Ўктам Пардаев суд залидан озод қилинди

Ўктам Пардаев суд залидан озод қилинди
36 views
12 January 2016 - 12:30

eca_nov_pardaev37 ёшли жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли ўз устидан бошланган маҳкама жараёнининг илк кунида суд залида озод қилинган.

Бу ҳақда унинг яқинлари кеча 11 январ куни кечқурун Фергана.ру интернет нашрига маълум қилишган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлган Ўктам Пардаев ўтган йил 15 ноябр куни ҳибсга олинганди.

Жиззахлик фаолга қарши айбловлар ўтган ой охирида расман илгари сурилганди.

У “ҳақорат қилиш”, “фирибгарлик” ва “пора берганлик”да айбланганди.

Ўктам Пардаев устидан маҳкама жараёни эса, шу ҳафта душанба куни Жиззах вилояти Дўстлик тумани судида бошланганди.

Фергана.ру интернет нашрининг хабар беришича, дастлабки маҳкама тингловидаёқ давлат қораловчиси судланувчига 7 йилу 8 ойлик қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Аммо, яқинларининг ушбу интернет нашрига айтишларича, суд Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан ўтган йил декабр ойида эълон қилинган амнистияга мувофиқ, Ўктам Пардаевни авф этишга қарор қилган. Фаол суд залида озод қилинган.

Ўзбекистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари фаоллари Ташаббус гуруҳининг бу хусусда тарқатган расмий билдиришномасида айтилишича эса, терговчи Ориф Анорбоев тергов жараёнида фаолга қарши илгари сурилаётган айбловларни исботлаши мумкин бўлган далилларни топа олмаган.

Гуруҳ раҳбари Сурат Икромовга кўра, “ амнистияга мувофиқ озод этилган эса-да, фаол, аслида, ишида “бирор бир жиноий унсур” бўлмагани туфайли эркинликка чиқарилиши шарт бўлган”. – “Чунки унинг ишида айбини исботлаши мумкин бўлган бирор бир далил йўқ”.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли орада кечган вақт давомида ўзига расман қўйилган айбловлардан бирортасига иқрор бўлмаган.

Ҳибсда экан, бу ҳақда Ўктам Пардаевнинг яқинлари давомий равишда билдириб келишган.

Фаолнинг ҳимоячиси, дўстлари ва ҳамкасблари эса, унга сурилган барча айбловларнинг “тўқима” эканини таъкидлаб келишган.

Қатор халқаро ва маҳаллий инсон ҳақларини ҳимоя этиш ташкилотлари ҳам Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олинишини тўғридан-тўғри унинг ҳуқуқбонлик фаолияти билан боғлашганди.

Орада “Хьюман Райтс Вотч”, Норвегия Ҳельсинки қўмитаси каби қатор халқаро ташкилотлар хос баёнотлар билан чиқиб, жиззахлик фаолнинг зудлик билан озод этилиши талаб қилишганди.

Фергана.ру интернет нашрининг ўзи имконли бўлган айрим маълумотларга таяниб хабар беришича, озод этишаркан, Ўктам Пардаевга уч йилгача инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш фаолияти билан шуғулланиши маън этилгани ҳам айтилган.

Аммо, худди шу ўринда нашрнинг ёзишича, бу каби тақиқнинг ёзма нусхаси ва унинг нимага асосланганига оид бирор-бир изоҳни, ҳозирча, қўлга киритишга имконли бўлишмаган.

Маҳкама залида озод қилинган айтилган Ўктам Пардаев ҳам, ҳалича, бу хусусда бирор бир муносабат билдирмаган.

37 ёшли инсон ҳуқуқлари фаоли Жиззах вилоятидаги порахўрлик ҳолларини фош қилган, пахта далаларидаги болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнати бўйича кузатув олиб борган.

У охирги ойларда маҳаллий ҳокимият томонидан босим ошгани ва ўзи мунтазам равишда кузатилаётганини билдирганди.

Аввалроқ унинг укаси Шароф Пардаев Би-би-си билан суҳбатида акаси ҳуқуқбонлиги учун ҳокимиятдагилар “қаҳри”га учраганини айтганди.

Ўктам Пардаев 2012 йилда ҳам ҳибсга олинган ва 15 суткадан кейин қўйиб юборилган.

У 2006 йилдан буён Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлиб ишлаб келган.

Ҳибсга олинишидан бирмунча аввал Ўктам Пардаевнинг хорижга чиқиш визасига оид сўрови рад этилган ва фаол мутасадди идоралар устидан шикоят қилиб, расман маҳкамага мурожаат этгани ҳам хабар қилинганди.

Ўктам Пардаев Ўзбекистондаги фаолият юритишига тўсқинлик кўрсатиладиган кам сонли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан биридир.

Манба: bbc.com/uzbek