“Мени туғди бугун ростгўй битта гўр…”

“Мени туғди бугун ростгўй битта гўр…”
55 views
24 January 2016 - 16:01

Гўрўғлилар давраси

Ғафлат ичра ётган халқ уйғонмади,
Қалбнинг жароҳати оғритмас уни.
Золим ўзи топган йўлдан тонмади,
Мазлум қуллик қилиб ўтказар тунни.

Пичоқ санчса кўксин очади унга,
Арқон тутса бошин эгади муте.
Жасорат ҳам тоқат қилолмай бунга
Қўрқоқлар юртини тарк этди, кетди.

Бошингдан урсалар қамчи беаёв,
Ҳақорат ёғилса ғаним тилидан,
Тик боқишга юрак бермайдими дов?!
Ўлигинг терасан ўнгдан ва сўлдан…

Ўзингга нафратинг, ўзингга қарғиш,
Қарғаган ўзингсан, қарғалган ўзинг.
Мардликка беролмай бирор он ройиш,
Ерга экилади қалтираб тиззанг…

Ҳақни ботил дейсан, ботилни тўғри,
Сир сотиб суюниб яшайсан, йиғла…
Қабиҳликни кўриб, жабрни кўриб,
Қайтарай демайсан қонсевар тиғни…

Кўксингда йиринглар, қора яралар,
Вужудинг шайтонлаб ётган қабристон.
Ёлғончи ўликлар ичра оралаб,
Юксаклик излайсан бу тубан, пастдан…

Минг йил ҳомиласин асраб келди ва
Мени туғди бугун ростгўй битта гўр.
Гўрда туғилганлар, қурайлик давра,
Бизга тушиб келсин жаннатлардан нур…

***

Тушунган инсон

Тушунган инсонсиз ҳаммасини сиз,
Мулойим, тарбия кўрган “человек”.
Сизда ҳамма нарса турар батартиб:
Меҳрингиз бир четда, қоқ ўртада кек.

Дўстни ҳам тушуниб қадрлайсиз сиз,
Бирор марта унга йўқ демайсиз ҳам.
Аммо ғанимнинг ҳам “иссиқ” юзидан
Ўтолмай уни-да қиласиз хурсанд.

Гўрўғли,
2016, январь