Ҳаёт нима?

Ҳаёт нима?
126 views
18 January 2016 - 17:13

full_523Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(3-қисм)

МУҚАДДИМА
ҲАЁТ ВА ҲАЁТ ҒОЯСИ

Коинотнинг ҳаётдан иборатлигига ҳеч шубҳа йўқдир. Ҳаёт бўлмаса, бошқа бирор нарса ҳам бўлмайди. Ўзи коинотнинг асл биноси ҳам ҳаётдир. Шунинг учун ҳам биз рисоламизнинг биринчи баҳсини ҳаёт мавзусига бағишладик.

Ҳаёт нима?

Мутакаллимлар (калом) мазҳаби37га қараганда, ҳаёт ҳис ва ҳаракатни талаб қилувчи сифатдир. Қадимги ҳукамо фикрига биноан, ҳаёт бу мизожга тобеъ, ҳис ва идрокнинг навъи ва табиатидир.

Асримиз ҳукамолари ҳам айтадиларки, коинот ҳаётдан иборат. Ҳеч бир нарса йўқки, унда ҳаётдан бир асари бўлмаса. Аммо мутакаллимлар мазҳабида бўлган қадимги ҳукамолар қайси бир жисмда ҳис ва ҳаракат бўлса, унда ҳаёт ҳам бўлади, қайси бир жисмда шу иккаласи бўлмаса, ҳаёт ҳам бўлмайди, деб айтадилар. Аслида ҳис ва ҳаракати бор нарсани «тирик» дейдилар. Лекин бу ҳаёт махлуқий ҳаёт деб аталади. Инсон ҳам аксар махлуқлар билан шу маънода бир хил, фарқ қилмайди. Лекин биз инсон ҳаёти ва аксар махлуқларнинг ўртасида катта фарқ борлигини мушоҳада қилар эканмиз, қуйидаги фикрларга келамиз.

Агарда ҳозирги ўтаётган ҳаётимиз устидан мушоҳада қилсак, жавоб ҳам осон бўлар эди. Лекин ҳаёт маънавий бир соҳадир, уни кўриб ва кузатиб бўлмайди. Шунинг учун бу фарқлар сабабини инсоният тарихи ва ўтмишидан қидирамиз. Башарият олами ибтидосидан бошлаб ҳозирги шаклда эдими? Яъни бани Одам ҳозиргидек шаҳарлар, қалъалар, мадрасалар, шунча илму санъат ва салтанатлари билан оламга келганмикан? Ҳеч қачон! Бечора ибтидоий одам кучсиз, заиф бир махлуқ эди. Баъзан совуқдан титраса, баъзан қуёш нурида қоврилиб, яшин ва чақмоқдан, ёмғир ва қордан, зулмат ва ваҳший махлуқлар ҳамлаларидан кечаю кундуз қўрқиб жони ҳалқумига келар эди. Бунинг устига соатма-соат очлик ва чанқоқликдан қийналар эди. Иссиқ-совуқдан муҳофаза қиладиган бир чодири ё чайласи, қоронғуда ёритувчи бир чироғ, ваҳшийлар ҳужумидан муҳофаза этадиган қуроли ҳам йўқ эди. Хулоса шуки, одам халқ бўлишининг ибтидосида заиф ва мискин жондорлардан бири эди. Бошқа махлуқлар кучли чангал ва тишлари ёрдамида манфаатларини таъмин этиб, зарарларини даф қилардилар. Одам эса шунга ҳам қодир эмас эди.

Ажабо, ҳазрати Холиқи ҳаким инсонни шунчалик ожиз яратиб, бу бечорага ҳам бирор-бир қурол, аслаҳа ҳам берганмикан, токи у орқали ўзини ҳимоя этиб, яшаши мумкин бўлса? Албатта берган. Аллоҳ инсонга энг буюк ва энг қиммат қуролни берган. Инсон шу орқали оламни мағлуб қилиб шикастлаши мумкин. Бу қурол нимадан иборат? У АҚЛдир. Одамзод чорасизлигидан танг қолиб, ақлини ишлатишга мажбур бўлди, унинг соясида аста-секин манфаатларни қўлга киритиб, кўрган зарарларини даф қилди: уй қурди, табиат офатларидан қутулди. Қурол ясаб даррандалар ҳужумидан озод бўлди. Фақат шулар билан чегараланмай, бора-бора яшину момақалдироқ, сув ва оловдан нажот топиб, уларни олимона панжаси билан тасхир38 этди. Агар биз башариятнинг аввалги ожиз даври билан бугунги куч-қудратини солиштирсак, бу фарқнинг улканлигидан ларзага тушамиз ва инсоният оламининг ўзгаришини инкор этиш маҳол бўлади.

Инсоният оламидаги бу ўзгаришлар тараққиётмиди ё таназзул? Яъни инсоният олдинга ҳаракат қилибдими ёки орқага? Албатта, олдинга ҳаракат қилган ва ҳозирги кунгача бирор жойда таваққуф39 қилмаган. Масалан, анча йиллар олдин оташароба (поезд)ни биз нақлиётнинг охирги воситаси деб ўйлар эдик. Бир оз ўтмасдан инсон илмининг кучи билан тайёрани ихтиро қилди ва ўйлаган ақидамизни инкор этди. Бас, маълум бўладики, бани Одам ибтидодан то ҳозирги кунгача тараққий қилиб келган ва тараққий қилади ҳам. Шундай қилиб, одамда ҳаёт ғояси бор экан, яъни ҳазрати Холиқи ҳаким инсонлар учун бир баланд мартабани ва бир аъло манзилни кўрсатган экан, инсон ҳам унга қараб ҳаракат қилади, тараққий этади. Ажабо, бу ҳаёт ғояси, яъни бу аъло манзил нима экан? Бу савол жавобини шу муқаддимадан билса бўлади. Бу муддаони билиш учун тасдиқ назаримизни яна башарият тарихига ташлаймиз. Лекин бу дафъа бошқача усулда муҳокама қиламиз.

Китоби самовий (Қуръон)да мазкур бўлганки, ҳазрати Холиқи ҳалим40 одам яратишдан бошлаб фахру-л-мурсалин41 (Муҳаммад) алайҳиссалом замонигача ҳар бир қавм учун замонларига мувофиқ Пайғамбар ва динини юбориб турган. Масалан, аввал ҳазрат Одамни махсус дини билан юборди. Одам алайҳиссалом фарзандлари бир муддат ижтимоий ишларида бу динни қўлладилар. Бир неча муддатдан сўнг одамлар шу дин доирасидан чиқдилар. Ҳазрати Довари ҳаким42 янги дин ва бошқа Пайғамбарини юбориб, замона ва вақт тақозоларига риоя қилишни талаб қилиб, олдинги дин ҳукмларининг баъзиларини бекор қилди. Бу тартиб ҳамма самовий динларнинг камоли ва охири бўлган ислом дини зуҳур топган замонгача мавжуд эди. Шу ерда кишининг хаёлига бир савол келади: нима учун Худованд бани Одамни ҳамиша бир дин итоатига амр қилади? Нима учун одамларга махлуқларга ўхшаб ҳаракат қилиб яшаш учун эрк бермайди? Албатта, бу фармон ҳикматсиз бўлмаган. Жаноби қодири ҳаким башарият ҳаётини олий бир ғояга вобаста қилиб қўйган, яъни одамлар учун бир даража тайин этган, токи улар ўзларини бу олий ғояга ва даражага етказсинлар. Башариятга бу йўлдан чиқиб кетмаслиги учун буюк Пайғамбарлар воситаси билан самовий динларни юборган. Бани Одам бу илоҳий шоҳкўчадан чиқиб кетганида янги раҳбар, яъни бошқа Пайғамбарини юбориб янгитдан тўғри йўлни кўрсатган.

Бу муқаддимадан одамзотнинг ҳаёт ғояси мавжуд бўлиб, самовий динлар унинг ҳаётида ғоявий раҳбари эканлиги маълум бўлади. Самовий динлар бизни қаерга олиб борадилар? Тадқиқ қилсак, маълум бўладики, самовий динлар бизни қаерга олиб борсалар, ўша жойда ҳаётимизнинг ғоясини топар эканмиз. Бас, самовий динлар бизни қаерга олиб борадилар, деб (қайта) сўрашингиз мумкин. Бу саволга диннинг таърифи жавоб беради. Дин нима? Дин ахлоқий ҳукмлардан иборат бўлиб, ўз тобеларини «саодати дорайн», яъни икки дунё саодатига етказади. Шундай қилиб, ҳаёт ғояси, яъни инсон ҳаётининг самараси шу «соадати дорайн» экан. Мана шу жиҳатдан инсон ҳаёти махлуқот оламидан фарқ қилади. Яъни одамлар икки дунё саодатига эришишга лойиқ ва қобилдирлар. Махлуқларда эса бундай истеъдод йўқ. Бу фарқ маълум бўлгач, кимки икки дунё саодатига етиш учун ҳаракат қилмаса, махлуқдан фарқи қолмайди, деб айтиш мумкин.

«Вал-қад каррама бани Одам»43 ва «Лақад холақно ал-инсона фи аҳсани тақвим»44 деган оятларнинг маънолари ҳам шундайдир. Демак, одам умрининг самараси, яъни инсоннинг ҳаёт ғояси икки дунё саодати экан, кимки ўзини одамлар қаторидан деб билса, бу дунё ва охиратда ҳам ўзини бахтли ва тинч бўлиши учун ҳаракат қилиши лозим.

(давоми бор)

37.Мутакаллимлар (калом) мазҳаби — нотиқ (сўзловчи) мазҳаби, бу ерда: мўътазилийлик мазҳаби.
38.Тасхир — қўлга киритиш, эгалик қилиш.
39.ТаваққуФ “ тўхташ, тек туриш.
40.Ҳалим — юмшоқ, мулойим.
41.Фахру-л-мурсалин — пайғамбарлар, расуллар бизнинг фахримиз.
42.Довари ҳаким — ҳаким (донишманд)лар шоҳи, яъни Худо.
43.«Вал-қад каррама бани Одам» — ояти кариманинг зоҳирий маъ- носи: «Биз одам фарзандларини азиз қилдик».
44.«Лақад холақно ал-инсона фи аҳсани тақви(м)» — Ояти карима- нинг зоҳирий маъноси: «Биз инсонни гўзал тақво билан яратдик».