Душман оёғи остида депсиниб ётган Ватан…

Душман оёғи остида депсиниб ётган Ватан…
25 views
15 January 2016 - 15:02

Madamin-bekАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ – 5

(давоми)

Тарих ҳижратнинг 536 йили қорахитой хони Гурхон билан султон Санжар Биноканд (Сирдарёнинг ўнг қирғоғида Оҳангарон сувининг қуйилиш жойида бўлган ўрта аср шаҳри. Кейинги номи Шоҳруҳия бўлган) яқинида тўқнашиб, султон Санжар қаттиқ енгилмиш эди. Бу урушда Санжар аскаридан 30 минг киши қурбон бўлмишдир. Шу билан бутун Мовароуннаҳр Санжар қўлидан чиқиб, 71 йил қорахитой Гурхон қўлида қолади. Сўнгра хоразмлик султон Муҳаммад Гурхон аскарини Бухоро, Самарқанд, Фарғонадан ҳайдаб чиқаради. Тароз Таласда (ҳозирги Жамбул) бўлган урушда Гурхон тарафдорлари қаттиқ енгилиб, бош қўмондони Тоянгу асир олинмишдир. Буни англагач, Гурхон Олмалиғ (ҳозирги Ғулжа шаҳри), Бешболиғ туркларидан ўз қўмондасида кучлик қўшин тузиб, кетган ерларни қайтариб олиш учун йўлга чиқади. Тароз ғалабасидан сўнгра султон Муҳаммад Тоянгу бошлиқ бутун асирларни олиб Хоразмга қайтмиш эди. Гурхон бу хабарни эшитиши билан бутун борлиқ аскарини унга қарши келтириб, яна Биноканд яқинида икки ҳукмдор қўмондонлиғи остидаги турк аскарлари энг қаттиқ жанг қиладилар. Бу урушда Гурхон тарафдорлари очиқ енгилган бўлмасалар ҳам, унинг аскарлари орқага чекинишга мажбур бўладилар; чунки бу орада Олтойдаги Найман туркларидан Тоянгухон ўғли Кушлукхон Гурхонга қарши орқа томондан ҳужум бошлаб, Олмалиғни олиб, Болосоғунга келаётган хабари онгланмиш эди. Бу чекинишда хоразмийлар орқадан тақамиш (таъқиб қилиш, изма-из қувмоқ) бериб, Тарозга етгунча қувғин қиладилар. Бу ерда ҳам Гурхон тўхтаб қаршилик кўрсатмагач, бу чекиниш уруш алдови бўлмасин деб, султон Муҳаммад шу ерда тўхталиб қолади.

Гурхон шу юрганича юриб Болосоғунга келмишдир. Қараса, қалъа қапқоқлари унинг юзига ёпилмиш эди, чунки бу ердаги ўғуз мусулмонлари Хоразмшоҳнинг Гурхон устидан ғалаба қозонганлигини онглашиб, унинг томонидан қўйилган шаҳар босқоқларини (ҳокимларини) ўзига қарашли кишилари билан қолдирмай ўлдиришиб, Султон аскарининг келишини кутишмоқда эдилар. Лекин уларнинг Гурхон ортидан ета келиб, душманга энг сўнгги зарбани бергудек кучлари йўқ эди. Шунинг учун ёрдамсиз қолган Болосоғун муcулмонларини, кўчманчи турк улусларининг ҳар туридан тўпланган қўшин билан келган Гурхон қаттиқ қамал остига олади. Қурол-жабдуқлари тўлиқ, уруш устидан қайтган, қизиққон, ўлжаларига етолмаган, қўллари қуруқ, оз бўлганда юз минг чамалик аскар қаршисида у замон шароитига кўра бир шаҳар халқи қандай чидаб тура олсин?

Қамалдан ўн олти кун ўтгандан сўнгра, оч бўридек очиққан кўп аскар куч билан кириб шаҳарни оладилар. Ўлжа асирлардан бошқа бу урушда мусулмонлардан 70 минг киши ўлдирилмиш эди. Шу билан Ўғузхондан қолган эски маданиятдан намуна бўлган, ўтроқ ўғуз туркларининг маркази саналган қутлуғ Болосоғун шаҳри ҳаёт оламидан кўз юммишдир. Чингиз даврига келгунча, Туркистон халқи ичида бундай қирғин бўлиб, кўп қон тўкилмаган эди. Бу шаҳар ҳозирги вақтгача (1966 йил) ўзининг ўтмишдаги шонлик шарафининг таниқли белгилари бўлган Оқпешин, Тўрткўл, Бурона ҳаробаларини қолдирмишдир. Бу ерда. ноҳақ тўкилган қонлар эгалари Бурона минораси орқали ҳануз шаҳодат бармоғини кўтариб, ўзларининг исломиятларини сўнгғиларига билдириб турадилар.

Бутун турк улусининг энг эски маданиятли адабий тили ҳисобланган «Қутадғу билик» (Қут отлиқ билим) китобини ёзган Юсуф Хос Ҳожиб шу Болосоғунлик эди. Ислом оламида шуҳрат қозонган машҳур луғат китоби «Сихох Жавҳари»ни арабчадан форсчага таржима қилгувчи Жамол Қарший ҳам шу Болосоғунлиқдир. «Тарихи Рашидий»нинг эгаси Мирзо Муҳаммад Ҳайдар кўрагон, бир вақтлар Болосоғунда юзлаб китоб тасниф қилгувчилар бўлганлигини шу тарих китобида ёзмишдир.

1908 йили Болосоғун ҳаробатидан ўн беш чақиримча шимолда, ҳозирги Тўқмоқ шаҳрида бир қабр тош топилган эди. Ундаги арабча хатни ёшлигимда ўзим ўқиб чиқарган эдим. Орадан 60 йиллик узоқ вақт ўтган бўлса ҳам, мазмуни ёдимда қолмишдир. Шу қабр эгаси ўз замонасида энг улуғ олимлардан бўлиб, бир неча китоблар тасниф қилганлиги, ёши ўттизга етмай туриб, 500-ҳижрийда шаҳид бўлганлиги маълум бўлади. Бу тошдаги бутун хатларни ёзиб олишга қизиққан бўлсам ҳам, унга улгуролмай қолдим, чунки у тош Тўқмоқдаги тунгон бойларидан бўлган Маҳаммаджон Писангўй уйида сақланур эди. Одат бўйича, мусулмонларнинг байрам кунлари уларни табриклаш учун руслардан бир неча шаҳар бошлиқлари келмиш эканлар. Киши кўнглига қизиқарлик, кўриниши ҳайкал мисоллиқ бўлиб, уйнинг токчасида турган бу тошга уларнинг оч кўзлари тушгач: «У нима?» деб сўрайдилар. Маълумот топгандан сўнгра: «Буни биз оқ подшоҳнинг музейига юборамиз», деб олиб чиқиб кетган эканлар. Шундай қилиб, бошқа нарсаларимиздан ажралганимиздай, бундан ҳам ажраб қолганмиз. Йўқ эса, тошнинг бош оёғигача бўш ўрин қолдирмай, анчагина тарихий сўзлар ёзилмиш эди.

Ҳар ҳолда, боши Иссиқкўл, оёғи Мерки, етти-саккиз кунлик йўл бўйлаб туташган ҳаробалар, узун йиллардан бери булардан чиқаётган эскилик тарихий асарлар, ўз даврида бу ерлар маданий ўтроқ ўғуз туркларининг ободон шаҳарлари бўлганлигини исботлайди. 1960 йилларгача совет ҳукуматининг эскилик изловчи қазувчилари кўп нарсалар топган, жумладан, Оқпешин ҳаробасидан бир хум тўла китоб, яна Бурона атрофида бир қудуқ ичидан исломдан илгари энг эски туркий хати билан ёзилган бир китоб ва ҳам бир неча тарихий асарлар топганларини шу ерлик кўрган кишилар бизга сўзладилар.

1965 йили Тўқмоққа борганимда ўтганларни эскариб руҳига дуо қилиш учун Болосоғун ҳаробасига чиқдим. Ерлик кишиларнинг айтишларича, шу йили колхозчилар ер ҳайдаб юрганларида бир хум олтин топмиш эканлар, ўзаро келишолмасдан, барини ҳукумат олиб ўзлари қуруқ қолибдилар. Яна, Тўқмоқ бозорининг қаршисида, Чуй сувининг у томони Шўртепада, Гурхон қорахитойдан қолган бир сапил (тупроқ қўргон, қалъа) бордир. Иккинчиси, бундан кун ботиш тарафига қирқ чақиримча тубанроқ, чўнглиги (катталиги) унга неча баробар келгудек яна бир сапил бўлиб, ўз вақтида шаҳар қўрғони эканлиги очиқ кўриниб туради. Манимча, босқинчи Гурхондан қолган ерлик асарлардан Эдиқут ўлкасида шу икки сапил ҳаробаларидан бошқа бирор нарса қолганлиги маълум эмас. Бироқ ўзлари билмасалар ҳам, шу кунга давр халқ оғзида икки оғиз хитой сўзи бириси домла, иккинчиси шийпонг сақланиб қолмишдир. Аввалгиси чўнг мулла, кейингиси зиёфат уйи демакдир.

Шу кунларда бу ўлканинг жанубий томонида қирғиз, шимолий томонида қозоқ турклари яшайдилар. «Тарих ал-Комил»да қирғиз турклари арабча тағарғар аталмишдир. Бу китобнинг айтишича, исломдан тахминан бир икки юз йилгина кейин шимолдаги мўғул ва бурят каби кучлик турк уруғларининг чопулларига (ҳужумларига) чидаёлмай қирғизлар жануб томонга чекиниб, Эдиқут ўлкаси Болосоғун тоғларига тарқалмиш эдилар. Сўнгги кунларда уларнинг уруғлари ўсиб, сонлари кўпайгач, кўчманчилик одати қўзғалиб, шимолдан қувғин еб келганлари эсидан чиқиб, ўтроқ ва замонасига кўра маданий ҳисобланган ўғуз турклари устига кўз очирмай чопул қилгали турдилар. Кучлик қуролга эга бўлмаган шаҳар халқи уруш майдонларида ҳар вақт дала кўчманчиларидан енгилишлари одат ҳукмини олмишдур. Бунинг сабаблари ҳар кимга тушунарлик бўлганликдан, ёзиб ўтиришни лойиқ кўрмадим.

Шунинг учун Болосоғун халқи ўзларини қирғизлардан мудофаа қилолмай янгидан отоғи эл ичида тарқалаётган Олмалиғдаги қорахитой Гурхонга тобун (фуқароси, тобе) бўлишиб, уни чақиришга мажбур бўлдилар. Хитой халқидан адолат узулмайди деган халқ оғзидаги ёлғон довруққа алданишган Болосоғун халқи бўридан қочиб, қассобга йўлиққан қўй каби бўлмиш эдилар. Чунки қирғизлар қандай бўлса ҳам ўз қариндошлари эди, булар билан яраш чораларини излашнинг ўрнига, бошқа бир ёт миллатни чақиришлари ўз Ватанларига хиёнат қилмоқ демакдир. Бундай янглиш сиёсатлар натижасида ўз ҳокимиятларидан ажраб, қуллик занжирига гирифтор бўлган халқлар тарихда кўплаб учрайди.

Мўғулча Моқул болиғ аталган Болосоғун шаҳри тўғрилик бу кунгача мен кўрган тарихларнинг ҳеч бирида бирор оғиз сўз бўлса ҳам учратолмадим. Турк бешиги аталган бу ўлка уйғур ўғуз элини ўз қучоғида саклаб бутун дунёга танитган эди. Шундай қутлуғ она Ватанимизни, жаҳолат орқали ўз болалари ётларга бостириб, унинг шонлик шарафини эсларидан бутунлай чиқарган эдилар. Юзларча эмас, мингларча йил ўтган сўнггида бўлса ҳам, мен унинг энг кенжа ўғлони бўлганлигимдан, ўз улуси томонидан бутунлай унутилган онамизни эскардим. Узундан бери кўнглимда йиғилиб ётган бу ҳақдаги тарихий сўзларимни, кўп йиллар давомида тўплаган маълумотларимни келажак бўғинларимизга билдириш учун, бу ўринда ёздим ва шеърият сўзларимга шиор қилиб Соғунийни танладим. Қобуси (пайти, фурсати, ўрни, вақти) келар экан, ёт душманлар оёғи остида депсалиб ётган она Ватанларини эскарсинлар!

Шундай қилиб, Болосоғун воқеасидан сўнгра, Гурхон ўзи ҳам кўп яшаёлмади. Давлатни сақлаш учун ўз душмани Кушлукхонга қизини бериб, уни куёв қилган бўлса ҳам, яна мақсадига етолмади. Унинг пойтахти Олмалиғ ўлкасини атрофи билан Кушлукхон эли Найман турклари бузиб, ёриб, ўлдириб, чопиб, ер билан бир текис чолдевор қилдилар. Сўнгра Кушлукхон аскари билан Уйғуристонга ўтиб, Ёркент, Хўтангача ҳукмини ўрнатган бўлса ҳам, сўнгги кунлари Чингизхон юришига тўғри келганлиқдан унинг амри буйруғи билан ўлдирилиб, давлати шу билан тугамиш эди.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Тўқмоқдан чиққач, тўғри шарққа қараб Чимқўрғон, Буролсой, Елариқ, Тойғоқ, Майдонтол, Қувоқи орқали юриб Қорағов Қўчқорга тушдик. Бу ердан юрганимизча орада бир неча қўнолғулар (сафарда ётиб ёки дам олиб ўтадиган жойлар) босиб, Дўлан довонидан ошиб, Норин суви бўйидаги Норин шаҳрига кириб бордик. Бу эса тўрт томони улуғ тоғлар билан ўралган бир элдир.

(давоми бор)