Хатлар йўқолиб қолмоқда

Хатлар йўқолиб қолмоқда
35 views
17 February 2016 - 4:35

yo`qolgan-xatlarХоразм вилояти «Нажот» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига фуқаролар йўллаган шикоят-арзномоларда кейинги пайтда фуқоролар томонидан турли поғонадаги ҳуқуқ-тартибот идораларига йўлланган шикоят хатлари йўқолиб қолиши, келган жавобларда ҳеч нима бўлмай, конвертнинг бўм-бўш чиқиши ёки жавобсиз қолиш ҳолатлари, баъзан қонуний муддатда кўрилмай, пайсалга солиниши, алоқа воситаларида номаълум телефон рақамларидан қўнғироқ қилиб, шикоят аризаси ёзганларни қўрқитиш ҳоллари учраётгани қайд этилган.

Жумладан:

Хазорасп туманида яшовчи Қадам ака турли давлат органлари – ҳокимлик, прокуратура, милиция идораларига йўллаган арзнома ва сўров хатларига жавоб олмаётгани, шахсан у мазкур идоралар томонидан қабул қилинмаётгани, ахборот воситаларида эълон қилинган турли идораларнинг телефонларига уланиш амалга оширилмай қолаётганидан шикоят қилиб, унинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётганини билдирган.

Шунингдек, фермерлик фаолияти масаласида адолат учун ҳақиқатни аниқлаш мақсадида турли ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилаётган Гурлан туманидан Энажон опани айтишича, унинг турмуш ўртоғи Хоразм вилояти Гурлан туманидаги “Ражаб Полвон” фермер хўжалиги раҳбари Полвонов Бахтиёр ( “Шоликор” қишлоғи “Янгиобод” ММТП ҳудуди) унга тегишли ер майдонини тортиб олиб, амалини суиистеъмол қилувчи, илгари фирибгарлиги сабаб судланган, фермерлик ишига нўноқ бир амалдор – “Янгиобод” ММТП раиси ва “Янгиобод” СИУ раиси лавозимида ишлаган Болтабоев Улуғбекга олиб берилаётганлигидан норози бўлиб, турли давлат ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзган хатлари ва уларга келган жавоблар манзилига етмасданоқ жавобгар томондан очиб ўқилишидан хавотирга тушмоқда.

Буни қарангки, Олий мажлис сенатидан унга келган жавоб хати йўққа чиқарилиб, ичидаги хати олинган, бўш конверт унинг муаммосига маъсул бўлган шахснинг фарзанди бошчилигида эшиги олдига ташлаб кетилаётганида, қўлидан олинган. Унга келаётган хатларни почта ходими тарқатмай, фермернинг муаммосига тааллуқли шахсларни қўлига етказиб бериши жуда шубҳали ва ажабланарлидир. Ваҳоланки Ўзбекистон Республикасининг почта ҳақидаги қонунида хар кандай буюртма хат имзо қўйилиб олди-берди қилиниши ва почтанинг бунга жавобгарлиги ёзиб куйилган.

Ҳазорасп тумани Питнак қишлоғи “Шехлар” маҳалласида яшовчи Бекчанова Малика Батировна ва ўғли Йўлдошев Муроджон Қаландарович шу қишлоқда яшовчи фуқаро Солаев Донияр Сейилхонович таниш-билишчилик ва бошқа ноқонуний йўллар билан Маликанинг оиласига тегишли ер майдонининг 100 кв.метр қисмини эгаллаб, ўзиники қилиб олгани ва бунга масъул ташкилотлар ишни бир томонлама текшириб, сохта ҳужжатлар воситасида Солаев Д.С. фойдасига ҳал қилаётганидан шикоят қилган. Солаев Дониёр оила аъзолари билан бирга Маликани ва ўғлини бир неча маротаба ҳақорат қилиб, дўппослаб, тан жароҳати етказган. Аммо уларнинг бу қилмишлари ҳам тегишли идоралар томонидан текширилмай, бости-бости қилиб келинмоқда.

Малика Бекчанованинг Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўз шахсий мулки талаби билан қилган ёзма мурожаати, маҳаллий амалдорлар устидан ёзган хатига келган жавоб ҳати бир ойдан сўнг яроқсиз аҳволда, нусха кўчирилиб, унга почтачи томонидан эмас, ўзга бир шахс тамонидан келтриб берилган. Унинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинган. Ҳозирча Олий суддан келган ҳақикий адолатли жавоб хатини топишнинг имкони бўлмай турибди. Натижада амалдорлар ёрдамида ўзгаларни шахсий мулкини тортиб олган фуқаро жазосини тортмай, Малика иддао қилаётган адолат ва ҳақиқат тикланмай, инсон манфаатларига зид иш тутилмоқда..

Шовот тумани Ш.Рашидов кўчаси 15-уйда яшовчи Эшманов Валибек Давлатёрович отаси Эшманов Давлатёр билан бирга милиция ЙПХ ходими Аҳмедов Жамол томонидан Валибекнинг фуқаролик ҳуқуқлари поймол қилиниб, унга жабр-жароҳат етказилиб, суд томонидан унинг айби хаспўш қилиниб, барча айб Валибеккага тўнкалиб, жазога тортилишига сабаб бўлаётганига норозилик билдирган.

Бу воқеа жараёнида транспорт ичида йўловчи бўлиб ўтирган фуқаро айби бўлмаган ҳолда ЙПҲ ходими томонидан калтакланиши, суриштирув пайтида жиноятни жабрланувчининг бўйнига қўйиш мақсадида каттик қийнокларга дучор килиниши, суд экспертлари хулосаси асоссиз буйруққа асосан амалга оширилиши, тергов суриштирув ходимларини бир томонлама қилган айблови туфайли адолатни излаган ота ва болага ноҳак очилган жиноятнинг юқори турувчи орган ходимлари томонидан қонуний текширилмаслиги, уларнинг адвокати мазкур иш жараёнида юз берган 21 та процессуал камчилик ва хатога йўл кўйилганини аникласа-да, иш ҳануз қайта кўрилмаётгани ҳақида “Нажот”га мурожаат қилган..

ЙПХ ходимини ота-онасидан қўрққан маҳаллий адолат пешволари порахур ЙПХ инспектори Аҳмедов Жамол Сабировичга нисбатан конуний чоролар кўришга ор қилишган. Шунингдек, Валибек милиция ходими Жамол аҳмедов суддан кейин уларни ҳақоротлаб: “Сизнинг бешта аризангиз ҳеч нимани ҳал қилолмайди. Менинг 5000 АҚШ долларим мен учун қонун”, деган. Натижада қайта ҳақоратланиб, ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлган Валибек ва унинг отаси Хоразмда адолатни топиш қийин деган фикрга келишган.

Хоразм вилояти Хива тумани “Эски Қиёт” қишлоғи “Қўшчи Каттабоғ” маҳалласида яшовчи Каландаров Сапа ва юқоридаги манзилда яшовчи Каландаров Рашидбек узоқ муддат давомида адолат излаб Хоразм вилояти ва республика миқёсида турли ҳуқуқ-тартибот идораларига (Моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақида) Жавобгар: Жабборов Фарход Тахирович ва унинг шерикларига нисбатан даъво аризасини тақдим қилиб, қонуний чора кўрилишини сўраб, мурожаатлар қилган. Аммо уларнинг кўрилиши орадан бир неча йиллар ўтса-да, сансоларлик, таниш-билишлар иштироки асносида пайсалга солиниб келмоқда.

Сапа Қаландаров ҳақикатни аниқлаш мақсадида муаммоларга тааллуқли жараёндаги фактларни тақдим қилганига қарамай, улар инобатга олинмай, фақат вақт ўтказиш эвазига, миллиардлаган пулларни ўмарган фирибгарга очиқ йўл бериб, ўғирлик туфайли бойлик орттирган собиқ банк раҳбарининг шахсий бойликларини яширишига, шу билан Одил суд қарорининг ижросидан қутулиб қолишига имкон яратиб берилмокда. Барча кўриб чиқилган ишлар бир томонлама текширилиб, хақиқат аниқланмай, одил судлов амалга оширилмаяпти.

Хива шаҳри К.Маткаримов кўчаси 4-уйда яшовчи ва рўйхатда турувчи Жуманиёзов Ражаббой Каримберганович Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2015 йил 15 сентябрдаги у ва ишга даъвогар сифатида жалб қилинган Юсупова Гулчеҳра Эргашевнанинг жавобгарлар Юсупова Шалман, Хива тумани ҳокимлиги ҳамда Хива туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонасига нисбатан туман ҳокимининг қарорини ва кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича чиқарган ҳал қилув қарори ва бу қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти апелляция инстанцияси чиқарган ажримга норозилик билдириб мурожаат қилган.

Чунки, ушбу иккала суд ҳам ҳақиқий ҳолатни, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва ҳолисона аниқламасдан, асосли чоралар кўрмасдан, Хива тумани ҳокимлиги ва кадастр хизмати вакили судга келмаса-да, ишларни уларнинг иштирокисиз, судга келган гувоҳларнинг кўрсатмаларини олмасдан кўриб чиққан. Шунингдек, улар томониздан судга тақдим қилинган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмаган. Қарор шошма-шошарлик билан, ноқонуний равишда қабул қилинган. Натижада у ўз меҳнати сингган шахсий мулкидан маҳрум бўлиб қолмокда. “Нажот” бу каби инсонларга ҳам ҳуқуқий ёрдам қўлини чўзиб келмоқда.

Қонун устиворлиги – ҳуқуқий давлатнинг асосий тамойилидир. У ҳаётнинг барча жабҳаларида қонуннинг қатъиян ҳукмронлигини назарда тутади. Қонунларни менсимасликка, уларни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қабул қилинган қонунлар, ахлоқий меъёрларга амал қилинмайдиган, фуқаролари қонунни писанд қилмайдиган давлат ҳуқуқий давлат бўла олмайди. Қонун устуворлигига ҳилоф иш қилиш ва унга менсимай қараш, мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг оёқ ости қилиниши, улардан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиш қонунларни обрўсизлантиради, давлат ва жамиятнинг маънавий асосларига путур етказади, халқнинг норозилилигига, ҳаққоний эътирозларига сабаб бўлади.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, “Нажот” ҳуқуқ-тартибот идоралари, тегишли мутаҳассислардан ушбу ҳолатлар бўйича қатъий қонуний чоралар кўришни талаб қилади. Ҳар қандай қонун ижроси билан кучли. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг, айниқса, амалдорларни бирламчи бурчидир.

Хаитбой ЯҚУБОВ, Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси

ЎХҲ таҳририятига келган мактуб