Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган “Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган “Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
95 views
07 February 2016 - 22:46

IKA(2-бўлим)

1992 йилнинг 16 январ куни Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида талабалар билан миршаблар ўртасида жиддий тўқнашув содир бўлди.

Бу бошида “Бирлик” кейин “Эрк” деб аталган Миллий Озодлик ҳаракатининг Мустақиллик йилларидаги сўнгги йирик ва уюшган нарозилик намойиши эди.

Шу баробарида, мавқейини мустаҳкамлаган Ислом Каримовнинг ҳам ҳар қанақа мухолиф қарашдаги фикрларни ўзбек жамиятидан супириб ташлашга қаратилган илк жиддий қадами, худди мана шу кундан бошланган эди.

Унинг келажакда амалга оширажак жиноятларига – талабаларнинг ҳуқуқлари очиқчасига поймол этилиши ва бир нечаларининг отиб ўлдирилиши  маҳактош ролини ўйнади.

У мамлакатни яккаҳокимлик асосида очиқчасига бошқариш учун сайловда президентликни ғирромлик билан ютиб олган кунидан буён, имконият изларди.

У 1991 йил декабр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан бироз олдин, Наманганга борган эди. Ўшанда, унинг аввал кўчабезори бўлиб, кейин калимаи шаҳодат келтириб диндор бўлган бир тўдабоши Т.Йўлдошев гуруҳи билан учрашгани ва улар томонидан қаттиқ камситилиши, уни аламзадага айлантирди.

Талабалар намойишга чиққан даврлар, унинг учрашувга бориб хато қилгани, ўзини халқ кўзида қаҳрамон қилиб кўрсатаман, дея дунёйи оламга шарманда бўлгани ва ўлишига бир баҳя қолганда мўъжиза рўй бериб тирик қолгани учун ўзини чув тушди, деб ҳисоблаб, қутуриб юрган даврлари эди.

“Талабалар шаҳарчаси”даги норозилик намойиши иштирокчилари, ана ўша кунларнинг биринчи қурбонлари бўлдилар.

Тоҳир Йўлдошев бошчилигидаги гуруҳ ҳам, ҳали сиёсат қозонида пишмаган, исломни чуқур англамаган бир гуруҳ эди. Агар улар сиёсий ўйинларни яхши ўзлаштирганларида, ислом аҳкомларини бир қадар мукаммал билганларида эди, ҳеч қачон ўзининг мунофиқлигини дунёга билдириб улгурган президент Каримов билан учрашмаган, учрашганларида ҳам Каримовнинг “…халқ истаса, ислом давлати ҳам қураверамиз” қабилидаги қуруқ ва ёлғон сўзларига алданиб, унга сайловда овоз бермаган бўлардилар.

Муҳаммад Солиҳ Америка элчиси билан, 1989 йил.

Муҳаммад Солиҳ Америка элчиси билан, 1989 йил.

Сайловдан кейин Ғарб ва Америка каби давлатлар Каримовнинг эртакларига кўриб-билиб ишониб, диктатордан ҳар жиҳатдан ёрдамини аямадилар. Ва охирида, улар ҳам тўқилган ёлғонларга Каримов каби “ўзбекнинг ярим ёвойилигига, исломга йўл берилса, уларнинг қўлидан террордан бошқа иш келмаслигига” ишониб қолдилар.

Ҳар жиҳатдан маза қилган ўрислар бўлди. Президент бутун Ўзбекистондаги бойликларни Россияга тенг ярим нархидан ҳам паст баҳога сотгани етмагнидек, Россияни йигирма беш йил арзон ишчи кучи билан таъминлади. Ўзбекнинг эркаклари хотини билан русларни, деб қовушиб, ўзбек аёллари русларга қул етиштириб бериш учун туғадиган бўлди.

Каримов каби дину диёнатсиз, тарихий хотирадан мосуво бир кимсанинг ҳукумат тепасига келиши, қанчадан-қанча бегуноҳ жонларнинг умрига зомин бўлмади. Бунинг орқасидан қанча айбсиз инсонлар қамалиб, қанчадан-қанча аёллар тул, қанчадан-қанча ўзбек фарзандлари тирик етим қолиб кетмадилар.

Шоқолнинг Арслонга айланиши, нақадар даҳшатли эди. Тоҳир Йўлдошнинг чангалига бир нафас тушиб, биқиқ ва имконсиз бўлиб қолган шоқол Каримов, қутилиб чиқибоқ, ўзини арслон ҳис қила бошлаган эди.

Бу, ҳол йигирма йилдан кўп давом этди. Албатта, у ўзининг ҳали ҳам шоқол эканини, ҳеч қачон арслон бўлмаганини англаганига ҳам икки йилдан мўлроқ вақт ўтди. Афсус-ки, энди ҳаммасига кеч. Ҳаммаси, охиригача давом этадиганга ўхшаб турипди.

Каримовнинг ур-тўполон жойларга бормаслигини унинг ўзидан ҳам кўра, ўшанда Ички ишлар вазири Зокиржон Алиматов яхшироқ англаганди. Бу ҳолат, Зокиржон Алиматов учун катта имконият баробарида, унинг манфаатларини ҳам тўлиқ қондирарди.

Уюшган жиноятчилар орасидан етишиб чиққан Ички ишлар вазири учун ҳокимият билан жиноят оламини оғиз-бурун ўпиштиришга мамлакатнинг биринчи шахси ҳисобланган президент Каримовнинг шахсан ўзи  йўл очиб бераётган эди.

Талабалар норозилик намойишининг ҳеч иккиланмасдан ҳукумат тарафидан куч билан бостирилишига, мана шу омиллар дастак бўлди.

Иккинчи томондан, барча дағдағалар мухолифатга, шахсан Муҳаммад Солиҳга президент Каримовнинг энди тоқат чегараси бузилганига бир шама эди.

Президент Ислом Каримов ва Муҳаммад Солиҳ ҳар жиҳатдан бир-бирларига қарама-қарши икки қутбдаги икки одам эди. Президент Каримов учун ёлғон ва ҳийла сув ва ҳаводай зарур, бу икки қурол унинг сиёсий мавқеини таъминлаётган унсур эди.

Муҳаммад Солиҳ зеҳнияти учун бу нарсалар, буткул ёт ва уят бир туйғу ҳисобланарди. Улар орасидаги минг битта хилма-хиллик ичидаги шу икки сабаб, уларнинг ҳеч қачон келиша олмасликлари учун етарли эди.

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда миллат орасида яшар экан, Каримов мамлакатда ўзи орзулаган мутлоқ ҳокимликни ҳеч қачон қўлга кирита олмасди. У шунинг учун ҳам Муҳаммад Солиҳдан қутулиш чорасини излай бошлаган эди.

Табиатан қўрқоқ бўлган Каримов мухолифатдан “Талабалар шаҳарчаси”да содир этган жиноятига яраша лойиқ жавоб олмагач,ўзини жиловсиз ҳис эта бошлади.

Мухолифатнинг сабрини синаган биринчи синовнинг мувафаққияти, шундай ҳам ўзбек миллатини кўришга кўзи, отишга ўқи бўлмаган Каримов қалбида, халққа беписандлик туйғуларини оловлантириб юборди.

У демократик жамият хусусида тахтга ўтирган кунидан буён ҳаммага эртак сўзлаётган бўлса ҳам, мустабид тизимни қайси усул билан амалга ошириш режаси калласида аллақачон пишган эди.

Бунинг сабаби, мустабид система демократик бошқарув усулига кўра ҳокимиятда узоқ қолиш учун энг қулай ва бир неча баробар осон ва хавфсиз система эди.

DF.taskent_1992Президент Каримовнинг бутун фаолияти давомидаги риёкорлиги ва 1992 йил 16 январдаги талабаларнинг норозилик намойиши аёвсиз бостирилиши ва ҳукуматнинг мақсадини тушунишни истаган одам, “Бирлик” кейин “Эрк” деб аталган ва улар қошида тузилган “Эркин ёшлар уюшмаси” тарихидан бироз хабардор бўлиш керак…

…1987 йилнинг эрта баҳори.

Шимолдан Ошкоралик шамоли ҳайдаб келган озодлик ифоридан руҳлар тозариб, Ўзбекистонда ҳам ғафлат лойига ботган фикрлар ғимирлай бошлаган тарихий лаҳзалар эди.

 Ёш йигитларнинг бирқанчаси тил бириктириб, бир ташкилот тузиш тадорикида юрардилар.

 Мен шу йигитлардан бўлган Фахриддин Худайқуловга яқин бир самарқандлик йигит билан ётоқхонада ёнма-ён турардим.

Ўша замонларда қўшни йигит орқали Фахриддин ва бошқа ёшларнинг “Эътиқод” деб аталган ташкилот тузмоқчи бўлганларидан хабар топдим.

Аслида уларга ўхшаганлар сон-саноқсиз бўлиши ҳам мумкин эди.

Бироқ “Эътиқод”нинг теварагида эликка яқин ватанпарвар ёш-яланглар уюшгандилар. Мен ҳам бошида, шу ташкилотга аъзо бўлган эдим. Кўп ўтмай бу ташкилот бир ирмоқ каби “Бирлик”ка бирикиб, эт билан тирноқдек бир-бирига қовушиб кетди.

Муҳаммад Солиҳ “Бирлик” халқ ҳаракатининг тузулганлигини эълон қилгач, бошқа ташкилотларга эҳтиёж қолмади. Яшириниб, уриниб-туртиниб Озодлик ва Ҳурлик ҳақида хилватларда йиғилиб юрган барча инсонлар, “Бирлик”ка оқиб келиб, унга ёзила бошладилар.

“Бирлик” эълон қилинишидан бир неча ойлар олдинроқ, вақтли матбуот саҳифаларида Муҳаммад Солиҳнинг публисистик мақолалари пайдар-пай эълон қилина бошлаган эди.

Унинг чиқишлари Москва остоналарида “катюша”ларнинг душманга қарши илк оташ очганидан ҳам даҳшатлироқ ва қувончлироқ эди.

Озодлик ишқи билан тутаб турган миллат юрак қони билан ёзилган ўзининг дард-ғамларини, орзу-армонларини ўқиб, курашлар ўтида ёнди.

Воқеалар Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ҳақиқий йўлбошчи пайдо бўганидан дарак берарди.

Энг зарури ҳам шу эди. Сарвар топилса, бошқаси топиларди.

000007“Бирлик” эълон қилингач, ҳамма “Ёзувчилар уюшмаси”да раис ўринбосари бўлиб ишлаётган Муҳаммад Солиҳнинг атрофида жипслаша бошлади.

1988 йилнинг 11 ноябрида “Бирлик” халқ ҳаракати таъсис этилганлиги ҳақда эълон қилинди. Ҳаракат таъсис ҳайъатининг ўн саккиз нафар аъзоси бор эди.

Муҳаммад Солиҳ Ёзувчилар уюшмасининг 2-котиби эди. У бутун Совет Иттифоқида машҳур эди. Ҳар кун Иттифоқнинг ва дунёнинг турли бурчакларидан уни йўқлаб, сиёсатчилар, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар оқиб кела бошлаган эдилар.

Ўзбеклар ҳаётида қайта оқа бошлаган дарёлар Муҳаммад Солиҳнинг устидан оқарди. Мухолиф қарашдаги ҳар қандай инсон учун Муҳаммад Солиҳнинг даргоҳидан бошқа жойдан кўнгилларга тасалли берадиган мужда топиб бўлмасди.

Унинг ишхонаси тугул, уйи ҳам меҳмонларга тўла бўларди.

Иш ва учрашувлар кўплигидан у бош қашишга вақт топа олмасди.

“Бирлик”нинг тузилганлигига ўн беш кун ҳам тўлмасдан, унинг Ёзувчилар уюшмасининг биринчи қаватида жойлашган бир хонадан иборат штабини республиканинг турли бурчакларидан аъзо бўлиш учун келган фаоллар босиб кетдилар.

Табиий равишда, уларнинг ҳар бири Муҳаммад Солиҳ билан учрашишни ва у билан суҳбатлашишни истарди. Бу учун Муҳаммад Солиҳда бир дақиқа ҳам вақт йўқ эди.

Уларнинг баъзилари билан муҳим, деб кўрилган масалаларда кўришиб гаплашиш учун ҳам, унга камида ярим кундан кўпроқ вақт зарур бўларди. Барчасини ҳисобга олиб, у ўзи йўлбошчилик қилаётган “Бирлик” халқ ҳаракатининг ҳайъатига раис, яъни ўзига ўринбосар тайинлашни ҳайъат аъзоларидан илтимос қилди.

Барчаси ҳисоблаб чиқилгач, ҳайъат аъзолари бу ўринга Абдираҳим Пўлатовни тавсия қилдилар.

Ҳар доим айтиб келганимдай, Абдираҳим Пўлатов “Бирлик”ка асос солган Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолиятидаги энг катта хатоси эди.

Муҳаммад Солиҳ хоҳламаганда эди, Абдираҳим Пўлатов “Бирлик”нинг остонасидан ҳатлаб ўтиб, у очган “даҳлиз йўлаги”дан сиёсат майдонига киролмасди.

Руҳиятига етти ёт бегона “Озодлик”, “Ҳурлик” каби эзгу ғояларни унинг суистеъмол қилишига имконият яратиб берилиб, сиёсат бозорида коммунистлар сарқити бўлмиш қолоқ ғоялар билан чайқовчилик қилиши учун унга “Бирлик” қурбон берилмасди.

Шоир Рауф Парфи билан Фахриддин Худайқулов “Бирлик ҳайъати”га қаерлардандир топиб еталаб келган Абдираҳим Пўлатовни танлаш-танламаслик ҳуқуқини Зойир Аъламга ўхшаган ҳаракат ичкарисида таъсир доираси кучли ҳисобланган фигуралар Муҳаммад Солиҳнинг инон-ихтиёрига ҳавола қилган эдилар.

Ва шу ўринда Муҳаммад Солиҳнинг инсонларга  ишонувчанлиги панд берди.

Пўлатов  ўз соҳасида ёлчитиб бир ишни қойиллатмаган, ўз устоди Академик Кобулов устидан “бу одам миллатчи, академияга фақат ўзбекларни ишга қабул қилаяпти ” деб донос ёзган бир хоин эди.

Муҳаммад Солиҳ албатта уни танимасди, факат у эмас, кўпчилик танимасди.

Халқ ичида ҳеч ким танимайдиган бир кимсанинг сиёсат майдонига кириб қолиши – мухолифатни поракандаликка олиб келгани етмаганидек, мустабид Ислом Каримовнинг ўз ҳокимиятини мустакамлашига ҳам кенг йўл очди.

Абдираҳим Пўлатов мухолифат тарихида мухолифатни инқирозга етаклаганларнинг энг каттасидир.

Ҳа, Абдираҳим Пўлатов сиёсатга адашиб эмас, суқилиб кирган эди.  Бу не-не фожеаларга сабаб бўлмади. Ўшанда, бу каби ўйинлар замирини кўпчилик тушунмаган бўлса ҳам, алданганларнинг аксари бугун жуда кўп нарсаларни англаб, надоматлар чекаётганлари ҳам бор гап…

У “Бирлик” халқ ҳаракатининг расман рухсат берилмаган тарихий биринчи намойишида, ўзининг кимлигини билдириб қўйди. Нафақат Абдираҳим Пўлатов, ўша илк митингда кўпчиликнинг кимлиги маълум бўлиб қолди. Бунга кимдир ўшанда эътибор берди, кимдир эътибор бермади.

“Бирлик”нинг асосчиси ва байроғи бўлган Муҳаммад Солиҳ эса, ўша митингда йўқ эди.

1989 йил апрел ойида у Москва ёзувчилар ҳайъати билан Ироқда ижодий сафарда эди…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон