Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
141 views
16 February 2016 - 10:56

IKA(5-бўлим)

Абдираҳим Пўлатовга эргашиб “Бирлик”ка ҳеч қанақа алоқаси йўқ кимсалар ҳам минбарга чиқиб кетдилар.

Албатта, мен уларнинг кўпчиликларини ўтган уч-тўрт ой ичида баҳолиқудрат таниб олишга улгурган эдим. Уларнинг хавфсизлик ташкилотлари билан бевосита алоқалари бўлмаса ҳам, уларининг феълида оғмачилик, тилёғламалик ва лаганбардорлик туйғулари устун эди.

Уларнинг биринчи қаттиқ синовда “Бирлик” сафларини ташлаб қочишлари тайин эканлиги ёки улар ўз ўринларини ҳар доим устун келаётган томонда, деб ўйлашлари, ўз-ўзидан уларнинг юз-кўзларидан, қарашларидан акс этиб турарди.

Уларнинг нималарни орзулаётганларини пайқашнинг  мураккаб жиҳати йўқ эди. Ўй-фикрлари ва мақсадлари ҳам, уларнинг ўзлари ва савиялари сингари оддий ва жўн эди.

Бу тахминларим кейинчалик ўзини оқлади.

Ўзбеклар орасида, бу тоифа кимсаларни коммунистик мафкура жамиятидаги “алдамчи жозиба” – адолат ва тенглик ҳақидаги чўпчаклар пайдо қилган эди. Бу тоифа ҳозир ҳам бор. Улар мустақиллик либосига ўраниб олиб, президент Каримовнинг қатида фаолиятларини қунт билан давом эттирмоқдалар. Президент Каримовнинг коммунистик қарашлари ҳеч қачон ўзгармаслигини, улар мухолифатга кўра ҳам жуда яхши биладилар.

Бир жиҳатдан “тиринг” ёки “озода сассиқ” деб аталадиган бу тоифа кимсаларни ҳеч кимса назарга илмагани сингари, улар ҳам ўзларидан бошқа ҳеч кимсани назар-писанд этмайдилар.

Улар, қариб-қартайиб ўлганларича ҳам болаллик феъллари билан қоладилар. Аммо, улар манфаатлари гуллаб-яшнаши мумкин бўлган даргоҳларнинг ҳожатхонасида фаррош бўлишга ҳам тайёрлар.

Бу тоифа кимсалар, ўшанда ҳам ҳар икки томон учун жуда хавфли эди. Мустақиллик йилларида ҳам, ҳар икки томонни лойқалатганларнинг орасида, бу тоифанинг улуши бошқаларникига қараганда, ҳарчанд юқори бўлди.

Бутун миллат гувоҳ бўлиб тургани каби бу тоифага мансуб кўриладиган ёзувчи Муҳаммад Али, шоир Сирожиддин Саййид, ўзларини сиёсий шарҳловчи ҳисоблайдиган Абдиғаффор Қирғизбоев, Қуддус Аъзам кабилар президент Каримовнинг бир чақага қиммат “тамойилларини” йиллар бўйи, тафтсиз ва бефойда шон-шуҳратни дея, одамларнинг миясига зўрлаб жойламоқчи бўладилар. Одамлар жим турганлари билан вазиятни ўзларидан кўра теран англашини, улар билмайдилар. Билсалар ҳам мустабиднинг назаридан тушиб қолмаслик учун йўқни бор қилиб кўрсатишга зўр бераверадилар.

“Ҳар эҳтимолга қарши” қабилида иш кўрган Муҳаммад Али билан Абдиғаффор Қирғизбоевга ўхшаганлар, эътиқодсизлик эътиқодлари бўлгани учун ҳам “Бирлик”нинг оламшумул шон-шуҳратига маҳлиё бўлиб, Озодлик курашчиларининг ҳам орасига адашиб кириб чиққан, “ноёб” кимсалар сафида, ҳали тарихда кўп йўқланадилар.

Мустабид ўлса ё мухолифат қўли баланд келса, ўзларининг бир замонлар “Бирлик” сафларида туриб, Озодлик ва Ҳурлик учун курашлар олиб борганларини айтиб, уларнинг кўкракларига муштлашларига ҳам ҳеч кимда заррача гумон йўқ.

Улар, ақалли қулоқ ё чақимчиликка яраганларида ҳам хавфсизлик хизматлари, аллақачонлар, уларнинг хизматидан фойдаланган бўларди.

Улар Абдираҳим Пўлатовга ўхшаб жамоасида ё ижодда ови юришмаган, юксак-юксакларга парвоз этишни бир умр истагану, ҳеч қачон омади чопмаган кимсалар сирасидан эдилар.

“Бирлик”ка ўз манфаатларини кўзлаб келганлар – ясама саъй-ҳаракатлари боис, ўзлари билмаганлари ҳолларида, кўнглидагиларни, яшираётган тарафларига билдириб турардилар.

Ҳаракат таркибида аъзолар шахсини, феъли-атворини ўрганадиган, шундан келиб чиқиб кимса зиммасига масъулият юклайдиган беш-олти кишидан иборат махсус бўлим бор эди. Уларнинг “Бирлик”ка алоқаси бор, деб кўрилган кимсаларни кузатишдан бошқа иши йўқ эди. Албатта, мен ўз тажрибаларим асосида кўпроқ иш кўрсам ҳам, уларнинг хулосаларига ҳам суянардим.

 “Бирлик” ҳаракати ҳайъатидаги кимсаларнинг аксарияти, мана шу тоифадан эдилар. Озодликни, мамлакат ободлигини истаган минглаган инсонлар эса, кўчаларда ҳаракатнинг ячейкаларини мустаҳкалаш учун куйиб пишардилар. “Бирлик” ҳайъати иш кўраётган манзилга ҳар кун келиб, Аҳмад Аъзам, Усмон Азим каби ҳайъат аъзолари билан уззукун вайсақилашишга уларда вақт ҳам, ҳафсала ҳам йўқ эди.

Уларнинг орасида, миллатнинг Жалолиддин Мангбурунли, Намоз, Дукчи Эшон, Мадаминбек ва Шермуҳаммадбекка менгзаш ёвқур ўғлонлари топилмайди, деб айтиб бўлмасди.

Улар, ҳали ўзларининг нималарга қодир эканликларини билмас эдилар. Йўлбошчиларни кашф этиш, ички салоҳиятларни юзага ҳайдаб чиқариш учун “Бирлик”а майдон ва бироз вақт зарур бўларди.

Ҳукуматнинг асосий вазифаси эса, ана ўшанақа қобилияти борларни ўз вақтида аниқлаб, уларнинг пайини қирқиш ва бирликчиларга майдонни бериб қўймасликдан иборат эди.

Мустақиллик рўй бериб, бу ишлар ўз-ўзидан мустабид Каримов зиммасида қолиб кетди. Унинг бу вазифани бекаму кўст амалга оширганига бугун бутун дунё гувоҳ бўлиб турипти.

Биз айтган тоифа кимсалар минбарда кўрк тўкиб, Абдираҳим Пўлатов, Зойир Аълам кабиларга сиқилиб, вақт ғаниматда ўзларининг кимликларини кўз-кўз қилишга тиришардилар. Улар пўрим кастум-шимларда, галустук боғланган бўйинларини хўрозники сингари чўзиб, кўкракларини ғоз тутган ҳолда, кулимсираб, аммо ўзларини сипо тутиб турардилар.

Улар, “сипойилик”ка, ўзларининг оддий халққа яқин эканликларини билдириш учун ҳам зўр бергандилар. Намойишда қиёфаларини бошқаларга танитиш учун жиддий тайёргарлик кўрганлари, уларнинг устидаги кийимларнинг кескин пўримига алмашганидан, соч-соқолларининг обдон текистланганидан кўринарди. Хуллас, улар ҳеч қачон ета олмаган орзу-армонларига “Бирлик” воситасида етиш учун қаттиқ қаст қилган эдилар.

Саф бошида турган Абдираҳим Пўлатов, Мирза Кенжабек, Аҳмад Аъзам, Усмон Азимов ва ҳакозалар хаёлларида ўзларини ўзбек ҳукуматининг аъзолари каби тута бошлагандилар.

Ҳамма тик оёқда эди. Нутқ ирод қилаётган Абдираҳим Пўлатовнинг овози қалтирагани билинар, у бошига тузук бир фикр келмаётгани учун ҳам, тинмасдан чайналарди.

Унинг “Мен, сизлардан яширмайман, мен “Бирлик” халқ ҳаракати раисиман” деган сўзларини, оломоннинг “Муҳаммад Солиҳ қаерда?”, “Ҳали, “Бирлик”ни у тузмаган эдими?”, “Бизлар, Муҳаммад Солиҳни, унинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, намойишга чиққанмиз!” деган ҳайқириқлари босиб кетди.

Мен минбарнинг, пойида, пастда турардим. Шунда, орқамга ўгирилиб, “Муҳаммад Солиҳ чет эл сафарида. Эрта-индин келиши керак. “Бирлик” халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ!” деб бақирдим.

Намойишчиларнинг олдинги сафларига ўтиб олган бизнинг юзлаган йигитлар ва “Эркин ёшлар уюшмаси”нинг минглаган аъзоларининг орасида, менинг сўзларим оғиздан-оғизга ўтиб такрорлана бошлади. Менинг йигитларимнинг ва “Эркин ёшлар уюшмаси” аъзолари аксарининг Муҳаммад Солиҳнинг хориж сафарида эканидан яхши хабари бор эди.

Намойишчиларнинг эшитиб, кўнгиллари жойига тушди, шекилли, ҳамма ёқдан: “Гапир!”, “Эшитамиз!” деган ҳайқириқлар янгради.

Ҳеч нимани сезмаган, эшитмаган Абдираҳим Пўлатовнинг тили эшилиб кетган эди. У қаттиқ ҳаёжонда эди. Аммо, у ҳеч кимни эшитмаётган бўлса ҳам, оломоннинг нима деганини англамаган бўлса ҳам, ўзининг нима деётганини, нимани назарда тутаётганини яхши биларди.

Минбарда турганлар, унга мойиллик инган нигоҳларини тиккан, битта Зоҳир Аълам, “Нима деганингни биласанми?” дегандай, унга қараб ўқрайиб турарди. У кейин ҳам, бу нарсани ҳазм қила олмаган эди. Аммо, вақт ўтиши билан Зоҳир Аълам ҳам ҳаммасини унутди.

У миллатига бўлган меҳр-муҳаббатини, Озодлик ва Ҳурликка бўлган кучли иштиёқини суистеъмол қилмаган бўлса ҳам, руҳиятида кўп ўзгаришлар содир бўлди.

Ҳа, Абдираҳим Пўлатов “Бирлик”нинг ўзлигини намойиш этишидаги муҳим сиёсий аренада, биринчи қадамини очиқ хиёнат билан бошлаган эди. Ҳайъат аъзоларининг кўпчиликлари, билиб билмаган ҳолларида, унинг хиёнатига шерик бўлган эдилар…

 (давоми бор)

Эргаш Сулаймон