Швеция суди Юрий Жуковскийга берилган ҳукм устидан берилган шикоятни кўришни бошлади

Швеция суди Юрий Жуковскийга берилган ҳукм устидан берилган шикоятни кўришни бошлади
63 views
09 February 2016 - 13:36

obid-nazarov“Озодлик” радиосининг хабар беришича,  Швеция суди 9 февраль куни таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасд уринишида айбланган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийга берилган ҳукм устидан икки шикоятни кўришни бошлаган. Маҳкамада Юрий Жуковский устидан ҳукмдан норози бўлган ҳимоя томони ва айни пайтда 18 йиллик қамоқни оз, деб ҳисоблаган Обид қори яқинларининг шикояти кўрилмоқда.

Швеция шимолидаги Остершунд (Östersund) шаҳри маҳкамаси ўтган йили 15 декабрь куни ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаров жонига қасд қилишда айбланган Юрий Жуковскийга 18 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Бу ҳукмдан айбланувчи Юрий Жуковскийнинг ҳимояси норози бўлиб аллеляцион маҳкамага мурожаат қилган.

Айни пайтда Обидхон қори Назаровнинг яқинлари ва қораловчи томон Жуковскийга умрбод қамоқ жазоси тайинланишини сўрамоқда:

Бу қарор келгуси тергов жараёнига тегишли бўлган катта ва кенг кўламли ишларимиз учун замин яратади. Ҳали иш охирига етгани йўқ. Асосий ижрочи жазоланди, аммо бу ишнинг орқасида турган кучли гуруҳлар бор. Уларни жавобгарликка тортиш ҳаракатлари ҳали анча давом этади, – дейди Довудхон Назаров Озодлик билан суҳбатда.

37 яшар Жуковский ўтган йилнинг 25 августда Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган эди.Швед прокурори Кристер Петерссен Жуковскийга бир умрлик қамоқ жазоси сўраган. Унинг ишонишича, суиқасдга Обид қорининг фаолияти сабаб бўлган.

Остершунд шаҳар судига айблов хуслосасини топшириб бўлгач, Озодликка гапирган терговчи Петерссен ўз аризасида бевосита Ўзбекистон ҳукуматини айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон ҳукумати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирган.

57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада ётибди.

ЎХҲ хабарлар бўлими