Бу бечора халқ хурофот зулмати, жоҳилият ботқоғига бутунлай ботган…

Бу бечора халқ хурофот зулмати, жоҳилият ботқоғига бутунлай ботган…
31 views
05 February 2016 - 14:54

Взвод_бухарской_армии_XX_векАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ – 8

(давоми)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Мен Кошғарга келган кунларимда совет ҳукуматининг янги бошланғич даври бўлиб, дунё ҳукуматлари олдида танилмаганлигидан ҳали бу ерда элчихонаси очилмаган эди. Лекин бу мамлакатнинг илгаридан бери Чотрол довони, Тибет орқалик Ҳиндистон, Афғонистон билан савдо алоқалари борлиги маълумдир. Ёркент, Хўтан вилоятларида турғун озу кўп инглиз тобунлари ҳам бор эди. Шунинг учун булар баҳонаси билан Кошғарда бу давлатнинг элчихонаси ҳам узун йиллардан бери фаолият кўрсатиб келмишдир. Маълумдирки, инглизлар қайси жойга қадам қўйсалар, «маданиятсиз» ерлик халқ ғамхўрлиги учун келганликларини билдирадилар. Агар бу сўз ҳақиқат бўлганда Шарқий Туркистон халқини большевизм балосидан қутқариш шароити уларга осон топулур эди. Бироқ ҳақиқати билан инсоният ғамхўрлигини қиладиган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ва ҳам унинг чинакам умматларидан бошқа бировнинг бу каби улуғ шарафга эришмоғи мумкин эмасдир. Шу кунлари Олтишаҳар Уйғуристондаги Хитой ҳукумати эса қоғоз юзи, тил учи билан давлат маркази Пекинга боғланган бўлса ҳам, ўрта аср Хитой хонлиги давридан қолган эсдалик бир ҳайкал кўринишида эди.

Демак, ҳар икки Туркистон халқи онгсизлик, илмсизлик касофатидан шу каби қулай шароитлар бўла туриб ҳам, булардан ўз вақтида фойдаланиш йўлларини тополмадилар. Очиқ бир мақсадни ўз олдиларига шарт қилиб қўйиб, ташкилий равишда иш олиб бориш учун ҳаракат қилгудек бирорта одам йўқ эди. Ўзларининг келгуси истиқболлари учун ҳеч ким қайғурмас эди. Чунки, бу бечора халқ хурофот зулмати, жоҳилият ботқоғига бутунлай ботган эди. Бунга ўша даврдаги муҳит айбдордир. Қуръоннинг «Қул ҳал яставиллазина яъламуна валлазина ла яъламун», яъни «Билганлар билан билмаганлар ҳар тўғрида тенг келолмайдилар» деган ҳикматлик сўзини, албатта, амалга ошириш керак эди.

Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур.

Энди бу умидсизланганим сўнггида Афғонистон, Ҳиндистон чегаралари бўшлигидан фойдаланиб, у томонларга ўтишимни ўйлаган бўлсам ҳам, ёлғиз бош қайғусида бола чақалардан ажраб, суюкли Ватанимни душман қўлига ташлаб кетишни ўзимга лойиқ топмадим. Айниқса, йўлдошларим тунгонлар ичида жонфидо шогирдим Довудҳожи мендан ажрамасга шарт қилиб, қолишимга қаттиқ қаршилик кўрсатмиш эди. Бунинг устига, Вақтли Керенский ҳукумати қурилган сўнггида Фарғонага мухторият берилиб, унинг ўн икки кишидан иборат Муваққат ҳукумати таркибига поляк мусулмонларидан бўлган Оғаев исмли бир юрист ҳам аъзо сайланмиш эди. Мухторият Миллат мажлиси аъзоларидан бири эса акамиз Олимхонтўра жаноблари эди. Бу ишга тиш-тирноғи билан қарши туришган большевиклар, мусулмонларнинг энг кекчил душманлари саналган арманилардан тўпланган аскарларни тўлиқ қуроллантириб, халқ устига келтирдилар. Буларнинг бошчи қўмондонлари эса турк қонига чанқаган, қоничкич Дашноқ фирқасининг аъзолари бўлганликдан Хўқанд шаҳри устида кўрсатган ваҳшийликлари ўрта аср йиртқичларидан Чингиз даҳшатларини унуттиpмиш эди. Онгсиз халқ буни унутган бўлсалар ҳам, душман суққон найзаларининг зарбаларидан юраклари парчаланмиш, кўз қонлари билан кўнгил саҳифаларига даҳшатли зулм хатларини ёзмиш тарихчилар, бу каби фожиаларни ҳеч қачон унутмайдилар. Халқ кўзини қўрқитиб, уларга даҳшат солиш учун, бир томондан, отиш чопиш бошланган бўлса, иккинчи ёқдан, ўт қўйиб, бутун шаҳар бозор расталарини куйдирмиш эдилар. Бу воқеадан беш олти йил кейин Хўқандга борганимизда бузилиб вайрон талқони чиққан кўп иморатларни, куйдирилган бозор расталари ўрнида тўдаланиб ётган ҳисобсиз култепаларни кўзимиз кўрди.

Мана шу Ҳўқанд (Туркистон) мухторият ҳукумати аъзоси Оғаев, юқорида айтганимиздек, поляк мусулмонларидан эди. Чор ҳукумати йиқилган сўнггида Польша бошлиқ бутун Болтиқбўйи миллатлари ўз ҳуқуқларига эга бўлиб, мухторият олмиш эдилар. Бунга тушуниб ҳақ талаб қилувчи ва ҳам бу ишни бошқарувчи бизнинг ўлкамизда кишилар камлигини билган мусулмон зиёлиларининг диний ҳислари қўзғалиб, Туркистонда қардошларининг биринчи мартаба янгидан қурилаётган ёш давлатларига ёрдам етказиш учун у кишини юбормиш эдилар. Ўзи юрист бўлиб, чор ҳукуматига қарши мусулмон полякларининг миллий инқилобчиларидан эди. Ҳўқандга келиши биланоқ оз кўп тушунган кишилар буни тақдирлаб, янги қурилаётган миллий мухторият ҳукумати раисининг ўринбосари сайламиш эдилар.

Бу киши бутун ишларни тартибга солиб эндигина ишга киришаётган чоғида, бало қазодек келиб большевиклар босдилар. Қочишга улгурган кишилар қутулган бўлса ҳам, улгуролмаган аъзолардан қўлга тушган бахтсизлар ҳам оз эмас эди. Ана шу биз бахтсизларга ёрдам бериш учун оиласи, Ватани, балки бутун бахти тахтидан кечиб келган польшалик дин қардошимиз ерлик бахтсизлар қаторида қўлга тушиб, биз учун қурбон бўлди.

Эшитишимча, буларнинг ваҳшийлик маслагидан хабари йўқ бўлиши керак. «Бутун дунё бўйлаб ҳар ердаги инсонлар ўз ҳуқуқларига эришаётган XX аср даврида ўтган ваҳшийларча отиш чопиш билангина иш олиб бормасалар керак, булар билан кўришиб сўзлашайликчи, мақсадлари нимадур? Уни билайлик», деб юристлик қилиб, ҳуқуқшунослик йўли билан бу йиртқичларга сўз ўтказмоқчи бўлиб, қўлга тушмишдир. Йўқ эса, бошқа жон қутқазган «ботир»лар каби фурсатдан фойдаланса, қочиб қутулиши мумкин эди.

Бу қаҳрамон қўлга олингандан сўнгра шундайин хорлик, зулм остида туришдан ўлимни ортиқ кўриб, очлик билдирмишки, бу каби энг сўнгги даҳшатлик чорадан инсоният оламида фойда бериши кутилур эди. Булар олдида эътиборсиз бўлганликдан ўн беш кунлаб оч қолдирилмишдур. Ақли озиб, ўлар ҳолга келганда бошқа ёққа олиб кетганлар. Ундан кейинги тақдири бизга номаълумдир. Инсонлар ҳуқуқи ҳимояси учун қурбон бўлиб, шундайин олижаноблик кўрсатган бу қардошимизга бутун инсоният томонидан ёлқинлик кўнглимдан чиқарган ташаккуримни билдирган сўнггида, унинг муқаддас руҳига абадий раҳматларимни йўллайман. Бу каби инсоният қаҳрамони, ҳақлик қурбони бўлмиш кишининг хизмати кўмилиб кетмаслиги учун, виждоним талабича бу ўринда оз бўлса ҳам ёзиб қолдиришни бурчим деб билдим.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Энди шуни билмак керакким, Қуръоннинг ҳукмига, Расулуллоҳнинг йўлига яхши тушунмай динга хиёнат қилган, ўз Ватанини бошқалар тасарруфига қолдириб, икки дунёсидан ажраб хорлик билан яшаган ёлғон мусулмонлардан илм, фан, маданиятни ўзлаштириб, бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар, албатта, ортиқдур.

Бутун Уйғуристонни қоплаган шу ўхшаш онгсизлик офатини кўргач, у ердан умидим узилиб, ночор, янгидан ўт олаётган фитна ўчоғи ичидаги ўз юртим Тўқмоққа қайтиб келдим. Қарасам соясидан қўрққан қуёндек ҳар ерда қочиб писиб юриб кун кўраётган ҳақсиз кишилар ҳам оз эмас эканлар. Шулар қаторида мен ҳам шаҳардан четроқ Шўртепа деган тунгонлар қишлоғида туриб, деҳқончилик билан кун кечирмоқчи бўлдим. Марҳум отамиз насиҳатларича имом бўлишдан сақланиб, бир-икки йил ўз ишим билан шу ерда куйманиб юрдим. Лекин бу ўлкада қора саводлик ёки саводсиз масжид имомлари бўлса ҳам, динга асоси билан тушунган олимлардан бирортаси ҳам йўқ эди. Бунинг устига большевик ҳукумати динсизлик асосига қурилганликдан худосизлар жамияти томонидан ҳар жойда динга қарши ташвиқот тарқалиб, диндорларга ҳужум бошладилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтишларича, бундай вақтда олимнинг сукут қилиб қараб туриши ўз динига хиёнат қилиши демакдир. Бундан сақланиш учун марҳум отамизнинг «Имом бўла кўрма», деган васиятларига қарамай, халқ талабини қабул қилиб, Тўқмоқ шаҳри катта масжидига имом бўлдим. Шу биринчи жумъадаёқ минбар устидан оз деганда бир минг кишига қарата ақлий нақлий далиллар келтириб, динсизликка қарши ўткир бир ваъз сўзладим. Масжид халқи бундан таъсирлангач, диллари эриб, кўзлари ёшланди. Ҳар жойда «оҳ-воҳ» товушлари кўтарилиб, йиғи-сиғи бошлангани турди. Албатта, бундай улуғ диний жамият мажлисларида у вақтнинг раҳмсиз жаллодлари уч ҳарфлик ГПУ куйдурги жосусларидан сўз тингловчи бир неча кишилар борлиғи маълум эди. Шундай бўлса ҳам бирор томондан бу ишга очиқ равишда тўсқинлик кўрилмагач, диний руҳ қизғинлиги билан ўз ишимда давом этиб турдим.

Шу орада 1922 йиллар Отбоши Норин қозоқ руслари (казаклар) томонидан Бондуруф (аниқроғи Бондарёв) 2 қўл остида қаттиқ бир қўзғолон кўтарилмиш эди. Дарҳол буларга қарши отланса отасини аямайдиган қора туркманлардан бир бўлук (полк) қуроллик аскар келтирилди. Ёрдам олғудек таянчилари бўлмаган қўзғолончилар буларга қарши туришолмай, Кошғар томонга чекинишиб қочдилар.

Буларнинг касофатига Тўқмоқ, Пишпекдаги бой савдогар ва халқ ичида кўзга кўринарлик саксон неча кишини бир кечада босиб, текшириш суриштириш йўқ, шу кечанинг ўзидаёқ қўлларини сим билан орқаларига боғлаган ҳолда шаҳар ташқарисидаги Қораёғчилик боғига олиб бориб отдилар. Бу гуноҳсиз мазлумларни ўлдириш учун қазилган чуқур четига келтирилгач, отиб чопиб ташлай берганлиқдан кўплари чалажон эди. Шу ерлик кўрган кишилар айтишларича, буларнинг устиларига жонлари чиқмай туриб тортилган тупроқ усти уч кунгача тўхтовсиз лўмиллаб (лўмбиллаб, кўтарилиб-тушиб) ётмишдир.

Бу каби юраклар титраб, жонлар ачинарлик, сўзлашга тил сесканиб, ёзишга қалам жирканарлик бу маданий йиртқичларнинг қилган ваҳшийликларини ёзиб қолдиришга мажбурмиз. Чунки тарихда кўрилган ишларнинг яхши ёмони демай, кўрган билган нарсаларнинг барини қолдирмай қаламга олиш тарихчи устига юкланган муқаддас вазифа ҳисобланади. Бу эса динсиз даҳрийлар ҳокимиятининг бошланғич даврларига хирмондан бир ҳовуч, денгиздан бир чўмич каби кўрсатгичдир. Бундан мақсад қуруқ сўз достони сўқиб (сўзлаб, айтиб, ёзиб), ҳикоя-воқеа тўплами ёзиш эмас, балки асл мақсад келгуси Ватан болаларимиз бундан ибрат олиб, энди келажакда қандай яшамоқ керак эканлигини билишларидур.

(давоми бор)