Душман қаршисида ўлимдан қўрқмаслик…

Душман қаршисида ўлимдан қўрқмаслик…
84 views
23 January 2016 - 16:39

Madamin-bekАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ – 6

(давоми)

Руслар Туркистонни босиб олганларидан сўнгра, Шарқий Туркистонга кириш қасдида тайёргарлик кўриш учун, Норин суви бўйига бир қалъа бино қилмиш эдилар. Олатоу ва Тян-Шан тизма тоғларининг энг қалинлашган ўрни ва кўчманчи қирғиз туркларининг қайнаган жойи ғарби жанубий Ўзбекистон, шарқи жанубий Уйғуристон бўлганлигидан бунинг сиёсий аҳамияти ортиқдир. Бу ердан чиқиб, ораси қирқ беш чақирим чамасидаги Отбоши қишлоғига етиб, тошкентлик Туёқбойҳожи уйига меҳмон бўлиб тушдик. У киши эса Тўқмокда узун турган, ўз маҳалламиздан кетган киши эди. Бу ернинг тўрт томони эгиз тоғлар билан ўралган бўлса ҳам, даласи кенг, ўтлов яйловлари кўпдир. Улар ичида Орпа, Оқсув деган ерларнинг чўпи кучлик, қимизи ортуқ бўлишида атоғи чиқмишдир. Отбошида икки кун турганимиздан сўнгра шу ерда қўшилган Қўшмоқ ҳожим билан уч киши йўлдош бўлиб йўлга тушдик.

Олдимизда бир қўнолғулик Тошрабод чегара тўсқ овуллари қирғиз Шомирқон, рус Чудир бошлиқ бир неча аскар борлиғини билган эдик. Булар олдидан ўтишга йўлхатимиз йўқлигидан, Қўшмоқ ҳожим маслаҳатича, тўғри йўлни қолдириб, Белошув деган ўғри йўл билан кетмоқчи бўлдик. Йўлда кетаётганимизда узокда от етаклаб келаётган бир кишининг қораси кўринмиш эди. Қачонки, чўнг йўлдан у йўлга бурулдик эса, олдимиздан келаётган киши узоқдан ишора билан бизни чақирди. Унинг бу чақиришидан оддий киши бўлмаса керак деб олдига бордик. Қарасак, чегара соқчилари бошлиғи қирғиз Шомирқон экан. Бизни кўриши билан: «Ҳай, сизлар қандай кишисизлар? Очиқ чўнг йўлни қўйиб, ёпиқ кичик йўлга кирасизлар? Қани бу ёққа юринглар!», деб бизни бошлаганича, йўл устидаги карвон саройга тушурди. Шу орада қаёқдандир икки уч қирғиз йигитлари билан илгарги сипоҳийлардек белига кумуш беллик, ёнига эгри қилич осган шу ерлик қирғизларнинг бошлиғи ҳам келиб, устимизга тушди.

Буни кўрган Қўшмоқ ҳожимнинг кўзлари аланг жаланг бўлиб: «Ҳай аттанг, ишимиз қандай бўлар экан, сўраб қолса йўлхатимиз йўқ? Аллоҳ сақласин! Бизни қайтариб, Нориндаги жаллодларга топширса, вақт ёмон, оғир кунларга қолмагай эдик», деди.

Тўғри, бунинг деганидек у кунларда ишчи камбағаллар ҳокимияти қурилганлиқдан, арзимаган нарса баҳонаси билан ўлдириш тиргизиш ишларини, инсоннинг энг улуғ ҳуқуқларини инкор қилиб, ўнг сўлини ажрата олмаган ишчи қўшчи қўлларига топширмиш эдилар. Халқ ичида оз кўп тушунарлик, кўзга кўринарлик, борлиқ кишилар инқилоб душманлари ҳисобланур эди. Уларча ҳақсиз деб танилган одамлар жазога тортилиши учун, у кундаги ҳокимлар олдида у бечораларнинг ўзларидан бошқа ҳеч қандай гувоҳ-исбот керак эмас эди. Мана шунинг учун унинг сўзидан менга ҳам бироз ташвиш тушган бўлса ҳам, эс топган кунимдан бошлаб, ҳар иш Аллоҳдан изнсиз бўлмайди деган ишончим борлиғидан ўзига топшириб, бу ишнинг сабабига киришдим. Шундоқки, чой қайнаши билан: «Қани, мирзалар, чой ичиб олайлик, биз бўлсак қўлингизда турибмиз», деган бўлиб, дарҳол хуржундаги ёғлиқ кулча, мойлиқ қази, мева чеваларни чиқариб дастурхонга тўқдим.

Илик узилган кўклам вақти эди. Ўзлари оч бўлса керак, бўри қўйга теккандек таомга ҳужум бошлаб ейишгани турдилар. Қонишгандан сўнгра: «Хўш, энди сўрашиб-танишайлик, қаёқдан чиқдингиз, қаёққа бормоқчисизлар?», дейишди. Мен ҳам тўғрисини сўзлаб: «Қўлимизда ҳеч қандай қоғозимиз йўқ, ҳозирги замонни кўриб турасиз, ўзимиздан чўчиган кишилармиз, чегарадан ўтиб, Кошғарга бормоқчи бўламиз», дедим. Менинг бу сўзларимга ишониб, бошқа гумон қилмаган бўлса ҳам, “отказ” моллар борми хаёли билан бизга қараб: «Меҳмонлар, хафа бўлманглар, қонун бўйича хуржунларни қарашимиз керак», деб меникидан бошлаб қараган эди, қўлига китоб чиқди. Бошқаларникини ҳам кўргандай бўлиб, сўнгра айтди: «Сизлар яхши киши кўринасизлар, баримиз мусулмон боласимиз, бунинг устига қўлинглардан нон еб, туз татиб қолдик. Бизнинг бошчимиз ўрис, сизларни кўриб қолса, Норинга қайтариб ҳайдашдан тортинмайди. Эндиги бизнинг ёрдамимиз шулки, бу чўнг йўлни қўйиб, ҳалиги йўлингларга кирсанглар Белошув орқали ўтиб, чегара соқчиларидан беш чақирим юқори Тошработга тушасизлар», дейишди.

Биз учун 6у каби ғамхўрлик қилишини ундан кутмаган эдик. Бу сўзни англашимиз билан уни олқишлаган ҳолда орқага қайтиб, Қўшмоқ ҳожим бошчилиги остида йўлга тушдик. У ерда пешин номозини ўқиб отланган эдик. Икки тоғ орасидан сув бўйлаб юрганимизча уч тўрт соатлардан кейин Белошув довонига етиб келдик. Қарасак, довон ўртасида бир чақиримча ер оппоқ қор билан қопланган бўлса ҳам, нариги кун чиқар томони кўриниб турарди. Бироқ кўклам вақти келиб, қор юмшаб қолганликдан, қаерга от солсак, қулоғигача қорга кўмилиб, бир босим олға юришга йўл тополмадик.

Энди бир ёқдан кечқурунги тоғ изғирин совуғи суягимиздан ўтиб бораётган бўлса, иккинчи томондан, тун қоронғуси яқинлашмоқда эди.

Буни кўрган мен: «Бу йўлимиз келишмади, тун бўйи қоронғуда совуққа қолиб, бир хатарга учрамайлик, қайтсак қандай бўлар?», десам, Қўшмоқҳожим: «Ҳай тақсир, ҳаммадан қайтишимиз хатарликдир, тоғ тўлган йўлтўсарлар ичидан ўтишимиз керак. Ҳар қандай бўлса ҳам орқага қайтмайлик», деб сўз талашиб, кўз жалдираши устида турган чоғимизда, довоннинг тепасидан бизга қараб келаётган бир кишининг қораси кўринди. Ҳизр кўргандай, уни интизорлик билан кутиб турдик. У киши билан кўришиб ҳолимизни айтдик. Агар йўл топиб бизни довондан ўтказиб қўяр экан, эллик сўм беришга ваъда бердик. Бу киши ўзи яёв бўлгани устига, кеч кириб тун қоронғуси тушканликдан: «Борар жойим олис эди, йўлда қийналиб қоламан», деб ижирғанган бўлса ҳам, айланиб-ўргилиб уни кўндирдик. «Қани бўлмаса туринглар!», деб бир отни етаклаганича, олдимизга тушди. «Қаёқдан йўл топар экан?», деб қараб турсак, қор устидаги эски йўлни қўйиб, тоғ бағридаги ялама музга от солган эди, оёғи тойиб юмалаганча беш ўн қулоч тубанроқда ётган қалин қорга кўмилди. Минг турлик машаққат билан уни чиқариб олгандан сўнгра, бошқароқ ердан йўл топиб баримиз саломат ўтдик.

Қўлидаги таёғини санча санча эски йўл изига тушди. Бизни эргаштирганича ўзи яёв, биз отлиқ юрганимизча эсон омон довондан ошириб қўйди. Суйинганимиздан ваъдалашган ақчани ошиғи билан бериб, уни қайтардик.

Тун қоронғуси босиб, юрар йўлимиз анчагина қоронғулашиб қолди. Довондан қутилгач бел ошиб, икки тоғ орасидаги узун ўзанга тушдик. Усти қор, муз билан қопланган бўлса ҳам, остида сув оқаётганлиги сезилиб турарди. Тун қоронғусида йўлбошчимиз йўқлигидан даҳшатга тушиб, изғирин совуққа қолиб кетаётганимизда, «йилт» этиб уч тўрт ердан ўт ёруғи кўринишга бошлади. Кўзимиз унга тушиши билан йўқолган моли олдидан чиққан кишидай баримиз қувонишиб кетаётганимизда, бирданига муз ёрилиб, белимдан сувга ботиб қолдим. Йўлдошларим ҳай-ҳайлашиб юриб, мени сувдан чиқариб олдилар. Қўнжимга сув тўлиб, эгин бошларим бутунлай ҳўл бўлган эди. Яхшиямки, қўнолғуга келиб қолган эканмиз.

Чироқ ёниб турган уй устига келиб: «Меҳмон келди, киши борми?», дейишимиз билан уч тўрт одам югиришиб чиқишди. Қарасам, ўз маҳалламиз Бешкарам саройидаги таниш савдогар йигитлар экан.

Мени кўришлари билан шошилишган ҳолда ўт устига киргизиб, ҳўл кийимларимни ечиришганларидан сўнгра, пишиб турган таомларини қўйдилар. Ўз уйимизда ўтиргандек суюнишиб, Тошрабод сарой қошида тикилган кўчманчи қора уйда, ўртада осилган чўнг қозон остига ёқилган улуғ олов гир тўгарагида, турк улусидан тиниқ кўнгилли, кулар юзли, тўғри сўзли қирғиз, уйғур йигитларидан қўшма бир тўп киши бўлиб ўлтирдик. Кун совуқ, қорнимиз оч. Ҳай, ўша куни еган тамоқнинг тотиғи, орадан 46 йил ўтибдир, ҳалигача кўнглимда сақланиб турибди. Шундай қилиб, у кечани дўст уйида ётгандай кўнгил хуши билан ўтказдик.

Эрталаб турганимизда қарасам, эскидан қолган Тошрабод деган тарихий сарой олдига қўнган эканмиз. Бунинг биринчи биноси Кошғар ҳокими Муҳаммадхон томонидан қурилмиш эди. Буниси эса, шайбонийлардан 1006 ҳижрийда вафот топган Бухоро подшоҳи машҳур Абдуллахоннинг замондошидир.

Шарқий ва Ғарбий Туркистон савдо тижорат карвонларини қароқчилар ҳужумларидан сақлаш учун, ҳар икки ҳукмдор ўзаро келишиб, шу ўринда кузатувчи аскар қўймиш эдилар. Бунинг қандай натижа берганлиги маълум эмасдир. Бу ердан мен ўтган вақтда ҳеч нарса қолмаган бўлса ҳам, олди томонидан кириш эшиги устига бир икки газлик тахта тошлар қўйилган ва ўртадаги узун йўлканинг ҳар икки ёғига солинган қирқтача келгудек гумбазли уйларнинг белгилари бўлиб, қибла томонида юз киши ётқудек меҳроблик уй, усти ўйилган катта гумбази билан турган эди. Шуларга қараганда, бу бино ўз вақтида анчагина ҳашаматли қурилиш бўлган бўлса керак.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Эртаси баримиз, ўн кишича бўлиб, Тошрабод довонидан ошиб, Чодиркўл бўйига тушдик. Бу бош оёғи кўриниб турган, айланаси ўттиз-қирқ чақирим келгудек, кичикроқ кўл экан.

Йўл яқинига қараб янгидан эрий бошлаган кўл музини кесиб ўтиб, Тўрақот саройига тушдик. Бу ерда, саройчи бир уйлик уйғурдан бошқа, ҳитой ҳукумати томонидан қўйилган ҳеч киши йўқ эди. Бир кеча ётиб, эртаси Кошғар чегарасида Тўюнтепа деган жойга келганимизда йўлимиз иккига ажради. Тўғри кетсак Чақмоқ қоровул ўрни бўлиб, йўл текширувчи хитойлар шу ерда турар эканлар. Шунинг учун биз уч киши бошқа йўлдошларимиз маслаҳатларича, сўл қўл томонга бурилиб, Қоратепа довонига қараб йўл олдик. Довон остига келганимизда, 1800 йилларда Кошғар ҳокими марҳум Ёқуббекдан қолган қоровул қўрғони ёнидан ўтишга тўғри келди. Орадан узоқ давр ўтмаганликдан қалъа бинолари ҳали кўп бузулмаган эди. Бу ҳароба кўзимга кўриниши билан икки Туркистоннинг илгариги тарихини кўнглимдан кечириб, эндиги қайғулик ҳоллари устида узоқ ўйланиб тўхталдим.

Кўринг ўғуз, уйғур каби қаҳрамон турк улуси болаларини! Онгсизлик, билимсизликларидан бугунги кунда қўлоёқларига қуллик асирлик кишанлари солинган ҳолда, инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажрагандирлар. Босқинчи душманлари ҳисобига, ўз она Ватанларида туриб, қандайин хор зорлик билан ҳайвонларча эрк ихтиёрсиз, мажбурият қамчиси остида ишлаб турибдилар.

Улуғ қудрат эгаси Аллоҳдек худоси бор, бутун оламга раҳмат келтирган Муҳаммад алайҳиссаломдек йўлбошчиси бор, худо қонуни бўлган Ислом динидек дини бор мусулмонларнинг бу каби хорликка қолишлари, Қуръон ҳукмига кўра мумкин эмасдир. Чунки Қуръоннинг айтишича, Ислом дини илоҳий бир қонундирким, буни тўлиғи билан амалга оширувчи мусулмонлар ҳар икки дунё давлатига, албатта, эга бўладилар. Бу сўзнинг ҳақлигига ҳеч шак йўкдир. Ислом давлатининг аввали, айниқса, ҳазрат Умар давридаги исломнинг шон шавкати бу сўзни аниқ исботлайди. Туркия султонларидан Султон Сулаймон даврида деярлик бутун Оврупо ҳукуматлари ислом подшоҳининг буйруғига бўйсунмиш эдилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу умматим аввалда нима билан кўтарилган бўлса, охирида ҳам шу билан кўтарилади», дедилар. Маълумдирки, Расулуллоҳ давридан бошлаб, ислом тараққиёти давомида ислом подшоҳлари олдида, Қуръон ҳукми биринчи қўлланма бўлмиш эди.

Энди юқоридаги сўзлардан очиқ маълум бўлдики, илм-ҳунардан орқада қолиб, бошқалар оёқ остида эзилган мусулмонлар Куръон ҳукмини амалга оширолмай, ҳақиқий исломиятдан баҳра топмаган эканлар. Йўқ эса, Қуръон ҳукмлари, асосан, уч ишга тўхталмиш:

  1. иттифоқлик;
  2. замонавий илм-ҳунарни ўрганиб, ҳар ишнинг сабабларини имконият борича тўлиқлаш;
  3. душман қаршисида ўлимдан қўрқмаслик.

Мана шу уч нарсага ҳаёт оламида ҳар ким эга бўлар экан, ўз Ватанларини, бутун инсоний ҳуқуқларини босқинчи душманлар ҳужумларидан, албатта, сақлай оладилар.

 (давоми бор)