Ўзбек Каримовга ажалдан яқин, Азроилдан қўрқинчли!

Ўзбек Каримовга ажалдан яқин, Азроилдан қўрқинчли!
79 views
15 February 2016 - 10:49

925096Биринчи қисм

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(1)

Ҳа, ҳар лаҳзаси ҳар қандай бойликдан қиммат турадиган йигирма уч йиллик халқнинг умрини президент Каримов ҳаволарга совурди.

Ўзбек қон йиғлаб, йиринг қусган бу йилларда, пишқириб оққан дарёларнинг боши саҳроларга бурилиб, қанчадан-қанча гўзал фасллар беҳуда келиб кетди. Дунёда ўз ўрни, турфа кўчлари бор ўзбекнинг соҳир карвонлари гузардан-гузарга юксиз қатнагани етмагандек, очликдан тиш қайраб, ҳар ерда изғиб юрган қашқирларга – халқнинг тузини еб, тузлиғига тупирганларга ем бўлдилар.

Ўтган йигирма уч йил мобайнида юрт таланиб, Ўзбекистоннинг мислсиз бойликлари жорий ҳукумат тарафидан талон-тарож этилди. Нафақат иқтисодиётда, ижтимоий ҳаётда, маънавият ва маданиятда ҳам Совет йилларида эришилган ютуқлар сувга оқиздирилиб, илм-фан дарахтининг илдизига болта урилди. Шўролар замонида ишлаб чиқилган ўзбек адабий тили чиқитга чиқарилиб, Ҳазрат Навоийнинг оламда бебаҳо ижодиётини аралашган-қуралашган шеваларнинг оқавалари босиб олди. Бир замонлар ҳумрон бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, қадр-қимматини ушлаб турган ўзбек тили пойтахт кўчаларидан қувғин қилиниб, унинг ўрнини ўзбекнинг руҳиятига тамоман ёт бошқа тиллар эгаллади.

Давлат ишларидан, иқтисодиёт ва маданий ҳаётдан ўзбек тили деярли, сиқиб чиқарилди. Ўзбек тилидан бошқа тилни эгаллай олмаган оддий ўзбек, ўз она тилида арзи-дод айта олмайдиган бўлди. Бу ҳолат, миллатни Каримовга оёқ ости қилиш билан бир пайтда, ким-кимларнинг олдида, хор, ҳаёт бекатларида гунгу лол қилиб қўйди. Ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайдиган ҳиссиз ва тош бир ҳайкалга айлантирди. Бу ишлардан биргина Каримов ва унинг атрофидаги тўрт-беш “ҳай, баракалла”чилар фойда кўрдилар.

Ўзини-ўзи манқуртга айлантирган Каримов эса, ҳалигача ҳам ўзи тўқиб чиқарган эртакларга ўзи ишониб, бундан йигирма уч йил бурун куйлаган сийқаси чиққан қўшиқларини хиргойи қилиб юрипди. У аллақачонлар “Ўзбек модели”нинг сариқ чақага арзимаслигини англаган бўлса ҳам, ундан мўъжизалар содир этишни талаб қилади. Қўни-қўшниларнинг тараққиёт кўчларини ортмоқлаган карвонларнинг нурли чўққиларга етганидан, у бехабар. Хабари бўлса ҳам, у ўзини билмаганга олади. Вайсақи кампир сингари у қўшнилар хусусида ҳам, ҳў-ў, ўша йигирма уч йил аввалги тутриқсиз иддаоларини рўкач қилади. Уларнинг шаҳарсозликда, маданият ва маънавиятда, иқтисодиёт ва сиёсатда, ижтимоий соҳаларда илгарилаб кетганини билганини билдирмаслик учун у ўзини жинниликка солади. Ҳасаддан юрак-бағри куйиб, аламдан олов каби ёниб кетаётганини сиртига чиқармасликка тиришади.

Касални яширсанг, иситмаси ошкор этади, деганларидек, барча-барчаси унинг ҳиссиз овози билан нурсиз кўзларидан кўриниб туради. Ўзининг кўролмаслик балосига айланиб, ҳасад алангасида ёниб тугаётган шам сингари эриб адо бўлаётгани билан эса унинг иши йўқ. Чунки, у шунинг учун яратилган. У шунинг учун куйиб-пишади…

Бутун ер юзи кафдек келадиган ахборот маконига жой бўлган бизнинг кунларимизда, Ўзбекистон Мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган байрам тантаналари масхарабозликларини ичкаридан туриб кузатиш шарт эмас. Уни дунёнинг хоҳлаган бурчагидан туриб, кузатса бўлади. Баробарида, яширин олинаётган хабар ва лавҳаларга таяниб, уларни таҳлил қилиш ва хулосалар ясаш ҳам унчалик қийин иш эмас. Иштиёқ ва салоҳият билан юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ичкаридан боқилса, Каримов пайдо қилган саробнинг бўй-басти ва талофатлари янаям ёрқинроқ намоён бўлади.

Чунки “Ўзбек модели” орқасида миллат ҳаётига кириб келган йўқлик ичида, кимнингдир ўзини мавжуд деб билиши, Ўзбекистоннинг ҳаётий жон томирларидан қай бирининг ҳалиям, узилмаганини билдиради.

Аксар зиёлиларнинг қатор йиллар асносида, Каримов жодуси сеҳрига доғланиб, ўзига ва баробарида ўзи мансуб миллатга ўлим тилаб, шон-шуҳрат талвасасида жазавага тушиши эса, соғлом ақлга сиғмайдиган бир ҳолат.

Бутун бошли санъат аҳлининг Ўзбекистоннинг инқирозини ширин хонишлар билан мадҳ этиб келиши эса, ақли-ҳуши жойида одамни жинни қилади. Шу каби манзаралар ичида, президент Каримовнинг байрам олди ва байрамда кўрсатган бачкана томошаларини баҳоли қудрат қаламга олсак, миллат ва тарих олдида, тирноқдек бўлса ҳам, касб-коримизга ҳурматимизни бажо келтирган бўламиз.

Зотан, Каримов гапиришга арзимаган бир кимса бўлса ҳам, халқнинг бахтиқаро бир от каби урниққан арқон билан шу чирик қозиққа боғлангани, бизни унинг номини тилга олишга мажбур қилади. Баъзи бир мухолифат вакиллари каби унинг иқтисодий ва бошқа соҳалардаги кўрсатгичларига баҳо беришни, у билан баҳсга киришишга ҳаракат қилишни, биз ўзимизга эп кўрмаймиз. У нафақат ўзи ва оиласи учун муаммога айланган. У миллат ва давлат, унинг иқтисоди ва тараққиёти учун ҳам катта бир муаммо. У миядаги ўсимта сингари миллатнинг руҳиятидан, мамлакатнинг танасидан кесиб олиб ташланмаса, охир-оқибат ўзига қўшиб, ҳаммани ўлимга маҳкум этади. Шундай экан у билан музакорага киришиб, ундан умидвор бўлиб ўтириш, тадбирсизликдан бошқа нарса эмас.

У маърифатпарварликнинг кўчасига ўлиб қолса, киришни истамагани каби танасини қийма-қийма қилсалар ҳам, жаҳолатдан қўл узмайди. Чунки, унинг лойи ҳаромдан олиниб, зуваласи жаҳолат тандиридан узилган.

Туркистон тарихида на Муқанна, на Махмуд Ялавоч, на Йўлдош Охунбобоев, на Инъомжон Усмонхўжаев, на бир бошқа кимса у амалга оширган хиёнатлар ва бедодликларнинг юздан бирини амалга ошира олмаганлар. Кўлам жиҳатдан муқояса қилинса, унинг миллат ва Туркистонга етказган талофатлари рус истилочилари ва армани дашноқлариникидан бир неча баробар юқори туради. Унинг дину диёнат ва маънавиятга етказган зарарини Чингиздек қонхўр ҳам бу миқёсга кўтара олмаган.

У бугун ўттиз милёнли миллатнинг олтмиш милёнли назари – ўзини кеча-кундуз кузатаётганини яхши билади. Ноҳақ тўкилган қонлар, ўн гулидан бир гули очилмай қамоқхоналарда ва ёт юртларда йигит ўлган ўғлонлар руҳи, жигарлари фироғида қон йиғлаб, кўзлари кўр бўлиб қолган оналарнинг фарёди ўзини тақиб қилаётганини ҳам, у даҳшатли бир қўрқув ичида ҳис қилиб турипди. Шу учун биз, уни шаҳидларнинг чирқираган руҳи, жигарларидан айрилган оналарнинг оҳу фарёдлари сингари таъқиб қилиб, у билан қадамба-қадам юриб тентакликларини достон, изтиробларини қаламга олмоқни ният қилдик.

Зеро, ўзбекнинг унга ажалдан ҳам яқин, Азроилдан ҳам қўрқинчли эканини бугун бутун дунё теран англашни бошлади. Чунки унинг ўзбеклар танасида ва руҳиятида кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар содир этиб, осонгина ўлиб кетишга ҳаққи йўқ…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон