Ўзбек шифокори бўл экан, шифокор

Ўзбек шифокори бўл экан, шифокор
112 views
22 January 2016 - 5:00

Шифокорми, бинокорми?

tashkent endokrinologicheskiy dispanserМана бу кошонога разм солинглар. Бухоро амири саройидан ўтиб тушадиган мазкур сарой Тошкент вилояти эндокринология диспансерининг оддий шифокори Комилов Йўлчи Турдибоевичга (собиқ Бош шифокор) тегишли. Бу кошонада у тўртинчи хотини билан давлат мулкини талон-тарож қилиб, давру-даврон сурмоқда. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, узоғи билан 500 минг сўм маош оладиган шифокор шу кошонани қурдириши мумкинми?! Биз ўйланиб қолдик. Балки у ҳам шифокор ҳам қўли гул бинокордир. Иш вақти тугагач Номданаклик ҳамқишлоқ ҳашарчилар билан шахсан ўзи қурдиргандир бу бинони. Бунга ўзимизни мажбурлаб ишонардик. Аммо…

Бу шифокор-бинокор касалхонани мол-мулкини талон-тарож қилиб, муқаддам судланган экан. Бош шифокор лавозимида бир неча йил ишлаб беморларнинг ҳаққига хиёнат қилиб хотинларни суринкасига алмаштирган. Гап шундаки, Й.Комиловга нисбатан Юқори Чирчиқ туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган ва унга бир даста модда бўйича айблар қўйилган. Аммо, тегирмонга тушса ҳам бир халта ун билан чиқиб кетадиган бу шифокор бор йўғи лавозимдан четладилди-ю ўзи охур деб биладиган мазкур касалхонада шифокор бўлиб қолди. Давлат мулкини талон-тарож қилган, беморлар учун ҳукумат томонидан ажратилган дори-дармонларни ўзи ишлаб чиққан схема асосида ўзлаштирган ва ўзлаштиришда давом этаётган Й.Комиловга нисбатан суд ҳукми чиқди. У ишда қоладиган ва ойлигидан бир қисмини давлат ҳисобига ўтказадиган бўлди. Аммо, “яшаш ҳам керакку?”, “Бўшлиқларни беморларнинг ҳаққи эвазига тўлдириш керакку?”. Шу мақсадда у олдинги ноқонуний одатларини сира ташлагиси келмаяпти. Ноқонуний пул тўланадиган палаталарга беморларни ётқизиш (Ваҳоланки, бу бепул ҳисобланади) билан мазкур бинони янада кўркамлаштирмоқда.

Масалан, маҳаллий поликлиниканинг эндокринолог шифокори томонидан беморлар ордер асосида Тошкент вилояти Эндокринология диспансерига йўналтирилади. Бемор айтилган жойга мурожаат қилгудек бўлса, аксарият шифокорлар томонидан сохта навбат мавжудлиги айтилади. Бундай жавобни эшитган бемор, қисқа муддат ичида касалхонанинг тиббий хизматдан фойдаланиш нияти пучга чиқади. Натижада, сарсонгарчиликдан толиққан бемор шифокорга яширин тарзда 100-150 минг сўм пора бериб, касалхонага жойлашади. Энг ачинарлиси, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан турмуш даражаси паст бўлган беморлар тиббий хизмат кўрмасдан уйига қайтиб кетади.

Воқеанинг қизиғи шундаки, яқиндагина суд залидан чиққан Й.Комилов “Ҳалол” бинокор-шифокор Озарбайжон Республикасида ўтказилган эндокринологлар семинарида Тошкент вилоятидан “Энг билимдон” ва “Ҳалол” мутахассиси сифатида иштирок этиш учун жўнатилди.

Шунингдек, мазкур даргоҳдаги аксарият шифокорлар беморнинг ташхис натижаларига эътибор қаратмасдан, фармоцефт фирмалари томонидан ваъда қилинган улуш (пул маблағи) эвазига одам организмига зарар етказадиган дорилар тайинланиб келинмоқда. Фармацевт фирма томонидан тақдим этилган дорилар қанча кўп миқдорда сотилса, шифокорлар шунча кўп миқдорда улушга эга бўлади. Энг қизиғи, бугунги кунда беморларни даволаш жараёнида бир хил таркиб ва турига эга бўлган антибётик дорилар буюрилиб келинмоқда. Бунинг оқибатида қандли диабетга чалинган беморларнинг танасидаги муҳим аъзолари янада шикасланиши ҳамда имун тизим заифлашиб боришига олиб келмоқда. Одатда беморни даволаш учун ҳар қандай препоратлар лаборатор клиник таҳлилдан сўнг асослаб берилади. Тошкент вилоят Эндокринологик диспансерда эса, ҳеч қандай тиббий меъёрларга асосланмаган ҳолда буюрилади. Бундай ҳатти-ҳаракатлар натижасида шифокорлар мўмай даромадни қўлга киритяпти, беморнинг саломатлиги бўлса, ўнинчи даражага тушиб қолаяпти. Бундай муолажадан сўнг, бемор саломатлиги ва шахс хавфсизлигига қарши қаратилган ҳатар сақланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, амалдаги Бош шифокор Гулбаҳор Тўраевна Тошкент вилоят Эндокринологик диспансерда қариндош-уруғчилик асосида меҳнат фаолиятини ташкил этган. Жумладан, омбор мудири лавозимида синглиси, бир нечта ҳамширалар ва турли вазифаларда қариндош-уруғи фаолият олиб бораяпти. Боз устига, Гулбаҳор Тўраевна бугунги кунда ҳам Бош шифокор, ҳам УТТ (Ультра Товуш Текширув) шифокори ҳамда ўнга яқин беморлар даволанадиган палаталарни ўзи иштирок этмаган ҳолда даволаш ишини олиб боради. Натижада, ноқонуний пул маблағига эга бўлиш учун беморларни даволаш жараёни қўпол бузилади. Яъни, беморларга кўрсатиладиган барча кўринишдаги муолажалар доимий равишда ўрта маълумотга эга бўлган хамширалар томонидан олиб борилади. Бош шифокор эса, фақатгина касаллик тарихига қўл қўяди, холос. Энг аянчлиси, касалликни даволаш учун мутлақо керак бўлмаган дори воситалари касаллик тарихига қайд этмаган ҳолда (хамшираларни зўравонлик қилиш орқали) бажарилади. Боз устига ҳукумат томонидан тиббиёт масканига ажратилган дори-дармонлар, моддий-маиший ва техник воситалар талон-тарож қилинмоқда. Бу етмаганидай, Бош шифокор бир нечта тиббий ва техник ходимларнинг номига расмийлаштирилган пластик карточкаларни ноқонуний тарзда ўзлаштириб, фойдаланмоқда. Ходимлар пластик карточкасига тушган пулларини талаб қилиши самарасиз бўлаяпти.

Шунингдек, касалхонада даволаш ишлари махсус ихтисосликка эга бўлмаган айрим шифокорлар томонидан олиб борилади. Касалхонага махсус йўналишга эга бўлган тиббиёт ходимлари таниш-билиш бўлмаса, меҳнат фаолиятига мутлақо йўналтирмайди. Шу сабабли, касалхонада номутахассис тиббиёт ходимлари ортиб бораяпти.

Хуллас, юқоридаги номақбул манзарадан кўплаб эндокрин касаллик дардига йўлиққан беморлар ҳаёти хавф остида қолаяпти. Бундай вазиятларнинг кенг миқиёсда тарқалиб бориши беморларнинг ўзбек тиббиётига ишончсизлик кайфиятини юзага келтиряпти.

ЎХҲ таҳририятига келган мактуб