Ўзбекистон “иқтисоди репрессив” мамлакат

Ўзбекистон “иқтисоди репрессив” мамлакат
27 views
01 February 2016 - 15:10

economyБи-Би-Си ахборот агентлигининг хабар беришича, АҚШдаги Heritage Foundation жамғармасининг йиллик “Иқтисодий эркинлик индекси”да Ўзбекистонни 178 давлат орасида 166-ўринни эгаллаган.

Heritage Foundation Ўзбекистон иқтисодини “репрессив” дея таърифлаган. Ўзбекистон бу йилги рўйхатда Марказий Африканинг Чад (164) ва Конго (163) сингари давлатларидан ҳам ортда қолган. Минтақада Туркманистондан ташқари барча давлатлар Ўзбекистондан ўзиб кетишган ва “репрессив иқтисод”лар рўйхатига киритилмаган.

Индексда Ўзбекистон иқтисодий кўрсаткичлари ўтган йилгига нисбатан ёмонлашганини кузатиш мумкин. Бундан олдинги рўйхатда Ўзбекистон 160-ўринни эгаллаганди эди. Бу йилги рўйхатда мамлакатнинг умумий баҳоси 47 дан 46 га тушган.

“Давлат молия соҳасига фаол аралашади”

Ўзбекистон 2015 йилда ҳам иқтисоди “репрессив” бўлган давлатлар қаторига киритилган. Heritage Foundation ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда коррупция авж олган ва суд ҳокимияти президентга бўйсунади.

Ҳисобот муаллифларининг фикрича, Ўзбекистонда “қудратли шахслар жазосиз фаолият олиб боришади” ва “давлат молия соҳасига фаол аралашади”. Айни пайтда ҳисобот Ўзбекистоннинг савдо эркинлиги ва монетар эркинлик каби бандлар бўйича кўрсаткичларни яхшилаганини қайд этган.

Иқтисодий эркинлик рўйхатида бу йил ҳам биринчи ўринни Гонг Конг эгаллаган. Биринчи учликка шунингдек, Сингапур ва Янги Зеландия ҳам кирган. Индексда АҚШ 11-ўринни эгаллаган. Буюк Британия ва шунингдек, собиқ совет давлатлари орасида Эстония биринчи ўнталикка кирган. Дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди бўлмиш Хитой эса 144-ўринда.

1995 йилдан буён чоп этиб келинадиган ҳисобот дунёнинг 186 давлатидаги иқтисодий шароитлар ва ҳукуматлар сиёсатини таҳлил қилади.

ЎХҲ хабарлар бўлими