Рашод Камолов Ўзбекистон сиёсий буюртмаси қурбоними?

Рашод Камолов Ўзбекистон сиёсий буюртмаси қурбоними?
52 views
02 February 2016 - 15:50

Photo-Saipov Sh.Қирғизистоннинг жанубидаги Қорасув шаҳарчасининг “Ас-Сарахсий” масжиди собиқ имоми Рашод Камолов қарийб бир йилдирки, тергов изоляторида ўтирибди. Ўтган йилнинг декабрь ойининг илк куни иккинчи босқичдаги Ўш вилояти суди уни диний адоват қўзғатиш ҳамда экстремистик материалларни сақлаш ва тарқатишда айбдор деб топиб, 10 йиллик қамоққа ҳукм қилди. Жанубий Қирғизистондаги таниқли дин пешвоси устидан ўтказилган суд мустақил диндорларни таъқиб қилиш жараёнининг муҳим босқичи бўлди.

Ёруғлик етишмади

Sud zali

Сўнги суд мажлиси мобайнида Ўш вилоят судининг зали деярли қоронғи эди: жараён тушдан сўнг, соат 17 ларда бошланиб, хонани ёритадиган саккизта лампочкадан фақат иккитаси ёниб турди. Судьяларга бунинг аҳамияти йўқ эди шекилли, ёки бу масала билан шуғулланишга вақтлари етмаган. Бошқа томондан олиб қараганда, давлат лампочка билан таъминламаган бўлса, ҳеч бўлмаса иш шароитини яхшилаш учун ҳам лампочкани ўз пулига сотиб оладиган даражада бой бўлмасалар керак.

Рашод Камоловнинг миллати ўзбек, у таниқли дин арбоби Муҳаммадрафиқ (Рафиқ қори) Камоловнинг ўғлидир. Нуфузли француз исломшуноси, профессор Стефан Дюдуаньоннинг фикрича, Рафиқ Камолов ва унинг дом-дараксиз йўқолган қариндоши Абдували қори Мирзаевлар (йўқ қилинмасидан олдин) иттифоқдан кейинги даврда Марказий Осиёдаги “ислоҳотчи ислом” соҳасида етакчи шахслар бўлишган. Рашоднинг отасини 2006 йил бошларида Қирғизистон Ҳавфсизлик идоралари террористларга кўмак беришда шубҳа қилиб, сўроққа чақиришган, аммо ҳибсга олишга етарли асос бўлмагани учун қўйиб юборишган. 2006 йилнинг августида Муҳаммадрафиқ Камолов ҳарбий блокпостдан ўтаётган пайтида махсус кучлар томонидан отиб ташланган. Кейинчалик расмийларнинг маълум қилишича, бу қотиллик ўзбек ва қирғиз махсус хизматларининг Ўш вилоятида бўлиб ўтаётган террористларга қарши махсус амалиёти пайтида амалга оширилган.

Камолов

Кўрганларнинг гувоҳлик беришича, Рашод Камолов ҳам отасига ўхшаб, турли ислом партиялари, жумладан, “Ҳизб-ут-Таҳрир” аъзоларининг ўз масжидида ибодат қилишига рухсат берган, аммо бу ташкилотга алоқаси йўқлиги ва унинг ислом халифалиги тузиш мақсадини қўллаб-қувватламаслигини очиқ эълон қилган.

Суд жараёни пайтида, вилоят суди коллегиясининг панжара ортидаги инсоннинг тақдирига умуман лоқайдлиги яққол кўриниб турди. Шундай тасаввур уйғонардики, худди ҳукм олдиндан тайёрлаб қўйилган, судья бирпасдан кейин ҳукмни ўқиб эшиттирмоқчи бўлгандек эди.

Prokuror i advokatiДавлат қораловчиси сифатида қатнашаётган прокурор Гулнора Эркинбоева суд пайтида нуқул телефонда гаплашиб ўтирарди. Унга биронта ҳам судья танбеҳ бергани йўқ. У ўзининг шахсий ишлари юзасидан тезроқ кетишни истаб тургани билиниб турарди. Бу аёл ҳукм ўқилишини ҳам кутиб ўтирмади – балки қанақа ҳукм чиқишини ҳам олдиндан билгандир.

Биринчи интстанция суди уч ойга чўзилди. Деярли барча гувоҳлар Камоловни ҳимоя қилиб кўрсатма бердилар. Аммо Ўш вилоятининг собиқ қозиси Ниязали Арипов ва диний ишлар бўйича давлат бошқармаси мутахассиси Абдираим Канатов имомга қарши кўрсатма беришди. Иккаласи ҳам қуйидаги гапни Камолов айтган дея деярли сўзма-сўз тасдиқлашди: “Халифалик бўлмайди деб даъво қилувчилар кофир бўлади. Халифаликни тузганларга таъзим қилишимиз керак”.

Ниязали Арипов

Ниязали Арипов

Деярли барча гувоҳларнинг кўрсатмасига кўра, амри-маъруфларда имом халифалик тузишга чақирмаган ва “конституцияга қарши” сўзларни айтмаган. Аксинча, Камолов “радикализмнинг таъсирини камайтириш йўлида катта ишлар қилган”, – деб тасдиқлашди.

Адвокаты (1)

Адвокат Ҳусанбой Салиев билан унинг икки ҳамкасби прокуратурага кучли зарба бериш мақсадида судга бир нечта экспертнинг ёзма кўрсатмаларини тақдим этди. Қирғизистон мусулмонлари диний идораси тақдим қилган ҳужжатда “халифалик” тушунчасига таъриф берилган эди. Бошқа бир ҳужжатда прокуратура томонидан жалб қилинган, Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси экспертининг баённомасига диний масалалар бўйича бишкеклик бир эксперт баҳо берган эди. Учинчи ҳужжатда москвалик ҳуқуқ ҳимоячи Виталий Пономаревнинг Қирғизистон президенти маъмурияти учун тайёрлаган тавсиялари келтирилган эди.

Нима бўлганда ҳам, бишкеклик экспертларнинг кўрсатмалари судьяларга таъсир қилмади, Виталий Пономаревга эса судда сўзлашга рухсат берилмади: айбловчи томон Қирғизистонда ҳам мутахассислар етарли эканини айтиб, хориждан гувоҳ жалб қилинишига қаршилигини билдирди. Суд бу фикрга қўшилди.

Раим Салимов

Раим Салимов

Рашод Камоловнинг ушланганининг эртаси матбуот анжумани ўтказиб, журанлистларга тезкор маълумотларни етказган Қирғизистон ИИВсининг 10-бошқармаси бошлиғи Раим Салимов, Қорасув туманида яшайдиган 10 киши “Ас-Сарахсий” масжиди имоми устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилганини айтган. Шикоятчилар таъкидлашича, имом уларнинг фарзандларини Суриядаги урушга боришга даъват қилган экан. Бироқ, бўлиб ўтган бир нечта суд жараёнларида биронта ҳам жабрланувчи сифатида инсон қатнашиб, панжара ортида ўтирган Рашод Камоловга қарши кўрсатма бермади.

Атамбаевга мурожаат

Рашод Камолов, 2015 йилнинг 6 май куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевдан уни асоссиз таъқибдан ҳимоя қилишни сўради.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қора сув туманида жойлашган “Ас-Сарахсий” масжидининг собиқ имоми, Суриядаги жангларда иштирок этиш учун одамларни тайёрлаш ва юборишда айбланиб 2015 йилнинг 9 феврал куни ҳибсга олинган, Рашод Камолов 6 май куни президент Алмазбек Атамбаевга очиқ хат билан мурожаат қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини алоҳида ходимларининг ўз мансабларидан фойдаланган ҳолда уни жазолашга урунишларининг олдини олинишини сўраган.

[Best_Wordpress_Gallery id=”2″ gal_title=”Мурожаатнома”]

Камоловнинг фикрича, унга қарши “айбсизлик презумпциясини бузган ҳолда” ахборот кампанияси ташкил қилинган, унинг маърузаларини таҳлил қилиш натижасида экспертлик хулосаларини берган одамлар диний таълимга эга эмас ва нутқлар олиб борилган ўзбек тилини тушунишмайди. Қолаверса дин ишлари бўйича давлат комиссияси суднинг эксперт ташкилоти эмас, диний тадқиқотларни ўтқазиш учун эса ҳали ҳам малакавий талаблар ишлаб чиқилмаган. Шунга қарамай, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳодимлари Камоловни ҳалифаликни тарғибот қилиш ва ҳукуматни зўравонлик билан ўзгартиришга ундашда айблашларига тўсқинлик қилинмади. Собиқ Ўшлик имом эса унинг матнларида бундай айбловларга асос бўладиган ёзувлар йўқлигини таъкидлаган.

Рашод Камолов ишида Ўзбекистонинг таъсири?

Судда сўнгги сўз берилганида Рашод Камолов Қорасув шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган ёлланма қотил ҳақида гапирди. “Ўтган йили ёзда Азиз исмли киллер Қорасувга келган. Кейинчалик у расмий Тошкентнинг буюртмаси билан мени жисмонан йўқ қилишга келганини тан олган. Азизнинг ўзи илгари Ўзбекистон махсус хизматларида ишлаганини айтиб берган”, – дея сўзлаб берди Камолов.

IMG_1034

Унинг айтишича, бу киллер Қирғизистон жиноий кодексининг тўртта банди бўйича жазо олган: “Давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтиш”, “Ноқонуний тарзда қурол-яроқ сақлаш”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакилларига ҳужум қилиш” ва “Суиқасд қилиш”. У 17 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони Бишкекдаги қатъий режимли колонияда ўташи белгиланган.

“Шунга қарамай, яқинда уни тушуниб бўлмайдиган ҳолатда қамоқдан чиқариб юборишган ва у Ўзбекистонга қайтиб кетган. Унинг бўшатилишидан ким манфаатдор эканлиги ҳозирча номаълум. Балки уни сиёсий ёки иқтисодий манфаатларни кўзлаб қўйиб юборишгандир”, – деб қўшимча қилди Камолов.

“Камолов иши” ортида ўзбек махсус хизматлари турган бўлиши мумкинми, деган саволимизга собиқ имом аниқ бир нима дея олмаслигини, чунки унда далил йўқлигини айтди. “Менимча, бу ишни шу тарзда ҳал қилишдан манфаатдор учинчи томон бор, улар Қирғизистонда диндор ёшлар ва куч ишлатар тизимлар ўртасида тўқнашув юз беришини истайдилар. Кейин “Сурия модели” бўйича тартибсизликлар уюштириш мақсад қилинган”, – деб тахмин қилади Рашод Камолов.

Суд жараёнида маълум бўлишича, Ўзбекистон тергов органлари Қирғизистонга Ўзбекистондаги иккита маҳбуснинг батафсил сўроқ протоколларини юборган. Бу маҳбуслар берган кўрсатмаларига кўра, улар Туркияда Камолов билан учрашганларида, Камолов у ерда мусулмонларни Қирғизистондаги ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга чақирганини кўришган эмиш.

[Best_Wordpress_Gallery id=”3″ gal_title=”Протокол”]

Рашод Камолов Ўзбекистондан юборилган ҳужжатларни “Каримов режимининг сиёсий буюртмаси” деб атади.

Шунингдек, Рашод Камолов қўлга олинганидан кейин Ўзбекистоннинг бир қатор ҳукуматпараст интернет нашларида имомга қарши маълумот ҳуружлари бошланди. Nuz.uz сайтида «Ким террорист Рашода Камоловни қутқармоқчи бўлаяпти” мақоласи шулар жумласидандир.

Бундан ташқари Рашод Камолов фамилияси “ўлимга ҳукм қилинганлар” рўйхатида борлигини ҳам айтди. Бу рўйхат имом Абдуллоҳ Бухорийни отган Мирзағолиб Ҳамидовда топилгани айтилади. Эслатиб ўтамиз, ўзининг мухолиф қарашлари билан таниқли бўлган имом 2014 йил 10 декабр куни эрталаб Истамбулдаги уйи ёнида отиб кетилган эди.

Шунингдек, ишончли манбадан олинган маълумотга кўра, Рашод Камоловнинг қўлга олиниб, узоқ муддатга судланиши Ўзбекистон Ҳукуматининг лойиҳасидир.

“Ўзбекистон аввалдан Рашодни йўқотиш режасида бўлган. Аввалига киллер жўнатган, у ишни эплай олмаганидан кейин, бу йўлга ўтишди, яъни Қирғизистон куч тузулмалари раҳбарлари ёрдамида имомни қамадилар. Рашод Камолов қамалишидан аввал Ўзбекистондан келган киллерни Қирғизистон МХХсининг Ўш вилояти бўлими ҳодимлари ушлаган ва уни судлаб, узоқ муддатда озодликдан маҳрум этганлар. Кейинчалик киллерни ғайриоддий йўл билан қамоқдан чиқариб, Ўзбекистонга ўтказиб юбориш учун Ўшнинг МХХ бўлими бошчиси 50000 доллар миқдорида, имомни қўлга олиб, узоқ муддатли қамоққа ўтирғизиш эвазига Қирғизистон Ички Ишлар вазири Мелис Турғанбаев 50000 доллар миқдорида Ўзбекистондан пора олганлар ва натийжада улар бу ишларни қилдилар” – дейди манба.

Виталий Пономарев – Камолов иши ҳақида

Россиядаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимоя марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари, ислом экстремизмига оид жиноий ишларнинг мониторинги соҳасидаги мутахассис, Рашод Камоловнинг иши бўйича ўз хулосасини берган Виталий Пономарев бўлиб ўтган суд жараёнини шарҳлаб берди:

Виталий Пономарев

Виталий Пономарев

“Бу жараён муҳим аҳамиятга эга, чунки у диндорларнинг фундаментал ҳуқуқларига таъсир қилади. Иккала инстанциядаги суд ҳам инобатга олмаган ва кўриб чиқмаган эксперт хулосасида Камоловнинг ҳукм қилинишига асос бўлган экспертизалар мантиқий таҳлил қилинган. Унда кўрсатилишича, экспертизада очиқ-ойдин номувофиқликлар мавжуд, бир нечта ҳолатда экспертлар ўз ваколати доирасидан ташқарига чиққан, фактларга мос келмайдиган хулоса чиқарган, бундан ташқари, бундай экспертизаларни ўтказиш услубиёти мавжуд эмас, илмий адабиётларга ҳавола берилмаган… Буларнинг ҳаммасидан суд томонидан қабул қилинган экспертиза илмий асосдан мосуво ва холислик талабларига мос келмайди, деган хулоса чиқариш мумкин.

Қуйидаги тахминни айтиш мумкинки, қўшни мамлакатдан қирғиз расмийларига сиёсий буюртма бўлган, Камоловни ўлдиришга ҳаракатлар бўлган, бу суиқасд Қирғизистон ахборот воситаларида ёритилмади. Қирғизистонда таниқли шахс бўлган бу одамни ёлланма қотил ёрдамида йўқотишнинг иложи бўлмаган, бошқа усулни қўллашган.

Суд жараёни тизимдаги иккита муаммони юзага чиқарди. Биринчиси – Қирғизистонда ҳозирга пайтда диний экспертиза ўтказилишининг самарали тизими ҳали яратилмаган. Иккинчи муаммо – Бакиев замонида Жиноят кодексига экстремистик материалларни сақлашга жавобгарликнинг таърифи киритилган эди. Менинг фикримча, бу таъриф бемаъни. Биронта экстремист оқим ёки мафкура билан баҳслашмоқчи бўлган ҳар қандай эксперт, ҳар қандай фаол шахс бу материаллар билан танишиш имкониятига эга бўлиши учун уларни қўлига олиб, китоблари орасида сақлаши керак. Бунақанги таъриф МДҲ бўйича ҳеч қайси давлатда йўқ, бу Бакиевдан қолган мерос бўлиб, афсуски, 2010 йил воқеаларидан кейин Жиноят кодексига бунга тузатиш киритилмаган”.

Қасосми ёки ҳимоя?

Камоловнинг фикрича, бу айбловнинг асосида у 2014 йилнинг 4 июлида жума намози пайтида “халифалик” сўзига аниқлик киритгани ётади. Бундан ташқари, 2014 йилнинг 23 декабрида Ўш шаҳрида бўлиб ўтган диний арбоблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг учрашуви давомида у органларга қарата танқидий фикрлар айтган, одамлар милиция ва махсус хизмат ходимлари томонидан таъмагирлик ва пўписаларга дуч келаётганлари борасида шикоят қилганини билдирган.

“Ўша куни мен расмийлардан Сурияга чиқиб кетаётган ёшларнинг муаммоларига эътибор қаратишни сўрадим. Ўша нутқим кимгадир ёқмаган, кейин менга нисбатан жиноий иш қўзғатилди”, – деди Камолов.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, Рашод Камоловга нисбатан очилган жиноий иш – уни суиқасддан ҳимоялашнинг бир усулидир.

“Кейинги йилларда Рашод Камоловга босим кучайиб кетди, ҳаттоки суиқасд қилишди – имомни излаб келган киллер воқеаси ҳам буни тасдиқлайди. Рашоднинг ўзи Ўзбекистонга қарши ҳеч нима қилмаган. Балки ўзбек расмийлари ва махсус хизмат ходимлари Рашодни ўзининг душмани деб биладилар: у халифалик ҳақида Қуръонга таянган ҳолда очиқ гапирар эди. Киллер жўнатиш операцияси муваффақиятсиз тугагач, улар Қирғизистон томонига босим ўтказиб, Камолов ислом ғояларини тарқатишини тўхтатиш учун уни панжара ортига жўнатишни таклиф қилишгандир. Иккинчи вариант ҳам бор. Балки қирғиз расмийлари шу тариқа Камоловни ташқи хатардан, жумладан Ўзбекистондан ҳимоя қилмоқчидир. Бизга маълумки, шу йилнинг бошида махсус хизмат ходимлари Рашодга мамлакатни тарк этишни таклиф қилишган, лекин у бунга рози бўлмаганди. Рашоднинг отаси ўлдирилганидан сўнг халқаро ҳамжамиятдан танбеҳ эшитган Қирғизистон расмийлари бу ҳолат қайтарилмаслиги учун имомни қамоққа олиб, унинг хавфсизлигини таъминламоқчидир”, – дея тахминини баён қилди ўз исмини очиқлашни истамаган ҳамсуҳбат.

Каримов тузумининг сиёсий қурбонлари

Таҳлилчиларга кўра, бу судланиб узоқ муддатга қамалган Рашод Камолов Ислом Каримов тузумининг сиёсий буйруқ қурбонларидан биридир.

2007 йилнинг 24 октябрида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида отиб кетилган журналист Алишер Соиповга ҳам Ўзбекистон ҳукумати тарафидан таъзийқларга учраган, унга қарши муълумот ҳуружлари унинг сўнги лаҳзасигача давом этиб келган.

Алишер Соипов

Алишер Соипов

Ўзининг ўткир мақолалари билан Каримов тузуминининг кирдикорларини ошкор қилиб келган Алишер Соиповга, бу йўлидан қайтариш мақсадида тузум тарафидан бир нечта ҳамкорлик таклифлари ҳам бўлган. Миллий Ҳавфсизлик Хизмати зобити дея тахмин қилинган Бахтиёр исмли одам Алишернинг уйига бир неча маротаба келган ва унинг оиласи билан яқин алоқада бўлишликка, уларга Ўзбекистон билан тижорий ҳамкорлик қилиш учун кўндиришга ҳаракат қилган. Бироқ, на Алишер ва на у нинг оиласи МХХ зобитининг таклифини қабул қилган. Ёш, принципиал журналистни, ўз йўлидан қайтара олмаган “мехмон” Алишернинг ўлимидан бир ҳафта аввал унинг уйига келган ва уни сўнги марта огоҳлантирган. Орадан ўзоқ вақт ўтмай, 2007 йилнинг 24 октябрида Алишер ўз офиси олдида номаълум шахс тарафидан отиб кетилган. Орадан қарийб 9 йил ўтган бўлсада, лек бу қотиллик ҳануз очилганича йўқ.

Шунингдек, 2011 йилнинг 24 сентябр куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли, Россиянинг Иваново шаҳар Жомеъ масжиди имом-хатиби Фуад Рустамхўжаев ҳам ўз уйи олдида отиб кетилган. Қотиллик ҳамон фош қилинмаган.

Рустам

Фуад Рустамхўжаев

Россияда кейинги йиллар ичида бир нечта мусулмон жамоалари раҳбарлари ўлдириб кетилган.

2010 йилнинг 10 октябрида уйига кетаётганида номаълум шахслар томонидан ўз машинасида отиб кетилган Янги Уренгой масжиди имоми Исомуддин Акбаров шулар жумласидандир. Асли Наманган вилоятининг Уйчи туманидан бўлган 51 ёшли Исомуддин Акбаров 90-йиллар ўрталаридан буён Янги Уренгой масжидида имомлик қилиб келган.

Исомуддин Акбаров қотиллари ҳам ҳанузгача аниқланмади.

57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган. Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон шифохонада ётибди.

Тазийқ ва суиқасдлар бошланиши

Ўзбекистон мустақиллик йиллариданоқ ўзига мухолиф бўлган шахсларни зарарсизлантириб, уларни қамаб, ўлдириб келади.

1992 йили Ўзбекистоннинг Олий Кенгаши депутати Муҳаммад Солиҳ, депутатликдан воз кечиб, президент Ислом Каримовга очиқ қарши чиққанидан кейин унга тазйиқлар бошланади. Ўша йилнинг октябрь ойида Муҳаммад Солиҳ ўзи асос солган “Эрк” партияси офиси яқинида, уйига кетаркан, уни машина билан уриб кетишга ҳаракат қилинади.

1992 йилнинг сентябрь ойида “Эрк” партиясининг 3-қурултойида Муҳаммад Солиҳни қўллаб нутқ сўзлаган Бухоролик Эломон Киризров ҳибсга олиниб, турмада уриб ўлдирилган.

1994 йилнинг ноябрь ойида “Интерфакс” агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Сергей Гребенюк президент Ислом Каримовни танқид қилгани учун Москвада ушланиб, Тошкентга олиб келинган ва МХХнинг ертўласида ўлдирилган, жасадини эса Салар каналига ташлаб юборилган. Бу воқеани Каримов шахсан Беларуссия президенти Лукашенкога мақтаниб айтиб берган. Лукашенко эса бу ҳақда “Совершенно Секретно” дастурида журналист Михаил Маркеловга айтиб беради.

2000 йили Норвегияда мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд ташаббуси бўлади. Буни Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Зокир Алматов, полковник Ботир Турсунов ва “Интерполнинг” Ўзбекистон бўлими бошлиғи Маҳмуд Хаитовлар чеченларга буюртма берганлиги фош бўлади ва суиқасд бартараф этилади.

Эргаш Сулаймон