Амалдор устидан арз қилганни урма, сўкма, фарзандини қама!

Амалдор устидан арз қилганни урма, сўкма, фарзандини қама!
25 views
13 February 2016 - 20:44

chamangul new - KopyaЎзбекистон ички ишлар идоралари ходимлари ҳеч бир оғишмай худди ана шу шиорни амалга оширмоқда.

Тошкент шаҳар, Бектемир туманида истиқомат қилувчи Чамангул Негманованинг кимсан собиқ давлат маслаҳатчиси Т.Иминов ҳамда ҳамтовоғи А.Фаттоҳовларнинг “Акбар Азизий” хусусий фермаси орқали давлатнинг миллиард-миллиард маблағларини ўзлаштирганликларига оид жиноятлари хусусида илк бор бонг урганида аризачининг ёлғизгина ўғли ҳали 14 ёшли бола эди. У пайтларда ўспирин ўғлига зўғум ўтказиш орқали Негманованинг овозини ўчиришга уриниш кутилган самара бермаслиги ҳам мумкин эди. Айни дамда 14 ёшли бола улғайган. Энди ўғилга қамоқ таҳдиди қўллаш орқали онани қўлга олса бўлар….

13 февраль куни шундай ҳам бўлди: кўпдан кўзланган мудҳиш режа амалга ошди.

Ч.Негманованинг ҳукумат миқиёсидаги амалдорлар билан 8 йиллик бесамар олишуви бугунги кунда 22 ёшга тўлган ягона ўғлининг қамоққа олиниши билан якун топди.

– Бугун, 2016 йилнинг 13 февраль куни ўғлим ўртоғи Эминов Исломжон билан дўконга чиқиб кетганди. Соат 17.30 ларда Бектемир тумани билан Тошкнет шаҳрининг туташган ҳудудидаги дўкон ёнида фуқаро кийимидаги икки девқомат нотаниш эркак кишилар ўғлимга ташланишибди. Унга ҳамроҳлик қилган дўсти Исломжоннинг сўзларига қараганда, фуқаро кийимидаги нотаниш шахсларга туман ва шаҳар чегарасидаги ДАН постида ўқ отар қуроллар – автоматлар билан қуролланган ИИБ – ДАН ходимларидан ҳам уч нафари кўмакка келган.

Қуролланган ДАН постининг ИИБ ходимлари кўмагида фуқаро кийимидаги кишилар куч ишлатиб ўғлимнинг қўлини кишанбанд қилишган. Буни кўрган ўртоғи унга кўмакка шошилган. Нотаниш кишилардан “Нима гап?” деб сўраган. Эвазига қорни, қулоқ-бурнидан тепки еган. Ўзига келганида қўлига кишан солинган ўғлимни машинага тиқиб олиб кетишган, – дейди йирик миқдордаги молиявий ўғирликларни очишга бел боғлаган Чамангул Негманова, – Исломжон ўғлимни кишанбанд қилиб олиб кетишганлари ҳақида менга хабар берганида юрагим тўхтаб қолай деди. Шу заҳотиёқ 102 –рақамига қўнғироқ қилиб нотаниш кимсалар ўғлимни номаълум томонга олиб кетишганлари ҳақида хабар бердим. Суриштирувларим натижасида ҳозиргина ўғлимнинг Бектемир туман ички ишлар идорасига олиб кетилганлигига аниқлик киритдим.

“Ўғлим қандай айбловга асосан ИИБга келтирилди. Қандай жиноят содир этган экан? Мени айблов билан таништириишингизни, қўлимга айбловга оид қарорни беришингизни сўрайман” деган каби талабномаларим жавобсиз қолди.

Бектемир туман ИИБ тергов бўлимининг катта терговчиси Ш.Х.Файзуллахонов “Ҳозир бу ҳақда сизга аниқ бир гап айта олмаймиз. Эртага соат 10.00 да келинг, ўшанда барчасидан бохабар этамиз. Ўғлингизни бир сутка ушлаб туришга ҳаққимиз бор” дейишдан нарига ўта олмади. Ўғлимни нима сабабдан ИИБга келтириб қамаб қўйишганларининг асл сабабини аниқ биламан, бу – мен туфайли, менинг аризаларим сабаб, – дея хулоса қилади она.

Чамангул Негманованинг айни хулосага келишига асос йўқ эмас. 2015 йилнинг баҳор, ёз ойларида ички ишлар идораси вакиллари Негмановадан тинч юришни, ёзиш-чизишни бас қилишни талаб қилишган. Мабодо, гапга кўнмайдиган, айтганларини қилмайдиган бўлса, ёлғиз ўғлига жабр бўлишини ўзларига хос услубда тушунтириб қўйишган.

Ўзбекистон ички ишлар идоралари тизими инсонларни таҳқирловчи, ҳуқуқларини чекловчи ноқонуний ҳатти-ҳаракталари ортидан мамлакатда норозилар армиясини кучайтирмоқда холос.

Ўзбекистондаги ижтимоий тенгсизликни кўринг: Ўзбек халқининг 1 миллиардлик бойликларини ўмариб, ҳориж банкларида музлатиб қўйилишига сабаб бўлган кимса уй қамоғида ўтираркану, собиқ давлат маслаҳатчиси кирдикорларини очмоқчи бўлган онанинг ягона ўғли айблов эълон қилинмасдан туриб, тинчгина юрган йўлида ИИБ формасидаги замонавий “банда” томонидан уриб, сўкиб, кишанбанд қилинаркан, э йўқ, бе йўқ кўз очиб юмгунга қадар ўзини қамоқда кўраркан.

Қани бу ерда Каримов иддао қилаётган адолат?

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист, ҳукуқбон