Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
146 views
14 February 2016 - 3:00

IKA(4-бўлим)

…Миршаблар намойишчиларга аралашиб, улар орасида бир кўринсалар-бир кўринмай қолдилар.

Уларнинг оломон орасидаги таниш-билишлари ва раъйига ўтирганлар билан дарров тил топишиб, бемалол гапга тушиб кетишлари, уларнинг айни бир жинсдан эканликлари – мақсад-муродларининг айрича бўлолмаслигидан дарак берарди.

Бу ҳолат, хавфсизлик кучлари орасидаги ғайри миллат вакиллари ва юқори лавозимли ўзбек мансабдорларига таъсир этмай қолмади.

Албатта, мен уларнинг кўпчиган юз-кўзларида фавқулодда ғазабни кўрдим.

Бизнинг хавфсизлик кучлари орасида ҳам етарлича тарафдорларимиз бор эди. Шу боис, ҳукуматнинг вазият кутилмаганда мураккаблашса, бошқарув тизгинини қўлдан чиқармаслик учун ишга солиши мумкин бўлган чора-тадбирларидан етарлича хабардор эдик.

Бизнинг намойишлар ўтказиш, кўча юришларини ташкил қилиш бўйича тажрибамиз йўқ эди. Барчаси, бизнинг кўникиб қолган турмуш-тарзимизга ҳам, қарама-қарши таълим-тарбия воситасида шаклланган руҳиятимизга ҳам тескари эди.

Аммо, биз ва ҳатто ҳукумат хоҳламаганда ҳам, кутилмаганда ёмон ишлар содир бўлишини хаёлдан соқит қилиб бўлмасди.

Тағин, Муҳаммад Солиҳнинг шунақа бир бурилиш нуқтасида Ўзбекистонда йўқлиги, ҳаммамизга ҳам салбий таъсирини ўтказган эди. Ҳамманинг унга суяниб қолгани, айниқса, фаолларнинг унинг ўзини тутишидан, гап-сўзларидан далда олишга кўника бошлагани, фаолиятимизда яққол билиниб турарди.

Фавқулодда ҳолатларда ҳаракатга келтириладиган асосий кучлар, аксар ғайри миллат вакилларидан сараланган бўлса ҳам, халқ орасига ташланган миршабларнинг тўқсон тўққиз фоизи маҳаллий миллат вакиллари эдилар. Бу атайлаб, ҳар жиҳат ҳисобга олиб амалга оширилган эди.

Намойишчилар билан аралашиб кетган миршабларнинг қош-қовоқлари етмиш йиллик зулм ҳукмрон бўлган даврлардаги сингари уйилмагани, жаҳллари бурунларининг учида эмаслиги – хавфсизлик кучлари орасидаги катта бир гуруҳнинг “жанговарлигини” йўқотганлиги – бирликчилар учун миллатдошлик туйғуларининг уйғониши бўлса, мушугини шу чоғгача ҳеч кимнинг “пишт” дейишга ҳадди сиғмаган тузум учун “хоинлик” нишонаси эди.

Вазият жорий ҳукумат учун жуда таҳликали бўлиб, тузум гумашталарининг юрагида қаҳр-ғазаб, баробарида, улар феълида ваҳима қўзғатарди. Ҳар ҳолда, зулм ва зўровонликка асосланган коммунистик тузум учун қаҳр ва ғазаб, дўқ-пўписа – мушт ва автоматга нисбатан ҳам муҳимроқ бир қурол эканини ҳисобга оладиган бўлсак, нима деётганим, янаям равшанлашади.

Коммунистларнинг меҳр-муҳаббат, садоқат ва жавонмардлик ҳақидаги ақидалари президент Каримовнинг иқрори сингари мустабид тузумни мустаҳкамлаш учун бир ниқоб бўлиб, барча-барчаси озод ўлкаларни ғорат этиш ва ҳур фикрли инсонларнинг қарашларини қийиш ва халқни ҳайвон сингари оғир меҳнат остида эзиш учунгина асқотарди, холос.

Ён томонимдаги фуқаролик кийимидаги бир ўзбек кимсанинг русчалаб: “Чап қанотни мустаҳкамлаш керак” деганини эшитиб қолдим. Шунда, чап томонимга қайрилиб, шоир (Абдулла Орипов) тили билан “Наъжот қалъаси” деймизми, “Муззайян қалъа” деймизми, ўша Тошкентдаги энг баланд бино – Министрлар совети биносининг томида қуролланган одамларни кўрдим.

Улар орасида уч-тўртда тасвирга олиш учун камера кўтариб юрган кимсалар кўзга ташланар эди.

Шу лаҳзаларда, бинонинг олд томон биқнидан бошларида каска, қалқонлардан тирик ҳимоя девори ҳосил қилган икки юз сонли махсус отряд ҳам шахдам қадамлар билан намойишчиларнинг устига қараб бостириб кела бошлади.

Намойишчилар ўн дақиқа илгариги намойишчиларга ҳеч ҳам ўхшамас эди. Ҳадиксиз кўпчиб турган нигоҳларда энди мужмаллик нишоналари кўринмас, юзларда қора булутларни ёриб чиққан қуёшдек барқ уриб, бахтиёрлик жилваланарди.

Миршабларнинг тирик деворини ёриб, кўчани кесиб ўтиб, уларнинг “Эркин ёшлар уюшмаси” орқасида турган намойишчилар билан қўшилганлари, уларга шижоат бағишлаб, бир ғайратларига минг ғайрат қўшиб юборганди.

Махсус отряд тўғон кўчгандек, кучли бир важоҳат билан бостириб келмасин, намойишчиларнинг назар-писанд қилмагани, уларни тақа-тақ тўхташга мажбур қилди. Гўё, улар томоғини йиртиб, олдинга ҳаракатланишга буйруқ бераётган командирларининг овозларини эшитмаётгандек эдилар.

Бу ҳолат бир неча лаҳза давом этди.

Мен вақтнинг тўхтаб қолганини, ўшанда яққол ҳис этдим. Шўх-шодонлик билан бир-бирларини табриклаб турган намойишчиларнинг, бир киприк қоққунча вақт оралиғида – душманига ҳамла учун ҳозирланган йиртқич сингари туси ўзгариб қолганди.

Махсус отряд яна бир қадам ташласа, ёхуд ногоҳон эҳтиётсизлик орқасида бирор кимнинг бурнини қонатса, қиёмат қойим қўпарди.

Худо бир асради. “Олдинга” деб томоқ йиртиб турган рус миллатига мансуб командир, “Ўн қадам орқага” дея, бошлади. Мен эшитмаётган бўлсам ҳам, унга расиядан шунақа буйруқ янграгани, ҳаққи-рост эди. Шундай бўлмаганда, у ҳеч қачон ўзича орқага чикинишни хаёлига келтирмас эди.

Устимдан оғир бир тош кўчгандек бўлди.

Хаёлим ўзимга келгач, мен йигирма қаватли улуғвор бинонинг ҳар бир қаватини синчковлик билан кўздан кечира бошладим.

Ҳар бир қаватда қуролланган ҳарбийларни кўриш мумкин эди.

Ички ишлар вазирлигидаги тарафдорларимиз, бизни шунақа вазият содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган эдилар. Уларга кўра, бинода ўша кун ҳеч қанақа иш бўлиши мумкин эмасди. Бино тўлиғича, хавфсизлик кучларининг ихтиёрига ўтиши керак эди.

Суратга олиш ишлари ва намойишчиларнинг ҳаракатларини кузатиш ва назорат қилиш, мана шу бинодан туриб амалга ошириларди.

Яъна, уларга кўра, кўп минг сонли асосий кучлар, 18 апрел кечаси “Пахтакор” стадионига жойлаштириларди. У ерда йиғиладиган “Ёнғинни ўчириш” ва “Тез ёрдам” машиналари, ҳарбий техникалар шай ҳолатга келтирилишини яхши билардик. Тиш-тирноғигача қуролланган икки юз эллик сонли махсус тайёргарликдан ўтган миршаблардан тузилган гуруҳ эса, кўздан овлоқда Ленин ҳайкали остидаги ертўлада яшириниб турардилар.

“Ленин майдони” орқасидан оқиб ўтадиган Бўзсувнинг ҳам ҳар икки қирғоғи, Ўрда кўпригидан то Ўзбекистон компартияси биринчи котиби Рафиқ Нишонов ўтирадиган биногача, тиш-тирноғигача қуролланган хавфсизлик кучлари томонидан қаттиқ қўриқланиши, айтилганди.

Ленин ҳайкали остидан метрога йўл борлигини ҳам ўшанда биринчи марта эшитган эдим.

Мен намойишларни ташкиллаштириш баҳонасида кўпчиликка танилиб қолган эдим. Шунинг учун менга йўл бўшатиб, олдинга ўтказиб юборган эдилар.

Ленин ҳайкали олдидаги супани, миршаблар беш ёки олти қатор бўлиб ўраб олганлари сабаб, биз яна тўсиққа дуч келган эдик. Мен “Бирлик” ҳаракати ҳайъат аъзоларига супага чиқиши учун йўл очиб беришим керак эди.

Атрофимдаги йигитлар кеча тунда тайёрлаб қўйганимиз, радиокарнайларни ва зарур жиозларни кўтариб олган эдилар.

Табиий, мени гапимни тинглайдиган миршабнинг ўзи йўқ эди. Масалани улар ҳал қилолмаслигини, мен ҳам яхши билардим. Шундай бўлсада, улардан ўтказиб юборишлари талаб қилардим. Улар, мени эшитаётган бўлсалар ҳам ҳайкалдай қотиб, ўзларини эшитмаганга солардилар. Ғазаби тобора тошаётган намойишчилар, денгиздай чайқалар, бирор кимса нотўғри бир ҳаракатга қўл урса, тартибсизлик бошланарди.

Бир дақиқа ҳам ўтмасдан, миршаблардан йўлни очиб беришни талаб қилиб, ўдағайлашга тушганларнинг сони юзлардан ошди. Мен буларнинг кўпчиликларини танимасдим. Кўчиликларининг қиёфасини, аввал ҳеч қачон кўрмаган ҳам эдим.

Кейинчалик, фикр этиб билдимки, уларнинг кўпчиликлари намойишчилар орасига ташланган фуқаролик кийимидаги хавфсизлик кучларининг ходимлари бўлганлар. Аслида, биз ўз хоҳишимиз асосида иш кўраётган бўлсакда, ҳукуматнинг ҳам нияти намойишни тинч ўтказишга қаратилган эди. Биз, кўринмас қўллар томонидан истакларимиз чегараларида тўлиқ бошқарилаётган эдик.

Демак, ўшанда Москва шунга қарор берган эди.

Намойишчилар тақдирини ҳал қилиш маҳаллий ҳукумат ихтиёрида бўлганда эди, улар президент Каримов тинч аҳолини Андижонда қонига ғарқ қилгани каби, ҳаммани қонига ботирарди. У манқуртлар ҳам ҳозирги Ўзбекистон ҳукуматидагилар Каримов  назарига тушиш учун ҳеч бир тубанликдан қайтмагани сингари Москвага ўзларини яхши кўрсатишдан бўлак, ҳеч нарсани тушунмас эдилар.

Шунда, қаёқдандир, ҳайъат аъзоси шоир Мирза Кенжабек пайдо бўлди.

“Биз, доҳий ҳайкали пойига адолат истаб келдик”, деди у.

“Нима, миннатдор авлод сифатида, бизнинг доҳий оёқлари остига гулчамбар қўйишга ҳаққимиз йўқми?” деди яна.

Ростдан ҳам бу Лениннинг бўйнига гулчамбар илмоқчими, деган хаёл бошимга келди. Унга қарадим, унинг атрофидагиларга қарадим, гулчамбар тугул, бировнинг қўлида бир дона гул ҳам йўқ эди. Аммо, унинг ялтоқланиш охангида айтилган нутқи кўпчиликнинг Ленинга бўлган меҳрини, бироз ийдирмади, дея олмайман.

“Арз-додимизни, доҳийга айтмасак, кимга айтамиз? Бизнинг бу дунёда, ундан яқин кимимиз бор?…”

Унинг сўзларини  сўзма-сўз айта олмасам ҳам, маъноси айнан ана шунақа эди.

Бу сўзларни айтаётган зот бир кун келиб мансаб учун Озодлик ҳаракатларига тупириб, Озодлик душмани, мустабид Ислом Каримов қўлини ўпиши мумкинлигини ким ўйлапти ўшанда?!

Шунингдек,Ислом Каримовдай бир мустабиднинг миллат бошига келиши ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.

Мирза Кенжабекнинг оташин нутқи авж нуқтасига етганда, миршаблар бирваракайига Ленин ҳайкали пойида намойишчилар нутқ сўзлашлари учун йўл бўшатиб бердилар.

Уларнинг якдиллик билан қилаётган уйғун ҳаракатлари замирида, уларнинг ҳамма нарсадан хабардор эканликлари билиниб турарди. Ўзларининг ичларидан кимдир, уларни бошқараётган эди…

Миршаблар йўл очиши билан, Абдираҳим Пўлатов Ленинг ҳайкали пойига қисир эчкидай ирғишлаб чиқиб кетди.

Сўзлари оғзида қолган Мирза Кенжабек, ҳаялласа юқорида жой қолмаслигини англаб, сўзини чала ташлаб, унинг орқасидан эргашди.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон