Зулмнинг қиёфаси

Зулмнинг қиёфаси
29 views
09 January 2016 - 4:00

zulfiya qizlariФлюгер – шамол қайси тарафга эсаётганини кўрсатиб турадиган қурилма. Шамолнинг қайси тарафга эсаётгани ҳақида билиш учун тинимсиз шамолу бўронлар бўлиб турадиган жойларда флюгер жуда асқотади.

Туркийларда варрак учириш қадимдан кенг тарқалган ўйин: болалар айни баҳорда қирларга чиқиб варрак учиришган, ўзаро беллашишган, албатта, бу нарсаларнинг ҳаммаси ўз сабабиятига эга. Дейлик, варрак учириш билан кўнгил ёзилган, вақт қизиқарли ўтган, болалар осмондаги варракка узоқ вақт қараш билан кўзларини “чиниқтирганлар”, яъни кўм-кўк само бағрида жимитдек бўлиб турган варракни илғаш учун кўз томирлари “меҳнат қилади”, бу эса ўз-ўзидан “чиниқиш” дейилади.

Асосий мавзуимиз бу эмас. Гап флюгер ва варракнинг шамол йўналишига қараб ҳаракат қилишида. Чунки варракни тутиб турадиган нарса ип, флюгер эса айнан шамол оқими бўйлаб ҳаракатланишга мўлжалланган.

Одам боласининг феъли, агар у ўзини тарбия қилмаса, худди варрак ёки флюгер каби бўлиб қолади.

Бу қандай юз беради?

Ўзбекистонда Ислом Каримов совет даврининг “атоқли” шоираси Зулфия номида бир мукофот таъсис қилган. Бу мукофот фақат қизларга берилади. Мукофот эгалари турли шаклларда рағбатлантирилади, масалан, шоира қизлар, агар университет талабаси бўлишмаса, имтиҳонсиз олий ўқув юртига қабул қилинади, шапалоқдек қилиб шеърий китоблари чиқариб берилади.

Хўш, мукофотга номзодлар қандай сараланади?

Бир гуруҳ қизлар қалин-қалин папкалар ҳозирлаб ўз туман, маҳалла ва қишлоқларида хотин-қизлар қўмитасига элтишади. Қўмитада бу ишлар обдон “ўрганилиб” туман миқёсида бир нафар номзод вилоят босқичига ўтказилади. Вилоятда ҳар бир тумандан келган номзодлар ўзаро беллашадилар, бу ерда ҳаммадан устун келган қизалоқни финалга – Республикага ўтказишади. Финалда эса йилнинг “Зулфия” мукофоти совриндорлари аниқланади.

Қисқача жараён шу.

Албатта, финалга чиқиш учун қизларнинг ота-оналари беш-олти миллион сўмлаб пул кўтариб хотин-қизлар қўмитаси раисларига, ҳакамлар ҳайъатига қараб югуришлари ҳақида эзмаланиб ўтирмаймиз, чунки буни Ўзбекистондаги ит ҳам билади, итнинг танасидаги бит ҳам билади.

Мукофот совриндорлари учун қўйилган мезонлар қуйидагича:

• иложи борича камбағал ёки ўртаҳол оиладан чиқсин;
• жуда ўта чиройли ёки ўта ҳуснсиз бўлмасин – истарали бўлсин;
• шон-шуҳратни, ўзини кўз-кўз қилишни севсин;
• озгина бўлса ҳам, иқтидори бўлсин – бусиз қийин;
• мослашишга мойиллиги кучли бўлсин;
• агар бунинг ёнида уч-тўрт миллионми, беш-олти миллионми пул берадиган ота-онаси бўлса (мол ёки қўйларини сотиб, албатта) айни муддао.

Шу мезонлар асосида “Зулфия” мукофоти соҳибаси ҳам аниқланиб олгач, энди сценарийнинг асосий қисми бошланади: “Зулфияхоним қизлари” энди ҳукумат тадбирларидан сира ҳам бўшай олмай қолишади – ҳали у тадбирга, ҳали бу тадбирга бориб шеър ўқишлари, ўзларининг жуда бахтиёр авлод эканларини таъкидлашлари лозим бўлади. Телевидениега чиқиб шеър ўқишади, ҳар куни бу бизнинг муқаддас ишимиз дея шеър битишади. Уларнинг шеърлари, албатта, истиқлол, ватан ва юртбоши ҳақида бўлади, ора-сира ўлдим-куйдим деб ҳам у-бу нарса қоралаб туришади.

Ўша қизларни мукофот олгандан кейин таний олмайсиз – улар жуда ҳам саҳнабоп бўлиб кетишади. Сунъий равишда жилмайиб, ўзини ўта хокисор ва гўзал туйғулар соҳибаси қилиб кўрсатиб, ўргатилган нутқларни тўтиқушдек такрорлашда тенги йўқ тажриба тўплашади: “Истиқлол шарофати билан… бало-баттар… Ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар… Бахтли юртнинг бахтли фарзандиман… Яна бало-баттар…”

Бу қизларнинг умри шу тариқа ўтиб бормоқда. Уларнинг нафислиги, самимийлиги, ўта мусаффо туйғулари публикага мослашиш ортидан топталиб йўқолиб кетмоқда. Аммо, минг афсуски, бу қизалоқлар бу ҳақиқатни англамайдилар. Хаёлларида раҳбарларга хушомад қилиш, нима амр келса, сўзсиз адо қилиш, ҳар куни бисотларидаги сўзларни айлантириб янги шеърлар ишлаб чиқариш.

(Аслида, бу қизлар Зулфия ижоди ўртамиёнадан ҳам пастрок экани ҳақида билмайдилар ёки билишни истамайдилар…)

Бу ҳол фақат қизларнинг эмас, ёш йигитларнинг ҳам психикасида акс этмоқда. “Ўзбекистон белгиси” деган кўкрак нишони билан тақдирланган ёшлар фақатгина раҳбарлар айтган гапларни такрорлаб “яшайдилар”. Уларнинг онглари фақат бир мазмундаги гапларнинг турли синонимларини ясайдиган станокка айлантирилган.

Қисқаси, улар ўзларининг қиёфаларини йўқотадилар.

Яъни Ўзбекистон ёшлари ўз қиёфаларидан айрилдилар. Улар қиёфасиз инсонларга айландилар. Зотан, белгилаб қўйилган фикр чегараларидан ташқари чиқа олмайдиган инсонлар учун яна қандай таъриф бериш мумкин?

Наркотик моддаларни қабул қилишда аввало оз-оздан бошлаш керак. Чунки юқори дозадаги наркотик одамни ўлдириб қўяди. Каримов ўзбек ёшларини қўрқув наркотиги билан маст қилди.

Бугун ўз қиёфасини йўқотган навқирон авлод боши гангиб қолган, кўзига фақат ўз жони кўринадиган авлодга айланди.

Ватан, халқ, юрт каби тушунчалар қийматини йўқотди. Бу сўзларни шалдиратиб айлантиришмоқда.

Бутун мамлакат фақатгина бир хил жумлани такрорлайди.

Одамларга Ўзбекистонда Каримов золимлик қиляпти десангиз, қани зулм дейишади. Яъни улар зулмнинг қиёфасини кўрсат деб талаб қилишади. Улар нима учундир ҳамма моддий қийинчиликларни, тмамлакат идораларидаги бетартибликларни, ҳар қадамда “қулоқлар” изғиб юрганлигини, ўзаро ишонч йўқолиб, унинг ўрнига шубҳа-гумон эгаллаётгани ва шу каби минглаб ҳолатларни зулм деб қабул қилишмайди. Уларнинг фикрича, бу одатий ҳолдир. Ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида.

Бу каби эътирозлардан сўнг ўзим ҳам ўйланиб қолдим. Ва зулмнинг қиёфасини ахтардим. Бу қиёфани халқимга кўрсатиб қўйишим керак. Шунинг учун зулмнинг асл башарасини топиш учун ҳаракат қилдим. Ўзимча қуйидагиларни топдим:

Зулмнинг қиёфаси бўлмайди. У қиёфасиз бир балодир.
Зулмнинг қиёфаси – юртдаги одамларнинг ўз қиёфаларини йўқотишларидир.
Зулмнинг қиёфаси – қиёфасизликдир.

Бу фикрларни яна қисқача шарҳлашимиз мумкин: инсонлар жуда субутсиз бўлиб қолишди. Бир зумда фикрларини ўзгартирадилар. Қатъий бир хулоса устида турмайдилар. Сизга бу юз билан, бошқага у юз билан боришади.

Ичида зулмни, сиқилишни ҳис қилиб турса-да, ташқида Каримовни мақтайди. Ёки дардини индамай ютади. Агар норозилигини изҳор қилса, қўлига кишан солиб кетишларини билади.

Баъзилар намозхонларга бўлаётган тайзиқ сабабли ибодатдан воз кечиб ароқхўрликка ҳам берилиб кетишди.

Баъзилар ўз жонларини сақлаш учун дўстларини сотишди.

Мана шу қиёфасизлик бўлмай нима? Ахир, бу зулмнинг меваси эмасми?

Юртда зулм кезиб юргани учун ҳам кўнгилда минг ҳадик.

Масалан, Ўзбекистонда ўзгача фикр эгалари аввало қора рўйхатга олинади, сўнг кейин узоқ вақт кузатилади, бирорта қармоқ ташлаб илинтирилади, сўнг қамоққа боргач, калтак остида унинг бўйнига мингта айб юкланади, сўнг қўшимчасига бу айбларни “содир қилишда” кимлар шерик бўлгани ҳам “аниқлаштирилади”, яъни мушт ва тепки, турли азоблашлар ортидан бошқа бегуноҳларга ҳам жиноятчилик тамғаси босилади.

Буни ҳамма билади. Шу зулм эмасми? Ана шу рўйхатга тушиб қолмаслик учун одамлар ўзларини панароққа олишмоқда. Бойиб кетишдан қўрқишади.

Шу зулм эмасми? Ё бу ҳам камми?

Ўзбекистонда Каримовнинг қудратига, ақлу фаросатига ишонадиганлар жуда кўп. Уни ватанпарвар деб ўйлашади. У маънавият учун, қадриятлар учун курашяпти деб ўйлашади. Аслида эса Каримов исломга, миллатга душманлик қилаётганини хаёлларига келтира олмайдилар.

ТВда намойиш қилинаётган минглаб савиясиз қўшиқлар, ахлоқсизликни тарғиб этувчи фильмларнинг расмий намойишлари, масжидларнинг ёпилиши, дин уламоларининг сиқувга олиниши кабилар айнан Каримов сиёсати натижасида юз бераётгани ҳақида нима учундир ўйламайдилар. Айтилаётган гап бошқа – амалдаги иш бошқа экани ҳам тафаккур қилинмайди.

Агар қалбда шижоат бўлса, буларни кўриб турган шахслар халқнинг ҳақини талаб қилиши шарт эди. Минг афсуски, халқ ичидаги интеллегенция – шоирлар, олимлар, ижодкорлар бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб золим режимга қарши чиқишни ўйламайди.

Муҳаммад Солиҳ 1980 йилда “Буюртма” деган бир шеър ёзган:

Сиймо эмас,
Башара эмас,
Қиёфа сурати керак, унутманг.
Чўққига чирмашаётган одамнинг
Ҳақиқий тасвири керакдир менга.

Чўққида қўшиқ айтаётган,
Чўққидан қулаб тушаётган
Одамнинг табиий тасвири керак.

Севгига чалинган юракнинг
Турли ҳолатлардаги расми,
Ялинаётган тилнинг,
Фақат бир алфозда –
Ялинаётган пайтдаги сурати.

Мазкур шеърда рад этилаётган “сиймо” ва “башара” конкрет характерлар чизгисидир – сунъий равишда улуғлаштирилган, ўзини улуғлашга буюрган шахслардир.

Қиёфа эса чинакам инсоннинг, озод шахснинг портретидир. Бу Қиёфа чўққига чирмашади, чўққида қўшиқ айтади, қулаб тушса-да, у бундан қўрқмайди, чунки чўққига қулаб тушиш хатари бўйинга олиб чиқилади!

Муҳаммад Солиҳ шеърда касалга чалингани каби севгига чалинган юракнинг турли ҳолатдаги расмини талаб қилади, аммо тилнинг бир алфозда – ялинаётган шаклдаги суратини кўргиси келади.

“Севгига чалинган” юрак жасур бўлади, мард бўлади, агар у озодлик, эрк севгисига чалинган бўлса, уни енгиб бўлмайди!
Шоир ана шу юракни кўргиси келган.

Минг афсуски, бугун Ватанимизда – Ўзбекистонда бундай юракларни, чўққидаги одам Қиёфасини топа олмаймиз, минг афсуски, юртда буйруқ бераётган Тиллар ҳукмрон…

Флюгерлар ҳамда варраклар даври…

Хасан Али