Икки Аждарҳо

Икки Аждарҳо
73 views
01 February 2016 - 12:24

Madamin-bekАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ – 7

(давоми)

Афсуски, биз яқин ўтмишимизда ҳам жирканчли иттифоқсизлик сабабли ўз давлатимиздан ажрадик.

1840 йиллардан бошлаб руслар Ўрта Осиёни истило қила бошладилар. Бу ерда учта хонлик бор эди: Бухоро амирлиги, Хўқанд ва Хива хонликлари. Оврупода илм маданият тараққий қилиб, бутун инсоният оламига уйғониш ёғдусини соча бошлаган бир даврда бу хонликлар хурофот ботқоғига ботиб, жоҳилиятнинг ниҳоятига етган эдилар. Не қобилиятлик Ватан ўғлонлари ўзларининг азиз умрларини Бухоронинг қадимги эски мадрасаларида арабий, форсий тилларни ўрганиш билангина ўтказдилар.

Форобийлар, Ибн Синолар чиққан бу улуг Ватаннинг ва миллатнинг келгуси истиқболи учун ҳеч ким қайғурмас эди. Шундай аҳволда бўлишларига қарамай, иттифоқсизлик балосининг энг юқори босқичига етганликларини кўрсатиб, душманга қарши бирлашиш ўрнига доимо ўзаро низо ва қон тўкишлар билан шуғулланиб келдилар. Инқироз бўлиш олдида туришларига қарамай, илмсизлик натижасида, бунинг олдини олиш учун қўлларида бор имкониятдан ҳам фойдаланолмадилар, кераклик сабабларини қилмадилар. Ўқиш ўқитиш ишлари ўрта асрдагидан фарқи йўқ эди. Етарлик иқтисодий бойлик мавжуд бўла туриб, давлатнинг мудофаа ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Аскарий тартиб шу эски усулда бўлиб, низомий тартиб киргизилмаган ва замонавий қуроллар йўқ эди. Бундай онгсиз ҳукуматнинг инқироз бўлиши табиийдур. Булар Ватан ва миллат олдида энг кечирилмас жиноятчи одамлар, чунки давлатларини инқирозга, миллатларини қулликка, Ватанларини хорликка олиб келдилар. Қани, Куръон ҳукмига уларнинг амал қилганликлари?

Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Шу билан Қоратепа қўрғонидан ўтгандан сўнгра довон устига қараб тирмашдик. Баъзи бир тоғларда тутаклик (cийрак, кислороди кам) ҳаво борлигини халқ оғзидан эшитган бўлсам ҳам, ўзим кўрмаган эдим. Йўлнинг қийинлиги, тоғнинг тиклигидан от устида туролмай, ҳаммамиз отларимиздан тушиб, яёв юришга мажбур бўлдик. Бироз юрганимиздан кейин юрагимиз уриб, сувлиғимиз (томоғимиз) қисила бошлади. У тоғларда тутак борлиғидан хабаримиз бўлмагани учун тиббий томондан унинг чорасини олдинроқ кўрмаган эканмиз. Йигитлигим тўлиқ, таним соғ тутаги йўқ тоғларда такадек сакраб юрган киши эдим. Бу ерда эса бир қадам юқори босишга ҳеч қайсимизда қувват қолмаганлигидан от қуйруғига осилишиб, минг турли қийинчиликлар билан зўрға довон устига чиқдик. Қарасак, душманга қаршилик кўрсатиш учун тоғ чўққисидаги қисиқ жойга илгари ҳам чеб (чегара, пост) боғламиш эканлар. Довон ошиб, тутакдан қутилгач, тоғ тагида кўриниб турган қирғиз Солмирза саройига келиб қўндиқ. Эртаси бу ердан отланиб, шу юрганимизча юз чақирим келгудек Оёқ, Чанақ, Азған чўлларидан ўтиб, кун бота Оғу кентининг тўшига келдик. Йўл усти бўлмагач, у жойни оралаб ўтиш бизга тўғри келмади. Бу ердан ўтиб, бир оз юрганимиздан сўнгра йироқдан қуюқ қора дарахтлар ичида кўринган Остинортиш юртининг энг бошидаги Читолча кентига кирдик. Бирига бири туташган кентларни оралаб юриб, тун ўртаси билан йўлдошимиз Қўшмоқ ҳожим уйига етдик.

Кошғар, Ёркент, Хўтан шаҳарлари ва Хитой тупроғидан Гансу ўлкаси ҳам, 95-96чи ҳижрийда халифа томонидан юборилган ислом мужоҳидларидан Қутайба ибн Муслим қўлида фатҳ бўлиб, ислом динига кирмиш эдилар. Лекин ислом дини ҳали Олтишаҳар ўлкасида бутунлай ўрнашмай туриб, ислом аскари тескари қайтишга мажбур бўлди, чунки Бағдоддаги ибн Абдул Малик халифа билан Қутайба ибн Муслим оралари бузилмиш эди. Шунинг натижасида қайтган аскар Фарғонага келгач, уруш бошланиб Андижон шаҳридан 25 чақирим кун чиқиш томондаги Сўпи қишлоқ яқинида, илгариги Фарғона маркази Халич шаҳри олдида, ўз аскари томонидан Қутайба ибн Муслим ўлдирилади. Шу кунларда ҳам ерлик кишилар Халични Қутайба мозори (Қилич мозори) деб атайдилар.

Расулуллоҳ томонидан Сайфуллоҳ – Аллоҳ Қиличи номини кўтарган ислом қўмондонларининг энг биринчиси машҳур Ҳолид ибн Валиддан сўнгра биринчи даражали атоқлик фотиҳ Хуросон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Кошғар, Хўтан, Гансу, то Чин марказигача ислом футухотини етказган шундайин қаҳрамон қўмондон Қутайба, иттифоқсизлик шумлигидан шу каби фожиага учради. Мусо ибн Наср, Ториқ ибн Зиёд (Милодий 710 йилда бу буюк ислом қўмондонлари ўз аскарлари билан Гибралтар бўғози орқали ўтиб Испания, Португалия ва Жанубий Францияни забт этадилар. Кейинчалик бу икки қўмондон ўзаро ҳасадлашиб қолиб иттифоқлари бузилиши натижасида ғарбдаги ислом футухоти тўхтаб қолади) бу қўмондонларнинг ҳасаддан чиққан ихтилофлари, ғарбдаги ислом футухотларига қандай тўсиқлик қилган бўлса, буларнинг ҳам ўзаро ҳасадлик ёғий бўлишлари шарқда ислом дини тарқалишига ундан ҳам ортиқроқ зарба етказган эди. Унинг натижасида марказий шаҳарларда янгидан тарқалмоқда бўлган ислом дини тўсқинликка учраб, бир икки аср орқага чекинди.

Бу орада Мовароуннаҳр ўлкасида адолатли Сомонийлар давлати қурилиб, бу муборак даврда илм маданият, исломия янгидан ривожга киришиб, бунинг соясида Форобий, Беруний, Ибн Сино каби асарлари бутун дунёга тарқалган олимлар вужудга чиқдилар. Ана шу даврда Эрондаги исломдан илгариги Қиёний подшоҳларидан Кайковуз, Хисровлар замондоши Дўкухон наслидан Сотуқ Бўғрохон Кошғар, Болосоғун ва умумий Туркистонга хон бўлмиш эди. Сомонийларга, яъни улардан Наср Сомоний давлатига чегарадош бўлганликдан, у отасидан ёширинча ислом динига киради. Сўнгра Хўтан ўлкаси атрофи билан бутун Уйғуристон халқи, бу хоннинг ҳиммати орқалик ислом динини қайтадан қабул қиладилар. Биринчи ислом очган Қутайба ибн Муслим бўлса ҳам, иккинчи ислом очиб, уни ўрнатувчи Сотуқ Бўғрохон бўлди. Тарих ҳижриянинг тахминан 380 йилларида вафот топиб Остинортишда кўмилмишдир.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, Остинортишда йўлдошимиз Қўшмоқ ҳожим уйида икки кун дам олгандан кейин Кошғар шаҳрига тушмоқчи бўлиб йўлга чиқдик. Кун иссиғи устига чанг тупроқ ичида қирқ беш чақиримча йўл юриб, шаҳар ичига кириб бордик. Бу ерлик кишилардан Тўқмоқка қатнаб турган савдогарлар кўп бўлганлигидан таниш билишларимиз кўп бўлса ҳам, улар уйига тушмасдан Ёрбоғ дарвозаси саройида бизни кутишиб турган Тўқмоқлик йўлдошларимиз устиларига тушдик.

Шу кунларда, яъни 1920 милодий йили, ички, ташқи даҳрийлар бирлашиб, чириган амир давлатини ағдариб, Бухорони босиб олмиш эдилар. Фарғона шаҳарларининг ҳар бирида бутун қишлоқ халқлари қўзғалиб, «босмачи»лар номидаги қўзғолончилар бош кўтардилар. Натижада бегуноҳ халқ бошига қиёмат қўпмиш эди. Булардан ватанпарвар, онгли ва илғор фикрлик бойлар отилиб, чопилиб, ўликлари оҳак сувига ташланди. Қолганларнинг кўп қисми ўлимдан ортиқ қийнов турмаларида узоқ ётқизилгандан сўнгра, йироқ ерларга сургунга юборилиб, энг оғир ишларда ушланмиш эдилар.

Уларнинг олди йигирма беш, энг кейини ўн йилга сургун бўлганликдан, юздан бири қайтиб келган бўлсалар ҳам, у ерда саломатликлари бузулганлиги сабабли, келган сўнггида яшовчилар сони жуда оз кўринмиш эди.

Русия тупроғидан кўтарилган фитна вулқонлари бутун мамлакат бўйлаб аланга олиб, унинг учқунлари чегара ташқарисига ҳам тушган эди. Мен шундайин оғир аҳвол, қийин кунларда чуқур фикр, катта умидлар билан Кошғарга келмиш эдим. Қарасам, бу ердаги онгсизлик, илмсизлик балоси биздан юз даража ортиқ экан. Буни кўргач, ўйлаган режам бузилиб, ўзим ҳайронликда қолдим. Бўлмаса шу кунлари, Кошғарда оят ҳадис тафсири, ҳар турли диний илм ўқитувчилари юзлаб, ўқувчилар эса неча минглаб топилур эди. Бутун Ўзбекистон, Қирғизистон шаҳарларини қоплаган уйғур савдогарлари бу ерларда бўлиб ўтган, бўлаётган халқ устидаги даҳшатли ишларни кўзлари кўриб, ўзлари ҳам тортмиш эдилар. Минглаб эшитгандан, бир марта кўрганнинг таъсири ортиқ бўлиши керак эди. Энди шуниси қизиқ, энг ҳайрон қолурлик ишдурки, уйғурлар қон қариндошлари ўзбеклар бошига келган шундайин улуғ офат балоларни кўра-била туриб онгсизлик, илмсизлик касофати сабабли бундан таъсирланиб қилчалик ибрат олмаган эдилар. Чунки, бу шум маслак ривожланишига икки нарса, яъни камбағаллик ва онгсизлик бўлиши, албатта, шартдур. Булар эса Русия тупроғида, айниқса Шарқий Туркистон ва Хитойда тўлиғи билан топилганликдан, даҳрийлар бундан фойдаланиб, шу бузуқ маслакларини бу жойларда ривожлантира олдилар. Натижада қурол кучи билан мажбурият орқали халқ бўйнига юкланиб, шу кунгача тушуролмас оғир юк бўлиб ортилиб қолди. Энди бу ерда қанча турган бўлсам, менга ҳамкор бўлгудек, келажак учун қайғурган бир кишини бўлса ҳам кўролмадим.

Онгги очилмаган, билимсиз бир миллат ўз душманлари олдида қушхонага ҳайдалаётган бир тўп ҳайвондан ҳеч қандай айирмаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг яқин ҳалокатлик душмани онгсизлик, илмсизликдир. Шунга кўра Аллоҳ таоло Қуръоннинг биринчи сурасини ўқиш, уқиш, билдириш, ёзиш калимаси билан бошламиш эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эркак аёл, ўғил қиз демай бутун умматларини илм ўқишга буюрдилар. Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир.

Бу эса Куръонда худо томонидан «Ва аъидду ва лаҳум ман қувватин мастатаътум» ояти билан очиқ буюрилмишдир. Маъноси: «Душманларга қарши қўлинглардан келгунча қурол кучи тайёр қилинглар», демакдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ало иннал қуввата аррамю», деб уч қайтариб айтдилар. Яъни, «ҳушёр бўлингларким, албатта куч қувват душманга ўқ отмоқдир», дедилар.

Бундан 1380 ча йиллар илгари айтган сўзлари қандай тўғри эканлигини ҳозирги фан илми очиқ исботлаб, ўз устимизда тажриба ўтказдилар. Энди ўтмишдаги ишларимиздан ўкиниб ўлтириш ўрнига, улардан ибрат олиб, келажагимиз учун ҳозирлик кўришимиз керакдир. Чунки икки Туркистон болалари икки аждарҳо оғзига ютилиш олдида турибдилар. Бундан қутулишнинг бирдан бир чораси эса замонавий илм фан билан тўлиқ қуролланиб, бунинг устига миллий ҳисларидан ажралмай ўз она тилларини жон ўрнида асрашлари лозимдир. Бу ўринда нега «миллий ҳис» дедик, «диний ҳис» демадик? Бунинг сабаби эса даҳрийлар ҳукумати қурилгандан бошлаб бутун диний мактаб ва мадрасалар йўқотилиб, кейинги таълим-тарбия ишлари динсизлик асосига қурилмиш эди. Шундан буёнги мактаб болаларимиз диний тарбия кўрмаганликдан мусулмончилик йўлларини яхши таниёлмай қолдилар. Шунга кўра Ватан болаларига диний тарбият тўсилган бўлса ҳам, энди ўз миллиятларини сақлаш учун тил тарбиятларидан сира ажрамасликлари керакдир. Чунки ҳар қандай бир миллат ўз динидан ажрагани устига ўз тилидан ҳам қуруқ қолар экан, унинг миллияти ютилиб, ҳаёти мунқариз (инқирозга учраган, инқирозли) бўлди демакдир. Бунга қараганда шу кунлардаги Чиқиш (Шарқий) ва Ботиш (Ғарбий) Туркистон болаларининг, айниқса Уйғуристоннинг келажаги шу даҳшат остига тушганлиги шубҳасиз кўз олдимизда кўриниб турибди.

(давоми бор)