳм-шафқати чексиз бир Зот.

Биргина, У барча нарсаларни билади.

Бутун борлиқ Олам У азалида яратган қонунлар асосида иш кўради. Унинг қонунларига тескари иш кўрганнинг ишлари тескари кетади.

Табиат ва жамиятда содир бўладиган сиёсий-иқтисодий инқирозлар, ички ва ташқи урушлар, тошқинлар, зилзилалар ва ҳакозалар барча-барчаси, шу боис ўртага чиқади.

Биз мусулмонлар эса, айниқса, аҳли Туркистон кейинги бир неча асрларда яратмишнинг қонунларига тескари бир алфозда, олдинга бир қадам ҳам ташламасдан турган жойимизда, депсиниб, суви қуриган ариқ устидаги чирик чархипалакдек беҳудага айланиб ётипмиз.

Каримовдай худо безори, ёлғончи, валади зино бошимизга ўз-ўзидан келмади. Аллоҳга ёқмайдиган қандайдир куфр ишларимиз бор-ки, у феълимизга ярашиқ аъмол берди…

Руҳни камолотга етказиш, мусулмон учун биринчи галдаги вазифа. Бу учун ўзини бедор санаган ҳар бир инсон, комиллик иштиёқи билан ёнмоғи лозим.

Комиллик – англаш ва хокисорликдан пайдо бўлади. Комилликка эришмасдан хокисорлик даъво қилмоқлик – гўллик, хокисорликни эплай олмасдан комилликка кўз тикмоқлик эса, манманликдир.

Яъни: “Ичиндаги ичиндадур.”

Эзгуликка бел боғламасдан, исломни таг-замири билан англаб бўлмагани каби, комиллик биноси – ҳақиқий билимлар билан қад ростлайди.

Адолат иши учун сурункали кураш ва ор-номус, инсонийлик шарафи учун руҳни қайралган қиличдек жиҳодга ҳар доим ҳозирлаб туриш – исломнинг қиёси йўқ жозибасидир.

Иймон билан қоришган билим ва собит ахлоқ эса, одамни темир қалъадек ҳар хил бало-қазолар, ҳийла-найранг, баднафслик ва паскашликлардан ҳимоя этади.

Комиллик сари қадам ташлаган мусулмон, ҳеч бир замонда душман иғвосига учиб, бошини тўғри келган тешикка тиқмайди.

Комиллик – аввалам бор, инсонга барча соҳалар тизгини бўлмиш, сиёсатни танитади. Сиёсатни танимаган одамнинг кўзларига бу дунё – жиловланмаган асов дарёга ўхшаб кўринади. У бутун умрини тенгсиз бир қўрқув ичида кечиради. Ваҳимадан юрагини ҳовучлаб яшаган мусулмоннинг маймундан тафовутланадиган жиҳати йўқ. У беш вақт намозни канда қилмасин, Қуръонни ёд олиб, ҳар кун назру ниёзлар қилмасин, барчаси беҳуда.

Сиёсатни англамайдиган одамлар, сиёсатни бир ўйин деб биладилар. Шунинг ўзи, мамлакат ва миллат келажаги учун катта хавфдир.

Сиёсат ўйин эмас, сиёсат – ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётини усталик билан бошқариши дегани, демакдир. Сиёсатни уққан фуқаро – ўзи тегишли бўлган жамият ва мамлакат аҳволига ҳеч қачон бепарво бўлолмайди. Уни англамаган одам эса, озодлик ва ҳурликни ҳам англамас. Яъни, сиёсат замирини англаган одам, гўзал бир умргузаронликнинг мукаммал формуласига эга бўлолмайди.

Сиёсатни тушуниш, гумроҳлик билан келиша олмасликдан бошланади. Бу учун одам ўзлигини англаши керак. Ўзини англамаган одам, иллатлар қурбонига айланади. Ҳаёти – футбол майдонидаги копток сингари сиёсатни ўйин деб биладиган улоқчиларнинг отлари оёқлари остида топталади.

Ҳар жабҳада ғалаба қозониш учун, бизга қарши тураётганларнинг қаршиликлари ҳаётий зарурат эканлигини, идрок этишнинг муҳимлиги хусусида, ҳаммага ҳам дабдурустдан гапириб бўлмайди. Аслида, қарама-қаршиликларни қучоқ очиб қаршилаш – мувафаққиятлар гарови, жонли ва режали бир сиёсатнинг амалдаги ҳақиқий кўринишидир.

Қарама-қаршиликлар, аслида одамийлик дунёсига қилинган бир марҳамат. Рақобатнинг қийматини тўғри баҳолай олмасак, яна минг йил ҳам итнинг кейинги оёғи бўлиб юраверамиз.

Мен эсам, ҳамиша дунёда шу қавмлар ўлароқ мусулмонларнинг омонсиз, қув ва айёр муносиб бир рақобатчилари борлигидан беҳад қувонаман, Аллоҳдан ҳушёрлигимиз кафолати учун бу қавмларни, токим Қиёмат қойим кунига қадар, соғ-саломат сақлашни ёлвориб, дуолар қиламан.

Уларсиз, бу дунёнинг ғариблигини англамоқлик не қадар бахт эканлигини, биз билганимизда эдик!…

Яна, уларсиз қаршиликка учрамасдан – танбал бўлишдан, қанотдан айрилиб, учолмай қолишдан қўрқаман. Мавлано Жалолиддин Румий айтганидек: Қанотим йўқ, вале қуш каби учгайман, дейиш учун ҳушёр бўлиш, тўфонлар ва ҳалокатлардан қўрқмаслик зарур.

Тирикликни ҳалокатлар таъминлаб турганини билганимизда эдик, биз ҳеч қачон ҳалокатлар панжасига тушмасдик. Президент И. Каримовнинг тириклар сафида юрган бир мурда эканлигидан ҳеч қачон шубҳага бормаган бўлардик. Унинг онгимиз ва вужудимизнинг тенг ярмини қамраб олганини билиб, ундан олдин ўзимизга қарши омонсиз жангга кирардик. Ундан ҳам олдин, ўзимиздаги сохтакорликлар ва ёлғонлардан нафратланардик.

Ҳолбуки, биз асрлар бўйи мунофиқликлардан, зулм ва хорликлардан фахрланиб яшаяпмиз…

Биз, қарама-қаршиликларнинг мантиғини унутганимиз учун ҳам, ўзимизни унутдик.

Борлиқ Олам, қарама-қаршиликлар асосига қурилган. Қарама-қаршиликлар йўқ экан, демак-ки тараққиёт ҳам, идроку тафаккур ҳам, қўйинг-ки ҳаётнинг ўзи ҳам йўқ.

Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳолати, бунга тўлиғича мисол бўла олади. Тўрт томон бўм-бўш, ҳеч бир нарсада файз йўқ, барокот йўқ. Кўчаларда йигирма олти йилдан буён, тирик одамларнинг ўлик руҳлари кезади.

Президент Каримов қабристоннинг қоравулхонаси эшиги олдида, мурда каби оқ кафанга ўралиб, чолғу ушлаб турипди. Ўнг томонида, шайтоннинг урғочиси бош вазир Шавкат Мирзиёев, ўнг томонида, ювғучи иқтисодиёт кушандаси Рустам Азимов. Орқасида, бош жаллод Миллий хавфсизлик раиси Рустам Иноятов ойболта ушлаб турипди. Уларнинг орқа томонидан ҳам, олдиларидан ҳам зулмлардан тўкилган қонлар – дарё бўлиб оқмоқда…

Чунки, ўлкада қарама-қаршилик – рақобат йўқ. Унинг ўрнида зулм ҳукмбардор, шунинг учун ҳам ёлғонлар ва мақтанчоқликлар кўнгил кўчаларида, кеча-кундуз, мурдалар каби кезиб юради.

Самимийлик ва ростгўйлик, бу мамлакатдан “Мустақиллик” шиори остида сазойи қилинган.

Биз тараққиёт манзиллари сари йўлга чиқмоқчи бўлсак, албатта зулм билан қарама-қаршиликнинг (рақобатнинг) бир-бирига яқин қўшни бўлса ҳам, бир-биридан тамоман ўзга бир нарса эканлигини тушуниб олишимизга тўғри келади.

Қонунлар ишламаган жамиятларда, қарама-қаршиликларнинг лаҳзалар ичида, рақобатдан юз ўгириб, зулмга бош уриши ҳам бор ҳақиқат. Қонунларнинг ишламаслиги эса, давлат бошида турган раҳбарнинг чаласавод ва эпсизлиги билан боғлиқ.

Рисоладагидай таълим-таърбия кўрмаган одам – кучсиз, жоҳил ва зўровонликка мойил бўлади. Кучсиз ва қўрқоқ одам ҳар доим чангалига тушган нарсасини бировларга олдириб қўймаслик учун ҳар қанақа пасткашлик, фитна, бетамизлик ва хиёнатлардан қайтмайди.

Рақобат тамойили шарофатидан коинот жисмлари тугул, танамиздаги ҳар бир ҳужайра, тинмасдан ҳаракатланади. Яъни Ойдин Солиҳ айтмоқчи: Бутун борлиқ Аллоҳу таоло тарафидан «ошиқ-мошиқ» тамойилида яратилгандир.

Шу учун тарозининг қарама-қарши палласида турган яҳудийлар ва бошқаларнинг, президент Каримов каби мустабидларнинг ҳар қанақа муносабатлари, сув ва ҳаво сингари бизнинг тараққиётимиз учун ўта муҳимдир. Уларнинг қай кўз билан бизга қараши, нима дейиши унча ҳам долзарб бўлмагани каби, бизларнинг уларга қай кўз билан қарашимиз, қайси қиррадан туриб, улар кўтараётган масалаларга муносабат билдиришимиз, кўпроқ аҳамиятга моликдир.

Яъни «манфий»(-) ва «мусбат»(+) мезонида.

Манфий — ўзига тортувчи, мусбат уни «тўлдирувчи» мақомидадир.

«Ошиқ-мошиқ» тамойили инсон зотида; аёлнинг бели атрофида, эркакнинг кўкрак суягининг бироз чап тарафида жараён этади. Қуръони Каримда (7/172-173)»…бели ва кўкрак суякларидан уларга зурёдлар яратдим» дея марҳамат қилинади.

Жамиятда бизнинг ўрнимиз қаерда, бизга қарама-қарши бўлганларнинг ўрни қаерда эканини, Аллоҳ Рўзи жазо куни, савол-жавоблар асносида ошкор этади.

Жаннатни фол боқиб бўлмайди. Жаҳаннам ҳар ерда ҳамиша нақд.

Мусобақада ким ютиб чиқади, Рўзи Маҳшарда маълум бўлади. Шу учун ҳам, Аллоҳнинг китоби Қуръони каримда келганлардан, ва Суннатдан бошқасига ишониш – ширкни туғдириши мумкин.

Яъни, сен ростанам, алаҳсираяпсан. У кетаётган карвон – аслида, бир туш. Туш, деб ўйлаётганларинг, аслида карвон бўлиши ҳам мумкин. Барчаси, чинданам, ўнгингда зоҳир бўляпди. Ёки туш кўяпсанми?!…

Қай биримизнинг «манфий»(-) ва «мусбат»(+) мезонида эканлигимиз ҳам Ўзига аён. Аммо, ҳар икки томоннинг бир-бирини тўлдирувчи, бир-бирининг тириклигини, мувафақияти ва инқирозларини таъминловчи мақомда эканлигини, астойдил тиришилса, англаб олиш унча ҳам қийин иш эмас.

 Демак-ки, жамиятлар аро қарама-қаршиликлар ҳам «ошиқ-мошиқ» тамойилида содир бўлади. Кўришга кўзимиз йўқ рақобатбардорлик – жамиятнинг илгарига босишини таъминлайди.

 Рақобатнинг душманлашувга олиб келиши, ёки рақобатнинг ўта сусайиб кетиши, жамиятни инқирозлар гирдобига олиб киради. Меъёр – ҳар бир нарсадаги сингари бу жабҳада ҳам ўта муҳимдир. Унинг — энергетик бирлашувни маромида ушлаб туриши, ҳар бир организмни соғлом ушлаб тургани мисоли, жамиятларни ҳам ҳар турли офатлардан асраб қолади.

Меъёр бузилган жойда, ҳамма нарса бузилади.

Аммо ҳар бир инсон каби жамият ҳам ўзича (манфийдан), Жаннатга (мусбатга) қараб йўнала олмайди. Буни амалга ошириш учун куч керак. Ойдин Солиҳ айтмоқчи: Ибодат — ўша кучдир.

Аслида, мен бугун бу нарсалар тўғрисида баҳслашмоқчи эмасман.

Мен, умуман бошқа бир нарса ҳақида, 2016 йилда рўёбга чиқишини орзулаётганим, ўзбекнинг асрлар асносида амалга ошмай келаётган армони хусусида хаёл сурмоқчиман. Ҳа, гапирмоқчи эмасман. Ёзишни эса, асло истамас эдим. Афсуски, гапирмас эканман, ёзмас эканман, бошқалар билан қандай қилиб хаёлотимдаги орзулар хусусида ўртоқлаша оламан…

Эргаш Сулаймон