БИОМЕТРИК ПАСПОРТ бериш кечикишига ОВИР айбдор эмас…ми?

БИОМЕТРИК ПАСПОРТ бериш кечикишига ОВИР айбдор эмас…ми?
38 views
16 January 2016 - 3:59

biopassportАмалдаги паспортни биометрик паспортга алмаштириш, фамилияси ўзгарганлиги учун паспортни янгилаш муддати тўғрисида йўриқнома бўлмаса ҳам керак.

Қаердан ҳам бўларди? Милиция тўғрисидаги қонуннинг ўзи бўлмаса, паспорт бўлимидагилар иш услуби, вазифаси, мажбурияти нималардан иборат эканлигини, паспорт тайёрлаб бериш муддатини қаердан ҳам биларди? Бунингдек қоидалар қайси қонун асосида юзага келарди?

Шу боис бўлса керак, биометрик паспорт жорий этилгандан буён порахўрлик ва таъмагирликнинг янги қирраларига катта трасса очиб берилди.

Ўзи Ўзбекистонда ҳамиша шундай бўлади.

Маълум бир соханинг мукаммал тизими яратилмасдан туриб, ҳаётга тадбиқ этилади, халқнинг шўрига шўрва тўкилади!

Худди оммавий тарзда пластик карточка ўтиш амалиётини мажбурий тарзда қўллашганлари каби.

Бу гал ҳам шундай бўлди.

Ғазнада сармоя етарлими, етарли эмасми, молиявий чиқим ҳисоб-китоб қилиндими, йўқми, аҳолининг барча қатламини бирдек биометрик паспорт билан таъминлаш учун Ички ишлар вазирлигининг жойлардаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқарма ва бўлимлари жаҳон стандардларига жавоб берадиган зарурий орг.техникалар билан жиҳозланганми, йўқми, малакали мутахассислар бисёрми, ё ноёбми, бу масалалар борасида бош қотириб ҳам ўтиришмайди, ҳатто хомчўт ҳам қилиб кўришмайди.

Биласиз, кўзи ожиз кимса пайпаслаб йўл ахтаради. Ўзбекистон ҳукумати қадамларини сўқир кишининг одимларига ўхшатаман. Пайпаслаб, ҳавони –йўқликни сермаб ҳаракат қилишади.

Э, йўқ, бе йўқ биометрик паспортни жорий этилишини режасиз бошланган ишлар, таваккал ҳаракатлар сарасига киритиш мумкин.

Ҳукумат бошқарувининг томдан тараша тушгандек дабдурустдан қилган бунингдек калтаўй қарорлари эса ҳеч бир муболағасиз халқнинг шусиз ҳам мушкул турмушини янада оғирлаштирмоқда.

Бу гапни исботлаш учун исталган паспорт бўлими эшигини зиёрат қилишнинг ўзи кифоя.

Адоғи кўринмайдиган навбатлардан кўнглингиз айнийди.

Битта биометрик паспорт олиш учун бир шахс иши, касбу корини йиғиштириб қўйиб, ойлаб навбат кутиши, паспортини топшириб қўйиб, биометрик паспортни кута-кута кўзи тешилиши керак. Бўлмаса, беҳисоб.

Қўлида паспорти бўлмаса, режадаги иши амалга ошмайдиган фуқаролар нима қилишади?

Уч ойлаб кутишадими?

Йўқ, Ўзбекистонда “иложи йўқ” деган сўзнинг ўзи йўқ. Қаловини топсангиз, қор ёнади.

Энг камида – ўлдим деганда 200-300 “бобойча”(халқ тили билан айтганда чолларнинг расми туширилган кўк қоғоз – $)дан кечсангиз рангингиз самон бўлишига ҳожат қолмайди.

Сиз учун ўша “бобой”чалар юради, сиз учун ўша “чоллар” кутади, сиз учун ўшалар гапиради… ишни бир пасда битиради.

Барча амалдорлар каби ИИБнинг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд этиш бўлими ходимлари ҳам ўша кўкимтир “бобойча”ларни хуш кўришади… “Бобой”чаларнинг рухсорини кўриш учун биометрик паспорт масаласида сунъий навбат ҳосил қилишадики, оқибатда одамлар ойлаб кутишга мажбур бўлишади…

Ташкилотлардаги ҳужжатбозлик юмушлари паспортсиз битмайдиганлар, мушкули осон бўлмайдиганлар эса тоқатлари тоқ бўлгач кўкидан қистиришга мажбур бўлишади…. Паспорт бўлимидагилар кўкимтир “чол”ларни кўргач, уларнинг юзидан ўта олишмайди, “бобойча”ларнинг ҳурмати учун ҳар қандай ишни бир пастда дўндириб беришади…

Бизнинг каби “бобой”и йўқлар нима қилишади?

Паспортларини алмаштириш учун топшириш мақсадида, аввалига, икки уч ой навбат кутишади. Топшириб бўлишгач ҳам яна нақд уч ой кўзлари биометрик паспорт йўлида нигорон бўлишади.

1994 йилда туғилган қизим Ҳакимова Зарнигор Авазовна 2014 йилда биометрик паспорт олиб қўйганди. Оилали бўлгач, турмуш ўртоғининг фамилиясига ўтганлиги сабаб паспортини алмаштириш зарурати туғилиб қолди. ФҲҚҲ (ЗАГС)дагилар “Паспортингизни алмаштириш учун 20 кун муҳлат” дейишган экан. Қизим Зарнигор адоғсиз навбатлар ва узоқ кутишлардан сўнг, 2015 йилнинг 4 декабр куни фамилияси ўзгарганлиги сабабли паспортини алмаштириш мақсадида Самарқанд вилояти Самарқнад туман ИИБнинг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд этиш бўлимига зўр-баъзур (таниш-билиш қилиб) ҳужжат топширганди, қайта расмга тушганди, бармоқларидан нусха ҳам олинган эди. Ўшанда Зарнигор Авазовнага “20 иш кунида келасиз, паспортингиз тайёр бўлади” дейишганди.

Зарнигор эса 20 эмас, нақд 31 иш кунида мурожаат қилди.

Бироқ паспорт бўлинмасидаги ходимлар “Сизга ҳали йўл бўлсин? Энди октябрь ойда ҳужжат топширганларга паспорти берилмоқда. Сиз икки ойлардан кейин – мартнинг охирларида келаверинг” дея жавоб қайтаришди.

“Наҳотки ҳужжат топширган шахс паспортини 3 ойдан кейин олса?” деган савол билан Самарқанд туман ИИБ паспорт бўлими бошлиғига мурожаат қилишнинг мутлақо имкони бўлмади. Бино эшигини синдиргудек бўлиб навбат кутиб турган ярим миллион одамлар орасидан ўтиш мушкуллик қилди….

Мен бу савол билан Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб жавоб топишга уч-тўрт бор уриниб кўрдим. ИИВнинг 233-39-39 – ишонч телефон рақами уч бор қилган қўнғироғимга ҳам жавоб қилмади. Гўшакни бирор зоғ кўтармади.

Маълумотлар бюросидан Ички ишлар вазирлигининг навбатчилик қисмини телефон рақамини олишга мажбур бўлдим.

252-70-01 телефони – ИИВнинг навбатчилик қисмидагилар ҳартугул қўнғироғимга жавоб беришди.

“231-37-89 рақамига қўнғироқ қилинг, Ички Ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармасидагилардан саволингизга жавоб олишингиз мумкин” деди 2016 йилнинг 15 январ куни соат тахминан 14.20 ларда гўшакни кўтарган навбатчилик қисми ходими.

231-37-89 рақамига терганимда, қўнғироғимга жавоб қилган ўзини таништирмаган ходим “Биопаспорт берилишининг кечиктирилишига Ички Ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармаси тизимидаги ходимлар жавоб бермайди. Биометрик паспорт беришнинг кечикиши ОВИРдагиларга боғлиқ эмас. Бизнинг ходимларнинг юмуши суратга тушириш ва бармоқларнинг нусхасини олиш, холос. Биометрик паспортни ўз вақтида берилиши масаласига Республика Давлат персоналлаштириш Маркази мутахассислари масъул. Саволингиз ва арзингиз бўлса уларга айтишингиз мумкин” деган жавобни олдим.

– Яхши, розиман, илтимос, телефон рақамини берсангиз? – деган сўровимга “Бизда уларнинг координатлари йўқ” деган қисқа жавобни ва гўшакнинг қисқа “ду-ду-ду”лаганини эшитдим.

10-09 рақамига – телефон рақамларининг маълумотлар бюросига сим қоқишга шошилдим.

Бюро ходимаси “Бир дақиқа” деди-да, ҳаял ўтмай, “Ҳурматли мижоз, узр, бизда Республика Давлат персоналлаштириш Марказининг телефон рақами ҳақида маълумотлар йўқ” экан деди ҳозиржавоблик билан.

Чорасиз қолгач, умид билан қонун ижросини назорат қилувчи органга – Бош прокуратуранинг 10-07 – ишонч телефон рақамларини тердим. У ердан автоматик тарзда аёл овози ўзбек ва рус тилларида “Сизнинг навбат рақамингиз 25, оператор жавобини кутинг” дея эълон қилди. Бу пайтда соат 14.33 эди. Ҳар 3 дақиқада нечанчи навбатда эканлигингиз ҳақида автомат хабардор қилиб тураркан.

Соат 14.53 да навбат камайди сабабли, 10 чи бўлиб навбатда турганлигимдан огоҳ этишди.

“Оператор жавобини кутинг” дейишганди, мен ҳам сабр билан кутдим. 40 дақиқадан кейин Бош прокуратура ишонч телефонининг гўшаги кўтарилди.

Паспорт бўлими ходимларининг биометрик паспортни фамилия ўзгарганлиги сабабли алмаштириб беришнинг тартиблари ҳақида бирор бир йўриқнома борми-йўқми? Умуман олганда биометрик паспортни алмаштириб бериш муддати қанча қилиб белгиланган? Бир ойми, уч ойми? Биометрик паспортни қонунда белгиланган тартибда ва белгиланган муддатда алмаштириб бериш масаласига ким масъул? Ички Ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармаси тизимидаги ходимларми ёки Республика Давлат персоналлаштириш маркази мутасаддиларими? Биометрик паспорт берилишидаги хўжасизлик, сунъий навбатлар ортидан пайдо бўладиган таъмагирликларга ким жавоб беради? Шу масалада арзим бор эди” дедим… Айнан шундай демасам ҳам мазмунан шундай арз-ҳол қилдим…. Овозим ёзиб олинди. “Сизга қўнғироқ қилишганда тўлиқ гапирасиз” дейишди-да гўшакни қўйиб қўйишди….

Қаранг-а, Ўзбекистон деб аталмиш мамлакатнинг пойтахтида фуқаро уч-тўрт ойлаб паспортсиз бемалол юриши мумкин экан!

Нима, одамларнинг бошқа тирикчилиги йўқми?

У ҳолда ҳукумат яна битта фармон чиқариши керак эмасми? Масалан, мана бундай:

1)Амалдаги паспортини биометрик пасторт олиш учун топширган фуқароларнинг ташкилот ва идоралар аро ҳужжатлар билан боғлиқ барча ишлари, жумладан, маълумотномалар, ҳар қандай банк операциялари, пул ўтказмаларидаги жўнатмалар… барча-барчаси вақтинча паспортсиз амалга оширилсин;

2) Биометрик паспорт бериш муддати мутасадди идоралар, хусусан ИИВ тасарруфидаги бошқарма ва бўлим ходимлари айби билан кечиктирилаётганлиги сабабли Пойтахт ва шаҳар кўчаларида, метроларда паспорт текшириш режими вақтинча тўхтатилсин;

4) Меҳмонхоналар фуқаролардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат – паспорт талаб этилмасин.

5) Давлат нотариал идоралари нотариал ҳужжатларни ҳайдовчилик гувоҳномасига таянган ҳолда тасдиқлаши белгилаб қўйилсин.

Нега?

Негаки, Ички Ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармаси тасарруфидаги жамийки ҳудудий паспорт бўлимлари биометрик паспорт олиш учун қўлидаги шахсини тасдиқловчи ҳужжатини топширганлиги хусусида фуқароларга ҳеч бир ҳужжат тақдим этмайди, бирор бир маълумотнома бермайди-да!

Қиссадан ҳисса: “Отдан қолма эшшагим” дея йўрғилагандан кўра, энг аввало тизимни такомиллаштириш, мутахассислар малакасини ошириш, барча паспорт бўлимларини етарлича иш қуроллари, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш керак эмасми?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналдист, ҳуқуқ фаоли