Кафтдек ерда ҳали бир ҳовуч бўлган руслар…

Кафтдек ерда ҳали бир ҳовуч бўлган руслар…
34 views
06 January 2016 - 10:38
Коммунистлар Амир Темурнинг мурдасига ҳам тинчлик бермадилар

Коммунистлар Амир Темурнинг мурдасига ҳам тинчлик бермадилар

Ўзбеклар армони
(2-қисм)

Турон туркларининг яқин ўтмишдаги буюк давлатчилигининг асосчиси Амир Темур эканлигини ер юзида билмайдиган кимса бўлмаса керак. Мана шундай буюк бир давлат ҳам Амир Темурдек шижоатли ва қаттиққўл ҳукмдорнинг жони узулган дақиқалардан бошлаб, парчаланишга юз бурди. Бобоси ворис кўтарган набира шаҳзодани, бошқа темурий шаҳзодалар тан олмаганлар. Амир Темурнинг маййитини ўзи бино қилдирган Гўри Амир даҳмасига дафн этиш учун тобутни пойтахт Самарқандга олиб киришнинг ўзи минг бир машаққат бўлган.

Шайбонийхон қипчоқ даштларидан қилич кўтариб келиб, Туркистондаги сиёсий-иқтисодий ўприлишларга барҳам бермагунча, темирзодалар бир-бирлари билан қирда-пичоқ бўлишдан бир нафас ҳам тийилмадилар. Амир Темир ўлган кундан токим Шайбоний Туркистонни қайта бирлаштирган кунга қадар, у тиклаган салтанат емрилишдан тўхтамади, илгариги қўлга киритилган ғалабалар оловдан кул қолгани каби оғзиолалик шамолларидан ҳаволарга соврилди. Эришилганлардан хира хотиралар ва давраларда ёдланганда юракни ўртайдиган аламли армонлар қолди. Барчасини, президент Каримовга ўхшаган оч-юҳо, жоҳил ва жиззаки ҳукмдорлар сувга оқизди. Миллатнинг Амир Темур орқасида туриб, жангу жадалга отилганлари, адолатни – исломни дея қон кечиб, ширин жонларидан айрилганлари, Амир Темурнинг қўлидан бошқарув тизгинлари қочган онларнинг ўзидаёқ унутилди.

Темурзодаларнинг кўзларига миллат ва ватан, дину диёнат эмас, тахт, мол-давлат ва шон-шуҳрат кўринди.

Шайбонийлар сақлаб қолган Туркистоннинг катта бир бўлаги, токим учта хонлик пайдо бўлган йилларга довур, емирилмади. Шайбоний асраб қолган давлатчилик устунлари фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуларига, молу жонига соҳиб чиқа олди. Ўлкада, нисбатан тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурди. Улус ўша йилларда, дунё тараққиётига нисбатан турғунликда умргузаронлик қилган эсада, ҳар ҳолда эмин-эркин бир даврда яшади. Амир Темурдан кейинги даврдаги ва Мустақиллик йилларидаги кўргуликлар, ота-боболар бошига келмади, улар бизнинг кунларимиздаги сарсон-сагардоликларни, зулмлару қама-қамалари билмасдан, кўрмасдан ўтиб кетдилар.

Албатта, Хуросон тупроқларидаги Шоҳрухмирзо ҳукмдорлик қилган ўзбек (турк) давлатчилиги бундан мустасно. Темурийлар салтанатини маънавий ва маърифий жиҳатдан чўққига олиб чиққан Ҳусайн Бойқаро ҳукмдорлиги ҳам, Темур давлати сингари жуда ҳам юксакликлардан қулади. У юз тубан ер билан яксон бўлган бўлса ҳам, унинг камолотини Навоий ва унинг издошлари асарларидан ҳалигача дунё аҳлининг ҳис қилиб туриши эса, ўзбек миллати учун жуда ҳам қувонарлидир.

Бобур масаласида ҳам, фақат ва фақат яхши гаплар айтиш мумкин. Аммо, у Туркистон подшоси эмас, у Ҳиндистон подшосидир. У аросатда қолган қадим бир ўлкага катта маданият олиб борди, авлодлари назардан четда қолган ўлкани дунёнинг энг қудратли мамлакатларидан бирига айлантирди.

Бобур ўзбек адабиётининг буюк намоёндаси, у асос солган давлатга шоҳлик қилган темурийларларнинг амалга ошириб кетган ишлари, ўзбек маданиятининг катта бир бўлагидир. Яна, у ўзбек иқтидорининг, кутмаганда, башарият осмонида сурайё юлдузи каби порлаши мумкинлигининг навбатдаги исбот-далили ҳамдир. У тиклаган салтанантинг нисбатан умрибоқийлиги – ўзбекнинг давлатчилик соҳасида нималарга қодирлигини кўрсатади…

Шайбонийлардан кейинги уч хонликнинг қандай тугатилиши эса, ҳаммамизга маълум. Узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган бутун фожеалар ечими, коммунистларнинг бешафқатларча босқини ва золимларча қирғинбаротлари билан ўз ниҳоясига етди. Амир Темурнинг ўлими билан бошланган омадсизлик, охир-оқибат 20-асрнинг бошларида, батамом тугаб, миллат ҳаётида янги ҳалокатлар салномаси бошланди. Туркистон қолган-қутган сарватидан, ўтмишу келажагидан узил-кесил жудо бўлиш хавфи остида қолди.

Бир замонлар Тўхтамишни Амир Темур тор-мор этиб, кафтдек ерда ҳали бир ҳовуч бўлган русларни унинг истибдодидан қутқарган эди. Шу сабаб, шу кичкинагина халқ, атрофидаги турк қавмларини секин-аста юта-юта, бир қарич илонликдан беш юз йил ўтиб, буюк бир аждарҳога айланди. Ва ўзини қириб ташламасдан ҳиммат кўрсатган Амир Темур салтанатининг қолган-қутган бўлакларини ҳам, ер юзидан супириб ташлашга бел боғлади.

Бизларга ҳайвонларга ҳам раво кўрилмайдиган муносабатлар қилинадиган қаттол замонлар етишди.

Тарихидан узилган, дину диёнатидан айрилиб, руслаштиришга маҳкум қилинган халқнинг рус истилочилари бошига қўйган мустамлакачилик тоши, Горбачевнинг Ошкоралик шамоллари эсмагунга қадар, бир юз эллик йил минг йиллик қадрятларни босиб, айланаверди, айланаверди… Ошкоролик туфайли уйғона бошлаган эркин хаёллар – халқнинг танасини яйратганда, на унда тирик бир хотира, на-да унда бир келажакни қуриш учун аниқ режа бор эди. Асрлар бўйи сурункали давом этиб келаётган талофатлар, Туркистонни адойи тамом қилганди. Босқинчилар битган ёлғон тарих ва Ленин, Сталиндан бошқа бировни танимайдиган даражага тушган халқ, абгор бир ҳолатда эди.

Қуруқ иштиёқ билан янги бир жамиятни оёққа тиклаб, коммунистик билимларга орқа бериб, озод ва обод бир мамлакатни ўртага келтириб бўлмасди. Шунинг учун ҳам ҳамманинг кўзи “Бирликка”, унинг қонуний вориси ва навқирон давомчиси бўлмиш, “Эрк”ка термулган, миллатнинг бутун сарварлари Аллоҳга таваккал қилиб, Муҳаммад Солиҳга эргашган эдилар.

Миллат чалкаш, аммо ойдин йўллар бошида турар, унинг кейинги тақдири, бир неча йиллар, танланажак йўлбошчининг не қадар ҳолол-поклиги ва фидойилигига, эътиқоди ва шижоатига боғлиқ бўларди. Ўзбекистоннинг озодлиги ва ҳурлигини истаган ҳар қанақа одам, буни яхши англарди.

Аммо, ўшанда миллат узоқ хасталикни бошидан кечирган қувватсиз, мол-дунёсидан айрилган ночор бир кимса каби эди.

Қувватга кириши ва сарватларига соҳиб чиқиши учун, унга тадбиркор ва зукко, дунё тараққиётидан яхши хабардор, ҳам Туркистон тарихидан ҳамин қадар билими бор ишончли бир карвонбоши лозим бўларди. Асрлар асносида очиқ, аммо қуёшли кунда ҳам ҳеч қачон ёришмайдиган зиндонда қолиб кетган бир миллатни ойдин йўлга бошлаб чиқиш, ҳар кимнинг ҳам иши эмас эди.

Хуллас, ўзбек шу алфозда, ўзига сарбон қидирган бир соҳир карвон эди. У ҳурлигини тўлиқ қўлга киритиши учун ҳали тоғу тошлардан, қоронғи ва захчил ўрмонлар, сувсизликдан қақраган чўлу биёбонлардан кесиб ўтиши зарурлигини яхши биларди.

У, сарбонини топди. Бутун инон-ихтиёрини, унга икки қўллаб топширди ҳам.

Муҳаммад Солиҳ президенлик сайловида саксон фоиздан кўп овозга эга бўлди.

Ўзбек, ўзини ўзбек зиёлиси ҳисоблаб, миллатни яроқсизга чиқараётган баъзи кимсалар айтаётгани каби оми эмас эди. У дўсти ким, душмани ким эканлигини яхши биларди.

Аммо, карвон ичида хиёнат содир бўлди. Садоқати чинлигига ҳаммани ишонтириш учун, ўлиб-тирилиб, тиришиб юрган Ўзбекистон Компартияси бош котиби И. Каримов – Чўтирин Ҳароми Муллоқандий карвоннинг ҳуқуқларига, безбетларча хиёнат қилди. Ўзбекистоннинг қонунларини ер билан яксон қилиб, конституцияга очиқдан-очиқ тупурди.

Аслида, миллат буни кутган эди. Унга қарши чиқиш учун унда мажол, зулмга қарши бирлашиш учун етарли билимлар бўлмаганидек, унда ҳали айтарли малака ҳам йўқ эди.

Аросатда турган миллатни аросат чалди. Ёруғ ва нурли бир кунда, унинг мулкини қўрс ва пасткаш бир қароқчи талади. Аллоҳ унга қароқчининг ҳам бир мардини раво кўрмади. Тўрт асрлик поракандалик, зиёлиларнинг тинмасдан қатағонга учраб келгани, ўз ишини қилди. Халқнинг оғзи ошга етганда, яна бурни тошга тегди. Яна, Ислом Каримов тимсолидаги рус истибдоди ютиб чиқди. Зулм ва ҳақсизлик занжирларини узишга имкон туғилганда, яна миллат ичидан сотқинлар бош кўтарди.

Миллат ичида ўт юракли ўғлонлар жуда ҳам кўп эди. Улар ноҳақликка қарши бош кўтаришни истаганларида, уларни Муҳаммад Солиҳ йўлдан қайтарди. У қон тўкилишини истамади. Ҳақиқий озодликнинг маърифат билан олинишига ишонди.

Хуллас, Туркистоннинг ҳеч қачон уйғонишини истамайдиган атрофдаги катта давлатларнинг айтгани бўлди…

Тахтга, ўзбек миллатига тиш-тирноғи билан қарши, Туркистоннинг бутунлигини кўришга кўзи йўқ бир кимса, жуда ҳам осонлик билан ноқонуний равишда ўтириб олди.

Тўғри, у бошида ўзбекнинг Туркистон халқлари ўртасидаги тарихий ролини, деярли билмас эди. Билгач эса, бунга қарши у биринчи душман даражасига кўтарилди. У Ўрта Осиё Республикаларини иттифоқдош бир маконга айлантирмаслик учун, кеча-кундуз тер тўкди. Чегараларга тўсиқ қўйиб, қон-қардош халқларни бир-бирлари билан юз кўрмас қилишга бел боғлади.

Ҳолбуки, дунё бирлашаётган эди. Биз туркистонликлар ҳам европаликлар сингари битта иттифоққа бирлашсак, ўшанда бизга биров қаршилик кўрсатмасди. Бир-биримизникига эркин ўтиб-қайтиб, бир-биримизни тўлдирсак, бир-биримига кўмакдош бўлсак, асакамиз кетмасди.

Афсуски, тескариси рўй берди. Ишлар чаппасига кетди. Кўргуликлар бошида, Ўзбекистон президенти Ислом Абдиғаниевич Каримов турди. У қошу қовоғига қараб турган бошқа қардош Республикалар йўлбошчиларининг ҳавсаласини пир қилди. Қўл силтаб, ҳамма ўз йўлига кетди. Бу иши учун у ўз ҳомийлари томонидан тинмасдан рағбатлантирилиб турилди. Оддий кўзларга кўринмас талабгорлари, уни кеча-кундуз ҳимоя қилишга тушди. Уни қўриқлаш учун атрофига тиш-тирноғигача қуролланган жаллодларни юбордилар. Ўзи бошида туриб, қизлари билан ўғирлаган милярдлаган маблағларини хорижларга олиб чиқиб, яширишда, ҳомийлари мисли кўрилмаган қароқчиликларни амалга оширдилар.

Миллат, сурункасига чорак аср таланди, хорланди, дарбадар қилинди, қамалди, ўлдирилди…

Менинг ёзмоқчи бўлганларим, булар ҳам эмас. Мен ўзбеклар армони ҳақида айтмоқчиман…

Эргаш Сулаймон