Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси 26 ижодкорни уюшма аъзолигидан ўчирибди!

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси 26 ижодкорни уюшма аъзолигидан ўчирибди!
93 views
13 February 2016 - 21:07

534263435372c666Кимларни ўчиришни қанақадир “Эксперт гуруҳи” аниқлабди!

“Эксперт гуруҳи”…

Қулоққа хунук эшитилар экан. 37-йилларда машҳур “Учлик” (ўрисчада: “Тройка”) бўларди: ким яшайди, ким отилади, ким Сибирга сургун қилинади, ким умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади – ўша уч киши ҳал этарди! Энг даҳшатлиси – бу уч кишини биров билмасди!

“Эксперт гуруҳи” аъзолари ким? Ҳукмга имзо чекишибди, аммо “Уюшма” деган мажҳул номнинг орқасига яшириниб, тарқатилган ҳужжатга отларини қўйишмабди!

Ҳозирча ўзларини панага олганлари билан бир куни эл уларни билади-ку барибир! Номларини тарих унутмайди! Ўзлари тугул, бола-чақаларини ҳам уятга қолдирадиган ҳужжатга имзо чекишибди азаматлар!

Муҳаммад Солиҳни мухолифат лидери ўлароқ аъзоликдан ҳайдадик деса, унда қолганлар-чи? Сулаймон Раҳмон, Гулчеҳра Нуруллаева, Мамадали Маҳмуд, Ёдгор Обид… булар камида 70 ёшнинг нари-берисидаги ижодкорлар. Хуршид Даврон улардан бир оз ёшроқ, аммо у Ўзбекистон халқ шоири! (Рўйхатни тўлиқ кўрмаганим учун бошқаларни билмайман). Хайрият, бу “эксперт гуруҳи” буларни адабиётдан ўчира олмайди, бўлмаса жазавада ҳар нарса қилвориши мумкин эди.

Дейлик, Мамадали Маҳмуд 17 йил қамоқда ётди, ўшанда ўчирмай, энди уч йилдан бери озодликда яшай бошлаганида ўчиришди. Мантиқларини тушуниб бўлмайди.

Сулаймон Раҳмон ўтган йили шу пайтлари инсулт бўлиб яқин олти ой бир жойда ётиб қолди. Орада унга қараб ўтирган аёли оламдан ўтди. Энди тета-поя юра бошлаганида… бунинг устига кекса ёшида… Уюшма уюшма бўлиб аъзосидан бир марта хабар олиш ўрнига, қилган ишини қаранг!

Яқиндагина “Одамларда қолдир виждонни” деган сайланма китоби нашрдан чиққан, унда Сулаймон ака халқимизнинг улуғ шоири эканини исботлаган эди! Мана сизга уюшманинг “ташаккурнома”си!

Лекин одамга таскин берадиган нуқта – “ўчирилган” бу ижодкорларнинг обрўйи, истеъдоди “Ўчирганлар уюшмаси”га аъзолик билан ўлчанмайди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com