Рашод Камоловни ўлдириш учун 20 минг доллар ваъда қилинган

Рашод Камоловни ўлдириш учун 20 минг доллар ваъда қилинган
127 views
16 February 2016 - 10:03

rashod qoriga uyushtirilgan suiqasdchi SNB ekanҚорасув шаҳрида жойлашган “Ас-Сарахсий” масжиди имоми Рашод Камоловни йўқ қилиш учун уюштирилган бу суиқасд ҳаракати Қирғизистон ҳудудида биринчи маротаба такрорланаётгани йўқ.

Роппа роса бир йил аввал, 2015 йилнинг 9 февралида одамларни Сурияга ёллаш ва жиҳодни тарғиб қилганликда гумонланиб, қўлга олинган, кейинчалик эса экстремизмда айбланиб, 2015 йилнинг ноябрь ойида Ўш вилоят суди қарори билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Рашод Камолов Ўрта Осиёдаги, жумладан Фарғона водийсидаги диний вазиятни издан чиқаришликка қаратилган бир сиёсий уйиннинг қурбони сифатида кўрилмоқда.

Биз бугун на бир Қирғизистон ва на бир ҳалқаро оммавий ахборот воситаларида ёритилган Рашод Камоловга уюштирилган суиқасд ҳақида, яъни имомни қўлга олинишидан аввал, уни жисмонан йўқ қилиш мақсадида, қўшни Ўзбекистондан юборилган киллер ҳақида, таҳририятимизга келиб тушган суд ҳукми асосида батафсил маълумот бермоқчимиз.

Эслатиб ўтамиз, Азиз исмли бу киллер Ўш милицияси тарафидан қўлган олинганидан кейин Қирғизистон жиноий кодексининг тўртта банди бўйича жазо олган: “Давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтиш”, “Ноқонуний тарзда қурол-яроқ сақлаш”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакилларига ҳужум қилиш” ва “Суиқасд қилиш”. У 17 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони Бишкекдаги қатъий режимли колонияда ўташи белгиланган. Кейинчалик эса, ғайриоддий вазиятда қамоқдан озод этилиб, Ўзбекистонга ўтиб кетган.

Қотил (киллер) Азиз Бобобеков сурати.

Қотил (киллер) Азиз Бобобеков (суратда ўнг тарафда, телефонда сўзлашмоқда) ва унга пул бериб ёллаган МХХ ходими (суратда чап тарафда).

“Мени Ўзбекистон юборди”

Азиз Бобобеков исмли қотил (киллер) Рашод Камоловни жисмонан йўқ қилиш мақсадида, 2014 йилнинг 2 апрель куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Водил тумани билан чегарадош Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманининг Сариқ олтин қишлоғида жойлашган чегара яқинидаги айланма йўлдан қурол билан ноқонуний ўтади.

Ўша куни ўзининг Рома исмли дўсти билан Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрига келади ва қотилликни амалга ошириш мақсадида шаҳардаги Ленин кўчасида жойлашган туман болалар касалахонасининг орқа тарафидаги далага, бетон парчалари орқасига “ТТ №АВО 8784” пистолетини олти дона ўқи билан яшириб қўяди.

“Менга Сергей ва Ваня исмли одамлар, Қорасув шаҳри Нурахунов кўчасининг 415 уйида яшовчи, 1978 йили туғилган, “Ас-Сараҳсий” масжиди имоми Рашод Камоловни ўлдириш буйруғини берган ва бунинг эвазига 20000 АҚШ доллари таклиф қилишди. Аввалдан 10000 доллар олдим” – деган суиқасдчи (киллер) Азиз Бобобеков тергов ва суд жараёнларида.

Азиз 2014 йилнинг 26 апрель куни соат кечки 22:30лар чамасида Қорасув шаҳрининг Телмон кўчасида жойлашган “Салқин тўр” кафесида ароқ ичиб, мас бўлган ҳолда юрганида, туман милицияси ходимлари тарафидан қўлга олинади. Текширув жараёнида суиқасдчи (киллер) милиция ходимларига пичоқ билан қаршилик кўрсатган ва тинтув натийжасида унинг олдидан “ПМ 9 м –  “Макаров“ русумли пистолет, етти дона ўқи билан топилган.

Тергов жараёнида аниқланишича, суиқасдчи Азиз Бобобековга, 2014 йилнинг март ойида Кавказ миллатидаги Рома исмли шахс: “Қирғизистонда тижорат қилмочиман, сен тил биласан, турар жой ва машина билан таъминлайман” деб ёрдам сўраган. Азиз рози бўлган. Икковлон Қирғизистонга ўтиш учун Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига чегара ҳудудига келишади, бироқ у ердан Азиз Бобобековни чегарадан ўтказмай қўядилар. Шу сабабли, у чегарани айланма йўллар билан ноқонуний кесиб ўтишга мажбур бўлган ва такси билан Қорасув шаҳрига келиб, мехмонхонага жойлашган.

“Рома мехмонхонада менга: “Бировни катта миқдорда қарзи бор, уни ўлдиришинг керак” деганда, мен унамай қўйганман. Кейин Ваня деган бола Тошкентдан келиб, Рома билан гаплашган. Мен уларни нима ҳақда суҳбатлашганини билмайман, форс тилида сўзлашишди” – дейди суиқасдчи (киллер) Азиз Бобобеков.

Унинг сўзларига кўра, Рома ва Ваня гаплашишганидан сўнг, Рома Тошкентга кетган ва унинг ортидан Азиз Бобобеков ҳам ўз юртига йўл олган.

“Тошкентга борганимда Рома менга “сен билан бошқача гаплашаман” деб қўрқитгани сабабли, Қирғизистонга келаверганман. Қорасувдаги кафеда овқатланиб ўтирганимда, милиция ҳодимлари келиб паспортимни сўрашди. Мен уларга фуқаровий паспортимни кўрсатдим. Кейин мени туман милициясига олиб боришди. У ерда мен пакетти олмоқчи бўлганимда, курткамдан пистолет тушиб кетди” – дея кўрсатма берган киллер.

Шунингдек, у текширув пайтида милиция ходимларига қаршилик кўрсатмаганини, сабаби ўзи ҳуқуқ тартибот органларида ишлаб, уларнинг ишини яхши билганини айтган ва пичоқ ҳақида ҳам билмаслигини айтган. Лек, чегарани ноқонуний кесиб ўтганини тан олган.

“Машинани Ваня менга Ўшдан олиб келиб берган. Қуроллар касалхона ёнида яширилган экан. Рома кетганидан кейин, мен “ТТ” пистолетини жойига олиб бориб қўйганман ва “МП” пистолетини олдимда олиб юрганман. Терговда қийноқлар остида кўрсатма берганман” – дея суд ҳакамидан енгил жазо беришни сўраган киллер Азиз Бобобеков, Қорасув туман суди жараёнида.

“Ас–Сарахсий” масжиди имоми Рашод Камолов, ўзига нисбатан уюштирилган суиқасдлик ҳақида 2014 йилнинг апрель ойида Қорасув шаҳар яшовчилари ва такси ҳайдовчиларидан эшитганини айтади.

“Мени ўлдиришга буйруқ олиб, излаётган одам ҳақида Қорасув туман милициясига ва Миллий Ҳавфсизлик Хизматига хабар берганман. Бироқ, у одам ушланганидан кейин, тергов жараёнида мени юзлаштиришмади” – дея норози бўлади Рашод Камолов.

Қорасувлик Хасанов Р.Н. Азиз Бобобеков билан 2014 йилнинг 24 апрель куни “ВАЗ2106” машинаси билан бензин қуйиш шаҳобчасига келганида танишганини айтади.

“У менга Эрондан чой маҳсулотларини олиб келишини, уларни сақлаш учун омборхона кераклигини айтди. Мен шаҳардаги ун комбинатининг омборхонасини кўрсатиб берганман. Азиз менга 100 тонна чой келади деб айтган” – дея эслайди Хасанов Р.Н.

Ўзбекистон тарафидан Қирғизистон ҳудудидаги ўзбекларни жисмонан йўқ қилиш буйруғи билан Ўш вилоятига юборилган суиқасдчилар (киллер) бунгача ҳам кузатилган.

Ҳаётига суиқасд уринишининг олди олингани айтган қорасувлик 36 яшар имом Рашод қори Камоловнинг отаси – Фарғона водийсида танилган имом Муҳаммадрафиқ қори Камолов 2006 йил 6 августда Ўшда отилган.

Рафиқ қорини 2006 йилдан бошлаб террорчиларга кўмак беришда гумонлаб, сўроқларга чақириб туришар, аммо ҳибсга олиш учун етарли далиллар топилмагани боис қўйиб юборишарди. 2006 йил августида Муҳаммадрафиқ Камолов ҳарбий блокпостдан ўтаётган пайтда спецназ томонидан отиб ўлдирилган. Кейинроқ расмийларнинг билдиришича, мазкур қотиллик ўзбек ва қирғиз махсус хизматларининг Ўш вилоятида биргаликда ўтказган аксилтеррор махсус амалиёти давомида содир этилган.

Шунингдек, 2007 йилнинг 24 октябрида бу минтақада ном чиқарган мустақил журналист Алишер Соипов отиб кетилган. Журналист ҳаётига ҳам аввал Ўзбекистон тарафидан бир қатор таҳдид ва суиқасд режалари бўлган.

Аввалига Алишерни Ўшдан ўғирлаб Ўзбекистонга олиб кетиш режасида маҳаллий милиция ҳодимлари кўмагида ҳаракатлар бўлган. Бу ҳаракатдан хабар топган Алишер оммавий ахборот воситаларига маълумот бериб, суиқасдни бартараф этган.

Кейинчалик, ўзининг ўткир мақолалари билан Ўзбекистондаги ноҳақликларни ёритиб келган ёш журналистни жисмонан йўқ қилиш, ўлдириш  учун маҳаллий безориларга Ўзбекистон тарафидан 10 минг АҚШ доллари таклиф қилингани ҳам маълум.

Қирғизистон Ҳавфсизлик Хизматлари ўз ҳудудида қўшни давлат идоралари ходимларини эркин ҳаракат қилиб, уларни ҳотиржам, ҳеч қандай тўсиқсиз, қотилликларни амалга ошириб кетишликларига руҳсат бераётганликлари таажжубланарлидир. Гарчан, Қирғизистон Ҳавфсизлик ҳодимлари моддий манфаат мақсадида, ҳаттоки давлат сирларини сотиб юборишликлари ҳам сир эмас, албатта.

Эргаш Сулаймон