“Каримов душмани – менинг душманим”

“Каримов душмани – менинг душманим”
77 views
26 January 2016 - 10:36

islam-karimov-ganga-most-2

Ўзбеклар армони

(5-қисм)

Албатта, ҳар бир ўзбек қалбида, Мақбул жаллод нафақага чиққач нима учун уйида оёғини чўзиб ўтирмайди, деган савол туғилиши табиий. Бу жуда ҳам ўринли савол. Чунки, Ўзбекистонда нафақага чиқиш – том маънода тирик ўлиш деган маъно касб этади.

Дунё тамаддунидан жуда ҳам орқада қолиб кетган бу жамият ақидасига кўра эса, тирик ўлиш – етти қат кўрпача устида оёқ чўзиб, ҳузру ҳаловатда қарилик гаштини сурмоқ, деганидир. Ўлимни кутиб, топганини еб-ичиб яшаш – биз ўзбекларнинг энг ноёб удумларимиз сирасига киради. Қозиқдаги сўқимга боқилаётган ҳўкиздан фарқимиз қолмагач, биз ҳақиқий қайноқ ҳаётдан узилиб, қутсиз ва ҳиссиз тарки дунёчилик гўшангасига ихтиёрсиз тушганимиз билан фахрланамиз. Ёруғ дунёмизни совуқ ва нурсиз зиндонга алмаштиришимиз билан, кўп йиллар ажал каби орқамиздан таъқиб қилиб келган сиёсий-иқтисодий сарсон-саргардонликлардан қутулдик, деб ўйлаймиз. Чунки узоқ чўзилган бетайин ҳаёт, бизларни дунё ташвишларидан зада қилган, биз яшашдан – фаол турмуш тарзидан, дунё ҳамжамияти билан уйғун умргузаронлик қилишдан чўчиб қолганмиз.

Болаларимизнинг эртаси, мамлакат келажаги бизларни қизиқтирмайди. Асносида, уларни ҳам бедодликларга панжа орасидан қарашга, мустабидларнинг ҳар қанақа ноинсоний зулмлари ва беҳаёликларига кўникишга чақирамиз. Бу ватан бу миллат бизники бўлса ҳам, унинг муаммоларини ечиш бизнинг бош вазифамиз эмас, гўё бу ишлар бизга алоқаси йўқдай туюлади. Барчасини, четдан кимдир келиб ҳал қилиши лозим, фақат бизлар эмас, деб ўйлаймиз. Четдан келадиган ўша жонкуяр, ўша мавҳумотнинг ўзимиздан ўзга бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисида эса, ҳеч қачон фикр юритмаймиз. Ёки, ўша мавҳумотнинг рус, хитой ёхуд ўзга бир истеълочи бўлиши ҳам мумкинлиги, бизларни изтиробга солмайди. Бутун умр ўз ечимини тополмаган муаммоларни нафақага чиқиш баҳонаси билан бола-чақа зиммасига ортмоқласак бўлди, азалда ўзимизга юклатилган масъулиятлардан ўзимизни шу алдамчи йўл билан соқит қилган бўламиз. Кети кўринмайдиган мағлубиятларимиз, кўзларимизга қўнғироқларини жаранглатиб бораётган “ғалаба” карвони бўлиб кўринади. Аслида эса, бизлар мағлубиятларимизнинг наъшидасини сураётган бўламиз. Дунёни англай олмаслик хасталиги – афн бўлиб онгимизни элитади.

Шууримизни измимизга сола олмаганимиз сабаб, яна ўзимиз ўз болаларимизни эшак этиб миниб оламиз. Ҳеч қачон ўртага келтиролмаган ишларимизни, ёзилган ҳақ-ҳуқуқларимизни қонунлардан талаб қила олмаган бўлсак ҳам, фарзандлардан уларга жавоб беришни талаб қиламиз. Ёш боладек хархаша қилиб, ўтмишда амалга оширган йўқ “қаҳрамонликларимиз салномаси”ни бармоқ букиб, санаб, ёшларни ношудликда айблаймиз. Баробарида, ҳар сония болаларимизнинг қанотларини қийиб, учишларига монелик ҳам кўрсатамиз. Ўлгунимизча, мустабид тузум бедодликлари, бизлар учун энг асосий дастуруламал бўлиб қолади. Президент Каримовга ўхшаган диктаторларни, ҳеч қачон ўлмайди, деб ўйлаймиз. Ўзимизнинг ҳар кун ўлиб-тирилаётганимизни эса, билмаймиз…

Ер юзида, биз ўзбеклар сингари болалари ҳақ-ҳуқуларига хиёнат қиладиган яна бир бошқа миллат бўлмаса керак!

Нафақага чиқмаган одам эса нафақага чиққунча, бошига таёқ еган илон сингари қай тешикка бош суқишни билолмасдан, гарангсиб, умри ўтиб кетганидан хабарсиз қолади. Бир умр кўзлари тўрт бўлиб кутган нафақа муддати етиб келганда эса, баъзи бир кимсалар ҳали туғилганидаёқ, ўзининг чиқитга чиқарилганлигини сезиб қолиб, ҳаммаси беҳуда ўтганидан пушаймон бўла бошлайди. Хоҳ у бой бўлсин, хоҳ у камбағал, бунинг аҳамияти йўқ. У яроқсиз бир шахс сифатида, энди ошкора бир тарзда жамият ҳаётидан ажратиб қўйилади.

Ўзбекистонда, энг яхши одам – ўғри ва қаллоб бўлгани сингари, энг ёмон одам – дину диёнатли ва қамалиб чиққан одам. Аммо нафақага чиққан одамнинг кунидан қамалиб чиққан одамнинг куни кўп авло. Ҳатто, қамоқдаги маҳкум билан очиқдаги нафақахўр ҳаётида, унчалик тафовут йўқ деса ҳам бўлаверади. Қамалган одам ўлмасдан, майиб-мажруҳ бўлмасдан бир амаллаб қамоқхонадан чиқса, ҳаётини қийналиб бўлса ҳам минг бир машаққат билан изга солиши мумкин, нафақадаги одамнинг ҳаётига “нафақахўр” тамғаси урилгач қайта ўнгланмайди.

Мантиқан фикрлайдиган бўлсак, бу иддаоларда заррача ҳам лоф йўқ.

Президент Каримовнинг терлаб-пишиши натижасида, ўлка очиқ гўрга, нафақадагилар тирик ўлдирилган-у ҳали кўмилмаган мурдаларга айлантирилганлар. Улар орасидан илгари ароқхўр ёки ялоқхўр бўлган бир-иккисидан соқолини селкиллатиб, телевизирдан чиқиб, мустабид тузумнинг нағорасига ўйнаб бериш учун реклама сифатида фойдаланилмаса, қолганига бўлган иззат-ҳурмат оғизда ва қоғозларда қолиб кетади. Амалда, уларнинг хонавайрон бўлган ўлкани томоша қилиб, ўмарганларини еб-ичиб, ўлимларини кутиб яшашларидан бошқа чоралари қолмайди. Ўмармаган, бирор бир ташкилотни ўпиришга имкони бўлмаган аксар нафақахўрларнинг эса, арзимган нафақага тишини кирини сўриб яшаётганлари ҳам бор гап.

Илгари юқори лавозимларда ишлаган, довруғи етти иқлимга достон бўлган Исмоил Жўрабеков каби машҳур юзлаган кимсалар бошида ҳам, ўн йилки мана шу муаммо байроқ тиккан. Уларнинг оёғини ялагудек бўлиб атрофидан кеча-кундуз айрилмайдиганлар, улар нафақага чиққан кундан бошлаб, у томонга қараб чоптирмайдилар ҳам.

Қоруннинг карвонини талаган қароқчи сингари Ўзбекистонни талон-тарож қилган Исмоил Ҳакимовичнинг ўзини эса, бу ҳолат кўпам куйинтиравермайди. Унга президент Каримовнинг қарилик марази қўзиб, ташланмаса, бас, қолганлари аҳамиятсиз ва беҳуда нарсалар. У учун ер юзида уй қамоғидан кўра яхшироқ бир жой қолмаган. У усти бут, қорни тўқ, Азроилга уч-тўрт сўм пора бериб, умрини чўзиб турса бўлгани…

Ўзбекистонда мулозимлар орасидаги нафақага чиқиш ёши ҳам турлича. Президентнинг кўзига ёқмаган кимса, энди ўттизини қоралаб ўттиз бир ёшига чиққан бўлса ҳам нафақага чиқарилаверади. Пахта қўйишни қойиллатадиганлар, бир юз ўттизига чиққанда ҳам, эти ириб устихони қолган бўлсада лабораториядаги склетга ўхшаб ишлайверадилар. Каримовга қараб: хомушсан, ҳушинг қани, суягинг қолибди, гўштинг қани, дегандай, унга ҳам шундай, деб, ўттиз йиллаб ўзингизни-ўзингиз овунтириб юраверасиз.

Лўлининг эшагини суғор, пулини ол, деган сўз айнан ўзбек учун айтилган. Ўзбек учун така бўлсин, сут берсин, унинг қолгани билан иши йўқ. Шунинг учун ҳам биз асрлар бўйи на сиёсатда, на иқтисодда арзугулик мувафаққиятларга эриша олмаймиз. Ўтмишимиздаги яхши-ёмон қилган ишларимизни обдон таҳлил қилиб, порлоқ бир келажакни бунёд этиш учун миллий сафарбарлик эълон қилмаймиз. Бизга ҳар кун моддий манфаати тегиб турмаган одам – хоҳ у отамиз бўлса ҳам, биз ундан воз кечамиз, барчасини хўжакўрсинга ўзимизга ўхшаганларнинг кўзи учун мунофиқона бир ўзанга солиб оламиз. Аввалда кўрилган ҳар қандай фойда, минган отимизнинг оёғи синган кунда хаёлимиздан кўтарилиб қолади.

Биз кечаги кунни эсдан чиқариб яшашга ўрганиб қолганмиз. Чунки, отамизнинг қарашлари ҳам, отамизнинг отасининг отасининг қарашлари ва унинг отасининг отасининг қарашлари ҳам, бизникидан ўзгача бўлмаган. Иллатлар, бизларга бобо мерос бўлиб, авлоддан-авлодга тўрт асрдан буён суяк суриб келмоқда.

Аслида, бу ишларда жабр этувчилар эмас, жабрланувчилар асосий айбдор ҳисобланадилар. Масалан, президент Каримов вазирлару ҳокимларни мақтаб-мақтаб лавозимга ўтиртиради-да, бутун жиноятларни уларнинг қўли билан амалга ошириб, сўнгра уларни сўкиб-сўкиб, кетига тепа-тепа бутун халқ кўзи ўнгида шармандасини чиқариб ишдан олади. Вазирлару ҳокимлар уйбеги бўлиб ўтириб олиб, сўнгра ҳаром-ҳалолдан йиққанларини каламушдек қорнғи гўшасида, еб, ўлимларини кута бошлайдилар. Барча жиноятларнинг аслида, президент бошчилигида амалга оширилаётганини улар ҳаммадан кўра ҳам яхшироқ биладилар-у, аммо оғзиларига талқон солиб оладилар. Чунки, улар шахс эмаслар, уларда озодлик ва ҳурлик тушунчаси йўқ. Улар ҳамма замонларда ҳам, ҳокимиятда мансабни эгаллаб турган кимсаларнинг содиқ қули бўлиб келганларнинг, миллатни – Чўлпонлару Мадаминбекларни сотганларнинг, отганларнинг авлодларидирлар. Улардан, хоинлик ва миллат бошига келадиган балою офатлардан бошқа нарсани кутиб бўлмайди. Мана шунақа мансабдорлар шахс бўлмагани, тарихи ва ўтмишини, ўзининг кимлигини билмагани учун ҳам қадим Туркистон парча-парча бўлиб, бўлиниб кетган…

Мақбул жаллодни эса, буларга қиёслаб бўлмайди. У ҳар жиҳатдан президент Каримовни тахтда ушлаб турган кимсалар наздида, бошқалардан юқори туради. Шунинг учун ҳам уни мустақилликнинг биринчи йиллариданоқ, ўзбек яҳудийлари асос солган “Каримов душмани – менинг душманим” ташкилотига аъзо қилган эдилар. Исмоил Жўрабековга ўхшаган ким қанча мансабдорларнинг қайта-қайта ёзган аризаларини, бу махфий ташкилот: “Сенинг онанг, Ғиждивон тожиги, ё фалон пистик… Ўзбек билан тожик бир гўр…” деган ҳар хил баҳоналар билан қабул қилмаган бўлса ҳам, Мақбул жаллодга ўхшаган ўзбекнинг додини берадиган кимсаларга жиддий муносабатда бўлган эди. Шу боис ҳам, унга ўхшаганлар ярим йўлда президент Каримов томонидан бир чиқит каби улоқтирилиб, ҳукуматнинг бутун эшиклари унақалар учун тақа-тақ ёпиб ташланмаган.

Ҳатто, Мақбул жаллоднинг миллати ҳам ҳеч кимни қизиқтирмаган эди. Ўша замонларда, маҳаллий халқлар орасидан кўкрак кериб чиққан кўпчиликнинг, “Онамиз-отамиз яҳудий бўлмаса ҳам, ўзимиз тоза қонли яҳудиймиз” деганини, ташкилотдаги ҳеч ким эшитишни ҳам хоҳламаган эди.

Ўзбек мулозимлари орасидаги “тусланиш” деб аталадиган бу анъана, ҳалигача ҳам шиддат билан давом этиб келмоқда.

Қисқаси, “Каримов душмани – менинг душманим” ташкилотига қабул қилинган кимсалар нафақага чиқиб ҳам фаолият кўрсатаверадилар. Улар ташкилот ҳайъати мақул кўрган ҳар қанақа ишга муҳокамасиз киришадилар, йўқотишга маҳкум қилинганларни ўйламасдан йўқотадилар, портлатиши режаланган обеъктларни киприк қоқмасдан портлатадилар. Шу жиҳатдан ҳам Мақбул жаллоднинг нима учун айнан “А” амалиётига кўзланганлигини тушунса бўлади.

Ташкилот аъзоларига ҳар ойда берилаётган ёрдам пулларининг чек-чегараси йўқ. Улар хоҳлаганларича, еб-ичиб, қолган пулларига ҳар йили иккитадан янги машина сотиб олсалар ҳам, жамғармаларининг чўғи камаймайди. Уларга кўрсатилаётган чексиз иззат-ҳурматнинг ўндан бири ҳам Махмуд Худайбердиев каллакесарларига раво кўрилмагани каби, президент Каримовни қўриқлаётган ёлланма Исроил қўриқчилари бундан мустаснолар, албатта.

Шу ўринда, бу масхаромуз гапларнинг кимга кераги бор, дейдиган, баъзи бир ўқувчиларимиз диққатига ҳам бир-икки оғиз сўзимиз бор:

Албатта, биз айтаётган гапларнинг қанчалик воқейликка мос ё мос тушмаслиги асосий масала эмас. Гап, мантиқда! Бу барчаси, халқнинг тилидан олиб ёзилган нарсалар, холос. Асосийси, одамларни хоҳлаган кўйимга сола оламан, уларни истаганимча аҳмоқ этиш менинг қўлимдан келади, дея, ўзини-ўзи авраб юрган мустабид Каримов ва у бошлиқ ҳукумат амалга ошираётган ишларнинг – халқ тасаввурида – қанақа акс этиши, масаласи.

Ҳа, бош масала, мана шу!

Халқнинг орзу-умидларидан, унинг хоҳиш-истакларию, улар ва биз ҳақимиздаги тасаввурлардан бошқасининг, биз учун бир чақалик қиммати йўқ.

Ўзимизни ва ичимиздаги шайтонимизни чегаралаб туришимиз учун халқнинг ҳамма замонларда ҳам, донишмандлиги – том ҳақиқат эканлигини, унинг хотирасини ва ақл-тафаккурини буткул йўқотишнинг имкони йўқлигини, биз теран англамоғимиз керак. Ҳукмдорлар шохида юрган бўлса, халқнинг баргида юрганлигини бир лаҳза ҳам хаёлдан соқит қилмаслик, ҳамма замонларда ҳам ҳаёт талаби бўлиб келган.

Диктатор Каримовнинг чўтир ва шайтоний башараси, ёлғон сўзлари тугул, унинг ич-ичини кафтидагидек кўриб турган ва у хусусида ўзига хос афсоналар тўқиган миллатни, қўрқоққа ёки ялтоққа чиқараётганларнинг ўзлари қўрқоқлар, ўзлари ялтоқлар.

Ҳар қанақа миллатга раҳбар – қўрқмас ва оташин йўлбошчи лозим. Шу каби ўзбек миллатига ҳам. Унинг нималарга қодирлиги, ана ўшанда аён бўлади.

Ўзини жонкуяр, ҳисоблаб, баъзи бир сўқир “зиёли”лар каби йўлбошчисиз қолган бир миллатдан ўринсиз ўпкалаш, ғирромлик ва фаросатсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Бу, қаровсиз қолиб кетган отарни бўрилар бўғизлаб кетгач, ўзининг айбини ёпиш учун қўйларни айблашдек бир гап. Чўпоннинг бошига бўриларни жазолаш фикри келмаслиги эса, “Ўзбекистонимиздаги тинчлик ва фаровонлик учун президентимиз, Ислом Каримов отамизга минг раҳмат” деганганга ўхшаган бир ҳолат. Чўпон чўпон бўлмаса, чўпон суратига кириб олган бир фирибгар бўлса, қўйларда қанақа айб бўлиши мумкин. Фирибгар чўпонлик даъвосини қилгач, чўтир ва қўтир шоғоллар ёвуз ва қонхўр бўри бўлади-да.

Чўпон ҳақиқий чўпон бўладиган бўлса, қўйлар суруви бўрига айланиши ҳам мумкин. Шу учун миллат олдида, ҳукуматдагилардан кўра кўпроқ ҳаққи ва бисёр қарзи бор зиёлилар, ўзларининг фаолиятларини тафтиш қилиш масалаласини ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди…

Миллат қаршисига ҳақиқий бир йўлбошчи шаҳидлик кафанини кийиб чиқмас экан, халқ асл ҳақиқатларни ҳам чўпчакларга айлантириб юраверади.

Ҳақиқий ва оташин йўлбошчи эса, бугун бизнинг орамизда бор…

Эргаш Сулаймон