Мақбул жаллод

Мақбул жаллод
80 views
15 January 2016 - 16:21

Karimov-jailsЎзбеклар армони

(4-қисм)

Мақбул жаллод ўзбекчада бенуқсон сўзларди. Шунинг учун ҳам, уни ҳали йигирма икки ёшида ҳеч қанақа маълумотга эга бўлмаса ҳам СССРдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш КГБга ишга олгандилар. Миллий хавфсизлик хизматининг ҳам биологик ҳам маънавий отаси бўлган КГБ, ўз вазифаси қолиб ҳар нарсага бурнини тиқадиган ўғлига ўхшаб, унча-бунча одамни берадиган порасига кўзи қизиб обдон ўйламасдан ишга олаверадиган ташкилот эмас эди. Президент Каримов билан отаси Муллоқандов ўртасида, ер билан осмон қадар фарқ бўлгани каби КГБ билан унинг меросхўр ўғли СНБ ўртасида ҳам от билан туяча фарқ бор эди.

Миёнлаган инсонларнинг моли-жони, қони ҳисобидан кўтарилган мана шу  баланд-паст икки дўнглик орасида: “Етим қўзи боқсанг, оғзи-бурнинг мой бўлар, етим бола боқсанг, оғзи-бурнинг қон бўлар” деганларидай, бу ёруғ дунёда, нураган қабрдай биргина номи қолган Абдиғани пўстакчи сингари ғафлатга ботган ўзбек – турса ўпоқ, ўтирса сўпоқ ҳар нарсага балогардон бўлди.

Корейс аёлининг ўзбекларга нафрати чексиз бўлгани учун ҳам, у ўзи кейинроқ махсус топшириқ билан ишга жўнатилан Тоштурмада, мақбул жаллод даражасига кўтарилди. Мақбул жаллоднинг Тоштурмадаги мавқейи қамоқхона бошлиғиникидан кам эмас, моянаси эса тўрт баравар юқори эди. Яна, унинг нима иш билан шуғулланишини қамоқхона бошлиғидан бошқа биров билмас, у ўз ишига киришмасдан олдин бошлиқлардан оддий қоравулгача ҳамма турган постини ташлаб ташқарига чиқар, унга ажратилган ҳудудларда пашша учса билинарди. У кириб келган қоронғи йўлагидан арвоҳ каби билинтирмасдан куни битган кимсани отиб, орқасига қайтиб чиқиб кетганидан сўнгра, махсус кимсалар пайдо бўлиб, унинг ортини йиғиштириб чиқардилар. Токим, мустақиллик эълон қилинмагунга қадар қамоқхонадаги бир неча кимса, бир-бирини жаллод деб гумон қилар, ҳақиқий жаллоднинг кимлигини қамоқхона бошлиғи ва махсус хизматлардан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мустақилликдан кейин маҳалла қассобини қанча одам таниган бўлса, Тоштурманинг жаллодини ундан ҳам кўп одам танийдиган, уни “ёғли ишда” ишлайдиган корчалон сифатида ҳамма ҳурмат-иззат қиладиган бўлди. Ҳатто, Бой билан Граф ҳам тўй-ҳашам қиладиган бўлса, “воры законлар”дан олдин унга зар чапон кийгизишни расм қилди. Бой билан Графнинг хизматида қўл қовуштириб турадиган Аброр Зуфарович ва Ғуломжон Ёқубовларга ўхшаганлар жаллоднинг қўлига олтин офтобадан сув қуйиб, оғзига чилим тутиб турди.

…Мақбул жаллод узоқ йиллар, Тоштурмада якка-ёлғиз фаолият юритди. Ҳавсала билан ўлимга ҳукм қилинганларнинг қоқ пешонасидан отиб, уларни битта ўқ билан асфиласофилинга кўп қийнамасдан равона қилди.

Текин бўлса, мих ют, деганларидай, ҳаром-ҳалолнинг фарқига бормайдиган Каримов режими, илгари уят ҳисобланиб ими-жимида амалга ошириладиган ишларга кенг йўл бериб, ҳалол меҳнат билан унадиган ҳар қанақа соҳаларнинг эшикларини, тақа-тақ зичлаб ёпиб ташлагач, бутун қадрятлар тубдан ўзгара бошлади. “Ёғлироқ ўрин”нинг ҳиди чиқса, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ бўлиб уй-жойни гаровга қўйиб, қулоқ-бурнигача қарзга ботиб бўлса ҳам сотиб оладиган ўзбеклар, пировардида, 90-йиллар охирларида мақбул жаллоднинг ўрнига ҳам кўз олайтира бошладилар. Бу вақтга келиб, қамоқхоналар ва ўликхоналарга (морг) ўхшаган жойлардан бошқа маконлардаги “ёғли ўрин”лар, деярли икки-уч марталаб пулланган; биринчи гуруҳдаги “омадли” дея ҳисобланадиган харидорлар қамоқ муддатининг охирги йилларини ўтаётган бўлсалар, иккинчи гуруҳ “гўл” харидорларнинг жиноятлари маҳкамада кўрилаётган замонлар эди. Учинчи гуруҳга мансуб “очкўз анойилар” жомадонга доллар жойлаб, “ёғли ўрин”га эга бўлиш учун бир-бирлари билан зимдан навбат талашар эдилар. Барини кўриб билиб туриб, ўзларини ўтга жонсарак парвоналар дағи урарганлари боис ҳам, улар халқ орасида “очкўз анойилар” деб ном қозонган эди. “Очкўз анойилар”нинг йўлларига кўз тиккан қамоқхоналарнинг иштаҳалари карнай, оғизларини ғордай очган аждарҳолар каби, улар қурбонларига юкиниб тамшанганлари тамшанган эди. Президент Каримов ва унинг атрофидаги икки-уч кимсадан ташқари ҳар қанақа одам вақти-соати етиб, муқаррар қамалар, мустабид режимнинг энг биринчи ўзига хос белгиси, мана шу эди.

Нефт-газ, олтин каби дароматли соҳаларни президент Каримов тўғридан-тўғри эгаллаб, унинг атрофидагилар эса, мансабларни бўлиб сотиш ва “ёғли ўрин”ларга ўзларига тегишли одамларни қўйиш билан машғул бўлди. Мустақиллик йилларининг бошида, бизнинг кунларимиздаги сингари пора ҳисобидан оқиб келаётган пулларни ҳукуматдагиларнинг фақат ўзлари емас, тенг яримини воситачилар, еб битирар эдилар. Президент Каримовнинг ҳали энди кўзини яҳудий мураббийлари чала-чулпа очаётган пайтлар эди. Унинг атрофидагилар эса, яқинда туғилган, қулоқ-қуйғруғи кесилмаган кўзлари юмиқ кучук болаларига ўхшар эдилар…

Икки мингинчи йил бошларида, Тоштурмада жуда ҳам ғаройиб, кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир воқеа содир бўлган, дейишади. Отувга ҳукм қилинганларнинг орқасидагилардан мўмай пул ундирган ўзбек жаллодларидан бири, қамоқхона бошлиғи Эркин Жалилович билан ҳар доимгидек тил бириктириб, атай беш олтита маҳкумнинг жон чиқар жойига ўқ узмасдан, бошқа уч-тўрт жойига шунчаки хўжакўрсинга ўқ узиб, уларни ҳушидан кетказиб, моркка топшириб юборади. Улушини олган морк бошлиғи, ҳар галгидай уларни кўмишга олиб чиққач, ёт кўзлардан овлоқда яқинларига бериб юбориши лозим эди. Нимадир сабаб бўлиб, ўша тунда чаламурдаларни олиб чиқиб “кўмишга” улгурмай қоладилар. Музхонада музлаб тарашадай қотиб ётган беш олти чаламурда, бир-бирини ярим тунда уйғотиб қамоқхонадан қочмоқчи бўлади. Шунда, бир кўзи оқиб тушган чаламурда, бошда қамоқхона бошлиғини тунашни таклиф қилади. У: “Бошлиқнинг жаллоддан олган долларлари хонасида турган бўлиши керак!” дейди. Иккинчи ўқ ялаб бошининг териси шилинган чаламурда: “У ярим тунда хонасида нима қилади, хотинининг иссиқ қучоғида ухлаб қолганига аллазамон кечди, вақт ғаниматда худо урган бу жойлардан қочиб қолайлик!” дея, унинг таклифига эътироз билдиради. Учинчи чаламурда: “Жаллод қариндошларимдан олиб кирган мактубда, унинг бу кеча навбатчиликда экани ёзилган. Шахсан, унинг ўзи бизнинг хавфсизлигимизни таъминлашни зиммасига олган экан. Сўзининг устидан чиқмагани учун уни “наказат” қилиш керак. Келишувда, менинг тишларим тўкилиб, тос суягим синмаслиги керак эди. Жаллод қоида бўйича қулоғим остидан отиб, ўқ қулоғим супрасини тешиб ўтиши лозим эди, холос!” дейди.

Хуллас, тўртта чаламурда қамоқхона бошлиғи Эркин Жалиловичнинг хонасига тун ярмидан ўтганда пусиб кириб, уни донг қотиб юмшоқ курсида ўтириб ухлаб ётган жойида, ўласи қилиб уриб, унинг ўлганига иқрор бўлганларидан кейин, хонасидан катта миқдордаги долларларни тунаб қамоқхонадан қочиб кетади.

Кўзи оқиб тушган чаламурда, Эркин Жалиловичнинг бир кўзини ўйиб олиб, ўзининг ўйилган кўзининг ўрнига тиқиб қўйишни ҳам унутмайди. Қолган чаламурдалар бир кўзи мовий бир кўзи қизғиш-сариқ бўлиб қолган шерикларининг устидан, роса мириқиб куладилар…

Эркин Жалиловични қабрга қўйиб келгач, ҳе йўқ бе йўқ унинг қамоқхонада Ёнғин хавфсизлиги бошлиғи бўлиб ишлайдиган энг яқин ошинаси, бошлиқни ўлдирганликда гумон қилиниб қўлга олинади. Аслида, бу ҳаммаси ҳар сафаргидай президентни жиноятчининг қўлга олинганлигига ишонтириш учун бир ҳийла бўлиб, жиноятни очиш-очмаслик муҳим масала эмас эди.

“Жиноятчи” устидан суд бошланади. Суднинг учинчи куни қуёшли бир кунда, оппоқ кафанга ўралиб олиб, суд залига икки ой аввал ўлиб кетган қамоқхона бошлиғи Эркин Жалилов кириб келади. У жони узилмасдан кўмганларини, икки ой ер остида ўзига ноҳақ ўлимга ҳукм қилинган маҳкумлар ёрдамлашиб, яра-чақаларини тузатганларини гапириб ўтирмайди. У, ўзини қора курсида ўтирган жонажон дўсти ўлдирмаганини, қаёқдандир ярим тундан кечган маҳал тўртта арвоҳ қўққисдан пайдо бўлиб, ухлаб ётган курсисида роса дўппослаганларини, кейин ҳеч нимани билмаслигини айтади. Тешик қулоққа ғалати эшитиладиган гапларни инобатга олмаган суд раиси, барибир ҳам унинг жонажон ошиносини одам ўлдирганликда айблаб, уни ўн саккиз йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилади.

Эркин Жалилович уйига келиб, хотини Вера Николаевнанинг сўзларини эшитгач эса, бор ҳақиқатнинг тагига етади. Ёрдамчиси, унинг ўрнига қамоқхона бошлиғи вазифасига тезроқ ўтириш учун уни шошилинч кўмдириб юборган бўлади. Унинг чаламурдалиги, жони бор йўқлиги билан ўша пайтда, ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Ўшанда, бир ёқда маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, бола-чақа пул йиғиб, ёрдамчини “ёғли ўрин”га ўтқазиш билан овора бўлган бўлса, бир ёқда масъуллар кимошди савдоси билан машғул бўлган эдилар…

Айтишларича, мақбул жаллод ҳеч қачон бир маҳкумни икки марта отган эмас. Мақбул жаллоднинг “мақбул” деган номга сазоворлиги ҳам, мана шу “хислат”идан келиб чиқиб айтилган бўлса керак. Зотан, совет йилларида унга рақобатчи топилмаган бўлсада, мустақиллик эълон қилингандан кейин, унинг рақобатчилари кўпайиб кетди. Бир маҳкумни тўрт-беш марта отадиган, чалажон қилиб ўлдиролмасдан маҳкумга жаҳаннам азобларини берадиган замонлар, ўзбеклар Бой билан Графни ўртага солиб, жаллодликни Ички ишлар вазири Зокиржон Алиматовдан пора бериб, сотиб олганларидан сўнгра бошланган.

Тўқсон саккизинчи йиллар охирига келиб, мақбул жаллод кеча-кундуз отиб ҳам ўлимга маҳкум этилганларни тугата олмагач, унга ўзбек миллатига мансуб битта ёрдамчи ёлланди. Ўзбек келади-ю, бу соҳани ҳам худо уради. Олти ой ҳам ўтмасдан мақбул жаллоднинг тагига сув қуйган ёрдамчи, бу жабҳада ҳам “бизнес”га йўл очади. Маҳкумларнинг орқасидагилар билан маҳкумлар ўртасида алоқа боғлаб, у ботмон-ботмон пул тагида қолиб кетади. Жонидан умидини узганларга “анжанка”сига тиқиб героин ташийвериб, жаллод охири чарчайди. Пул санаш жонига теккач, у долларларни найча қилиб қорадори тортадиган одат чиқаради. Бу жойда катта пул айланаётганини сезган бошқа бир ўзбек юқоридагиларга унга кўра икки баравар кўп пора бериб, унинг оёғидан чалади, бошқаси эса, бунисининг оёғидан чалади. Шундай қилиб қамоқхоналарда ҳам “ўзбекчилик” бошланади… Хуллас, Мақбул жаллод йигирма йилдан кўпроқ битта ўзи эплаган жойга ўн беш йил ичида, йигирмадан ортиқ ўзбек жаллоди келиб кетади.

Ўзбеклар ҳар соҳадаги каби жаллодлик соҳасида ҳам мустақилликка эришганларидан сўнгра, Ўзбекистонда бу соҳа ҳам бошқа соҳалар каби шармандаларча касодга учрайди. Иш илгариги замонлардагига қараганда, жуда кўпайиб кетган бўлса ҳам, ўзбек сўмининг қадрсизланиши жаллодларни бесаранжом қилиб қўяди.

Айниқса, ўтган йилги Россиядаги сиёсий-иқтисодий инқирозлар аҳволни боши берк кўчага олиб кириб, иш унумига катта зарба берди. Россиядаги меҳнат муҳожирларининг жўнатаётган долларларининг чўғи пасайгач, бутун мамлакатдаги каби жаллодлар орасида ҳам қаттиқ саросима бошланди. Не умидлар билан “жаллод бўламан” дея, уй-жойларини гаровга қўйиб Мирзиёвнинг холасининг эри Тўрадан долларда фоизга пул олиб, Бош вазирга Тўра воситасида пора берганларнинг кўпилари пулига куйиб, икки бармоғини бурнига суқиб қолаверди. Юраги чатоқлари бир ҳамла билан ўлиб қутулди, баққуватлари қўл-оёғи ишламасдан, ўлолмай, ҳалигача ҳам Азроил билан ёқа бўғишиб, бола-чақа, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй бўлиб Бош вазирни тўшакка михланиб қарғаб ётипди…

Эргаш Сулаймон